muslim.uz

muslim.uz

Муҳтарам ватандошлар!

Дунёдаги жамики мусулмон уммати учун мўътабар ва қадрли бўлган шу саодатли, улуғ айёмда сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари янада ёрқин намоён бўладиган ушбу шукуҳли дамларда барчамиз, аввало, Аллоҳ таолога оиламиз, элу юртимиз билан биргаликда бугунги қутлуғ ва барокатли кунларга етказгани учун беҳисоб шукроналар айтамиз. 

Рамазон ойининг файзу тароватидан баҳраманд бўлиб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийлар, аёллар ва болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларга беғараз ёрдам бериш сингари  савобли ишларни амалга оширишга интиламиз. 

Бундай олижаноб мақсад ва ҳаракатлар мамлакатимизни тараққий топган давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир.

Шу маънода, неча юз йиллик тарих ва маданиятимиз, миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетган муқаддас динимизни асраш, аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш биз учун ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Кейинги вақтда мамлакатимизда шу йўналишда катта ишлар амалга оширилаётгани, табаррук қадамжолар обод қилиниб, янги-янги илмий, маданий ва диний марказлар, таълим масканлари ташкил этилаётгани барчангизга яхши маълум. 

Бу йил муборак Рамазон кунларида Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий, Тошкент шаҳрида Сузук ота ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби улуғ уламоларимизнинг номлари билан аталган диний мажмуалар, жоме масжидлари фойдаланишга топширилгани, жойларда беш ташаббус ва бошқа ижтимоий-маънавий дастурларимиз доирасида эл-юртимиз, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар учун қулай меҳнат ва турмуш шароитлари яратилаётгани бу йўлдаги янги қадамлар бўлди. 

Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган тамойил асосида жаҳон миқёсида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, виждон эркинлиги ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини халқимиз ва дунё аҳлига етказиш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. 

Шу улуғ айём кунларида узоқ ва яқин давлатларда яшаётган мўмин-мусулмон биродарларимизни, барча дўст ва ҳамкорларимизни самимий қутлаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз.

Қадрли юртдошлар!

Гўзал диёримизда муборак Рамазон шукуҳи кезиб юрган шу кунларда байрам кайфияти барча шаҳар ва қишлоқларимизга кириб бориши, бу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит яратиш мақсадида 5-6 июнь мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилинди.

Буюк бобомиз Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради”.

Дарҳақиқат, ҳаётда эзгу ва савоб амалларни бажариб, оиласи, фарзандлари, эл-юртининг бахту саодатини ўйлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшаш мусулмон аҳли учун иймон-эътиқоднинг муҳим шарти ҳисобланади. 

Ишончим комил, дину диёнатимиз ва замон руҳини қалбимизга чуқур сингдириб, бугунги ҳаётнинг ўткир талаби бўлган илм-фан, инновация ва тараққиёт ютуқлари билан қуролланиб, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилсак, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта етамиз.

Сиз, азиз ватандошларимни муқаддас Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг шу табаррук кунларда қилаётган барча ибодатлари, эзгу дуолари ижобат бўлсин!

Муқаддас айём – Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!


Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти


Манба: https://president.uz 

Макка шаҳрида жорий йилнинг 31 май куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг 14-саммити бўлиб ўтди. Синьхуа хабарига кўра, қабул қилинган саммит якуний ҳужжати бўлмиш "Макка декларацияси"да ИҲТ фаластинликларнинг ўз давлатларини яратиш ҳуқуқларини яна бир бор қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Бир кунлик ИҲТ саммитида қабул қилинган "Макка декларацияси"нинг асосий диққати Фаластин масаласига қаратилган. Ҳужжатда айтилишича, Шарқий Қуддус (Иерусалим) пойтахти билан 1967 йил чегараларида тўла мустақилликка эга Фаластин давлатини тузиш ҳақидаги фаластинликларнинг ўз давлатларини яратиш ҳуқуқларини яна бир бор қўллаб-қувватланиши бидлдирилган.

