muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 15 Май 2018 00:00

Рўзадор аёлларга хос ҳукмлар

Рўзанинг фарзи айн эканига Бақара сурасининг 183-ояти далил бўлади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз. Саноқли кунлар…” 

Ушбу оятдан рўза тутиш ҳар бир имон келтирган эркак ва аёлга фарзлиги маълум бўлмоқда. Демак, аёллар ҳам рўза тутар эканлар, рамазон ва унга оид айрим хукмларни билиб боришлари лозим: 

Рўзадор аёл лабига бўёқ суртса, лаб ташқи аъзо ҳисоблангани сабаб рўзаси очилмайди. 

Рамазон кунларида субҳи содиқдан кейин ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳаб саналади. 

Ҳайз, нифос кўрган аёл рўза тутиши, ёлғиз қолганида ҳам рўзадор каби еб-ичишдан ўзини тўхтатиб туриши ҳаром саналади. Одамлар орасида эса ўзини еб-ичишдан тийиб, рўзадорга ўхшатиб туриши рамазонга ҳурмат ва ҳаё саналади. 

Субҳи содиқдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб рўзани ният қилиши мумкин бўлмайди. Аёл кишининг рўзаси рўза бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан пок бўлиши лозим. 

Рўзанинг адо бўлишининг шартларидан бири: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро, улардан пок бўлиш саҳобаи киромларнинг ижмоси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир. 

Субҳи содиқдан аввал ҳайз қони тўхтаган аёл: агар ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса бўладиган миқдор вақтда тўхтаса, гарчи ғусл қилмаса-да рўза тутиши лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган миқдор вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди. 

Рамазон ойида субҳи содиққача ғусл қилиб олса бўладиган вақтда аёлнинг ҳайз қони тўхтаса ўша куннинг рўзасини тутиши лозим бўлади. 

Аёл киши рўзадор ҳолатида гинеколог текширувидан ўтса, бу ҳолатдаги аёл ҳукми шуки: унинг жинсий аъзосига намланган ҳолдаги бирор нарса кириши билан рўзаси очилади. 

Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек, қуруқ бармоғининг ҳаммасини ёки баъзи қисмини киргизиб, ташқарига чиқариб сўнг яна қайта киргизиши билан ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади. 

Аёл киши қомати баробарича сувни кечиб ўтиши натижасида: одатий йўллардан ичкарига сув киргани аниқ бўлмаса, рўзаси очилмайди агар сув кирганлиги аниқ бўлса рўзаси очилади. 

Аёл киши рўзадорлигида касаллиги туфайли жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олса ичкарига нарса киргани боис рўзаси очилади. Агар субҳи содиқдан аввал ёки ифторликдан кейин жинсий аъзосига даволаниш мақсадида бирор нарса қўйса ва бу билан рўзадор ҳолатида ҳам юрса рўзаси очилмайди. Орқа аъзосига киргизилган давонинг ҳам ҳукми шундай. 

Касал, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби узрли кишилар узрлари кетгандан кейин вафот этсалар, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлсалар, ўшанча кун рўзасининг фидясини васият қилишлари лозим бўлади. 

Каффорот рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса, қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоротини тутаётган рўзасини қайтадан бошлаши шарт эмас. Узрлари кетгач, давом эттириб кетаверадилар. 

Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир (нифос эса мустасно эмас). 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси Қутбидинова Маҳарам Эшонхон қизи тайёрлади.

 

ЎМИ  Матбуот хизмати

Америка Қўшма Штатларида Республикачилар партиясининг фаолларидан иборат бир гуруҳи навбатдаги йиғилишини Миннесотта штати Блумингтон шаҳридаги Дор ул Фаруқ масжидда ўтказдилар. Бу ҳақда "nytimes.com" нашри маҳаллий радиога таяниб хабар берди.

Маълумки, 2017 йил август ойида масжид қавми бомдод намозига ҳозирлик кўраётганида тўсатдан портлаш содир бўлган эди. Портлаш натижасида масжид биносига зиён етган. Бахтли тасодиф туфайлигина ибодат қилаётган 20 нафар намозхон омон қолган эди.

Республикачилар ва масжид маъмурияти баъзи сиёсатчилар томонидан сингдирилаётган исломофобияга қарши курашиш мақсадида Дор ул Фаруқ масжидида йиғилиш ўтказиш қарорига келишган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Эртага, 16 май куни Татаристон Республикасининг Набережные Челны шаҳрида “Қуръоннинг жозибаси” деб номланган кўргазма бўлиб ўтади. Бу ҳақда "golosislama.ru" сайти хабар берди.

