muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 26 Февраль 2019 00:00

Бахиллик – ёмон иллат

Бу хонадонда кўп марта меҳмон бўлганман. Соҳибаси Розия момо оқила, ҳожатмандларнинг ҳақини адо этадиган аёл эди. У боғлару полизлардан олинган ҳосилни кўпчилик билан баҳам кўрарди. Меваю сабзавотнинг энг сарасини биринчи бўлиб фарзанди кўпларга тарқатиларди.

Момо тарвуз, қовун, қовоқларнинг яхшиларини ҳассаси билан кўрсатиб, қўшнининг ҳаққи эканлигини таъкидларди. Олинган ҳосилларнинг баракаси кейинги йил ҳосил бўлгунча етарди. Розия момо “Ўзингга нимани раво кўрсанг, бошқаларга ҳам шуни раво кўргин” деган сўзларни кўп такрорларди.

Орада бир муддат боролмай қолдим, шунда Розия момонинг вафот этганларини эшитдим. Йиллар ўтиб, яна шу хонадонга йўлим тушганида кўнглим оғриб қайтдим. Розия момо ҳаётлик пайтида гуркираб турган мевали дарахтларга касаллик тегиб, боғдан файз кетган эди.  Бунинг асл моҳиятини кейинроқ тушундим.

Момонинг икки ўғиллари бўлиб, момо катта ўғиллари билан бирга яшарди. Қайнонасининг вафотидан кейин катта келин: “Нега энди меҳнатни биз қилиб, роҳатини бошқалар кўриши керак. Ўзимиз ҳам катта рўзғор,  ортганини сотамиз”, деб, қўни-қўшниларга яроқсиз, қурт тушган меваларни чиқарадиган бўлибди. Кейинчалик қўшничилик ҳаққини қилишни ҳам унутибди. Кўп ўтмай боғ ўз тароватини йўқота бошлабди, мевалар майдалашиб, кўпига касаллик тушиб, дарахтлар қуриб кетибди. Полиз экинлари эса парвариш етарли бўлишига қарамасдан, қурт тушиб, ичидан ириб кета бошлабди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир (Бақара, 167-оят).

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга мол-дунё беради ва уни қандай йўлларга сарф-харажат қилишини синаб кўради. Қўлидаги молу давлатини Аллоҳ таоло берганлигини иқрор қилиб, ундан мискин ва фақирларга ҳам насиба ажратган кишиларнинг молига барака беради ва уни янада зиёда қилади. Аксинча, давлатманд бўлатуриб, закот ва садақа бермаслик, фақир ва мискинларнинг ҳаққини ажратмаслик эса, шариатимизда бахиллик деб аталади ва у қаттиқ қораланади.

Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон, 92-оят).

Мўмин бахил бўлмайди. Инфоқ-эҳсон қилмай, бахиллик билан тўпланган мол-дунё охиратда шармандаликка сабаб бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

“Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади...” (Оли Имрон сураси, 180-оят).

Бахиллик инсонлар орасида ҳасад ва бир-бирини кўра олмаслик каби иллатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Бахилликдан сақланинглар, чунки у сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга йўлиқишига сабаб бўлган. Бахиллик уларни бир-бирларининг қонини тўкишга, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишга олиб борган”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Менга қадрдон Розия момонинг ўгитларини, тутумларини олмаган, хонадоннинг файзини кеткизган келиннинг қилмишлари бахилликнинг бу дунёдаёқ ёмон оқибатларга олиб келишини англатарди...

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

 

Вторник, 26 Февраль 2019 00:00

Аудиохабарлар (26-02-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

Иззат-нафс – бировларнинг устидан кулувчи тил ёки мутакаббирона ҳаракат қилиш эмас. Балки иззат-нафс – қийматингни пасайтирадиган барча нарсалардан узоқ бўлишингдир.

*****

Инсон – тупроқдан яратилган, тупроқ устида яшайдиган, тупроқдан яратилганлар билан муомала қиладиган ва тупроққа қайтадиган мавжудотдир.

*****

Балоғат билан сўзлаш – ҳозиржавоблик билан тўғри сўзлашдир.

*****

Узр сўраш – одамларнинг қалбларига ўтиш паспортидир.

