muslim.uz

muslim.uz

Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини (Истамбул, 1999 йил 7 ноябрь, 2017 йил 7 май ҳолатидаги ўзгартиришлар билан) ратификация қилиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот портали хабар берди.

Қонун билан Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидалари ратификация қилинди.

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 7 августда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2018 йил 27 сентябрда маъқулланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Институт Уставида аъзо давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасида мазкур соҳада ҳамкорлик қилишнинг тартиби, шунингдек ИМСМИга аъзо давлатларнинг фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар эътиборга олинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Нақлдурки, бир куни шайх Ҳасан Басрий олдига бир сахройи араб келиб сўради: Эй шайх сабр дегани қандай нарса? Шайх деди:Сабр икки ҳил бўлади. Биринчиси балога сабр этмоқ, иккинчиси қаноат этмоқ ва ҳеч кимдан нарса тиламасликдир. Араб деди: мен сендан кўра зуҳтсиз ва сабрсиз кишини кўрмадим. Шайх деди: рост айтасан, илм керак, илмга амал ва ихлос билан бирга қаноат керак бўлади. Шунда амаллар қабул бўлади.

Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик, тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак. Ҳам енгил, ҳам оғир пайтларда:
«яхши амалларни қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор».
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар. Аммо одамларнинг кўплари бу ҳақиқатларни тушунмайдиганлар, дин йўлига юрмаганлар Пайғамбарлик моҳиятини ҳам англай олмайдилар. Шунинг учун бу ҳақда турли нотўғри тасаввурлар қиладилар.

Аллоҳ таоло яна:«Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар», деган (Раъд, 22).
Яъни, ақл соҳиби бўлган бандалар Аллоҳнинг ризосини умид этиб, сабр қиладилар. Уларнинг сабрлари фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлади. Хўжакўрсинга, риё учун бўлмайди. Ўзига-ўзи мақтаниб юриш учун ҳам бўлмайди.

Сабр турли хил бўлади. Энг улуғи Иймон-Ислом талабларини бажариш йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш. Одамларнинг ноўрин тасарруфларига сабр қилиш. Етган мусибатлар ва неъматларга сабр қилиш ва ҳоказолар. Аллоҳ таоло яна:«Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз», деган (Наҳл, 96).
Яъни, ахдига вафо қилиб, қасамига риоя этиш йўлидаги машаққатларга чидаб, сабр қилган одамларни энг яхши ажрлар билан мукофотлаймиз. Энг яхши амалига тегишли ажру савобимизни умумлаштириб, ҳамма ишларига берамиз.

Аллоҳ таоло: «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан 6ошқаларга жуда катта ишдир», дея Бақара сураси 45 оятда марҳамат қилган.
Ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидек салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир.

Энг бош сабр ҳавои нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир. Намоз эса, бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Пайғамбар алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.

Аллоҳ таоло каломида: «Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деган (Бақара, 153).
Ислом умматига Аллоҳ таоло улкан масъулиятни – бутун дунёни илоҳий йўлга даъват этишни юклаган. Бу жуда ҳам машаққатли иш. Бундай улкан масъулиятни адо этиш учун камида шундай улкан сабр керак бўлади. Шу боис Аллоҳ ушбу оятда мўмин бандаларини сабр-тоқатга чақирмоқда.

Қуръони Каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак ва ҳоказо. Ўтган уламоларимиздан бирлари сабрни умумий тарзда учга бўлганлар: Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр. Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр. Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.

Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта микдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга куч, қувватга қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир. Шу боис Аллоҳ таоло қийинчилик ва машаққатлар остонасида турган Ислом умматини сабрга ва намозга чақирмоқда. Ва ортидан: «Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деб таъкидламоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: «Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса, шукр қилади, яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади, яхши бўлади», деганлар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
М. Саиджалолова

ЎМИ матбуот хизмати

Среда, 03 Октябрь 2018 00:00

Ҳиндистон (Бҳарат)

(Давоми, боши ўтган сонда)

Бу ўлкага Исломни Саодат асридан бошлабоқ мусулмон савдогарлар, дипломатлар олиб кира бошлаган. Кейинчалик Ислом мусулмонларнинг ҳарбий юришлари давомида ёйила бошланди. Жумладан, VII аср охирида Ироқнинг қудратли ҳокими Ҳажжож ибн Юсуф невараси Муҳаммад ибн ал-Қосим Ҳинд водийсининг Мўлтонгача бўлган бутун пастки қисмини босиб олди. У Ҳиндистонда узоқ қолмади, лекин шундан буён Синдни ва ҳатто жануби-ғарбий Панжобни араблар халифалигининг бир қисмига айлантирган эди. Шундан сўнг Ҳиндистонга кўплаб мусулмон саркардалар ҳужумлар уюштирган ва ушбу ҳудуддаги энг йирик давлатларни кўпинча мусулмонлар бошқариб келган.

