muslim.uz

muslim.uz

Президент ташрифидан сўнг 
 
Тошкент шаҳар Олмазор тумани Қизил кўчасида жойлашган “Имом ат-Термизий” жоме масжиди 1876 йил Исмоил сувоқчи томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Масжид аввал “Тахтапул” номи билан фаолият олиб борган.
 
Мустақиллик йилларида унга “Имом ат-Термизий” жоме масжиди номи берилди.
 
Мазкур масжид маданий мерос тарихий ёдгорликлари рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташрифи чоғида бу масжидни реконструкция қилиш бўйича топшириқ берган эди.
 
Қисқа вақт ичида янги қиёфага кирган масжид 2018 йилнинг 16 май куни фойдаланишга топширилди. Бу ерда мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Унинг хонақоҳи 1800 кишига мўлжалланган. Масжидда кутубхона, ошхона ва бир қанча маъмурий хоналар мавжуд.
 
 
Хуршид Қодиров, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қаранглар, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқманглар. Зеро, бу Аллоҳнинг сизларга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга сабаб бўлади”. Имом Муслим ривояти.  

Демак, молу дунёда ўзидан юқорироқ кишига қараган одамнинг қалбида ўша инсонга ўхшашга интилиш, молу давлатни кўпайтиришга мойиллик пайдо бўлади. У ўзидан пулдорроқ кимсани кўрганда, “Нега бу одам “Малибу”да юрадию, мен ҳалиям “Жигули”да юрибман?!” деб ўйлаб, машинасини “Малибу” қилишга, ҳеч бўлмаса, “Нексия”га ўзгартиришга уриниб қолади. Бундай кайфиятда бўлиш эса ўзидаги “Жигули” машинаси неъматига шукр қилмаслигига сабаб бўлади.

Шунинг учун молу давлат масаласида ўзидан қуйироққа қараш лозим. Агар шундай қилса, “Кўпчилик одамларда ҳатто велосипед ҳам йўқ. Аллоҳ таоло менга “Жигули”дек машинани насиб этган. Бунинг шукрини адо этишим керак. Неъматга шукр қилсам, Аллоҳ таоло яна зиёда қилиб беради” дейдиган бўлади.

Дин, ибодат масаласида эса ўзидан юқори даражадаги инсонларга қаралади. Ана шунда “Бу одам ҳар куни нафл намоз ўқийди, ҳар куни рўза тутади, садақа қилади, жанозада қатнашади, беморларни кўргани боради, ҳар куни ота-онасини зиёрат қилади. Нега мен шундай эмасман? Нега бу одамдан ибрат олмайман?” деб, яхши инсонлардан ибрат оладиган, улардек бўлишга интиладиган бўлади.  

Дин, тоат-ибодат масаласида ўзидан қуйи даражадаги кимсаларга қаралмайди. Акс ҳолда “Мен ҳар куни масжидда беш вақт намоз ўқияпман. Фалончи эса ҳатто уйида бўлса ҳам намозларини адо этмаяпти. Демак, мен ундан анча кўп амал қилаётган эканман” деб ўйлаб қолиниши мумкин. Агар шундай деб ўйланса, амалларга риё (хўжакўрсинлик), сумъа (биров эшитсин дейиш) ва ужб (ўз амали ила ғурурланиш) аралашади-да, уларнинг савобини йўққа чиқаради. Қолаверса, ўз ибодатини кўп санаб, янада кўпроқ ибодат қилишдан тўхтаб қолади.

Шу сабабли дунё ишида ўзидан паст даражадаги одамга, дин ишида ўзидан юқори даражадаги инсонга назар солинади.

