muslim.uz

muslim.uz

Россиянинг Ставрополь ўлкаси мусулмонлари диний идораси таклифига биноан ўзбекистонлик қори Ойбек Раҳмонов ва исломшунос Шермурод Дўнгбоев Рамазон ойида ушбу юртда диний маросимларни ўтказиб бермоқдалар.

 Шермурод домла Дўнгбоев Пятигорск шаҳридаги “Грес” масжидида кундалик намозларни адо этиб бермоқда. Масжидга турли масалалар, диний саволлар билан келаётган мўмин-мусулмонларнинг саволларига жавоб бермоқда.

Маълумки, Ставрополь ўлкаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари нисбатан кўп бўлган ҳудуд ҳисобланади. Вакилимиз ташрифининг мақсади ҳам айнан у ердаги ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатларни ташкил этиш, диний масаладаги саволларига жавоб беришдир. Шермурод домла Дўнгбоев ватандошларимиз меҳнат қилаётган турли жойларда: бозорлар, қурилиш обьектларида бўлиб, улар билан динимиз ҳақида зарурий тушунчалар, ватанга, оилага садоқат, меҳр-муҳаббат, ўзаро биродарлик, бағрикенглик ва мавзуларида суҳбатлар ўтказмоқда.

– Россияда жуда кўплаб меҳнат муҳожирлари бор. Уларнинг мослашишлари учун айнан шундай суҳбатлар ва учрашувлар ёрдам беради. Туб аҳолининг дини ва одатларини ҳақорат қилмаслик, ўзини тўғри тута олишни ёдга солиш, ўз мамлакатининг муносиб вакили бўлишга чақириқлар – буларнинг бари ҳақида иложи борича кўпроқ гапириб туриш керак. Айниқса, ватандошларимзни ислом дини номидан ҳаракат қилаётган турли ёт оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишимиз керак. Уларга диний билимларни қаердан ва кимдан олишлари ҳақида муҳим кўрсатмалар беришимиз керак», – дейди Шермурод Дўнгбоев.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Рамазон рўзаси Аллоҳ ўзининг мўмин бандаларига фарз қилган ва савобининг чегараси бўлмаган улуғ ибодатларидан бири. Ҳақиқий иймон эгалари Аллоҳнинг буйруқларидан бирор ҳикмат ёки фоида қидирмасдан, Аллоҳнинг буйруғи деб, адо этаверадилар. Рамазон рўзаси ҳам ана шундай адо этиладиган ибодатдир. Бироқ уламоларимиз мўминларнинг ушбу ибодатни адо этишга муҳаббатлари ва шижоатлари янада ошиши учун оят ва ҳадисларга асосланиб рўзанинг ҳикмат ва фоидаларини очиб беришга уринганлар. Қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз.

Аввало рўза неъматнинг шукронасига василадир. Зеро рўза нафсни ейиш, ичиш ва жимоъдан тийиш ила амалга оширилади. Мазкур нарсалар энг улуғ неъматлардан ҳисобланади. Ушбу нарсалардан маълум муддат ўзини тийиб туриш, қадрини билдиради. Чунки неъматлар номаълум бўлиб, йўқотилганда билинади. Яъни инсон ўзига қанча нарсалар неъмат қилиб берилганини йўқотганда билади. Натижада инсонни неъматларга шукр қилишга ундайди. Чунки неъматларга шукр қилиш вожиб эканини ақл ҳам, шариат ҳам тақозо қилади. Аллоҳ таоло рўза оятида айни шу маънога ишора қилган: “... ва шукр қилишингиз учундир[1]”.

Иккичидан рўза тақвога энг муносиб василадир. Чунки нафс Аллоҳнинг розилигидан умид қилиб ва аламли азобидан қўрқиб ҳалол нарсалардан ўзини тийишга бўйинсиндими, ҳаром нарсалардан янада ўзини тийишга муносиб бўлади. Натижада рўза Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан  сақланишга сабаб бўлади. Аллоҳ ушбу маънога рўза оятнинг охирида ишора қилган: “... шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз[2]”.

Учинчидан рўза инсон рўза орқали истак хоҳишларига қаҳр кўрсатиб, шаҳватларини синдиришга эришади. Чунки нафс тўқ бўлса, шаҳватларни истаб қолади. Оч қолса, турли хоҳишларидан ўзини тия олади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишга имкони бўлмаган ёшларга: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳланишга қодир бўлса уйлансин. Чунки никоҳ кўзни (ҳаромдан) тийувчи ва фаржни (зинодан) сақловчидир. Ким никоҳланишга қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин. Бу унинг учун бичилишдир[3]”, деб кўрсатма берганлар. Демак рўза кўплаб гуноҳлардан сақланишига восита бўлади. Чунки барча гуноҳларнинг бошида шаҳват туради.

Тўртинчидан рўза камбағалларга нисбатан раҳм-шафқат ҳиссини ўйғотади. Чунки рўзадор маълум бир муддат очлик аламини тортса, доимий ҳолатда оч азобини тортаётганларни эслайди. Натижада уларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб, яхшилик қилишга шошади. Ушбу амали Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажрларга эга бўлишига ҳам сабаб бўлади.