*****

Сир – уни кўтариб юрувчининг бўйнидаги омонатдир.

*****

Дангасалик – чарчамай туриб дам олишга ўрганиб қолишдир.

*****

Умр – узайгани сари қисқарадиган нарса.

*****

Ширин сўз – инсонларнинг қалблари ўртасидаги нозик, мулойим кўприк.

*****

Она – биз ҳаётда топган, табассуми чин, ғазаби юмшоқ бўлган ягона қалб соҳибаси.

*****

Малака – ўтган ҳаётингда бир неча марта такрорлаб, ўрганган нарсанг.

*****

Миш-миш – оёғи йўқ, лекин ваҳимали тарзда ҳаракатланадиган нарса.

*****

Чин дўстлар – уларни топиш ҳам қийин, йўқотиш ҳам қийин, унутиш ҳам қийин.

*****

Сен – бутун оламга нисбатан оддий бир шахссан. Лекин қайсидир шахсга нисбатан бутун оламсан.

*****

Дўст – эскалаторга ўхшаб, сенинг ё тепага чиқишингга, ё пастга тушишингга сабаб бўлади. Қайси бирини танлаш сенинг қўлингда.

 

 

Фейсбукдаги “Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни Қозоғистон Республикаси билан ҳамкорлик борасида олиб бораётган амалий ишлари натижасида барча соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан ушбу мамлакатда фаолият олиб бораётган "Уақип" (Вақф) фонди раҳбари жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

"Уақип" Қозоғистон фондининг президенти Қайрат Азимовни "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов кутиб олди. Икки томон ўртасида ўтказилган учрашувда фондлар томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар, лойиҳалар хусусида фикр алмашилди. Ўзаро ҳамкорликнинг йўналишлари белгилаб олинди.

Ташриф давом этмоқда.

Маълумот учун, мамлакатимизда "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан олиб борилаётган амалий ишлар натижасида кўплаб ўксик кўнгилларга шодлик олиб кирилмоқда.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Понедельник, 25 Февраль 2019 00:00

Ҳадис илми мавзусида маҳорат дарси

Бугун, 25 феврал куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида Феврал ойи “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани ойлиги” муносабати билан “Ҳадис илми ривожида Мовароуннаҳр ҳадис мактаби намояндаларининг тутган ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда институтнинг 1-курс талабалари, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Насриев Муҳаммадамин домла, ҳадис фани ўқитувчиси Мадаминов Шокиржон домла ҳамда мадрасанинг 20 нафар талабалари, Бухоро Мир Араб олий мадрасаси ҳадис фани ўқитувчиси Тўхтасинов Рўзимуҳаммад домла иштирок этдилар.

Тадбирда суҳбат қилиб бериш учун Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори профессор Убайдулла Муродович Уватов таклиф этилди.  

Тадбирни “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов очиб, келганларни қутлагач, сўз навбатини устоз Убайдулла Уватовга берди.

У.Уватов тадбир иштирокчиларига ҳадис илми, унинг аҳамияти, юртимизга ҳадис илмининг кириб келиши, юртимиздан етишиб чиққан уламолар, муҳаддислар ҳақида атрофлича суҳбат қилиб берди. Толиби илмларга ўзининг қимматли насиҳатларини берар экан, уларни араб тилини пухта ўрганишга чақирди.

Кейинги сўз навбати “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Насриев Муҳаммадамин домлага берилди. У киши ҳам талабаларни илмга янада эътиборлироқ бўлишга чорлади ва ўзи раҳбарлик қилиб келаётган билим юрти жамоаси, устоз ва талабалари номидан ушбу илмий ҳамкорлик учун Тошкент Ислом институти раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдирди.

Тадбир сўнгида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б. Аъзамов мазмунли суҳбатлари учун устоз У.Уватов ҳамда барча меҳмон ва иштирокчиларга ташаккур айтиб, кафедра ўқитувчиси Тошпўлатов Абдурасул домла билан биргаликда меҳмонларга институтнинг эсдалик совғаларини тақдим этдилар.

  

 

 

Маҳмуджон Абдураҳмонов,

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси

Видеолавҳалар

Top