muslim.uz

muslim.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчаётганларида Қубо қишлоғида тўхтаб, у ерда бир неча кун турадилар. Шу кунлар мобайнида масжид қуришга киришадилар. Бу ишда муҳожирлар ва ансорлар иштирок этишади. Масжид битгач, илк бор шу ерда жамоат намози ўқилади. Ҳа, бу Ислом тарихида биринчи қурилган масжид – Қубо масжиди эди. Қуръони Каримда ушбу масжид “Тақво асосида қурилган масжид” дея васф этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (Тавба сураси, 108-оят).

Бу масжид ҳижрий 1-йилда бино қилинди. 

Ушбу масжиднинг фазилати борасида бир неча ҳадислар ворид бўлган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога ҳар шанба куни уловда ёки пиёда келар эдилар”. Ибн Дийнор айтади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ўзи шундай қиларди (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, ҳар шанба келиб намоз ўқирди)”. Бу ривоятни Имом Муслим ривоят қилганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжидига уловда ёки пиёда келар эдилар”. Ибн Нумайр “Бизга Убайдуллоҳ ибн Нофеъ “У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда икки ракат намоз ўқир эдилар” ҳадисини айтиб берди” деган гапни зиёда қилган. Буни Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Қубо масжидида ўқилган нафл намоз умранинг савобига тенглаштирилган.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким уйида яхшилаб таҳорат олиб, сўнгра Қубо масжидига келса ва у ерда намоз ўқиса, унга умранинг савобидек савоб бўлади”. Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.

Қубо масжиди Макка билан Мадина орасида, ҳижрат йўли устида, Масжидун Набавийдан уч ярим километр узоқликда жойлашган. Ушбу масжид Мадинада Масжидун Набавийдан кейинги катта масжидлардан ҳисобланади.

Масжиднинг 4 та минораси, 56 та гумбази бор бўлиб,  ўзида 20 мингдан ортиқ намозхонларни сиғдира олади. Келажакда масжидни 55 минг намозхонни сиғдира оладиган даражада кенгайтириш режалаштирилган.

Ҳаж ва Умра ибодатини адо этиш учун борган зиёратчилар ушбу муборак масжидни ҳам зиёрат қилиб, у ерда намоз ўқийдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга Масжидул Ҳаром, Масжидун Набавий билан бир қаторда ушбу масжидда ҳам намоз ўқиб, ҳадисда айтилган фазилатларга эришишимизни насиб этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Сурхондарёнинг юраги бўлмиш кўҳна Термиз ўзининг бой тарихи, дунёга машҳур олиму фузалолари билан тарих саҳифаларига, аллақачон, зарҳал ҳарфлар билан битилган дурдона шаҳарлар сирасига киради.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бу заминда қўним топган бир қатор алломаларнинг қадамжолари, мақбаралари обод қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилди.
Бугун мазкур гўшалар ўзининг салобати ва сержилолиги билан нафақат юртимиз, балки хорижлик зиёратчиларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бир сўз билан айтганда, кўҳна воҳанинг гултожи бўлган Сурхондарё дунёнинг кўзга кўринган олиму уламолари, жаҳонгашта сайёҳларининг ташриф манзилига айланиб улгурди.
Мазкур вилоятда давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан барпо этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, янгидан қурилган масжидлар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган хайрли ишларни кўздан кечириш мақсадида, бугун 10 октябрь куни, эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига жўнаб кетишди.
Улар манзилга етиб боришгач, ўз сафарларини улуғ бобокалонимиз Ҳаким Термизий қабрининг зиёрати ила бошлашди. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги, миришкор деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака тилаб эзгу дуолар қилинди.
Маълумки, буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Бу даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари асосида ушбу қадамжода кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор жило берилган, Қуръони карим оятлари битилган. Натижада, улуғ аждодимиз мангу қўним топган табаррук гўша нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланди.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Биласизми, азон билан иқомат орасидаги дуо ижобат қилинади. Шунинг учун бу фурсатни қўлдан бой бермай, дуони узун қилинг!

Биласизми, намозда гуноҳларингиз бошингиз устига, кейин курагингиз устига қўйилади. Кўпгина гуноҳларингиз тўкилиб кетиши учун рукуъ ва саждани узоқроқ қилинг!