Қозон тарихий музейидан келтирилган қадимий Мусҳафлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши назарда тутилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 15 Май 2018 00:00

Никоҳ одоблари

Уламои киромларнинг бирортаси никоҳ суннат амал эканига ихтилоф этмайди, балки унга тарғиб этади. Никоҳнинг фазилати ва фойдалари кўп. Улардан бири фарзанд кўришдир. Зеро, никоҳдан мақсад насл қолдиришдир. Наслни давом эттиришда Аллоҳга муҳаббат ва бу йўлда ҳаракат этиш каби фойдалар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, фарзандли бўлишда қиёмат кунида умматларни кўпайтириш ният қилинади. Бу билан у зотнинг муҳаббатлари топилади. Бундан ташқари, солиҳ фарзандлар дуоси билан савоб олиш ва кичик ёшдаги фарзанднинг вафот топиши билан шафоатга эришиш мумкин бўлади.

Никоҳнинг фойдалари қуйидагилардир:

- жисмоний қувватдан ҳосил бўлган шаҳват уруғини ҳалолликка ишлатиб, шайтон васвасасидан омон бўлади;

- инсоннинг руҳи хотини билан бирга бўлганда унс – улфат топади;

- уй юмушларидан қалби фориғ топади, хотин таом пишириш, супуриб-сидириш, ўрин-кўрпаларни солиб-йиғиш, идиш-товоқларни ювиб тозалаш ва бошқа шу каби яшаш учун зарур шароитларни ўз зиммасига олади. Инсон бир ўзи бунча кўп ишларни уддалай олмайди. Агар бу юмушларни ўз зиммасига оладиган бўлса, аксари вақтини зое этади. Илм олиш ва ишлаш учун фориғ бўла олмайди. Солиҳа аёл бу борада динга ёрдамчидир. Бу дунё икир-чикирларининг кўплиги ва хилма-хиллиги қалбни доимо банд этади;

- оиласи ва аҳли-аёлининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш, уларга бош бўлиш ва риоя этиш билан ҳаётий кураш олиб бориш, хотинларнинг инжиқлигига сабр этиш, улардан бўладиган турли жафо ва азиятларга чидаш, хотинларни йўлга бошлаш, улар учун ризқ топиш йўлида ҳалол касб этиш ва фарзандлар тарбиясига машғул бўлиш.

Оиласига ғамхўрлик қилиш, уларга бош бўлиш ва уларнинг риоясида бўлиш амалларининг фазилати улуғдир.

Хотин ҳаққини адо этишда ноқислик ва камчиликлардан қўрққан киши уйланишдан эҳтиёт бўлади. Аҳли аёлларнинг заҳмат ва қийинчиликларига бардош бериш – Аллоҳ таоло йўлида жиҳод этиш баробарида бўлади.

Имом Муслимнинг муфрад ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Аллоҳ йўлида бир динор эҳсон этдинг, қўл остингдагиларга бир динор сарф этдинг, мискинга бир динор садақа қилдинг, аҳли аёлингга бир динор харж қилдинг. Шуларнинг ичида энг афзали ўз аҳли аёлингга қилинган нафақадир».

Уйланишда бир неча офатлар ҳам бор:

  1. Бу офатлар ичида энг кучлиси ҳалол ризқ топишдан ожиз бўлишдир. Чунки бу қийин иш. Эркакларнинг қўли кўпинча ўзиники бўлмаган нарсаларга чўзилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар бериб айтади: «Никоҳ (учун лозим маблағ) топа олмайдиган кишилар то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!» (Нур сураси, 33-оят).
  2. Хотинлар ҳуқуқларини адо этишда ожиз бўлиш. Уларнинг ёмон хулқлари ва азиятларига сабр эта олмаслик. Бунда катта хавф бор. Зеро, эркак қўл остидагилардан масъулдир.
  3. Аҳли аёли ва болалари кишини Аллоҳ таоло зикридан машғул этиши. Кеча ва кундузларини улар билан машғул бўлиб ўтказиш, натижада қалб охират ва унинг йўлида амал этиш тўғрисида ўйламай қўйиши.