Ҳадиси шарифдан шундай хулосалар олишимиз мумкин.:

  1. Банда молу дунёси кўпларга қараб, қалбига дунё муҳаббати кириб, унга муккасидан кетиб, ҳаётининг мазмун-моҳияти шу бўлиб қолмасин. Дунёга нега келганини, нима учун яшаётганини унутиб қўймасин.
  2. Банда фақирлардан ибрат олиб, ўзидаги неъматларга шукр қилишни ўргансин. Қаноат буюк фазилат ва катта бойлик эканини унутиб қўймасин.
  3. Банда бошқалардан солиҳлардан ибрат олиб, ўзидаги амалларни кўпайтиришга уринсин.
  4. Банда ўз амалларига катта баҳо бериб, салбий иллатларга мубтало бўлмасин. 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

2019 йилнинг 11 апрель куни Қозоғистон ва Россия мусулмонлар диний идоралари ҳамкорлигида Остона шаҳрида IV “Маънавий ипак йўли. Ислом ва ёшлар: замонавий чақириқлар йўлида” номли халқаро илмий-диний анжумани ўтказилади.

muftyat.kz хабарига кўра, Остона шаҳрида Қозоғистон ва Россия мусулмонлар диний идоралари вакиллари ушбу анжуманга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилишган.

Ушбу анжуманда Евроосиё мамлакатлари муфтийлари, мусулмон мамлакатларининг диний етакчилари, ислом ташкилотларининг раҳбарлари, диншунослар ва диний арбоблар иштирок этиши кутилмоқда. Анжуманда ёшларни замонавий чақириқлар, салбий тенденциялар, диний экстремизм қутқуларидан ҳимоя қилиш, уларни илмга, ўрганишга ва инсонпарварликка чақириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

21 февраль куни Бухородаги давра суҳбати татар халқи тарихи асосчиси, файласуф, илоҳиётчи ва маърифатпарвар олим Шаҳобиддин Маржонийга бағишланди. Тадбирда Татаристон бош вазири ўринбосари, Татарлар бутундунё конгресси Миллий Кенгаши раиси Василь Шайхразиев ва Бухоро ҳокими Карим Камоловлар иштирок этишди.
tatar-congress.org хабарига кўра, Галимжон Иброҳимов номли тил, адабиёт ва маданият институти марказ мудири Илҳом Гумеров Ш.Маржонийнинг илмий ишлари ва мактублари, шунингдек ҳозирги кунгача сақланиб қолган кутубхонасидаги китоблари ҳақида сўзлаб берди.

«Бухоро мероси» илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Роберт Альмеев Ш.Маржонийнинг Ўзбекистон билан боғлиқ ҳаётига тўхталди. У 1845-1849 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейинчалик Самарқанддаги Шердор мадрасасида ҳам таълим олиб, илму ижод билан шуғулланган, бир қатор илмий ишларини ёзган.

Роберт Альмеев Ш.Маржонийни татар тарихининг отаси деб атади.
Галимжон Иброҳимов номли тил, адабиёт ва маданият институти марказининг етакчи ходими Озод Охуновнинг айтишича, Маржоний 30дан ортиқ диний ва илмий асарларнинг муаллифи ҳисобланади.
“Ш.Маржоний — татар тарихини ўрганишнинг асосчисига айланди. Унинг асарларининг 99% араб тилида битилган ва ҳамон охиригача ўрганилмаган. Биз бунинг устида ишламоқдамиз. Бу фактлар ўзбек халқи учун ҳам қизиқиш уйғотиш мумкин. Унинг мероси жуда катта аҳамиятга эга”, - дейди Озод Охунов.

Бухоро давлат университети манбашунослик кафедраси мудири Бобур Номозов Маржоний ғоялари Марказий Осиё маърифатпарварларига таъсири ҳақида гапириб берди.

Татаристон муфтийси биринчи ўринбосари Рустем ҳазрат Валиуллин Маржонийнинг кўпқиррали олим эканлиги, у билан боғлиқ жойларни ҳар йили зиёрат қилиш лозимлигини таъкидлади.
Василь Шайхразиев фикрига кўра, Ш.Маржоний татар ва ўзбек халқини бирлаштиради.

