muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 29 Апрель 2018 00:00

Фатво ҳайъатига келган саволлар

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум саволим бор эди дугоналаримдан эшитишимча бирон ишни режалиштирган бўлсангиз лекин уни амалга оширишга иккиланаётган бўлсангиз истихора намозини ўқисангиз тушингизга аён берар экан шу ростми. Истихора намози ўзи қанақа ва бу ҳақида менга тўлиқ маълумот бера оласизми? Жавоб учун олдиндан катта раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ҳар бир ишда , худди Қуръондан сура ўргатгандек истихора қилишни таълим берардилар”, дейилган . Истихора – яхшиликни талаб қилиш деганидир. Яъни бир ишда иккиланган киши унга киришдан аввал икки ракат намоз ўқийди. Шундан сўнг қуйдаги дуони қилади: “Аллоҳим! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи Зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш менга динимда, тирикчилигимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) яхши эканлигини билсанг, уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, тирикчилигимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканлигини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил” Намозни ўқиганидан сўнгАллоҳ таоло ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, шу ишни қилади. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади.Истихора қилгандан кейин унинг натижасининг тушда аён бўлиши шарт эмас.

Савол: Ассаламу алайкум Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин саволим шуки қиз бола унаштирилганидан сўнг бўлажак турмуш ўртоғи билан гаплашиб турса бўладими агар тўйгача вақт бўлса бунинг хукми қандай? Жавоб берасиз деган умиддаман олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Йўқ бўлмайди, чунки улар ҳали бир-бирларига номаҳрамдир.

Савол: Ассалому алайкум! 1)Нафл рўзани кундузи дуо қилиб тутса ҳам бўлар экан, қазо бўлган рамазон рўзасиничи? 2)Нафл рўза тутгандан кейин оғизни қачон очиш керак? Шом вақти киргандами? 3) Сақич чайнаса рўза очиладими? 4) Намозга таҳорат қилаётиб албатта бурун ва оғизга сув олиб чайқаймиз шунда сув ичкарига кетиб қолиши мумкин бунинг ҳукми нима болади? Жавобларингиз учун раҳмат Аллоҳ рози бўлсин!

Жавоб: Ва алайкум ассалом. 1. Нафл ва қазо рўзалар субҳдан ният қилиб тутилади. Ва шом вақти кирганда очилади. 2. Сақич чайнаш рўзани очади. 3. Рўзадор киши таҳорат олаётганида оғзи ва бурнидан сув кетиб қолишига эҳтиёт бўлиши лозим. Агар сув ютиб юборса ёки димоғдан кетиб қолса унда рўзаси очилади.

 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

 

 

Воскресенье, 29 Апрель 2018 00:00

Қуръондаги лафзий эъжоз

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 وَلَـكِن كَانُواْ أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ

“Лекин улар ўзларига зулм қилган эдилар” (Наҳл сураси, 118-оят).

Қуръони Каримда шу кўринишдаги оят кўп келган. Барчасида كَانُواْ лафзи бор.

Фақатгина Оли Имрон сурасида мазкур кўринишдаги оятда كَانُواْ лафзи келмаган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги ўша оятда шундай деган:

مَثَلُ مَا يُنفِقُونَ فِي هِـذِهِ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَثَلِ رِيحٍ فِيهَا صِرٌّ أَصَابَتْ حَرْثَ قَوْمٍ ظَلَمُواْ أَنفُسَهُمْ فَأَهْلَكَتْهُ وَمَا ظَلَمَهُمُ اللّهُ وَلَـكِنْ أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ

“Уларнинг бу дунё ҳаётида қиладиган нафақалари мисоли ўзига зулм қилган бир қавмнинг экинини уриб ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Аллоҳ уларга зулм қилмади. Лекин улар ўзларига зулм қилдилар”. (Яхши экинзор бор. Кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо экинзорнинг эгаси зулм қилди, гуноҳкор бўлди. Шу сабабдан совуқ шамол келиб, экинларини совуқ уриб кетди. Экинзор ҳалок бўлди. Ҳеч нарса қолмади. Кофирларнинг бу дунёда қилган хайр-эҳсонлари ҳам худди шунга ўхшайди. Сиртдан кўрган одамга савобли иш. Яхшиликка пул-мол сарфлаяпти. Аммо эгасининг иймони йўқ. Бу эса, катта гуноҳ. Иймон бўлмаса, ҳеч қандай хайр-эҳсон қабул бўлмайди. Унга савоб берилмайди. Совуқ шамол экинзорни ҳалок қилганидек, уларнинг кофирлиги ҳам эҳсонларини бефойда қилади.) (Оли Имрон сураси, 117-оят).