Декларацияда шунингдек бирон бир мамлакатнинг Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарори кучга эмас, деб ҳисобланади, негаки бундай қарор тарих, қонунчилик, Фаластин халқи ва бутун ислом оламининг миллий ҳуқуқларига зарба беради. Бундай қарорлар кескин қораланиши билдирилган.

Саммитда шунингдек Исроилга босиб олинган Суриянинг Голан тепаликларини тўлиқ озод қилиш ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242 ва 338-Резолюцияларига мувофиқ Яқин Шарқда ҳарбий можарогача амал қилган, 1967 йил чегараларига қайтиш талаби қўйилган.

Ташкилотда Туркиянинг уч йиллик раислик қилишига якун ясалиб, ушбу вазифа Саудия Арабистонига топширилди. ИҲТнинг навбатдаги саммитларини 2022 йилда Гамбияда ва 2025 йилда Индонезияда ўтказиш қарори маъқулланди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Жорий йилда юртимизда Рамазон ойи ва ҳайит байрамини кенг нишонлаш, халқимизга муносиб шароит яратиш мақсадида барча мутасадди ташкилотлар қатори “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳам алоҳида тайёргарлик кўрди, деб хабар бермоқда жамият матбуот хизмати.

2019 йилнинг 13 май куни жамиятнинг махсус 25-ф-сонли фармойиши қабул қилинди. Унда ушбу муқаддас ой ва Ҳайит байрами кунлари йўловчи ташишда жамият томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ чора-тадбир ишлаб чиқилди. Шунга кўра, ҳайдовчи ва чиптачилар ўртасида йўналишларнинг иш тартиби, белгиланган қатнов ва оралиқ вақтларига, ҳаракат йўналиши ҳамда бекатларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш транспорт воситаларининг санитария ҳолатини рисоладагидек сақлаш бўйича алоҳида йўриқнома ўтказилди. Автобусларнинг қатнов олди техник кўрик ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда йўналишлар назоратини кучайтириш бўйича масъуллар белгиланди.

Рамазон ойи давомида таровеҳ намозлари ўқиладиган вақтларда Тошкент шаҳридаги йирик масжидлар олдидаги йўлларнинг вақтинча ёпилиши ва автобус йўналишларининг ўзгаришини ҳисобга олиб автосаройлардан жалб этилган масъул ходимларнинг навбатчилиги ташкил этилди.

Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2019 йил 5 июнь кунига тўғри келиши ва дам олиш куни сифатида нишонланиши инобатга олиб халқимизга қулайлик яратиш, белгиланган манзилларига ўз вақтида етиб олишларини таъминлаш мақсадида жамият тармоқ корхоналарига бириктирилган йўналишларга автобусларнинг ишга чиқиши иш кунлари ҳисобида амалга оширилади. Яъни, ҳар бир йўналиш бўйича 04:00да (дам олиш кунидан қарийб 2,5 соат олдинроқ) автобуслар йўналишларга чиқиши белгиланди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги шоҳ кўчалар, магистрал йўлларда жойлашган масжидларда жамият ва тармоқ корхоналарининг масъул ходимлари томонидан соат 5:00 дан 7:00 га қадар навбатчилик ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

4 - 5 июнь ўтар кечаси масжидларга ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида ва байрам намози муносабати билан масжидлар ёнидаги кўчалар 1 километргача бўлган радиусда 5 июнь куни соат 02.00 дан 6.00 гача беркитилади.

Тошкент ИИББ имкон қадар шаҳар жамоат транспортлари хизматларидан фойдаланишни ва автомобилда бормасликни сўраган.

“Агар сиз ўз автомобилингизда борсангиз, қариндошларингизга, дўстларингизга, қўшниларингизга сиз билан бирга боришга таклиф қилинг”, - дейилади ИИББ хабарида.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Вторник, 04 Июнь 2019 00:00

Аудиохабарлар (04-06-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top