muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Оқил киши фикрлари ҳақида сўзлайди. Закий одам ишлари ҳақида гапиради. Аммо аҳмоқ еган таомлари ҳақида маҳмадоналик қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Яқинларнинг таъналари хатарлидир. Чунки у яқин масофадан келади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Сиқилишлар гуноҳлар сабабли бўлиб, истиғфор айтишни талаб этади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ҳаётингда ушбу тўрт кишини йўқотиб қўйишдан эҳтиёт бўл:

Сиқилганингда сени хурсанд қилган кишини.

Енгилганингда сенга ёрдам берган кишини.

Ғазабланиб турганингда бақир-чақирларингга бардош берган кишини.

Йўқлигингда сени ҳимоя қилган кишини.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Нима учун Аюб алайҳиссалом сабр қилдилар?

Нима учун Марям алайҳассалом одамлар олдига чақалоғини кўтариб чиқдилар?

Нима учун Иброҳим алайҳиссалом оловдан қўрқмадилар?

Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғорда маҳзун бўлмадилар?

Чунки улар Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлдилар.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Нажиб Маҳфуз светофор ёнида ҳолва сотаётган болани кўриб, йиғлаб юборади. Кейин бу воқеа ҳақида “Болаларнинг орзулари бир ширинлик, қанд, бир бўлак ҳолва ейиш. Бу болакай эса ўз орзусини сотмоқда” деб ёзган экан.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Намозингда шошилма! Чунки, сен қўлга киритишни истаётган ва йўқотишдан қўрқаётган нарсаларингнинг барчаси сен ҳузурида турган Зотнинг қўлидадир!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Намозларингнинг қайсидир биттаси сўнггиси бўлади. Шу боис барча намозни чиройли адо этишга ҳаракат қил! Тунларингнинг қайсидир бири охиргиси бўлади. Шунинг учун уни витр, таҳажжуд намози билан ўтказгин! Қаердан биласан, эҳтимол сен чиройли адо этаётган намоз ва тунда ўқиётган таҳажжудинг сўнггисидир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Содда, камтарона кийиниб, авратларини беркитган аёл замондан орқада қолган аёл эмас, балки зийнатларини фақат эри учун кўрсатиши кераклигини биладиган маърифатли ва иффатли аёлдир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Энг бахтли инсон – фақат Аллоҳдан сўрайдиган, муваффақият, неъмат ва бахтни фақат Ундан кутадиган кишидир.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Аллоҳ таоло охиратда нажот топувчи мўминларнинг сифатларини Қуръони Каримда баён этиб, шундай марҳамат қилган:

وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ

“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир” (Мўминун сураси, 8-оят).

Демак, мўмин киши омонатга риоя қилиши керак экан.

Ҳадис китобларда Қиёматнинг кўплаб аломатлари санаб ўтилган. Масалан, вақтнинг қисқариши, бозорларнинг яқинлашиши, фаҳш ва зинонинг кўпайиши ҳамда кенг ёйилиши, турли касалликларнинг урчиши ва ҳоказо. Ана шундай аломатлардан бири омонатларнинг кўтарилишидир. Яъни кишилар омонатга риоя қилмай қўйишидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِذَا ضُيِّعَتِ الأَمَانَةُ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ قَالَ : كَيْفَ إِضَاعَتُهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ ؟ قَالَ : إِذَا أُسْنِدَ الأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон омонат зое бўлса, қиёматни кутавер», дедилар.

«Унинг зое бўлиши қандоқ, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.

«Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан омонат нафақат савдо-сотиқ ёки молиявий нарсаларда, балки, маънавий соҳада ҳам, жумладан раҳбарлиқ ишбошиликда ҳам бўлишини англаб оламиз.

Уламоларимиз ишнинг ўз аҳлидан бошқага топширилишини, дин ва дунё ишларида мазкур ишлардан хабарсиз, мутахассис бўлмаган кишиларнинг уларга бош бўлиши, деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, диний илмларни пухта ўтганиб, ҳар илмнинг ўз олимидан ижозат олмаган кимсалар диний ишларга бошчилик қилсалар, билмасликлари оқибатида қиёмат бўлишини кутаверадиган нарсаларга қўл урганликлари тажрибадан маълум. Албатта, бундоқ нарсалардан эҳтиёт бўлмоқ лозим.

Омонат зое бўлса, барча иш чаппасига кетади.

Ошпаз омонатни зое қилса, таомга турли нопок нарсалар тушиб, овқат бузилади.

Ҳайдовчи омонатни зое қилса, йўловчиларнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Ўқитувчи омонатни зое қилса, келажак авлод илмсиз, жоҳил бўлади.

Қурувчи омонатни зое қилса, бинолар қулаб, шаҳарлар вайрон бўлади.

Шифокор ононатни зое қилса, беморлар ҳалок бўлади.

Ота-она омонатни зое қилса, фарзандлар тарбияси бузилиб, ахлоқсиз болалар кўпаяди.