Биринчи оятда كَانُواْ  лафзининг келишининг сабаби – бўлиб ўтган воқеалар ҳақида, гуноҳ, жиноят содир этиш билан инсонларнинг ўз жонларига зулм қилганлари тўғрисида эди.

Кейинги оятда كَانُواْ  лафзининг келмаганининг сабаби – ҳеч қандай воқеа содир бўлмаган бўлиб, Аллоҳ таоло инсонларга зарбулмасал келтирган эди.

 

 

Шайх Солиҳ Туркийнинг “Мин роваиъил Қуръан”

номли мақоласидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Суббота, 28 Апрель 2018 00:00

Ҳамдардлик

Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”да Хоразм вилояти босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида ҳам қатнашган Шамсиддин қори Абдуллоҳ ўғлининг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло ҳофизи Каломуллоҳнинг барча хайрли ишларини, солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, охиратини обод қилсин!
Қори йигитнинг барча қариндош-уруғлари, яқинларига сабру жамил ато қилиб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳужжатлари, уларнинг жанггоҳлардан ёзган мактублари Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида қирқдан ортиқ йиғма жилдда сақланмоқда. Йиғма жилдларнинг ҳар бирида 200 дан ортиқ маълумот мавжуд.
 
Учбурчак, сарғайган, ранги учган мактублар... йўл-йўлакай, шошиб, турли ўлчамдаги оддий қоғозларга ёзилиб, букланган-у бир томонига борар манзили, бошқа томонига «Полевой почта» номерлари ёзилган. Уларни қўлга олганингизда жанггоҳлар ҳиди, уруш даври одамлари, уларнинг қалб кечинмалари кўз ўнгингизда бирдам намоён бўлади.
 
Сайтимизда Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик аскарларнинг уруш ўчоқларидан ёзган мактубларини эълон қиламиз.
Уларни ўқиганингизда мактуб ёзганларнинг ўй-хаёллари, соғинчларини сиз ҳам ҳис қиласиз.
 
“СЕН, АЛБАТТА, ТИРИК ҚАЙТИШИНГ ШАРТ!”
 
 
Бухорода яшовчи Муҳиддиновлар оиласига 266 "Полевой почта"дан табрикнома келди. 
У аканинг сингилга янги йил табриги экан:
 
Салом меҳрибон сингилжоним. Мен сизларга янги йил саломини юборяпман. Мен соғ ва саломатман. Насиб бўлса, фашистлар тор-мор бўлади. Ўлмасам бораман. Мендан отамга ва онамга салом айт. Хат ёзиб юборинглар. 1943 йил. 28 февраль" 
 
 
***
 
Мана шу қисқагина ёзилган жумлалар хавотирдан қалтираб турган юракларга қанчалар қувват бергани Оллоҳга аён. Энг муҳими, фронт ортидагилар “Сен, албатта, тирик қайтишинг шарт”, дея даъват қилган бўлса, жанггоҳдагилар ғалабага ишончи мустаҳкамлигини, бироқ дийдор қиёматга қолса сабрли бўлиш кераклигини ҳам эслатиб туришган. Зеро, уруш даҳшатлари, фожиалари улар билан ёнма-ён яшаётган эди-да...
 
 
***
СОҒИНЧ КАБУТАРЛАРИ...
 
...Беомон жанггоҳда тутдек тўкилаётган одамларни кўриб, она юртинг, қадрдонларинг ёнига эсон-омон қайтиш умиди хомхаёлдек туюлади. Ахир ҳар дақиқа ўлимни бўйнингга олиб, бугун бўлмаса эртага деб яшаш азоб...
 
Бу хотираларни эслаганда бугунги кунларимизга такрор-такрор шукрона келтирамиз. Осуда ҳаётнинг қадри қанчалик улуғлигини, тинчликнинг нақадар муқаддас неъмат эканини яна бир бор ҳис этамиз.
 
