muslim.uz

muslim.uz

Кечагина бизни ўзига муштоқ қилиб, соғинтирган моҳи рамазоннинг сўнги даҳасида турибмиз. Қалбимизда чексиз қувонч билан бирга бизни тарк этаётган ойнинг ҳасрати ҳам бор.

Рукнимизнинг галдаги суҳбатдоши тижоратчи биродаримиз Муҳаммад Саид Иброҳимов.

“Тижоратчи бўлганим сабабми, дунё ташфишлари билан бўлиб, рамазонни қандай келиб қолганлигини сезмай ҳам қолибман. Илк кунидан оилавий рўза тутдик. Саҳарликдан сўнг бомдод намози вақтигача отам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт”, “Одоблар хазинаси” китобларидан ўқиб берадилар. Диққат билан эшитамиз. Лекин, тонгда яна дўконга бораману қалбимни дунё ишлари эгаллаб олади.

Дўконга ҳар куни ҳар турли одам келади. Базан чарчоқдан, базан жаҳлдан кўплари билан тортишиб қоламиз... Ифторга яқин уйга қайтаман. Яқинда отам навбатдаги мутолаанинг бирида: “Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар”, (Аъроф-179. Тафсири ҳилол) ояти ҳамда “Кишининг мол-дунё ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун, қўйга қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ҳатарлироқдир”,  ҳадисини шарҳлари билан ўқиб берди.

Мени шу онданоқ бир ўй ўзига тортди. Юқоридаги оят ва ҳадис гўё тўғри менга қарата айтилгандек. Эҳтимол шунинг учун қулоғимга насиҳат, оят ва ҳадис кирмаётгандир. Балки шунинг учун қалбимда ҳаловат ва тилимда зикр бўлмаётгандир. Шу сабаб билиб билмай одамларнинг дилига озор бераётгандирман. Туни билан саҳарлик вақтигача тавба қилиб, истиғфор айтиб чиқдим. Аммо, кўнглим тўкис ҳаловат топмади...

Уламолар: “Инсон Аллоҳга осий бўлсаю тавба қилса кечиради. Аммо, банданинг бандадаги ҳаққини Аллоҳ таоло кечирмайди то ўзаро розилашмагунча” дея  таъкидлаган эканлар.

Тонгдан кўчага чиқдиму қанча танишим бўлса барчасидан чин қалбдан кечирим сўраб, розилик сўрадим. Мен учун мўжиза содир бўлди. Танишларим, мендан хафа бўлганлар ҳайратга тушишди, ҳатто базилари кўзига ёш олди. Кейин уйга келиб мени ҳафа қилганларни ҳаммасини кечирдим...

Шу ондан қалбимда ором пайдо бўлди. Алҳамдулиллаҳ! Бу йилги рамазон мен учун  ўзгача руҳда келди.

Азизлар сиз ҳам одамлардан розилик сўранг ва одамларни кечиринг! Ҳаловат ва ором кўнглингизни ҳушнуд этади. 

Саидаброр Умаров суҳбатлашди

Воскресенье, 17 Май 2020 00:00

Бандалигимизни унутмайлик!

Муносабат

2020 йил бутун дунё халқлари учун ғоят синовли давр бўляпти. Барча бир бўлиб мудҳиш иллат – коронавирусга қарши кураш олиб бормоқда. Лекин, шунга қарамай, бу ўлат ҳали-ҳануз тарқалишда давом этяпти. 16 май, соат 06:00 ҳолатига кўра, дунё миқёсида 4 миллион 600 минг нафардан ортиқ кишида инфекция аниқланган. Вафот этганлар сони эса 308 мингдан ошиб кетди.

Бу рақамлар ҳар биримизни янада ҳушёрликка чақириб, гигиенага қоидаларига қатъий риоя этиб, карантин талабларини бузмасликка ундаши керак.