Эр-хотин омонатни зое қилсалар, оилалар бузилади.

Уламолар омонатни зое қилсалар, Дин ҳукмларига тўлиқ амал қилиш йўқолади, мусулмонларнинг ҳуқуқлари топталади.

Раҳбарлар омонатни зое қилсалар, халқ адолатсизлик ва зулмдан эзилади.

Хуллас, бир ишни номуносиб кишига топширилса, у ўзига берилган мансаб ва вазифанинг билимдони, лойиқ кишиси бўлмагани учун, табиийки, ўша ишда жуда кўп хатоларни содир этади, ишни тўғри йўналишда олиб бормай, омонатни зое қилади, бунинг ортидан эса кўнгилсизликлар кети узилмайди.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни омонатдор бўлишимизни насиб этсин!

 

Islom.uz маълумотлари асосида тайёрланди

Понедельник, 09 Сентябрь 2019 00:00

Хотиржамликка эришиш учун...

Хотиржамлик – инсон орзу қилиб, Аллоҳ таолодан сўрайдиган, эришишга уринадиган, қўлга киритиш учун талпинадиган улкан неъматлардан биридир. Банданинг қандай қилиб ташвишу ғамлардан қутулиб, хотиржамликка эришиши Ислом динида аниқ қилиб кўрсатиб берилган.

Қуръон қандай қилиб саодатни юзага чиқаришини, қандай қилиб хотиржамлик, сокинлик ва покиза ҳаётни жалб қилишини кўзингиз билан кўриб, қулоғингиз билан эшитиб, қалбингиз билан ишонишингиз учун қуйидаги оят ва ҳадисни диққат билан ўқинг. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 

فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا

 

“Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар” (Тоҳа, 123-124).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятнинг тафсири борасида шундай деганлар: “Аллоҳ Қуръонга эргашган ва ундаги нарсаларга амал қилган кишига дунёда залолатга кетмаслигига, охиратда бахтсиз бўлмаслигига кафил бўлди”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бандага бирор ғам ва маҳзунлик етганда, “Аллоҳумма инний абдук. Ибну абдик ва ибну аматик. Наасиятий биядик. Мозин фиййа ҳукмук. Адлун фиййа қозооук. Асъалука бикуллисмин ҳува лак. Саммайта биҳи нафсак. Ав анзалтаҳу фий китабик. Ав алламтаҳу аҳадан мин холқик. Ав истаъсарта биҳи фий илмил ғойби индак. Ан тажъалал Қуръана робийъа қолбий ва нуро содрий ва жалааъа ҳузний ва заҳааба ҳаммий” деса, Аллоҳ у банданинг ғамини ва маҳзунлигини кетказиб, ўрнини енгилликка, шодликка алмаштириб қўяди”.

Ушбу ҳадисдаги дуонинг арабча матни қуйидагича:

 

اللَّهمَّ إنِّي عبدُكَ، وابنُ عبدِكَ، وابنُ أمتِكَ، ناصِيتي بيدِكَ، ماضٍ فيَّ حُكمُكَ، عدلٌ فيَّ قضاؤُكَ، أسألُكَ بِكُلِّ اسمٍ هوَ لَكَ، سمَّيتَ بهِ نفسَكَ، أو أنزلتَهُ في كتابِكَ، أو علَّمتَهُ أحدًا مِن خلقِكَ، أوِ استأثَرتَ بهِ في عِلمِ الغَيبِ عندَكَ، أن تَجعلَ القرآنَ ربيعَ قَلبي، ونورَ صَدري، وجلاءَ حُزْني، وذَهابَ هَمِّي

Дуонинг таржимаси:

“Эй Аллоҳ! Мен сенинг қулингдирман. Қулингни ўғлиман. Чўрингни ўғлиман. Пешонам сенинг қўлингдадир. –яъни мен сенинг ҳукминг остидадирман-  Ҳукминг менинг –устимда- жорийдир. Менинг устимда қилган қазоинг адолатдир. Сен ўзингни номлаган ёки китобингда нозил қилган, ёки халқингдан бировга билдирган, ёки сенинг ҳузурингда, ғайб илмингда беркитиб қўйган ҳар бир исмларинг билан сендан Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, ва хафалигимни жилови, ғамимни аритгувчи қилишингни сўрайман”.

 

Азизлар, Қуръонга тўлиқ амал қилиб, мазкур ҳадисдаги дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрайлик! Ана шунда қалбимиз ҳам, уйимиз, маҳалламиз ва бутун ҳаётимиз хотиржамликка бурканади.

Аллоҳ таоло бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хотиржамликни ато этсин!