«Хайрли кун онажон. Кечиринг. Узоқ вақт хат ёзолмадим. Суратингизни авайлаб юрибман. Биз қуршовда қолган эдик. Бошимдан яраланиб, хотирамни йўқотган эканман. Госпиталда икки ойдан буён даволаняпман. Ўзимга келиб қолдим, шундай бўлса-да уйга юборишмоқчи. Ғалаба кунлари яқиндай. Дўстларим фаистларнинг додини бермоқда, суриб чиқаришяпти. Ўзбекистонда кўришгунча, онажон. Зинага ва дўстларга салом. Ўғлингиз Геннадиий Шиянин. 1945 йил. 8 январь».
 
Сканировать10007.JPG
 
Тошкентда яшаётган онаизор Татьяна Ивановнага юборилган бу хат балки уни қувонтиргандир, ахир ўғли қайтади ёки фарзандининг соғлиғини йўқотганидан хавотирга тушган бўлса-да, тирик қолганига шукур қилгандир. Буниси энди бизга қоронғу. 
 
Турли туман дил изҳорлари битилган, соғинчдан сарғайган бу учбурчак мактублар жанггоҳдан учирилган соғинч кабутарларига ўхшайди. Урушдан қайтмаган ўғлонлар: «Урушнинг номи ўчсин, тинчликнинг қадрига етинг, уни кўз қорачиғидек асранг, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ҳамма нарсадан қадрли», дея хитоб қилаётгандек, гўё.
 
ЖАНГЧИЛАР ҲАЁТИНИ САҚЛАГАН ЎЗБЕК
 
Тарихдан маълумки, Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистоннинг бир ярим миллион фарзанди сафарбар этилган. Уларнинг беш юз минг нафари Ватанига қайта олмай жанггоҳларда қолиб кетди. 120 минг ўзбекистонлик жангчи садоқати ва жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланган.
 
Ўй-хаёллар гирдобида архив йиғма жилдларини бирма-бир варақлаб, қўлёзмада турли тилларда ёзилган мактубларни ўқишга, моҳиятини англашга уринамиз. Жуда ҳам эскириб кетган, оҳори тўкилаёзган варақлардаги хатлар ручкада, қаламда ёзилган. Баъзиси бир вараққа майда ёзувлар билан, бошқаси йирик ҳарфларда ёзилган, яна бирида рус ва ўзбек ҳарфлари аралашувидан ҳосил бўлган сўзлар битилган.
 
1944 йилнинг 1 декабрида ҳарбий котибга ёзилган Капитан Махиннинг мактубидан парча:
 
«Ҳурматли котиб. Бизнинг қисмимизда сизнинг ҳамюртингиз катта сержант Содиқов Сергей Мингазович хизмат қилмоқда. У ўзининг жасорати ва зийраклиги билан кўпчиликка ўрнак бўлмоқда. Куни кеча қисмимиз муҳим топшириқни бажариш учун кетаётганда душманнинг отрядига дуч келдик. Ана шунда Сергей жуда тезлик билан 25 душманни йўқ қилиб, кўплаб жангчилар ҳаётини сақлаб қолди. 
 
Олдинги жанглардаги жасорати учун ҳам унга бир неча орденлар берилган. Энди у автоматчилар қисмининг раҳбари. Ана шундай инсонни тарбиялагани учун унинг онаси Содиқова Марғубага миннатдорлигимизни етказинг. Агар унинг оиласига ёрдам керак бўлса, кўмак беришингизни сўраймиз. Оила Денов шаҳри, Дочная кўчаси 9/2 яшайди».
 
Сканировать10005.JPG
 
Энг қийин вазиятда ҳам жасурлигини намоён қила олган бундай йигитларнинг кўплари уруш қурбони бўлди. 
 
 
“ОЛИС ЎЗБЕКИСТОНДАН КЕЛАЁТГАН МАКТУБЛАР...”
 
Мактубларни ўқир эканмиз, наинки ўзбек йигитлари балки ўзбек хотин-қизларининг ҳам буюк ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганига гувоҳ бўламиз. Ахир Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилган оналаримиз, опаларимизнинг матонати ғалаба онларини яқинлаштирган. 
 
Мактаб ўқувчиларининг катак дафтарининг икки саҳифасини тўлдириб ёзилган яна бир миннатдорлик хатини ўқишга уринамиз. У Ўзбекистонда чоп этиладиган «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси таҳририятига Одессадан юборилган. Ҳарфларга йиллар ўз ҳукмини ўтказгани боис матнни тўлиқ ўқишнинг имкони йўқ. Унинг қисқача мазмуни шундай:
 
«Ҳурматли дўстлар, Ўзбекистон хотин-қизлари! 
 