Жорий йил 13 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда муҳтарам Юртбошимиз: “Коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириш керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган тартибда ўтказиш одатий қоидага айланиши зарур”, деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, тан олиб айтиш жоизки, биз ўзимизни, ўзлигимизни унутиб қўйган эдик. Динимиз таълимотига, маънавиятимиз кўрсатмаларига риоя қилишда сусткашликларга йўл қўйдик. Тўй-ҳашамлар, оилавий танталарда очиқчасига “кимўзар”га (!) киришиб кетдик. Исрофга ружу қўйдик.

Фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига сарфлаш зарур бўлган маблағларни тўй қиламан деб бир кунда кўкка совурдик. Афсуски, бундай ишларга қурби етган ҳам, етмаган ҳам киришиб кетди. Оқибатда айримлар бир умр қарз тўлашни зиммасига олди.

Бежиз маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Бечора косибнинг аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечоранинг аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Тўй мусрифи учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотун олғон бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто, бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур...

...Тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтлариға сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болалар ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорулсаноатлариға юборилиб, диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун”, деб куйиб-пишмаган эди.

Таъбир жоиз кўрилса, коронавирус бошимизга гурзидек “урилмагунича” кўзимизни очмадик. Умр бўйи йиғган маблағларимиздан закот, ушр беришни унутиб қўйдик. Эҳсонларга, тўйларга очлар четда қолиб, тўқларни таклиф этдик. Бунинг оқибатида риё, сумъа каби иллатлар урчиди. Бу дунёда яшашдан мақсад фақат тўй қилиш экани, афсуски, онгуу шууримизга сингиб қолди.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида бежиз карантин тугагандан кейин ҳам тўй-маросимларни жуда чекланган ҳолда ўтказиш зарурлигини таъкидламадилар. Ахир, динимиз таълимотида ҳам дабдаба билан тўй қилиш қаттиқ ва қатъий қораланади.

Ҳар сўз ва ҳар ишда бизларга ибрат бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай тўй қилганлари ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва Сафия бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо)га уйландилар. Мен мусулмонларни валимага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурут ва сариёғ ташланди. У зотнинг валималари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ривояти).

Тарихга назар солинса, ўтган умматларга ёғилган бало-офатлар уларнинг туғёнга кетиши туфайли содир бўлган. Худди шундай биз ҳам Буюк Яратувчини эсламай қўйдик. Ўзлигингиздан, инсонийлигингиздан юз ўгирдик. Қадриятларимизни беқадр қилдик. Берилган неъматларимни суиистеъмол қилдик.

Ҳеч бир нарса бесабаб, беҳикмат бўлмайди, албатта. Аллоҳ таоло бу балони юбориб, бандалари унутиб қўйган сабр, меҳр-оқибат, қаноат, тинчликни асраш, хотиржамликнинг қадрига етиш, соғлик бебаҳо неъмат эканини тафаккур қилиш, хуллас, одамга одамийликдан сабоқ бермоқда.

Бугун ҳаммамиз уйдамиз. Бани башар уйда ўтириб ўйга толгач, мутахассисларнинг айтишича, сайёрамиз экологияси анча тозаланибди. Шояд уйда ўтириб сабрга, итоатга, қаноатга ўргансак, олдинги қилмишларимиздан хулоса чиқарсак, қалбларимиз ҳам атмосфера каби тозаланса.

Мен 2020 йилни саодат асрида бўлган “маҳзунлик” йилига қиёслагим келди. Ўша йили Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячилари бўлган икки буюк шахс Хадича розияллоҳу анҳо ва Абу Толиб оламдан ўтди. Абу Толиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни, асосан, жисмоний ва сиёсий зўравонлик, тажовузкорлик ҳамда зулму ситамлардан ҳимоя қилган бўлса, Хадича онамиз у зотни маънавий, руҳий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Ўша йили Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини кўтариш, умидларини узмаслик мақсадида ҳузурига чорлади: Исро ва Меърож воқеаси содир бўлди. Яъни: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир»лиги илоҳий тақдир билан исботланди (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).

