muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 04 Июнь 2019 00:00

Рамазон жўнаб кетмоқда

Рамазон жўнаб кетишга тайёргарлик кўрмоқда. У кунларини йиғиштиришни бошлади. Аллоҳим! Бу ойнинг муаттар ҳидидан нафас олдирганинг учун Ўзингга беадад ҳамд бўлсин! Аллоҳим! Ушбу ойга етказганингдек, ундаги ибодатларни ҳам қабул эт. Қабулидан маҳрум этма! (Доктор Аҳмад Исо Маъсаравий).

Аллоҳим! Бизга берган ва бераётган барча: ошкору махфий, зоҳиру ботин, умумию хос неъматларинг учун Ўзингга ҳамд, шукру саноларимиз бўлсин!

Аллоҳим! Яна узоқ йиллар қалбимиз хотиржам бўлган ҳолда муборак Рамазон ойига, унинг фазилатларига етказ!

"Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман"(Иброҳим сураси, 7-оят) деб марҳамат қилган Аллоҳ таоло беадад ҳамду санолар бўлсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Жазоир Халқ Демократик Республикасида жорий йилнинг 25-31 май кунлари бўлиб ўтган XVI халқаро Қуръон мусобақасида 48 давлатдан 48 нафар ҳофизи Қуръонлар иштирок этишди. Улар Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш бўйича рақобатлашди. Бу ҳақда IQNA хабар беради. Мусобақа якунига кўра мутлақ ғолиб Жазоирлик Аҳмад қори Ҳаракатга насиб этди.

Мазкур мусобақада иккинчи ўринни фаластинлик Васим Жадуллоҳ, учинчи ўринни ливиялик Содиқ Али Мифтаҳ эгаллашди.

Эслатиб ўтамиз, Жазоир шаҳридаги “ал-Жомеъ ал-Кабир” жоме масжидида бўлиб ўтган XVI халқаро Жазоир Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросимига Жазоирда вақтинчалик Президент вазифасини бажарувчиси Абдулқодир бин Солиҳ ташриф буюрди. Тадбирда Жазоир Миллий Халқ Кенгаши раиси Маоз Бушариф, Диний ишлар вазири Юсуф Билмаҳдий, бир қатор вазирлар ҳамда хорижий дипломатик ваколатхоналар масъуллари ҳам қатнашди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, дастлабки саралашдан муваффақиятли ўтганлар орасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган ҳофизул Қуръон “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Нажмиддин қори Самадов ҳам бор эди. Иштирокчимизга мусобақада қатнашгани ҳақида ташаккурнома тақдим этилди. Иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилий ҳайъати томонидан Жазоирнинг диққатга сазовор бўлган жойларга зиёрат уюштирилди.


ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида давлатимиз гуманистик сиёсатининг ҳамда халқимизга хос эзгулик ва меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мазкур инсонпарварлик акти – давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар учун ғамхўрлигининг ёрқин мисолидир. Жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш – муқаддас динимизнинг ҳам асосий арконларидан бири саналади.

Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди.

Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилади, шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади.

Давлат раҳбари фармонда қайд этганидек, жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барча бирдек масъул.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 03 Июнь 2019 00:00

Билим юртида тантана

Юртимиз истиқлолга эришган илк йиллардан, айниқса, охирги икки йил мобайнида ҳар соҳада бўлгани каби муқаддас динимиз ва диний қадриятларга ҳам алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Юртбошимизнинг одилона сиёсатлари билан асрларга татигулик ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг             2017 йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифлари ҳамда Норин туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича баённоманинг 23-банди ижросини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳрида ёшларнинг Инновацион таълим тизимига асосланган ҳолда билим олишнинг замонавий усулларидан фойдаланиши учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бугунги кунда барчамизнинг хурсандчилигимиз бениҳоядир. Сабаби  2016 йил январ ойида ҳукуматимиз хусусан муҳтарам юртбошимизнинг раҳнамоликларида билим юрти барча қулайликларга эга, сўлим ва хушманзара бўлган Наманган шаҳрининг энг кўркам Оромгоҳ даҳасидаги масканга кўчирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан билим юрти номи ҳам эзгу мақсадлар ила "Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти номига ўзгартирилди.