“У бизнинг тарихимиз, бизнинг фахримиз. Унинг мисолида биз келгуси авлодларни тарбиялашимиз керак. Бу из мунтазамлик касб этиши лозим. Биз Маржоний номини улуғлашимиз, унинг асарларини бошқаларга етказишимиз керак. Бу бизнинг вазифамиз”, - деди Василь Шайхразиев ва Бухоро ҳокимияти вакилларига ушбу давра суҳбатини ташкиллаштиришдаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Барчага маълум ўзбек халқига хос бўлган меҳмондўстлик, Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган инсон тамаддунининг кўплаб хазиналарини эътиборга олсак, зиёрат туризми каби соҳа ривожини фаоллаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
Бу ҳақда Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Россия Мусулмонлар диний идораси раиси ўринбосари Рушан Аббясов Бухоро шаҳрида ўтказилган биринчи халқаро зиёрат туризми доирасидаги йиғилишда баён қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми борасидаги улкан салоҳияти туфайли ушбу йўналишда жуда катта ишларни амалга ошириш зарур.

«Мусулмонларга маълумки, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида буюк муҳаддис имом Ал-Бухорий яшаб ўтган. Мустақиллликнинг илк йилларида Самарқанд яқинида бу ерда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси бунёд этилган. Бироқ ҳали барча мусулмонлар ҳам бу ерда бўлишмаган. Шунингдек кўпчилик Бухоро яқинидаги шайх Баҳоуддин Нақшбандий мақбарасига келишмаган ва ҳаттоки унинг қаерда жойлашганлигини ҳам билишмайди. Ишончим комилки, россиялик мусулмонларнинг Бухоро, Самарқанд, Хивага ташрифлари нафақат сайёҳат, балки бизнинг халқларимизга хос бўлган зиёрат шамойилини ҳам олади, уларнинг имонлари мустаҳкамланиши, ислом тарихининг буюк уламолари ҳақидаги билимларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистоннинг замонавий транспорт имкониятлари, ушбу шаҳарларга қўйилган тезкор поезд йўналишлари ташрифнинг худди бошқа ислом дунёсининг мамлакатларидан кам бўлган қулайликларни тортиқ этади», - таъкидлади Аббясов.

Унинг фикрига кўра, ҳамма гап Ўзбекистон ва унинг маънавий хазиналари ҳақидаги ахборотни янада кенгроқ тарқатишда қолган.
«Маълумки, Россия муфтийлар кенгаши бир неча йиллардан бери “Маънавий ипак йўли” халқаро лойиҳасини рўёбга чиқариб келмоқда. Ўзбекистон ушбу лойиҳанинг фаол иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Ҳурматли муфтий ҳазратлари Усманхон Алимов анжуман лойиҳаларида иштирок этганлар. Шу анжуман доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини тақдим этиш йўллари, Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари ҳақида кенгроқ ахборотларни бериш, оилавий турлар, ҳалол туризм турларини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу мавзуга бағишланган ОАВ, россия турбизнеси, экспертларга мўлжалланган давра суҳбатлари, тақдимотлар, чиқишларни ташкил этишни биргаликда ўйлаб кўриш лозим.

Ўзбекистон туризм салоҳиятини Москвада Россия муфтийлар кенгаши томонидан анча йиллардан бери ташкил этиб келинаётган Moscow Halal Expo халқаро кўргазмаси доирасида ҳам намоён этиш имконияти мавжуд. Хотира ва ажиб анъаналар мавжуд, биз фақат ахборотни бироз янгилашимиз, россиялик мусулмонлар учун Ўзбекистонга боришни одатий ва оммабоп қилишгина қолган. Ишончим комилки, Ўзбекистондаги ислом маданияти дурдоналарини ҳар бир киши кўриши керак!»,- дея ўз сўзини якунлади Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Россия Мусулмонлар диний идораси раиси ўринбосари.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top