Асрлар давомида не-не машаққатларни, турли синовларни енгиб ўтган донишманд халқимиз, албатта, бу балодан ҳам эсон-омон, бағрибутунликда чиқиб олади, насиб этса. Буюк Раббимиз худди халили Иброҳим алайҳиссаломни ўтда, жамили Юсуф алайҳиссаломни қудуқда, калими Мусо алайҳиссаломни денгизда ва Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида асрагани каби бизни ҳам коронавирусдан асрагай, иншоаллоҳ! Энг муҳими, карантин тугугандан кейин эски одатларимизга қайтмасак бўлгани. Ана шуни унутмаслик зарур.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Форс мамлакатига Амир этиб тайинландилар. Шаҳарга киришлари биланоқ Шомлик бир кишига рўбарў бўлдилар. У Шомлик киши оғир юклар билан турганди. Салмон Форсийни кўриб ҳаммол деб ўйлади. Чунки Салмон Форсий баланд бўйли, жуда бақувват киши эдилар. У киши Салмон Форсийга; мана бу юкларни кўтаргинда кетимдан юр деди. Салмон Форсий Шомлик у кишини танимаганини англаб, уни юкларини орқалаб олдиларда, у билан бирга юриб кетдилар. Йўлда одамлар Салмон Форсий Шомлик кишини оғир юкларини кўтариб кетаётганларини кўриб ажабландилар ва улардан бири эй амирал мўминин нима қилаяпсиз? қўйинг юкларни мен кўтариб оламан деди. Ҳалиги Шомлик киши улардан бу киши ким деб сўради. Амиримиз деди. Шунда Шомлик қаттиқ хижолат қилиб, танимаганини айтиб узр сўради. Юкларни қўйинг Аллоҳ хайрингизги берсин, жуда афсусдаман деди. Лекин Салмон Форсий унга кўнмадилар, ўша кишини юкларини уйигача олиб бориб қўйишларини айтиб қаттиқ туриб олдилар ва юкларни уйигача кўтариб бордилар. Буюк саҳаба Салмон Форсий ҳалиги Шомлик кишига, Мен уч ишни қўлга киритдим; Биринчидан: ўзимдан кибрни узоқ қилдим. Иккинчдан: Мусулмонлардан бўлган бир кишини ҳожатини чиқардим. Учинчидан: Агар сен мендан буни талаб қилмаганингда, мендан бошқа заифроқ бўлган кишидан талаб қилган бўлардинг, унга анча оғир бўларди. Мен эса уни оғирини енгил қилдим дедилар.  Буюк саҳобийнинг бундай ишлари, бу кишининг нақадар олижаноб, камтарин, самиймий эканликларига далолат қилади ва барча инсониятга гўзал намуна ва ибрат бўлади.

 

Юлдашев Иззатуллоҳ

Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

 

 

Имом Абу Исо Термизий жаҳон тамаддунига ўзининг маънавий-илмий мероси билан катта ҳисса қўшган буюк олимлардан ҳисобланади. Аллома таниқли ҳофиз имомлардан бири бўлиб, унинг маънавий мероси мусулмонларга манфаатли бўлиб келмоқда[1]. Манба ва адабиётларда муҳаддис қаламига мансуб асарлар сони аниқ қайдланмаган бўлса-да, йигирмага яқини зикр қилиб ўтилган. Шунга қарамасдан, кўпчилик олимларнинг фикрича унинг ҳали номаълум китоблари ҳам мавжуд. Шубҳасиз, “Сунани Термизий” ҳадис тўплами Имом Абу Исо Термизийнинг шоҳ асари ҳисобланади. Бу китоб олимнинг бир умрлик илмий сафар машаққатларининг самараси бўлиб, уни “Адҳа” куни 270/883-884 йили ёзиб тугатган[2]. Муаллифнинг ўзи китоби ҳақида бундай дейган: “Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида ушбу китобдан бўлса, ўша хонадонда худди Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам гапираётгандек бўлади”[3].