Бугун билим юрти тарихида яна бир янги зарварақлар очилди.

Боиси билим юртида тахсил олаётган талабаларга янада кулай шароитларни ташкил этиш мақсадида бевосита юртбошимизнинг ташаббуслари, ҳукумат қарори билан билим юрти учун янги, замонавий, муҳташам ва кўркам ўқув биноси, мажлислар зали, спорт зали куриб битказилди.

3 қаватдан иборат ушбу бино дарс машғулотлари учун замон талаблари даражасида жиҳозланган кенг, шинам ва ёруғ синф хоналари, кутубхона, маънавият ва маърифат хонаси, лингофон хонаси, сўнги русумдаги компьютерлар билан жиҳозланган информатика хонаси ҳамда бошқа маъмурий ва хўжалик хоналари мавжуд. Бир сўз билан айтганда барча шароитлар муҳайё.

2019 йил 3 июнь куни билим юртида катта тантана бўлиб ўтди. Боиси янги қуриб битказилган биноларнинг очилиши ва фойдаланишга топшириш тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича раиси 1-ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Абдуҳаким қори Матқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззақов  ҳамда вилоятдаги мутасадди такшилотлар ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир давомида биноларни қурган қурилиш ташкилотлари раҳбарлари  “Зафар қурилиш сервис” хусусий корхонаси раҳбари Зокиржон Адашалиев, “Хўжалик ҳисобидаги механизатциялашган кўчма калонна” давлат ташкилоти раҳбари Адхамжон Умаров ва “Челси қурилиш” МЧЖ ташкилоти раҳбари Абдулло Ҳамдамовлар вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир иштирокчилари янги ўқув биноси, ёпиқ спорт мажмуаси ва анжуманлар алида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, замон талаблари даражасида барча қулайликлар яратилганига гувоҳ бўлдилр.

 

Қувонч билан таъкидлаб айтиш мумкинки, ёшларга яратиб берилаётган бундай шарт-шароитлар муҳтарам юртбошимизнинг ғамхўрликлари туфайли берилаётган улкан неъматлардандир.

Мазкур шароитлар билим юртининг ўқитувчи ва талабалари зиммасига ҳам катта масъулият ва вазифалар юклаганлигини ҳар биримиз тўлақонли ҳис қилмоқдамиз. Шу билан бирга билим юрти жамоаси ватанимизнинг порлоқ келажаги ва жамиятимиз ривожи учун доимо холис хизмат қилишга ҳамда турли ёт оқимларнинг ёвуз ғояларига қарши муносиб раддиялар бера оладиган етук ва салоҳиятли, баркамол ёшларни тарбиялаш йўлида бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

Албатта, билим юрти ўқитувчи-ходим ва талабалари номидан энг аввало одилона сиёсатлари билан юртимизга раҳнамо бўлиб турган муҳтарам Президентимиз ва вилоят ҳокимига ҳамда Узбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларига чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 

 

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин пушаймон бўлган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисидаги чора тадбирлар  халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларининг яққол намоён этмоқда. 

1 июн куни Рамазон ҳайити арафасида Миробод туманида истиқомат қилувчи узоқ муддатдан бери жазо муддатини ўтаётган 7 нафар киши Суд ҳукми кўра жазодан озод этилиб, уйига - оиласи бағрига қайтарилди.

Кутилмаган қувончли хабар маҳкумларнинг оила аъзоларига катта хурсандчилик бағишлади. Ҳаяжондан эсанкираб қолишди. Ахир 15 йиллик айрилиқ бугун барҳам топди. Энди ҳайитни оиласи бағрида нишонлайдилар. Биз уларнинг ҳаётга мослашуви, диний, ижтимоий-маънавий кўмак борасида қўлимиздан келганча ёрдам берамиз”, дейди кутиб олиш маросимида иштирок этган Миробод тумани бош имом-хатиби Одилжон Холмуродов.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

Видеолавҳалар

Top