Бешинчидан рўза сабабли шайтонга қаҳр кўрсатилади. Чунки шайтон инсонни адаштириб йўлдан оздиришда инсон шаҳватидан фойдаланади. Шаҳват эса, кўп ейиш ва ичиш орқали кучаяди. Шу сабабдан Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, шайто Одам боласининг қон томирида юради. Унинг юардиган йўлларини очлик билан торайтиринглар[4]”, деб марҳамат қилганлар.

Олтинчидан рўза орқали инсон соғлиғини тиклаб олишга эришади. Рўзада инсоннинг ошқозон ва ҳазм қилиш аъзолари дам олади. Ошқозон яхши ҳазм бўлмай қолган таомлардан тозаланади. Бадан ортиқча намликдан халос бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар[5]”, деб тавсия қилганлар. Араб табибларидан Ҳорис ибн Калда “Ошқозон касалликлар уйидир. Парҳез барча давонинг бошидир”, деган.

Бу санаб ўтилган ҳикматлар рўзанинг ожиз бандаларнинг ақли етган фоидаларидан мингдан, балки миллиондан бири. Аллоҳ ҳикмат эгаси бўлган зот.

Яна шуни айтишмиз мумкинки, Аллоҳ таоло ушбу ойнинг шарофати билан бандалар ризқларини кенг қилади. Яхшиликларини кўпайтириб турли адашишлардан узоқ қилади. Чунки бу ойда жаннат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари танбаланади. Ашаддий жин ва шайтонлар кишанланади. Рамазон ойи умматнинг гўё баҳори. Ибодатлар учун мавсум. Хайрли амаллар учун мусобақа майдони. Мўмин учун бу ойдан афзал ой йўқ. Ушбу ойдаги солиҳ амалдан ортиғи йўқ. Бу ой ҳақли равишда мўмин учун ғанимат ойидир. Ибодатлар учун ғаниматдир. Зеро бу ойда намоз, закот ва бошқа хайрли амалларнинг ажрлари кўпайтириб берилади. Аллоҳнинг ҳузурида нафл ибодатлар фарз даражасида, фарз ибодатлар эса етмиш баробарида қабул қилинади.

“Диний фанлар” кафедраси

ўқитувчиси Ф.Жўраев.

 

 

[1] Бақара сураси 185-оят.

[2] Бақара сураси 184-оят.

[3] Имом Бухорий ва Муслим ибн Масъуддан ривоят қилганлар.

[4] Имом Бухорий ва Муслим София онамиздан ривоят қилганлар.

[5] Абу Нуъайм “Тиб” китобида Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

Муфти ас-сақолайн Имом Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий  ҳазратлари ислом оламида беназир зотлардан биридир. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларда моҳир бўлиб, ушбу фанларга доир ўзидан қимматли асарлар қолдирган.

“Тилбатут талаба” асари шулардан бири бўлиб, ислом оламида илк фиқҳга оид энциклопедик китобдир. Китобнинг рўза бобида, Имом Насафий рамазон ва унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини таърифлаб, ундаги маъноларнинг ҳикматини қуйидагича келтиради:

“رمضان” — ирмоз (إرماض) сўзининг ўзагидан ясалган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. Шулардан бири:

— “куйдириш” маъноси. Яъни, Рамазон рўзаси банданинг гуноҳларини куйдиради, уни ўчиради.

— “ўткирлаш”, “чархлаш” маъноси. Яъни, Рамазон қалбларни бу ойда ибодат ва яхшиликларни кўпайтиришга чархлайди, уни ўткирлайди.

— “кутиш”, “интизор бўлиш” маъноси. Яъни, бу ойда мўминлар Аллоҳ таолонинг савоб ва мукофотини интизор бўлиб кутади.

— “чарчатиш”, “ҳолдан тойдириш” маъноси. Арабларда “رمضت الظبي” ибораси мавжуд бўлиб, бу сўз кийикни овлаган овчига нисбатан ишлатилади. Унинг кўриниши қуйидагича:

— одатда кийик чаққон жонивор бўлиб, овчининг тўрига тушиши қийин. Уни овлаш учун, овчи унинг изидан тушади ва қизиб турган тошлоқ ерга уни ҳайдаб боради (араб диёрларида иссиқ қаттиқ бўлганидан, қум ва тошлоқ устида овқат тайёрлаш мумкин). Унинг устида кийикнинг туёқлари нозик бўлгани учун куяди, қавариб кетади ва тўхтаб қолади. Натижада, овчи уни осонгина қўлга киритади.

Рамазони шарифнинг бундай номланишидаги ҳикмат шуки, мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан бу ойда рўза тутиш ва кечаларини қоим қилишга буюрилади. Кундузи рўзадор бўлиб, оч қолади, чанқайди, чарчайди. Кечаларини бедор ўтказиб ҳолдан тойади, кучи кетади. Натижада, шаҳват-у лаззатларига берилишидан тўхтайди ва ўзини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога батамом топширади. Яъни, Рамазон ойи бамисоли қизиб турган тошлоқ бўлиб, унинг устида мўмин киши ўзининг Аллоҳ таолонинг бандаси ва қули эканлиги тан олади ва У зотга ўзини топширади”.