Муҳаддис ва унинг “Сунани Термизий” китоби ҳақидаги нафақат замонасининг, балки бугунги куннинг олимлари ҳам ижобий фикрлар билдирмоқда. Жумладан, Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий (ваф. 354/965 й.) ўзининг “Китоб ас-Сиқот” номли асарида Абу Исо Термизий ҳақида бундай деган: “Абу Исо Термизий ҳадисларни жамлаган, ёзган, ёд олган ва зикр қилганлардан биридир”[4]. Абу Саид ал-Идрисий бундай деган: “Ҳифзда унга тенг келадигани бўлмаган”[5].

Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний (ваф. 562/1166 й.) ўзининг “Китоб ал-Ансоб” асарида Абу Исо Термизийни бундай васф этган: “Муноқашасиз, у ўз асрининг пешқадами бўлиб, турли асарлар соҳибидир. Ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан биридир”[6].

Бу ҳақида машҳур ҳанафий олимларидан Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода (901-968/1495-1561) ўзининг “Мифтоҳ ас-саода” номли китобида бундай деган: “Буюк ҳофиз уламолардан бири эди. Фиқҳда қимматли асарлари бор. Ҳадисни бир гуруҳ муҳаддис олимлардан ўрганган бўлиб, “биринчи табақа” шайхлари билан кўришган. Ҳадис илмида кўпгина китоблар ёзган. Унинг ушбу “Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ” китоби бу асарлар орасидаги энг фойдалиси, энг ихчам тартиблиси ва энг такрори озидир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар ҳам мавжуд. Жумладан, мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган, саҳиҳ, ҳасан ва ғариб деб ҳадис даражалари аниқ белгиланган. Бу китобда жарҳ ва таъдилга ўрин ажратилган; китоб охирида иллатларга доир махсус бир боб илова қилинган. Хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир. Китобни мутолаа қилган кишилар бунга тан берадилар”[7].

Машҳур муаррих олимлардан Шиҳабуддин Абулфаллаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад ад-Дамашқий (1032-1089/1623-1678) ҳам ўзининг “Шазарот аз-заҳаб” китобида “Тенгдошларининг таниқлиси ва хотира ҳамдаетукликда бир мўъжиза эди”, дея таъкидлаган[8].

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий (ваф. 748/1347 й.) ўзининг “Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол” асарида олимни “Билиттифоқ, Абу Исо Термизий ишончга созовор инсон”, деб таъкидлаган[9].

Ал-Идрисий ҳам у зотни “Ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан бири бўлган”, деб тавсифлайди[10].

Шунингдек, ушбу китоб ҳақида Ҳофиз Абул-Фазл Ал-Мақдисий қуйидагича баён этган: “Ҳиротда имом Абу Исмоил Ал-Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида, Термизий ва унинг китоби борасида сўз кетганида бундай деди: “Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки,Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслимдан фақат мутахассис олимларгина фойдалана олади. “Сунани Термизий”дан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин”[11].

Шайх Абдулазиз Мансур ушбу асари ва унинг таркибий тузилиши ҳақида шундай деган: Улуғ ватандошимиз – Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизийнинг қўлингиздаги “Сунани Термизий” китоби “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “Ал-жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”) ёки (“Саҳиҳи Термизий”) номлари билан ҳам машҳур. Аммо ҳазрати Имом Ат-Термизий ҳадис илмида “Сунани Термизий” йўналишига асос солган муҳаддислардан бўлгани учун бу китоб, асосан, “Сунани Термизий” номи билан шуҳрат қозонган. Маълумдирки, Ер юзи мусулмонларининг асосий кўпчилиги ҳазрати Имоми Аъзам мазҳабларига риоя қиладилар. “Сунани Термизий” китобида эса худди ана шу мазҳаб жиҳатлари эътиборга олинган. Ҳанафий мазҳабининг фикр-қарашларини Имом Ат-Термизий “Куфа аҳли”нинг фикр-қарашлари тарзида баён қилганлар[12].