Сизларга ўз муҳаббатимиз ва саломимизни йўллаймиз. Ҳозиргина портлашлар тинди. Орамиздаги масофа узоқ, лекин ҳаммамиз бир туйғу — ғалаба риштаси билан боғланганмиз. Албатта, босқинчиларни йўқ қилиб, дунёда тинчлик ўрнатамиз. Бу ғалабада қуёшли Ўзбекистон аёлларининг, ўз турмуш ўртоғини, ўғлини кутиб меҳнат қилаётган сизларнинг ҳам ҳиссангиз бор.
 
Биз уруш тўфони ичида кун ва туннинг фарқига бормай қолганмиз. Қисмимиздаги кўпчиликнинг оиласини фашистлар ҳалок қилди. Баъзи оилалар Ўзбекистондан паноҳ топди. Ортимизда сиз каби меҳрибон опа-сингилларимиз, оналаримиз борлиги ва бизнинг яқинларимизга ғамхўрлик қилаётганидан миннатдормиз. Солдатларимиз олис Ўзбекистондан келган хатларни ўқиганда, бизнинг ҳам кўзларимизга ёш келади. Сўнгги қонимиз ва жонимиз қолгунча ғалаба учун курашамиз. 
 
Ҳурматли таҳририят вакиллари бу мактубни, албатта, саҳифаларингизда чоп этинг. 
 
Капитан Шелепмев, капитан Мосягин, катта лейтенант Горинский, лейтенант Ананьев. 1943 йилнинг 12 декабрь».
 
Сканировать1.JPG
 
Бундай хатни ўқиб беихтиёр кўнглингиз ўсади: ўзбек халқининг фарзандлари ғурурли, жасур, меҳрли ва лафзи ҳалол бўлмаганида бугун биз истиқлол нашидасини сура олармидик… мард йигитлар туфайли бугун осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон. Бундай миннатдорлик мактублари фронт ортидаги меҳнаткашлар кучига куч, шижоатига шижоат қўшганини бор гап.
 

 

Сайёра Шоева ЎзА
 

Оила — жамиятнинг бир бўлаги. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Демак, оилалар мустаҳкамлигига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани бежиз эмас. Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани ташвишланарли ҳолат. Ушбу масала юзасидан кўплаб юртдошларимиз билан мулоқот қилар эканмиз, улар келтираётган сабаблар ҳам турлича.