Ва ниҳоят 1526 йили Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонга бостириб келди. Бу мамлакат 500 йил мобайнида, Синд ва Мўлтон эса 800 йил мусулмон мамлакати бўлиб турди. Ҳиндистон кенг мусулмон дунёсининг бир қисми сифатида халифаликнинг руҳий таъсирида бўлди. Унга барча осиёликлар Дар ул-Ислом (Ислом қароргоҳи) деб қарашарди. Бутун Ислом дунёсидан бу ерга оқиб келган мусулмон руҳонийлари, файласуфлари, фозиллари ва шоирлари, маърифатпарварлари ва мутафаккирлари ўзларини уйларидагидек ҳис қилардилар. Бу ерда ҳамма жойда дорилфунунлар ва билимларнинг катта мухлислари мавжуд эди. Кашмир ҳокими Искандар Бут Шикан ва Искандар Лўдийдан бошқа мусулмон ҳукмдорлари ҳиндларнинг диний ва маданий анъаналарига ҳеч қачон аралашмаганлар, уларга ҳурмат билан қараб, давлат фаолиятига жалб қилганлар, юксак лавозимларни ишониб топширганлар, ҳарбий хизматга олиб, лашкарбошиликка тайинлаганлар, хуллас, бегона билмаганлар. Халққа оддий дунёвий ва мажбурий исломий маънавий маърифат бериш соҳасидаги ишларни Лахўрлик Дата Ганж Баҳш, ажмерлик Хўжа Мўйниддин, деҳлилик Хўжа Бахтиёр Қоқий, пакпаттанлик Бобо Фарид, мўлтонлик Шайх Баҳовуддин Закария, баҳовалпурлик Маҳтум Жаҳониян Жаҳонгашт, деҳлилик Шайх Низомиддин Авлиё, бирлашган вилоятлар вакили Аҳмад Собир Қалйарий, бенгаллик Жалолиддин Табризий ва деканлик Хўжа Гесув сингари мусулмон руҳонийлари бошқариб боришарди. Ўзлари бўлган ҳамма жойда билим зиёсини сочадиган бу йирик дин арбобларига мусулмонлар ҳам, ҳиндлар ҳам бирдек қулоқ солардилар. Маърифатчилик фаолияти туфайли Ислом динини қабул қилганларнинг аксарияти шундай иш тутишарди. Бу руҳонийларнинг ҳаммаси маърифат тарқатиш билан шуғулландилар. Низомиддин Авлиё холжийлар салтанатида, Хўжа Гесув Дароз эса XV аср бошида шундай фаолият кўрсатишди. Улар Аллоҳ марҳаматига оддий ишончни, ҳалолликдан, ҳамдардликдан, Парвардигорга яқинликдан роҳатланишни, кишиларнинг ўзаро бир-бирлари олдидаги бурчи ва масъулиятини, тоат-ибодатнинг кучи, эътиқоднинг гўзаллигини ўргатиб бордилар. Лекин ўз фикрларини ҳеч қачон зўрлик билан тиқиштиришмас ва кўплаб тарафдорларга эга эдилар. Улар бу мамлакатда Ислом динини оммалаштирдилар.     

