muslim.uz

muslim.uz

Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан диний уламолар ва қориларга хориж ўлкаларида катта ҳурмат билан қаралган. Айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар сабаб юртимиздан юзлаб, минглаб қорилар етишиб чиқмоқда. Бу йили муборак Рамазон ойида икки мингдан ортиқ ҳофизи Қуръонлар юртимиз масжидларида хатми Қуръон қилиб бермоқда.


Бундан ташқари, ҳар йили анъанавий равишда хорижий давлатлар диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида таровеҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.

Шу кунгача ўзбекистонлик қорилар АҚШ, Россия, Украина каби давлатларда намунали тарзда хатми Қуръонлар ўтказиб, диний маросимларда иштирок этиб келмоқдалар.

Ислом анъаналари қарор топган, кўплаб ҳофизи Қуръонлари билан маълум бўлган Малайзия давлатида ҳам ўзбекистонлик қориларга қизиқиш ва эҳтиром юқори. Яқиндагина Куала Лумпур шаҳрида ўтказилган 61 Халқаро Қуръон мусобақасида вакилимиз Убайдуллоҳ қори Исҳоқов 4-ўрин билан тақдирланган эди. Жорий йил Рамазон ойида эса ушбу давлат масжидларида хатми Қуръонларда иштирок этиш учун илк бор Ўзбекистондан қорилар таклиф қилинмоқда.

Малайзиянинг Перлис штати муфтияти таклифига биноан икки нафар ҳофизи Қуръон қорилар: Наманган вилояти “Машҳад мозор” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Дадамирзаев ва Андижон вилояти “Довудхонтўра” жоме масжиди имом ноиби Шамсиддин Жалиловлар Кангар шаҳри масжидларида таровеҳ намозларида хатми Қуръонларда иштирок этишлари белгиланган. Бугун, 22 май куни эрта тонгда икки нафар қориларимиз ана шу мўътабар сафарга отландилар.

Биз қориларимизга ўзга юрт меҳробларида Аллоҳ таолодан нусрат тилаб, юзлари ёруғ, ҳифзлари мустаҳкам бўлишини, буюк алломаларимизга муносиб авлод сифатида юртимиз довруғини баланд этишларини тилаб қоламиз. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

فَمَن يُرِدِ اللّهُ أَن يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلإِسْلاَمِ وَمَن يُرِدْ أَن يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقاً حَرَجاً كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاء كَذَلِكَ يَجْعَلُ اللّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ

“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур”. (Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги–кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?) (Анъом сураси, 125-оят).

Бу оятлар бундан ўн тўрт аср олдин нозил бўлган. Космик кема, скафандр, расадхона каби нарсалар кашф этилмаган, Арабистон ярим оролида астрономия илми ривожланиши у ёқда турсин, у ерда биров бу илм билан шуғулланмаган бир пайтда бу каби гапни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердан билиб айтдилар экан?! Албатта, бу ҳақиқатни у кишига осмонларни ва Ерни яратган Зот билдиргандир!

 

Нозимжон Иминжонов

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШга жўнаб кетганлари ҳақида хабар берган эдик.
21 май куни Вашингтон шаҳрида муфтий Усмонхон Aлимов ҳазратлари AҚШ Тинчлик институтида ташкил этилган давра суҳбатида нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий ва эътиқод эркинлиги борасида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини билдириб, масжидлар сони 2056 тани, диний таълим муассасалари сони 12 тани ташкил этгани, Рамазон ойида барча масжидда таровеҳ намозлари, 1250 та масжидда эса хатми Қуръонлар ўтказилаётгани ҳамда АҚШ, Россия ва Малайзия каби давлатлар таклифлар асосида қориларимиз мазкур давлатларда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқишаётгани ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, ўлкамизда 12 та диний таълим муассасаси фаолият олиб бораётгани, буларнинг 3 таси олий, 9 таси ўрта махсус, 2 таси аёл-қизлар билим юрти эканини билдирдилар. Ўтган йилларда Президентимиз ташаббуслари билан Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби номли иккита олий диний таълим муассасаси ташкил этилганини сўзлаб бердилар.
2018 йили диёримизда 13 та янги масжид очилди, жорий йил эса давлатимиз Раҳбарининг бевосита ташаббуси билан иккита муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлганини алоҳида қайд этдилар.
Бундан ташқари муфтий ҳазратлари юртимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг аҳамияти ва турли диний конфессиялар вакиллари билан азалдан аҳил-иноқ яшашнинг тинчлик-барқарорликка ижобий таъсири жуда катта эканини муфтий ҳазратлари изоҳладилар.
Давра суҳбати иштирокчилари – экспертлар, таҳлилчилар ва соҳа мутахассислари томонидан Ўзбекистондаги “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш" тамойили жуда илиқ қарши олинди ва амалга оширилаётган илоҳотларга юқори баҳо берилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидаги Олий Мажлис аъзолари – Сенат Ташқи ишлар қўмитаси раиси Aлишер Курманов ва Қонунчилик палатаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Aкмал Саидов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ҳам давра суҳбатида сўзга чиқишди ва эътиқод эркинлиги борасидаги саволларга батафсил жавоб беришди.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва AҚШ Тинчлик институти томонидан ташкил этилди. 20 май куни Тинчлик институти томонидан тадбир иштирокчилари учун ифторлик ҳам уюштирилди.
АҚШ сафари давом этмоқда, жараёнларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар. Масжидларимизда Аллоҳнинг муқаддас Каломи хатм қилинмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар.

Бугун 22-май, муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 17-кунларидир. Бу кеча Тошкент шаҳридаги қуйидаги икки масжидда Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади:

  1. “Ҳофиз Кўҳакий”жоме масжиди. (Манзил: Олмазор тумани, Ҳофиз Кўҳакий” маҳалласи, Сағбон кўчаси, 61-уй. Тел.: +94 607-05-81, +90 999-38-98)

Имом-хатиб: Тошматов Шерали

Қори: Ҳожиасроров Сирожиддин, Саматов Нажмиддин, Сайнуриддинов Саиджафар

 

  1. “Масжидул хайр” жоме масжиди. (Юнусобод тумани, Бободеҳқон маҳалласи, Мирзаобод кўчаси, 74-уй. Тел.:+97 721-88-55, +93 573-30-06 )

Имом-хатиб: Воҳидов Тоҳир

Қорилар: Тўрақулов Муҳаммад, Содиқов Хафизуллоҳ, Ашуров Махмудхон, Абдумўминов Муҳаммад

 

Илоҳий раҳмат нурлари ёғилгувчи, дуолар мустажоб бўлгувчи кечага марҳабо!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Видеолавҳалар

Top