 

“Ҳадис ва Ҳаёт”нинг 30-жузи ва Доктор Шариф Фавзий Султоннинг

“Қуръонга амал қилиш – саодат йўлидир” номли мақоласидан

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Суббота, 07 Сентябрь 2019 00:00

Ғафлатда қолманг Ашуро куни (аудио)

ЎМИ Матбуот хизмати

Қашқадарё вилояти ўзининг бой тарихи, шонли анъаналари, ноёб маданий ва маънавий мероси билан сайёҳлар албатта бориб кўришлари, зиёрат қилишлари лозим бўлган гўшалардан бири ҳисобланади.

Ислом оламининг кўплаб буюк сиймолари ҳамда соҳибқирон Амир Темурни дунёга тақдим этган ўлка ўзининг кўҳна обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, буюк тамаддуни билан  ўзининг муаззам тарихидан ҳамон сўзлаб турибди.

Қарши шаҳридаги  “Хонақоҳ” жоме масжиди эътиборга сазовор қадимий ва албатта муқаддас ибодат уйларидан биридир. 

Тўққиз аср қаъридаги масжид.

 

 

Масжид ХII асрнинг охирида Абдурраҳмон Халифа исмли мўтабар зот томонидан қурилганлиги манбаларда келтирилган. Мўғуллар босқинидан кейинги даврдаги масжиднинг тақдири номаълум.

Ҳижрий 1248 йил, милодий 1826 йилда Самариддинхон (р.а) ташаббуси билан иккинчи маротаба қайта қурилиб, бугунги кўриниш ҳолатига келтирилган. Масжид ўзининг чиллахонаси, мезанаси, сув ҳавзаси ва тошқудуғи мавжудлиги жиҳатидан шаҳарда ягона масжид ҳисобланади. Бу эса қадимдан таҳорат учун масжидда шарт-шароит яратилганлигидан далолат беради.

Хонақоҳ қисмида шарқона нақш санъат безаклари ўз аксини топган. Айвон ёнидаги узунлиги 12 метрли минора ибодат уйига алоҳида кўрк бағишлайди.

Масжидда ибодатлар адо этилиши билан биргаликда толиби илмларга Қуръони карим қироати ва бошқа исломий билимлардан сабоқлар ҳам берилган.

Собиқ иттифоқ даврида масжид бир неча бор ёпиб ҳам қўйилган.

Истиқлол қуёшидан мунаввар бўлди.

 

 

Юртимиз мустақилликка эришиб, диний қадриятларимиз, аждодларимизнинг бой маданий-маънавий мероси тиклангач, 1993 йилда “Хонақоҳ” жоме масжиди ҳам қайтадан фаолият бошлади.

Маҳаллалардаги саховатпеша инсонларнинг ҳомийлигида масжид, минора, ҳовуз, тошқудуқк, масжид орқасида жойлашган қабристондаги азиз кишиларнинг қабр ва сағаналари таьмирланди.

2015-2016 йиллар давомида масжид хонақоҳи ва ташқи қисмлари ҳамда таҳоратхонаси капитал таъмирдан чиқарилди.

Масжидда хизмат қилган 11 мўътабар зот силсиласи.

 

 

Масжид ҳовлисида сағана мавжуд бўлиб, сағана устида катта оқ мармар тошга жоме масжид қурилишида бош бўлган ва фаолият кўрсатган зотларнинг шажараси қуйидаги кўринишда битилган:

  1. Юсуфзеҳ раҳматуллоҳи алайҳи;
  2. Ҳалифа Сиддиқ раҳматуллоҳи алайҳи;
  3. Имоми Абдисомад раҳматуллоҳи алайҳи;
  4. Имоми Шайх Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи;
  5. Имоми Ҳазрат Мусахон Даҳбедий раҳматуллоҳи алайҳи;
  6. Имом Шайх Ҳалифа Абдураҳмон раҳматуллоҳи алайҳи;
  7. Имом Шайх Абдулаҳад раҳматуллоҳи алайҳи;
  8. Имоми Шайх Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи;
  9. Имоми Шайх Бурхониддин раҳматуллоҳи алайҳи;
  10. Ғавс Ҳуқуқайни Бадриддин раҳматуллоҳи алайҳи;
  11. Имом Шайх Абдусомад Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи.

Қабр тошидаги ушбу шажара ҳижрий 1115 сананинг Зулҳижжа ойида, мелодий 1695 йилда битилган.

Мазкур раҳматуллоҳи алайҳумлар ислом оламида Маҳдуми Аъзам унвонига сазовор бўлган Нақшбандия тариқатини ривожлантиришда ва такомиллаштиришда хизмат қилган ахлоқшунос, фақиҳ ва илоҳиётчи олим Мавлоно Жалолиддин Косоний роҳматуллоҳи алайҳининг авлодларидан бўлиб, тариқатлари Нақшбандия таълимотига асосланган.

 

Ҳозирги кунда “Хонақоҳ” жоме масжиди ҳар жиҳатдан обод этилиб, масжид асосчиларининг мунаввар эътиқоди силсиласини давом эттирмоқда. Масжид Қарши шаҳридаги “Қўрғонча” маҳалласида жойлашган. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими                                       

 

Видеолавҳалар

Top