“Сунани Термизий” ҳадис тўплами манбаларда турли номлар билан келтирилган. Жумладан, улардан қуйидагиларни келтириш мумкин:

  1. Ал-Жомиъ. Бу номни Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “Таҳзиб ат-таҳзиб” номли асарида ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий ўзининг “Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол” номли китобида зикр қилганлар[13].
  2. Ал-Муснад ас-саҳиҳ. Мансур ал-Холидий бу ҳақида шундай деган: “Абу Исо деди: Мен бу китоб, яъни, “Ал-Муснад ас-саҳиҳ”ни тасниф қилиб, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар уни ижобий қабул қилдилар”[14].
  3. Ас-Сунан. Китобнинг бу ном билан аталишига сабаб шуки, ундаги ҳадисларнинг фиқҳий мавзулар тартибида таснифланганлигидир. Асарнинг ушбу номи бошқаларига нисбатан кенг танилгани ва асар таркибига моси ҳисобланади.
  4. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ.“Сунани Термизий” асарига нисбатан бу номни Ҳожи Халифа (1017-1067/1609-1657) ўзининг “Кашф аз-зунун”номли асарида ва Исмоил Пошо Бағдодий (ваф. 1339/1920 й.) “Ҳадият ал-орифин” китобида келтирилганлар[15].
  5. Китаб ас-саҳиҳ.
  6. Ал-Муснад ал-Жомиъ. Бу номни Ҳофиз Абулқосим ал-Исъардий (ваф. 692/1293 й.) ўзининг “Фазоил ал-Китаб ал-жомиъ ли Абу Исо ат-Термизий” номли асарида ишлатган.
  7. Ал-Жомиъ ал-Кабир. Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ибн Абдулкарим ал-Жазарий аш-Шайбоний (555-630/1160-1233) ўзининг “ал-Комил фи ат-тарих” номли асарида бундай дейди: “Абу Исо Термизий имом ва ҳофиз бўлган. Ажойибасарлар муаллифи бўлиб, китобларининг энг яхшиси “ал-Жомиъ ал-кабир”[16]. Шунингдек, ушбу ном “Сунани Термизий”нинг замонавий нашрларида ҳам қўлланилган[17].
  8. Ал-Жомиъ ал-мухтасар мин сунан Расулуллоҳ. Бу ном ҳам баъзи манбаларда келтирилган.
  9. Китоб ал-Жомиъ.

Бу борадаги хулосани машҳур тарихчи олимлардан Ҳожи Халифа ўзининг “Кашф аз-Зунун” номли китобида қуйидагича баён этган: “Бу ҳадис бобида тасниф этилган “ал-Кутуб ас-ситта” (олти саҳиҳ ҳадис китоб) нинг учинчи китоби бўлиб, у “Жомиъ ат-Термизий” номи балан аталади. Шунингдек, у “ас-Сунан” деб ҳам юритилади. Аммо, биринчи номи кўпроқ қўлланилади”[18].

Имом Абу Исо Термизийнинг “Сунани Термизий” ҳадис тўплами ишончлилик даражасидан “ал-Кутуб ас-ситта” таркибига киради. Лекин, унинг тартиб бўйича нечанчи ўринда туриши борасида олимлар турли фикрларни билдирганлар. Юқорида атилгани сингари, Ҳожи Халифа “ал-Кутуб ас-ситта”нинг учинчи китоби деган. Шунингдек, бу ҳақида машҳур ҳанафий олимларидан Аҳмад ибн Мустофа Тошкўпризода ўзининг “Мифтоҳ ас-саъода” номли китобида бундай деган:

  1. Саҳиҳи Бухорий;
  2. Саҳиҳи Муслим;
  3. Ал-Муватто;
  4. Сунани Абу Довуд;
  5. Сунани Термизий;
  6. Сунани Насоий;
  7. Сунани Ибн Можа;
  8. Сунани Дорақутний;
  9. Муснади Аҳмад;
  10. Муснади Ибн Абу Шайба;
  11. Муснад Боззор[19].