Биласизми, агар ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсийни ўқисангиз, сиз билан Жаннат орасида фақат ўлим бўлади.

Биласизми, уйқудан олдин Мулк сурасини ўқиш сизни қабр азобидан қутилишингизга сабаб бўлади.

Эй Аллоҳ! Ушбу айтилганларга ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этгин!

*****

Биз кўп одоблар қатори, жанозада иштирок этиш, тобутни кўтариш одобини ҳам яхши ўрганишимиз керак.

*****

Донишмандлар сукут қилиб турганда аҳмоқлар кўпайиб кетади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқсиз, ёмон кимсалар” десангиз, ҳамманинг ғазаби келади.

“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқли, яхши одамлар” десангиз, ҳамма сизни мақтайди.

Ваҳоланки, иккала гап маъноси бир хил.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Луғавий хатоларга эътибор қаратиб, мавзунинг моҳиятини унутадиганлар “Мен ойга ишора қиламан, аҳмоқ эса бармоғимга қарайди” деган мақолни ёдимга солади.

Тавфиқ Ҳаким

*****

Агар бир шахсга ишонч билдириб, у билан улфат бўлиб юрсанг, охирида икки натижадан бирига эришасан:

Ё бир умрлик дўстга эришасан.

Ё бир умрлик дарсга эришасан.

Иброҳим Фиқий

*****

Бойлик - денгиз сувига ўхшайди. Ундан ичганинг сари ташналигинг ошиб бораверади. Бу қоидани машҳурликка ҳам татбиқ этса бўлади.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Шарафли инсон юксалгани сари камтар бўлиб боради.

Пасткаш инсон юксалгани сари мутакаббир бўлиб боради.

Араб мақоли

*****

Одамларга ҳар қанча ишонсанг ҳам, сирларингни ўзингда қолдир!

Нажиб Маҳфуз

*****

Ҳаёт ҳар қанча қийин ва оғир бўлмасин, яхши кўрган кишимиз билан ёнма-ён яшасак, у ширин туюлиб қолади.

“Ажойиб фикрлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Европа мамлакатларида татаристонлик ижодкорлар томонидан тасвирга олинган филм намойиш этилиши режалаштирилган. "Мулла" деб номланган картинанинг навбатдаги намойиши Франкфурт Майн шаҳрида ташкил этилди.

«Татар-информ» агентлигининг "Хоним" халқаро татар аёллари иттифоқи раиси Гульнур Даутовага таяниб маълум қилишича, филм германиялик томошабинларда ижобий тааассурот қолдирган.

Маълумот учун, "Мулла" филми Туфан Миннуллин ғояси асосида тасвирга олинган. Филм шу кунга қадар Берлин ва Франкфурт шаҳарларида намойиш этилган. Женева, Вена ва Прага шаҳарларида ҳам намойиш этилиши кўзда тутилган.

Филм ислом динининг тинчлик ва эзгулик дини эканини кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 9 октябрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти йиллик иш режаси бандлари бажарилиши ва ўтган тўққиз ойнинг якуни бўйича барча шаҳар ва туман масжид имом-хатиб ва ходимлари иштирокида йиғлиш ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов шу йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида Республикада ижтимоий маънавий муҳитни соғламлаштиришда диний соҳа вакилларининг ўрни ва вазифалари мавзусида ўтказилган тадбирда қўйилган талаблар, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси топшириғига асосан тўйларни тартибга солиш тўғрисидаги низомда кўрсатилган топшириқлар ва белгиланган вазифалар билан таништирди.

Йиғилишда республикадаги барча имом-хатиблар томонидан бажарилган ишлар, маънавий-маърифий тадбирлар, оммавий ахборот воситаларидаги иштироки, масжидлардаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, тўй-маракаларни тартибга солиш, шаръий никоҳни мувофиқлаштириш ва бошқада режадан ташқари ишларнинг ҳисоботлари тингланди, йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш учун кўрсатмалар берилди.

Тадбир сўнгида қози Ш.Бауатдинов Тошкент халқаро ислом академиясида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакиллари, барча имом-хатиблар иштирокида ўтказилган малака ошириш ўқув-курсида малака оширган шаҳар ва туман бош имомларига сертификатлар топширди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмат

Видеолавҳалар

Top