Баъзилар ажримларни глобаллашув билан боғлайди. Инсонларнинг ҳаддан ташқари эркинлашиб кетаётгани оқибатида кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган, масъулиятсиз бўлиб қолган, деган фикрлар ҳам кўп билдирилди. Назаримда, бу муаммо маънавиятимиздаги айрим нуқсонлар билан боғлиқдай.
Ажримларга фақат келинлар айбдор, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Қизлар турмушга чиққанидан кейин янги оилада ўз ўрнини топиши осон эмас. Ота уйида эркаланиб юрган қиз бу ерда эътибор марказида бўлади. Уй юмушларининг барчаси унинг зиммасига юкланади. Ундан бошқа ҳамма телевизор тагида оёғини чўзиб ўтиради. Хонадонда алпомишдай йигит ё барчинойдай қиз бўлса-да, уларнинг уй юмушларини бажариши «қоида»ларга тўғри келмайди. Ҳаммасини келин қилиши керак! Йўқса, келиннинг «тарбияси бузилиб» кетиши мумкин. Афсуски, бундай фикрловчилар кўпчилик. Ҳам ишлаш ёки ўқиш, ҳам оила юмушларини бажариш баъзан ёш келинга оғирлиқ қилади. Ана шундай вазиятда оилаларда турли можаролар, муаммолар келиб чиқади.
Агар эътибор берилса, оилаларни етмиш-саксон фоиз ҳолатда қайнота ва қайнона бошқаради. Айрим қайнота ва қайноналарнинг эскича фикрлаши, «бу даврда бош­қача эди», «биз ўнта болани туғиб, далага ишга чиқиб кетаверганмиз», «биз кечаси нон ёпиб, кундузи давлатнинг ишини қилганмиз» каби таъна-дашномлари, ёш оилалар ҳаётига асоссиз аралашиши, «онанг­­ни десанг, эрингдан кечасан» ёки аксинча, «мени десанг, келинни талоқ қил» қабилидаги ноўрин талаблари ёшларнинг ихтиёрсиз ажрашиб кетишларига сабаб бўлаётгани сир эмас. Қайноналарнинг бундай маломатлари, аслида, ўша давр қийинчилик­­лари, хотин-қизларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлинганини акс эттирмайдими? Бунинг оқибатида ўтган асрнинг 70-80-йилларида, 90-йиллар бошларида оналар ва гўдаклар ўлими кўплаб содир бўлмаганми? Қолаверса, қайнона қийинчилик кўргани учун келинни ҳам шунга маҳкум қилиши на мантиққа, на ҳақиқатга тўғри келади.
Бугун давр ўзгарган. Оналик ва болалик давлат муҳофазасига олинган. Эндиликда буни ҳар бир ота-она, оила соҳиби англаб етиши ва унга риоя қилиши талаб қилинади.
Айрим оилаларда моддий фаровонликка эришиш асосий мақсад сифатида белгилангани, нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам молпарастликнинг авж олгани маънавий қадриятларнинг емирилишига сабаб бўлмоқда. Баъзилар орзу-ҳавас деганда фақат чиройли тўй қилиб, қимматбаҳо кийим­лар кийиб, тансиқ таомлар ейишни тушунади. Бугун ҳар бир хонадонда икки-учтадан телевизор, музлатгич ва бошқа маиший жиҳозлар бор. Қимматбаҳо мебеллар, машина ва бошқа буюмларни кўз-кўз қилишни яхши кўрамиз. Бироқ ҳамма хонадон ҳам китоб жавонига эга эмас. Ҳатто биронта китоб бўлмаган оилаларнинг учраши ғоят ачинарли. Ҳаётдаги кўплаб мисоллар бахт бойлик билан ўлчанмаслигини асослаб турибди. Аксинча, маънавий қашшоқлик бахтсизлик сари бошловчи йўлдир. Маънавиятсизлик оилада носоғлом муҳитни юзага келтиради. Бунинг оқибатида иқтисодга ҳам дарз кетади. Янада ачинарлиси, оила маънавий ҳаётидаги камчилик ва нуқсонлар жамиятда маънавий муаммоларни юзага келтирмоқда.
— Бизнингча, оилавий ажримларга сабаб ёшларни оила қуришга тўғри тайёрламаётганимиз, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати Сайёра Худойберганова. — Қиз бола дунёга келса, болалигидан бошлаб уни келинликка тайёр­лаймиз. Аммо бу тайёргарлигимиз одатда қизга сеп йиғиш, уй юмушларини бажаришни ўргатишдан иборат бўлади. Афсуски, қиз боланинг маънавий, ахлоқий, жисмоний саломатлигига камдан-кам ­эътибор қаратамиз. Муомала маданиятига эга бўлмаган, қўлида бирон ҳунари йўқ, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини сабр-бардош билан енгиб ўтишга маънавий салоҳияти етмайдиган, тиббий билимлари етарли бўлмаган қиз яхши келин бўлиши даргумон.
Айрим йигитларимиз ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Бирон касбнинг этагини тутмаган, интернет тармоқларида турли беҳаё видеолавҳалар томоша қилиб вақтини ўтказиб келган, ота-­онасининг ҳисобига турмуш кечирувчи арзанда оиланинг қадрига етармиди?
Муқаддас динимизда оила ниҳоятда қадрланади. «Оила бузилса, арш титрайди» дейишади.