Асар таркибига тўхтанилса, унда жами 3956 ҳадис жамланган бўлиб[20], улар бир юз эллик бир китобга таснифланган[21].Лекин, мазкур ҳадислар миқдорида баъзи бир ҳадислар борасида келтирилган икки санад ривояти инобатга олинмаган.

Дарҳақиқат, Имом ат-Термизийнинг “Сунан” асари нафақат ҳадис илмида, балки фиқҳ илмида ҳам катта мавқега эгадир. Чунки, ушбу китоб манба сифатида икки илм соҳасида бирдек аҳамиятга касб этади. Қолаверса, унда келтирилган ҳадисларни саралашда асосий эътибор амалиётга қаратилган. Жумладан, бу ҳақида Имом Абу Исо Термизий “Кибот ал-Илал ас-сағир” китобида қуйидагича баён қилган:

“Бу китобда жамланган барча ҳадисларга амал қилинган ва уларни баъзи илм аҳллари ҳужжат сифатида қабул қилганлар. Фақат, икки ҳадис бундан мустаснодир.

Шу жиҳатдан ҳам китобнинг фиқҳий аҳамияти катта бўлиб, бу ўринда эса, асарнинг ҳанафий мазҳабидаги ўрни тадқиқ этилади.

“Сунан” асарининг турли жой ва йилларда нашр қилинган нусхаларининг аксарида китобдаги ҳадислар сони такрори билан қўшиб ҳисоблаганда 3956 та экани кўрсатилган бўлиб, шулардан ҳукмий ҳадисларни ифодалашда тўқсон олтита атама қўлланилган. Аслида, ушбу китоб фиқҳий манба сифатида Аҳл ас-сунна ва-л-жамоадаги тўртта фиқҳий мазҳаб (ҳанафий, шофиий, моликий ва ҳанбалий) учун ҳам бирдай қадрли ҳисобланади. Шунинг баробарида, китобнинг мазкур мазҳаблардан ҳанафий мазҳабидаги ўрни анча салмоқли бўлиб, фиқҳий масалаларни далиллашда муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Имом ат-Термизий ушбу тўртта мазҳабнинг бирортасига ёки бошқа олимларнинг фикрига ён босмаган ва рад ҳам қилмаган, балки муайян масала доирасида олимларнинг фикрларини жамлаб баён қилган ва ўша масалада мавжуд ҳадиснинг даражасини кўрсатиб ўтган, холос. Бунинг боиси шуки, Имом ат-Термизийнинг ўзи мужтаҳидликнинг таржиҳ даражасига етганлигидир. Лекин, баъзан муҳаддиснинг баъзи олимлар томонидан шофиий ёки ҳанафий мазҳабига эргашганлиги баён қилинган. Шу нуқтаи назардан, Имом ат-Термизийнинг қайси мазҳабга эгашганлиги эмас, балки “Сунан” асарининг ҳанафий мазҳабидаги манбавий ўрни ёритилади. Аслида, “Сунан” китобининг ҳанафий мазҳабидаги ўрнини унга ёзилган шарҳларнинг аксари ҳанафий мазҳаби вакиллари томонидан битилгани ҳам кўрсатиб турибди. Шунга қарамасдан мавзуни батафсил баён этиш учун бу ўринда китобдаги ҳадисларнинг ҳанафий мазҳабида қўлланишилиш жиҳатига эътибор қаратилади.