Ана шулар никоҳнинг фойда ва офатларидир. Энди бирор кишининг уйланиш ёки уйланмаслигининг фойда ва зарарлари ҳукмига келсак, бу иш юқоридагиларни ўз ичига олган мажмуа асосида бўлади. Ҳар бир мурид ўзини ана шу ҳолатларга солиб кўриб, ўзида никоҳнинг офатлари топилмай, фойдалари жам бўлган бўлса, ҳалол мол-дунёси, чиройли одоб-ахлоқи бўлса, бунинг устига ёш йигит бўлиб, майл-шаҳватни бостиришга муҳтож бўлса, якка бўлиб, уй-жой тадбирларини кўришга муҳтож бўлса, бундайларга уйланиш афзалдир. Агар бунинг акси бўлса, у киши никоҳни тарк этади.

Яхши муошарат учун аёлда эътиборга олинадиган томонлар:

  1. Аёлнинг диндор бўлиши. У асл сабаблардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда бундай деб марҳамат қилдилар: «Дини бор аёлга уйланинг». Бу Имом Бухорий ва Муслим ривоят этган ҳадиснинг бир жузъидир. Агар аёл динда бўлмаса, эрининг динини фасод этади ва эр ҳурматини мукаммал адо эта олмайди. Агар аёл ғайрлик кўчасига кирса, эр-хотин ҳаёти бало ва офат остида қолиб, бахт-саодатдан маҳрум бўлади.
  2. Чиройли одоб-ахлоқда бўлиши. Зеро, бадхулқлиликнинг зарари унинг фойдасидан кўра кўпроқдир.
  3. Гўзал бўлиши. Гўзаллик матлубдир. Чунки бу билан эрнинг пок бўлиши вужудга келади. Шунинг учун ҳам никоҳдан олдин маҳбубага, яъни уйланмоқчи бўлган аёлга қарашга амр этилган. Аммо баъзи одамлар чиройга унча ҳам аҳамият бермаган. Бошқача қилиб айтганда, никоҳда гўзалликдан бахраманд бўлишни қасд этмаганлар. Чунончи, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ғилай хотинни синглисидан афзал деб ихтиёр этган эканлар. Аммо бундай ҳолатлар жуда кам учрайди, чунки инсоннинг табиати бунга қарама-қаршидир.
  4. Маҳрнинг енгил бўлиши. Шайх Саид ибн Мусаййаб ўз қизларини икки дирҳам маҳрга турмушга берганлари маълум. Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Аёллар маҳрида жуда баланд бўлмангизлар». Шу каби хотинлар томонидан ҳам маҳрни кўп талаб қилиш макруҳ кўрилган. Эркак томонидан хотиннинг мол-дунёсини суриштириш ҳам макруҳдир. Имом Саврий айтадилар: «Агар уйланаётган эркак: «Хотиннинг қанча мол-дунёси бор экан?» деб сўраса, билингки, у ўғри».
  5. Никоҳланаётган аёл қиз бўлиши шариат тавсия этади. Чунки қиз эрини севади, жувон аёлга қараганда эрига кўпроқ эл бўлади ва кўнгил қўяди. Улар ўртасида муҳаббат пайдо бўлади, негаки инсон табиати биринчи бўлиб синашта бўлган билан тезроқ улфатлашади, эр ҳам унга нисбатан меҳрини зиёда қилади. Чунки инсон табиати ўзидан бошқа одам уни ушлаган ёки у билан бирга ҳаёт кечирганини билса, кўникиши қийин бўлади (яъни, уйланадиган аёли фақат уники бўлаётганини билса, хотиржам бўлади).
  6. Туғишга қодир бўлиши. Қиз боланинг туғиш ёки туғмаслигини билиш қийин, аммо унинг яқин қариндошлари фарзандли бўлса, у ҳам туғиши мумкин.
  7. Насабли бўлиш, яъни динли ва солиҳ оиладан бўлиши.
  8. Қариндош бўлмаслиги. Шу каби эр ҳам хотин ҳақида шуларга қарайди. Хотиннинг валийси эркакнинг дини, ахлоқи ва аҳволларига қарайди, чунки қизи никоҳ билан гўё унга чўри бўлади, яъни эрнинг ихтиёрига ўтади. Қачонки, эр фосиқ ёки бидъатчи бўлса, қизига ва ўзига зулм этган бўлади.

Бир киши Имом Ҳасан Басрийдан сўради: «Қизимни кимга эрга берайин?» Имом жавоб бердилар: «Аллоҳдан қўрққанга бер. Агар у қизингни севса, ҳурмат қилади, агар ёмон кўриб қолса, унга зулм этмайди».

 

Тошкент вилояти Пискент тумани «Мулла Бўта Қози»
жоме масжиди имом
-хатиби Вохидов Мирсобит
манбалар асосида тайёрлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйланганларни табрикласалар: “Аллоҳ муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни яхшиликда жамласин”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Видеолавҳалар

Top