— Қуръони каримда эр-хотин ҳақида «…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…», дейилган («Бақара» сураси, 187-оят). Эр-хотин бир-бировини тўлдириб туради, бир-бирини тарбиялайди. Турли ёмон иллатлардан асрайди. Оила кишини масъулиятли бўлишга, тежамкорликка ўргатади, — дейди Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний мажмуаси имом-хатиби Сулаймон Раҳматуллаев. — Бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшовчи оила соҳиблари узоқ умр кечиради. Никоҳнинг улуғ неъмат экани ҳақида Пайғамбаримиз Myҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: «Киши оила қурса, динининг ярмини мукаммал қилган бўлади, қолган ярмининг мукаммал бўлмоғи учун тақво-тазарру қилсин».
— Назаримда, оилавий ажримларга баъзи эркакларимизнинг масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлмоқда, — дейди узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган меҳнат фахрийси Ҳабибулла Болтабоев. — Айрим эркаклар ҳеч қаерда ишламайди. Рўзғорнинг бутун ташвишларини аёлининг зиммасига юклаб қўяди. Фарзанд тарбиясига ҳам қарашмайди. Вақтини телевизор кўриб, қарта ўйнаб ёки бошқа тайинсиз юмушлар билан ўтказади. Бу аёлни ҳам маънан, ҳам жисмонан толиқтиради.
Суҳбатдошларимизнинг фикрича, эр ёки хотиннинг узоқ муддат чет давлатлар­­да бўлиши ҳам орага совуқчилик тушиши, оилалар дарз кетишига олиб келмоқда. Ҳаддан ташқари рашк қилиш, бир-бирига ишончсизлик ҳам ажралиш сабабларидан бири.
Оилавий ажримлардан энг кўп жабр чекадиганлар фарзандлардир. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади. Бунинг оқибатида у турли иллатларга ошно бўлиши, жиноят кўчасига кириши мумкин.
Кўриб турганимиздек, оилавий ажримлар жамият учун фақат зарар келтиради. Шу боис ушбу муаммонинг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу жараёнда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар моддий қўллаб-қувватланмоқда, нотинч оилалар ўрганилиб, яраштирилмоқда, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашилмоқда. Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Бу ишлар яхши, албатта. Лекин булар етарлими? Оилавий ажримларга маънавий қашшоқлик сабаб бўлаётгани учун ёшлар маънавиятини юксалтиришга эътиборни янада кучайтириш керак. Оила жамиятнинг бўлаги саналар экан, уни бузган инсон жамият олдида жавоб бериши лозим. Қонунчилигимизда ажрашиш истагидаги шахс ўз хатти-ҳаракати билан жамиятга келтираётган моддий ва маънавий зарарни қоплаши билан боғлиқ меъёрлар киритиш мақсадга мувофиқ. Назаримизда, қонунчилигимизда қайнона ва қайнотанинг ҳуқуқий мақомлари акс эттирилмагани, Оила кодексида уларнинг ўрни қонуний белгиланмагани, қолаверса, миллий урф-одатларимиз уларнинг чексиз ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлишларига имкон беради. Балки дунё қонунчилигида ҳам ушбу мақомлар белгиланмаган бўлиши мумкин. Бироқ кейинги пайтларда оилаларда юз бераётган можаролар, келишмовчиликлар, ажримларда аксарият қайнота ва қайноналарнинг «ҳиссаси» борлиги ушбу тушунчаларга қонуний таъриф берилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқ-мажбуриятларини аниқ ва равшан кўрсатиб ўтишни тақозо қилмоқда. Шу билан биргаликда инсон оилада яшашдан манфаатдор бўлишига эришиш зарур. Эрдан ажрашган дугонаси эмин-эркин яйраб яшаётганини кўрган, ўзи тайинсиз эркак, қаттиққўл қайнонанинг таъна-ю дашномларига базўр чидаб келаётган аёл дугонасидан ибрат олмаслиги учун уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Оммавий ахборот воситалари орқали оилавий анъаналар, сулолалар тарғиботини кучайтирайликки, токи ёшлар оила-бахт эканини ҳис қилсин. Эллик йил ва ундан зиёд тарихга эга оила соҳиблари моддий-маънавий қўллаб-қувватланса, ёшларнинг улардан ибрат олишга рағбати ошади. Қолаверса, нафақат корхона ёки ташкилотдаги фаолияти, балки оилада барқарор муҳитни шакллантирган, аҳил-иноқ яшаб, жамиятга ўрнак бўлаётган, илмли, зиёли, истеъдодли фарзандларни тарбиялаб, воя­­га етказган инсонларни ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан давлат мукофотларига тавсия қилиш орқали ҳам оиланинг нуфузини янада ошириш мумкин. Касаба уюшмалари мамлакатимиздаги энг катта жамоат ташкилоти сифатида оилалар мустаҳкамлиги учун ҳаммадан кўпроқ ҳисса қўша олади. Оилавий саёҳатлар, театр ва концертларга оилавий ташрифлар, оилавий спорт мусобақалари ва китобхонлик, анъаналар билан боғлиқ турли танловларни узлуксиз ташкил қилиш бесамар кетмайди, албатта. Ниятимиз эса холис: оилалар мустаҳкам бўлсин, ажримлар барҳам топсин!

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Видеолавҳалар

Top