Имом ат-Термизийнинг “Сунан” асарида муайян ҳадис борасидаги фиқҳий масала доирасида ҳанафий мазҳаби мавқени баён қилиш учун “أهل الكوفة” (Куфа аҳли) истилоҳини қўллаган ва у фақҳий мазҳабларни ифодалайдиган ибораларининг энг кўп истифода этилгани ҳисобланади. Энди, китобда келтирилган ҳадислардан қай даражада ҳанафий мазҳабида истифода қиниши ва унинг аҳамияти “كتاب الوتر” ҳақидаги ҳадислар доирасида баён этилади. Хусусан, “Сунан”да Витр намози ҳақида йигирма битта ҳадис (453-ҳадисдан 472-ҳадисгача) келтирилга.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳанафий мазҳабида ушбу мавзу доирасида “Сунан”да келтирлган йигирма бир ҳадиснинг ўн иккитаси ҳужжат сифатида қабул қилинган, еттитаси ҳужжат сифатида қабул қилинмаган ва иккитаси таъвил қилинган. Шу билан бир қаторда, ҳанафий мазҳабида қабул қилинмаган ҳадислар бошқа мазҳаб вакиллари томонидан қабул қилинганини кузатиш мумкин. Хуллас, ушбу ҳадис тўплами нафақат ҳанафий мазҳаби учун, балки бошқа мазҳабларга ҳам бирдек қадрли ва муҳим манба сифатида эътироф этилади. Аммо, ҳанафий мазҳаби фиқҳий масалаларига ҳужжат сифатида асосланган ҳадисларнинг кўпчилиги “Сунан”да келтирилгани туфайли унинг бошқа мазҳабларга қараганда ҳанафий мазҳаби учун муҳим манба ҳисобланади. Шунинг учун, тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам ушбу китобга ҳанафий мазаҳби вакиллари томонидан кўплаб шарҳлар битилган ҳамда битилмоқда.

 

[1] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XXVI. – Б. 250.

[2] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[3] Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад аз-Заҳабий. Китоб Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1998. – Б. 634.

[4] Ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий. Китоб ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1973. – Ж. IХ. – Б. 153.

[5] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 273.; Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.

[6] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. II. – Б. 335; – Ж. III. – Б. 45.

[7] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Мифтаҳ ас-Саода. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1975. – Ж. II. – Б. 122.

[8] Шиҳабуддин Абулфаллаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ад-Дамашқий. Шазарот аз-Заҳаб фи ахбор ман заҳаб. – Байрут: Дор ибн Касир, 1986. – Ж. III. – Б. 327.

[9] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1975. – Ж. III. – Б. 678.

[10] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.

[11] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 277.

[12]Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий. Сунани Термизий./ Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. – Т.: Шарқ, 2010. – Б. 12.

[13] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.; Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий. Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол. – Миср: ал-Матбаа ал-кубро, 1884. – Б. 355.

[14] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 669.

[15] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.

[16] Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ибн Абдулкарим ал-Жазарий аш-Шайбоний. Ал-Комил фи ат-тарих. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Ж. VI. – Б. 373.

[17] Қаранг. Абу Исо Термизий. Сунан. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. 6 жилд.

[18] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.

[19] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Мифтаҳ ас-Саода. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1975. – Ж. II. – Б. 113-114.

[20] Қаранг. Абу Исо Термизий. Сунан. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. VI ж.

[21] Шиҳабуддин Абу Ҳафс Умар ибн Касир ибн Давъин ибн Касир ал-Қураший. Ал-Бидая ва-н-ниҳая. – Байрут: Дор ал-маориф, 1990. – Ж. XI. – Б. 67.

 

Тошкент ислом институти

"Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси ўқитувчиси Ф.Хомидов

Воскресенье, 17 Май 2020 00:00

Илм ўрганишнинг фазилати

Қуръони кримда нозил бўлган биринчи оят ўқишга ва илмга даъватдир. Ислом ўзиниг биринчи лаҳзаларидан бошлаб илм тарқатиш, жаҳолатни йўқатиш учун келганиганидан нишонадир.    

Аллоҳ таъало шундай марҳамат қилади : “إقرأ بسم ربك الذى خلق” “Яратган роббинг номи билан ўқи”.демак,ўқиш,илм талаб қилиш Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлиши,мансаб, шон-шуҳрат ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун бўлмаслиги керак экан.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга хитоб қилиб шундай марҳамат қилади: “هل يستوى الذين يعلمون والذين لا يعلمون” “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!”деб айтинг”.

Пайғамбаримиз соллаллҳу алайҳи ва саллам  марҳамат қилиб айтадилар“إنما بعثت معلما ” Албатта мен ўргатувчи қилиб юборилдим.

