muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизда дин равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб шодликлар шодликларга уланмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Дилларни хушнуд этган, севинч ёшлари билан кўзларимизни намлантирган Қуръон базми куни кеча ўз якунига етди.

Бугун эса бутун Тошкент вилояти, айниқса, Қуйичирчиқ тумани, шунингдек, дин биродарлари учун хурсанд бўлиб, дуолар қиладиган мўмин-мусулмонлар учун яна бир қувончли ҳодиса содир бўлмоқда.

Тошкент вилоятидаги масжидлар сони яна биттага ортиб, Қуйичирчиқ туманидаги “Дўстлик” жомеъ масжиди бугун – 27 апрелда, муборак жума кунида тантанали равишда очилади ва у ерда илк Жума намози адо этилади.

Манба: Fitrat.uz

Аввал, 26 апрель куни Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессияси муҳтарам Президентимизнинг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон муҳокамасига бағишлангани ҳақида хабар берган эдик. Ундан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Фармоннинг биринчи бандида белгиланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” масаласини атрофлича изоҳлаб, жумладан шундай дедидар:
– Фармоннинг биринчи бандида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси алоҳида қайд этилган. Ана шу эзгу тамойил диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий ғоясига айланди. Ёшларнинг диний, ақидавий саводхонлигини ошириш, таълим-тарбиясини яхшилаш ва уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асраш диний соҳа ходимларининг энг долзарб вазифалардандир.
Ён-атрофимизга ҳақиқат кўзи билан қарасак, ҳали жаҳолат тўрлари борлигига гувоҳ бўламиз. Инсонлар бошига тушадиган кулфатнинг боиси ҳам жаҳолатдандир. Кулфат, зулм ва жаҳолатдан халос бўлишнинг ягона йўли – илм-маърифатдир.
“Жаҳолат”, “жоҳиллик” тушунчалари нодонликни ва билимсизликни англатади. Машойихлар ёмонликнинг уч манбаи борлигини айтадилар: шайтон, нафс ва жоҳиллик. Ҳар қандай ёмон хулқнинг бошида эса нафс ва шайтон туради.
Жаҳолат – ҳақиқатдан бехабарликдир. Жоҳилликнинг асли – моҳиятни билмасликдир.
Динимиз инсон тарбиясида аввало жоҳилликни бартараф этишга алоҳида аҳамият беради. Аслида ҳам, жаҳолатни фақатгина илм-маърифат енгиши инкор этилмас ҳақиқат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тошкент шаҳрида жойлашган "Grand way" меҳмонхонаси "Қуръон мусобақаси — 2018" танловининг республика босқичида иштирок этган барча иштирокчилар, ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари ва уларнинг ота-оналарига 2018 йил охирига қадар меҳмонхонадан бепул фойдаланиш имконини берди.
Танловнинг тақдирлаш маросимида ҳар бир иштирокчи ва ҳакамларга махсус карточкалар тарқатилди. Қорилар ушбу карточкларни меҳмонхона ходимларига кўрсатсалар бемалол ота-оналари билан бепул фойдаланишлари мумкин.
Меҳмонхона директори таъкидлашича, уларда иштирокчилари ва ҳакамлар рўйхати мавжуд. Мобода карточкалари йўқолиб қолган тақдирда ҳам, паспортлари билан келсалар кифоя қилаверади. Бу эса қориларни пойтахтга ташриф буюрганларида вақт жой қидириш билан ўтиб кетмаслиги, илм билан машғул бўлишлари учун заминдир.
Эслатиб ўтамиз, бу имконият фақатгина қорилар, уларнинг ота-оналари ҳамда турмуш ўртоғлари учун берилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Теҳрон (IQNA). Қуръони каримнинг 1100 йил муқаддам куфий хатида ёзилган бир нусхаси шишали кўргазма пештахтасида сақланмоқда. 

IQNA ахборот агентлиги “саидаонлине” ахборот порталига таяниб хабар беришича, Қуръони каримнинг 1100 йиллик тарихга эга бўлган ушбу нусхаси “Китоб – истиқбол манбаси” шиори остида Ар-Риёдда бўлиб ўтган Халқаро китоблар ярмаркасида намойиш этилди. Мазкур нусха ҳижрий 3 асрга оид бўлиб, терига куфий ёзувида катта маҳорат билан битилган. Қуръони каримнинг куфийдаги 1100 ёшли нусхаси Оли Имрон сурасининг 50-оятидан бошланиб, “Абаса” сурасининг охирги ояти билан якунланган.

ЎМИ Халқаро бўлими

 

Қуръон мусобақаси ҳам кечагина ниҳоясига етди. Тиловати Қуръонни тинглаб қалбимиз таскин топди. Кўнглимиз аллақандай ғам-қайғулардан озод бўлиб енгил тортиб қолдик, дунё ташвишларини унутдик. Кўнглимиз  қанчалик таскин топган бўлса, демак, ўшанинг миқдорича ажру савоблар олдик.

Бизнингки, яъни сомеъларнинг мукофоти шунчалик баланд экан, қорилар ва айни чоқда тловат қилиб турган қориялар эришадиган даражалар қанчалар баланд бўлади.

 

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ: اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَأُ بِهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон соҳибига: «Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади», деб айтилади» (Абу Довуд,Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадис санади ҳасан-саҳиҳ).

Ҳадиси шарифдан аён бўладики, ҳеч ким Қиёматда даражасининг баландлиги бўйича қорилар билан беллаша олмас экан. Хўш, жаннатдаги энг баланд даража қанча ўзи?

 

وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَدَدُ دَرَجِ الْجَنَّةِ عَدَدُ آيِ الْقُرْآنِ فَمَنْ دَخَلَ الْجَنَّةَ مِنْ أَهْلِ الْقُرْآنِ فَلَيْسَ فَوْقَهُ دَرَجَةٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат даражалари Қуръон оятлари миқдоричадир. Қуръон аҳлидан ким жаннатга кирса, ун(инг мартабаси)дан юқори даража бўлмайди», дедилар» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).

Демак, Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, унга амал қилиб яшаган инсон жаннатнинг энг баланд даражасига чиқиб борар экан.

 

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ: يَا رَبِّ حَلِّهِ فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ زِدْهُ فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ فَيَرْضَى عَنْهُ فَيُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон келади ва: «Эй Раббим, уни (яъни  Қуръон ўқиган бандани) кийинтиргин!» дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра: «Эй Раббим, унга зиёда қилгин!» дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. Сўнгра (Қуръон): «Эй Раббим, ундан рози бўлгин!» дейди. Бас, (Аллоҳ) ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига): «Ўқи ва кўтарилиб боравер», деб айтилади. Бас, (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади» (Термизий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).

Олдинги ривоятларда Қуръон охират куни бандани шафоат қилиши айтилган эди. Бу ривоятда ўша шафоат қандай бўлиши баён қилинмоқда. Демак, Қуръон қиёмат куни Аллоҳдан ўз соҳибини безатишни, унга иззат-икром кўрсатиш ва ўша бандадан рози бўлишини сўрар экан. Қуръоннинг бундай шафоатига эришиш учун банда Қуръон ўқиши, Қуръон ҳақларини адо қилмоғи керак.

Умидимиз шулки, ушбу шарафли мусобақада қатнашган қориларимиз ва қорияларимиз Қуръони карим таълимотини ҳаётларига татбиқ этиб чинакам тирик Қуръон бўлиб ҳаёт кечирадилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top