Уларнинг оддий таълимотлари ҳар доим кам сонли ва имтиёзли табақалар дини бўлиб келган ҳиндлар эътиқодига аста-секин таъсир эта бошлади. Бу дин то XIX асрда Ҳиндистондаги бхагатлар гуруҳи (халқ авлиёлари), яъни Панжобда Гуру Нанак, марказий Ҳиндистонда – Рамананд ва Кабир, Бенгалда – Чайтанийа, Ражпутан ҳамда Нанадевада – Даду ва Махарараштрада бошқа гуруҳлар исён кўтарганларига қадар шундай мавқени сақлаб қолди. Бу авлиёларнинг ҳаммаси севги-муҳаббат, яхшилик, саховат, оддий эътиқод ва мухлислик, инсонга ҳамдардлик ва меҳр туйғуларини сингдира бошладилар. Улар таълимоти тезда оммалашиб, тарафдорлар орттира борди, бхагатларнинг ҳар бири панс (диний таълимот) бошчисига айланиб, халқни уйғотишга ҳисса қўшди. Ҳиндлар уларнинг ўтмишини ўрганиб, мавжуд шарт-шароитларни яхшилашга киришдилар. Яна юз йил ўтгач, бу ҳаракат ўзгариб кетди: у ҳиндлар орасида адабий жонланишни, яна икки юз йилдан кейин эса ижтимоий-сиёсий уйғонишни келтириб чиқарди. XVIII асрга келиб ҳарбий доираларда, Панжобда сиқҳлар, Ғарбий Ҳиндистонда махраттанлар орасида тўла-тўкис шаклланган мазкур ҳаракат бенгалларни маданиятга ошна қилди, халққа маърифат тарқатди. Ҳиндларда миллий руҳ туғилишига, уларнинг мусулмонлардан қўрқуви барҳам топишига ва британияликларга нисбатан нафрат уйғонишига асосий сабаб бўлди. Шу жиҳатдан, ҳиндлар миллий руҳининг илдизлари жуда қадимийдир.

Ҳозирги вақтда Ҳиндистонда Ислом динига эътиқод қилувчилар сон жиҳатдан ҳиндулик динига эътиқод қилувчилардан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳиндистон мусулмонлари 176 миллиондан ортиқ, умумий аҳолининг 14,4 фоизи.

Ҳиндистон мусулмонлари сон жиҳатидан Индонезия ва Покистон аҳолисига ета олгани йўқ ҳозирча, бироқ уларнинг сони йилдан йилда ортишда давом этмоқда.

 

Среда, 03 Октябрь 2018 00:00

Устозга эҳтиром

“Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан Қўқон шаҳрида кўп йиллар давомида имом-хатиб бўлиб хизмат қилган устоз Хайруллохон домла Абдуллаевни зиёрат қилинди. 1937 йилда туғилган Хайруллохон домла Абдуллаев 1968 йилда Бухородаги “Мир араб” мадрасасини тамомлаб, 1968-1970 йилларда Самарқанддаги “Хожа Аҳрор валий” масжидида имом бўлиб хизмат қилдилар. Мустақиллик йилларигача турли  соҳаларда хизмат қилган Хайруллохон домла Абдуллаев истиқлол шарофати билан очилган “Зинбардор” масжидида имом-хитиб бўлиб ишладилар. Тўрт ўғил ва бир қиз ҳамда бир нечта набираларнинг дуогўйи бўлиб келмоқдалар.

Суҳбат жараёнида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли ягона мадраса ҳақида тўхталиб: “Мадрасада Русиялик Татарлар, Чеченлар, Қорачой, Доғистон, Озарбайжон, Тожик, Туркман, Қозоқ, Қирғиз ва бошқа миллат вакиллари ўқир эди. Бугун алҳамдулиллаҳ, Ўзбекистонимизнинг ўзида ўнлаб диний таълим масканлари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги диний эркинликлардан тўғри фойдаланиб, шукр қилиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги бурчдир. Минглаб одамлар ҳаж ва умрага бориб келмоқда, собиқ Иттифоқ даврида 15-18 нафар кишигина ҳажга борар эди. Ҳозирги чоп этилган китобларни айтмайсизми, ҳар бири бир дунё шукр айтишга арзийди”.

Суҳбат асносида 25 йилдан ортиқ халқ хизматида бўлган устоз ёшларга ўз тавсияларини айтиб, улар ҳаққига дуо қилдилар.

А. Исақов,

Қўқон шаҳар “Зайнул Обидин” масжиди имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

 

2019 йилнинг 28-29 март кунлари Австралиянинг Сидней шаҳрида “Африкада фалсафа мафкураси” мавзуидаги 21-халқаро илмий анжуман иш бошлайди.

Мазкур анжуманда:

Африка фалсафаси;

Африкада фалсафа меъёрлари;

Африкада фалсафа йўриқномалари;

Африкадаги Жанубий саҳро минтақаси фалсафаси;

Африканинг Жанубий саҳро минтақасидаги диний ақидалар;

Африкадаги янги фалсафа;

Африкада фалсафа мактаблари

мавзулар юзасидан дунёнинг илғор фикрлари илоҳиётшунос олимлари, файласуфлар, социологлар, геосиёсатчилар, қадимшунослар ва этнографлар атрофлича фикр алмашадилар.

 Халқаро алоқалар бўлими ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

Видеолавҳалар

Top