Яна Пайғамбаримиз соллаллҳу алайҳи ва саллам  марҳамат қилиб айтадилар “Албатта фаришталар толиби илм учун, қилаётган ишларидан рози бўлиб қанотини ёйиб туради” имом Аҳмад ривояти. Имом ибн Можа Сунанларида келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллҳу алайҳи ва саллам  Марҳамат қилиб айтдилар “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттирмоғинг юз ракат нафл номоз ўқимоқлигингдан афзалдир”.

Аллоҳ таъало шундай марҳамат қилади “Аллоҳ пайғамбарлардан: Сизларга китоб ва ҳикмат  берганим учун кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, - деб аҳду паймонларини олиб туриб:- иқрор бўлдингизми? бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми? ,,деганин эсла. Улар“иқрор бўлдик” дейишди. У: “ бас , гувоҳ бўлинглар , мен ҳам гувоҳ бўлгувчилардандирман- деди”.  “Оли имрон” 81 -оят

Аллоҳ таъало шундай марҳамат қилади“Аллоҳ аҳли китоблардан: Уни одамларга албатта баён қилурсиз ва беркитмассиз ,,деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ,ва арзон нарсага сотдилар,сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон ”  “Оли Имрон” 187- оят. Расулуллох,с.а.в мана бу оятларни ўқигач марҳамат қилиб айтдилар : “ Аллоҳ таъало олимга илм бергач ундан аҳд олди , пайғамбарлардан олган кўра; уни яширмасликка ва уни баён қилишга”.

Абу Наъим ,илм фазилатида келтирган...Пайғамбаримиз  соллаллҳу алайҳи ва саллам  марҳамат қилиб айтдилар :“Аллоҳ сен билан бир кишини ҳидоят  қилмоғи , сен учун дунё ва ундаги барча нарсадан афзалдир” Имом Ал-Бухори Имом Муслим ривояти.

Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “ кимки бир хадис баён қилса , ва ўша хадисга амал қилинса у учун ўша амал ажрининг мислича   ажр бўлади”. 

Муозибни жабал разияллоҳу анҳу, таълим бериш ва таьлим олиш фазли ҳақида айтдилар : “Илм ўрганинглар, чунки илм ўрганиш   Аллох йўлида, яхшиликдир , ва уни талаб қилиш ибодатдир , илм ўқиш ва уни ўрганиш тасбеҳдир , ва унда изланиш жиҳотдир , уни билмаганга ўргатиш садақадир , уни илм аҳлига сарфлашлик Аллоҳ таолога яқинликдир, у ёлғизликда суҳбатдошдир , хилватда дўстдир , у динга йул кўрсатувчи , қийинчиликда ва оғир дамда сабр қилдирувчидир , биродарлар хузурида вазир , дўстлар ёнида дўстдир, жаннат йўлини ёрутувчидир , Аллоҳ  таоло илм билан қовмларни даражасини кўтаради , ва уларни яхшилкда раҳбар  қилади , яхшиликда уларни далил қилиб улар билан ҳидоят қилади ва уларнинг изларидан  эргашилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади " Эй иймон келтирганлар! агар сизларга масжидларда “силжиброқ ўтиринглар” дейилса, бас, силжинг , агар туринг дейилса, туринг.Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларнинг даржаларини кўтаради. Аллоҳ нима килаётганларингиздан хабардордир”

Илмни дунёвий манфаат учун,бошқадан ўзини устин дейиш учун ёки бошқаларга сўзамонлигини кўрсатиш учун бўлса илм уни ташлаб кетади. Инсон кўп нарсани билиши мумкин лекин шу илм Аллоҳ учун бўлмаса илм ўша одамга манфаат бермайди.Инсоннинг  илм олишдан асосий мақсади Аллоҳнинг розилиги  бўлиши лозим.

 

Тошкент ислом институти

“Тиллар кафедраси ўқитувчиси:

Ахмедов Самариддин

 

Видеолавҳалар

Top