muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 04 Июль 2020 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний-маърифий соҳада кўп йиллардан бери хизмат қилиб келаётган Тошкент шаҳридаги "Минор" жоме масжиди имом-хатиби Фозилжон ҳожи домла Убайдуллаевга падари бузрукворининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этамиз.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло раҳматли отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Фозилжон ҳожи домла Убайдуллаевга ва марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Суббота, 04 Июль 2020 00:00

Меҳмоннинг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салоту саломларимиз бўлсин.

Юсуф алайҳиссаломнинг гўзал иш-ҳаракатларидан бири, у зот ҳеч қачон ёлғиз таом емас эдилар, шунинг учун Аллоҳ таоло у зотни Муҳсин деб номлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қайси бир мўминнинг хонадонига меҳмон келса, мезбон меҳмонга кулиб боқса, унинг кўзларига дўзоҳ ўти ҳаром қилинади”.

Иброҳим алайҳиссалом кундузи таом емоқчи бўлсалар, бир ёки икки мил юриб бўлса ҳам, бирга овқатланиш учун бир меҳмон ахтарар эдилар.

Кимки меҳмонни икром қилмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан эмас ва Иброҳим алайҳиссалом миллатидан ҳам эмас. Кимки Аллоҳ таоло ризоси учун меҳмонга таом берса, онасидан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шундай дедилар: Уйимга меҳмон келди, уйда тоза сув ва қаттиқ нондан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Меҳмонга боримни қўйдим, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан меҳмоннинг фазилати ҳақида сўрадим. Шунда ул зот менга дедиларки: “Етти қават осмон фаришталари йиғилсалар ҳам, бунинг тавсифини келтира олмайдилар. Ким Аллоҳнинг севикли бандаларидан бўлишни хоҳласа, меҳмони билан бирга таом есин”.

Бир киши: “Бунинг (меҳмонни икром қилишнинг)савоби нима, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам?”- деб сўради. “Бунинг савоби бир йил нафл рўза тутган, Байтуллоҳни ҳаж ва умра қилган, Аллоҳ йўлида душман билан жанг қилган кишининг савобичадир”.

“Кимки меҳмоннинг гўзал қадам товушларини эшитиб, хурсанд бўлса, унга шаҳидларнинг савоби берилади ва токи жаннатдаги жойини кўрмагунича дунёдан чиқмайди”.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга айтилди: “Бу дунёда сиз севган нарса нима?”. “Меҳмонга таом бериш, душманга қилич уриш(дўшмандан мурод нафсга қарши кўрашни эътиборга олганлар), ёз кунларида рўза тутиш”, – дедилар.

Осим ибн Ҳамза розияллоҳу анҳу дедилар: “Али ибн Абу Толибнинг розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирдим, у зотни ғамгин ҳолда кўрдим ва: “Аллоҳ таоло сизга ғам- ташвишни кўрсатмасин!” – дедим. Шунда у зоти шариф: “Етти кундан бери меҳмон уйимга келмаяпди, шу туфайли Роббим мени хор қилмаса деб қўрқаман!” – дедилар…

Аллоҳим барчаларимизни бу маълумотларга амал қиладиган муҳсинлардан қилсин.

Соллаллоҳу ъала сайидина ва мавлана Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллам.

Саййидимиз ва мавлойимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, оилаларига ва саҳобаларига Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби

Уролназар Мустофо тайёрлади.

Қарз. Инсон ўзига зарур бўлган маблағ ёки нарсани мухтожликдан қийналиб сўраб келган биродарига бериши қарздир. Аммо, аксар ҳолларда қарздор одам қарзини ўз вақтида қайтара олмаслиги мумкин. Шундай вазиятда қарз берган киши нима қилиши керак?

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

“Агар ночор бўлса, бойи­гунича кутишдир. Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир” (280-оят).

Мусулмонлик одоби агар қарздор ночор бўлса, қарз берувчини сабр қилишга, қарздорни қийин-қистовга олмасликка, у ўзини ўнглаб олгунича кутиб туришга чақиради.

 “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, уни Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади”, дедилар”.

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Бошқа бир ҳадисда Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночор кишига муҳлат берса, унга ҳар бир куни учун битта садақа бўлади. Агар муҳлати келгандан кейин яна муҳлат берса, ҳар бир кунига унинг мислича садақа бўлади”, дедилар. Ибн Можа ривоят қилган. 

Шу ўринда мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари билан бўлиб ўтган бир воқеъани эслатиб ўтсак.

Ҳазрати Шақиф раҳматуллоҳи алайҳ ҳикоя қилади: Мен ҳазрати Имом Аъзам билан бирга кетаётган эдим. Бир киши у зотни узоқдан кўрибоқ ўзини четга олди ва бошқа йўлга бурилиб кетди.  Буни сезиб қолган имом ҳазратлари ҳалиги кишини чақирдилар. У одам келгач:

  • Нега йўлингни ўзгартирдинг? Нега мендан бекиниб юрибсан? – деб сўрадилар.
  • Сиздан ўн минг дирҳам қарзим бор, олганимга анча бўлди, аммо қийин аҳволдаман. Қарзимни уза олмаётганим туфайли сиздан уялиб юрибман – деди ҳалиги киши.

Имоми Аъзам ҳазратлари шунда дедилар:

  • Субҳаналлоҳ! Шу холосми? Ундай бўлса, бор, мен қарзимдан воз кечдим. Бундан буён мендан яшириниб юрма. Мен туфайли дилингда пайдо бўлган қўрқув учун мени авф эт..!

 

“Жавоҳирул-баён” китоби асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади   

 

Бухоро вилоятида фаолият юритаётган Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва Мир Араб Олий мадрасаси фойдаланиши учун шариф шаҳарнинг Абу Ҳафс Кабир кўчасида жойлашган мактаб-интернат биноси 2017 йилда топширилган эди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мазкур диний таълим муассасаларига тақдим этилган ушбу ҳудуд ва биноларда айни кунларда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда.
Бинолар миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига мос шаклда ҳар томонлама қулай ва шинам қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ҳудудда ўқув биноси билан бир қаторда ёпиқ спорт майдони, сув ҳавзаси, талабалар турар жойи, ошхона ва мударрислар учун алоҳида турар жой мажмуалари ҳам барпо этилмоқда. Мазкур қурилиш-монтаж ишларини 2020 йил сентябрь ойига қадар якунлаш мақсад қилинган.
Шу йил 1 июль куни ушбу қурилиш майдонида карантин талабларига амал қилган ҳолда меҳнат қилаётган қурувчи-муҳандисларнинг ҳолидан хабар олиш ва кўнгилларини шод этиш мақсадида, Мир Араб Олий мадрасаси томонидан ош тарқатилди.
Мир Араб Олий мадрасаси ректори Ҳайдархон домла Йўлдошхўжаев барча ишчи-усталарнинг олиб бораётган машаққатли ва ўз навбатида савобли меҳнатлари учун миннатдорлик изҳор этиб, уларнинг қилаётган ушбу шарафли хизматлари савоби улуғ иш эканини алоҳида таъкидлади.
Якунда Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, юртимиз тараққиёти, халқимиз саодати ва илм-маърифат ривожини тилаб, дуолар қилинди.

 

 

Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати

 

 

Видеолавҳалар

Top