Бундан кўриниб турибдики, Рамазони шариф савобу мукофотларга тўла ва ғанимат билишга ҳақли ойдир. Зеро, бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бор. Энг асосийси, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи эканлиги ва унда қилинган ибодатнинг савобини Ўзи беришини таъкидлаган.

Аллоҳ таолодан бу ойнинг шарофатидан тўла манфаат олган ҳолда, Ўзининг ва Расули (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг розилигини топиб, онадан туғилган кундагидай гуноҳлардан покланиб чиқишимизни насиб айласин!

 

Халилуллоҳ ЮСУФ

Тошкент ислом институти 

талабаси

 

Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2019 йил
15 май куни Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчилари ўртасида “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи ўтказилди.

Мазкур танлов муносабати билан Мир Араб олий мадрасасига республикамиздаги 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларидан иштирокчи талабалар, шунингдек, ўқитувчилар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари ташриф буюрди.

Танлов якунланган, 16 май куни Мир Араб олий мадрасасига “Ягона олимпиада” танлови муносабати билан ташриф буюрган диний таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчилари ва талабалари Олий мадраса ходимлари ҳамда талабалари билан биргаликда дунёга машҳур бўлган Бухоройи шарифдаги “Етти пир” – Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф
ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қабрлари жойлашган зиёратгоҳларни зиёрат қилишди.

Зиёрат давомида меҳмонларга Мир Араб олий мадрасаси ректори Х.Юлдашходжаев ушбу авлиё зотларнинг ибратли ҳаёти, қолдирган илмий мероси, мазкур зиёратгоҳларда Президентимиз топшириғи билан олиб борилаётган кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумотлар берди.

Қайд этиш лозимки, ташкил этилган мазкур зиёрат муҳтарам Президентимиз даъватига ижобат бўлди. Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам жорий йилнинг 29 март куни Бухородаги “Етти пир”нинг биринчиси ҳисобланадиган Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилиш асносида: “Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”, деб таъкидлаган эди ва Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасига имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берган эди.

 

 

 

 

 

  

 

Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати

Рамазоннинг фазилатларини ҳар қанча гапирсакда, шунча камдир. Айниқса, бу ойнинг таровати – рўза билан янада гўзалдир. Киши чин ихлос билан рўза тутишни ният қилар экан, бу ибодатини фақатгина Аллоҳ учун адо этаётганини аниқ англайди. Яратган розилиги учун қийинчиликларга бардош беради, сабрли бўлишни ўрганади. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда рўзанинг ажри улуғ эканини айтади: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”.

Эътибор беринг, рўза тутган киши, Аллоҳ таоло мукофотини Ўзи беришини билган ҳолда камчиликка йўл қўйиши мумкинми? Дарҳақиқат, рўзадор тутаётган рўзасини “Аллоҳ кўриб турибди” деган ихлос билан адо этади. Камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Руҳиятидаги хотиржамлик тафаккурининг тиниқлашиб боришига сабаб бўлади.

Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда суюнгай”.

Қолаверса, бу ой буюклигининг омилларидан бири ушбу ҳадиси шарифда гўзал тарзда баён қилинади: “Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”.

Ушбу ҳадис бу ойнинг нақадар улуғ мақомга эга эканини тасдиқлайди. Ҳадисдаги шайтонлар кишанланганлиги мўмин-мусулмонларни ушбу имкониятлардан фойдаланиб қолишга, китоб мутолаасига, эзгуликлар қилишга  чорлайди.

Рамазоннинг фазилати бу ойда Қуръони карим нозил қилиниши билан боғлиқдир. Бу борада Бақара сурасининг 185-оятида шундай марҳамат қилинади:

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.

Шунингдек, бу ой меҳр-мурувват ойи бўлиб, инсонлар бир-бирларига кўмак берадилар, муҳтожларга ёрдам қўллари узатилади, ўзаро яхшиликлар қилинади, беморлардан ҳол-аҳвол сўралади, аразлашган кишилар муборак ойнинг шарофати билан гиналарни унутадилар. Бу ойда бутун юртимизда ана шундай яхшиликлар билан, хотиржамлик ва хурсандчилик ҳукмрон бўлади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”.

Қолаверса, ушбу ойнинг шарофати билан гуноҳлар авф этилади, рўзадорларга кўплаб ажрлар берилади.

Бу ҳақда Набийимиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирилган ҳадисда шундай дейилади: “Рамазон ойининг биринчи кечаси Аллоҳ таоло айтади: “Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кечирамиз”.

Рамазон ўттиз кун давом этади. бу кунларни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг улкан имкониятидир. Эзгуликларга шошилиш чексиз савобларга мушарраф этади. Бу ойда билим олиш, китоб мутолааси илмнинг зиёда бўлишига замин яратади. Баракали кунларнинг ҳар бир лаҳзаси қимматлидир. Улардан фойдаланиб қолинг!

Бинобарин, қуйидаги ҳадисда шаҳри султоннинг нақадар буюк экани таъкидланади:  “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди, йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Ж.Кулбаев

Видеолавҳалар

Top