muslim.uz

muslim.uz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Умома розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибларига шафоатчи бўлади” деганларини эшитдим» (Муслим ривоят қилган)

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳнинг Китобидан битта ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана ёзилади, ёзилганда ҳам ўн баробар қилиб ёзилади. «Алиф лам мим» битта ҳарф демайман. Балки, «Алиф» битта ҳарф, «Лам» битта ҳарф, «Мим» битта ҳарфдир» (Термизий ривоят қилган)

Агар Қуръони каримдаги ҳарфларнинг сони тахминан 340740 та деб олсак, Қуръонни бир марта тўлиқ хатм қилган кишининг ажри жуда улкан бўлишини билиб оламиз. Яъни, ҳар бир ҳарфига бир яхшилик ўн баробар қилиб ёзилишини ҳисобга олсак, Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққан одамга бериладиган ажр 340740 та бўлади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳар бир ҳасана ўн баробар қилиб ёзилишини унутмайлик. Демак, 340740 ни 10 га кўпайтирсак, натижа 3407400 бўлади. Бунча ажр Қуръонни бир марта ўқиган кишига берилади.

Агар биз ҳар ойда Қуръонни бир мартадан хатм қилиб борсак, у ҳолда Аллоҳнинг изни билан бир йилда 40888800 та ажрга, ҳасанага эга бўламиз.

Ҳа, азизлар, Аллоҳнинг марҳамати кенг. У зот бизга берган ваъдасига асло хилоф қилмайди. Фақат биз ихлос билан, чин қалбимиздан, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб адо этсак, ваъда қилинган ажру мукофотларга албатта эришамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни доимий тарзда ўқиб, унга амал қилувчилардан қилсин. Омийн!

Манба: https://islom.uz

 

 

15 май куни Тошкент шаҳридаги "Пойтахт" бизнес марказида "Ал-Ҳадая" бренди томонидан маҳсулотлар тақдимот маросими ташкил этилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абдулҳасан ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда "Ал-Ҳадая" бренди томонидан ишлаб чиқариладиган "Ҳаббат ул-Барака" (қора седана) маҳсулоти тақдим этилди. Ушбу маҳсулотнинг ошқозон-ичак йўллари тизими, иммун тизимини яхшилашдаги ўрни тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.

Қора седана ҳақида ҳадисларда ҳам таъкидлангани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари томонидан баён қилинди.

Компания тамойилларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар яна бир эзгу ишга қўл урганликларини ҳам айтиб ўтдилар. Бунда компания даромадининг маълум бир миқдоридаги маблағлар "Вақф" хайрия жамоат фондига хайрия сифатида ўтказилиши билдирилди.

"Ал-Ҳадая" компанияси томонидан илгари сурилаётган хайрия иши барчага маъқул экани айтилиб, Фонд раҳбари Искандар Халилов юртимиз тадбиркорларини ҳам шундай эзгу ишларни амалга оширишда фаол бўлишга чақирди.

Маълумот учун, "Ал-Ҳадая" компанияси бугунги кунда Қозоғистон, Россия, Украина, Қирғизистон давлатларида ўз фаолиятини йўлга қўйган. У олти мингдан зиёд доимий мижозларга эга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Рамазон ойи муносабати билан бугун, 20 май куни Нукус шаҳридаги «Имом Эшон Муҳаммад» жоме масжидида республикадаги кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож юз кишига 12 млн. 99 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари моддий ёрдам сифатида тарқатилди.

Мазкур фонд томонидан Қорақалпоғистонда фаолият кўрсатиб турган 50 масжидга Мусҳафлар вақф қилинди.

Тадбирда “Вақф” хайрия фонди раиси И.Халилов ҳам иштирок этиб, бугунги кунгача фонд томонидан амалга оширилган ишлар, кўрсатилган моддий ва маънавий ёрдамлар ҳақида айтиб ўтди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов муқаддас динимизда заиф ва муҳтож инсонларга катта эътибор қаратилиши, уларни оғирини енгил қилиш ва ҳолидан хабар олишни ибодатларнинг афзаллларидан эканини таъкидлаб ўтди.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат ва раҳмдил бўлишга, бева ва мискинлардан иборат муҳтож ва заифларга ёрдам беришга чақириши ҳақида айтиб, бугунги кунда ёрдамга муҳтожлар учун яратилаётган имкониятлар, қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг инсон манфаати учун хизмат қилиши, бундай инсонлар ҳамиша давлат эътиборида эканлиги ҳақида айтди.

Ўзларига қаратилаётган бундай эътибордан, яратилган имкониятлар ва бугунги тадбирни ташкил қилган ташкилот мутасаддиларига ўзининг миннатдорчилигин билдиради тахиятошлик Г.Уразимбетова.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

25 май куни “Казань арена” стадионида Россиядаги энг йирик ифтор бўлиб ўтади. Бу ҳақда Татаристон муфтийси Комил Самиғуллин маълум қилди, дея хабар бермоқда Islam.ru нашрига таяниб Азон интернет нашри.

Шу куни 15 минг рўзадор учун дастурхон ёзилади, ифторга Татаристоннинг турли ҳудудларидан 2,5 минг киши келиши кутилмоқда. Стадиондаги ифторга кўп болали ва кам таъминланган оилалар, имконияти чекланган кишилар таклиф этилган. Шунингдек, жамоат ва диний ташкилотлар вакиллари, Эрон, Туркия ва Қозоғистон консуллари қатнашади. Бундан ташқари, стадион ташқарисида оғиз очиш учун 1000 та ланчбокс тарқатилади.

Оммавий ифторда 1158 нафар кўнгилли хизмат қилади, улар тайёргарлик ишларини бугуноқ бошлашади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top