www.muslimuz

www.muslimuz

Шу йил 10 декабрь куни Халқаро мусулмонлар форуми котибияти ва Россия мусулмонлари идораси ташаббуси билан Zoom платформаси орқали “Мулоқот маданияти: пандемия давридаги диний одоб-ахлоқ” мавзусидаги XVI халқаро мусулмонлар анжумани бўлиб ўтди.

Унда халқаро диний ташкилотлар вакиллари, Европа, Марказий Осиё МДҲдаги давлатларнинг диний идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Форум Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди.

Дастлаб Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнуддин сўзга чиқиб, коронавирус пандемияси даврида мўмин-мусулмонларнинг одоб-аҳлоқи, юзага келган руҳий ва иқтисодий қийинчиликларга бўлган сабр-бардошлари таҳсинга лойиқ экани тўғрисида нутқ сўзлади.

Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Аллом эса анжуманда мана шундай мураккаб шароитда мусулмон уламолари ҳамкорликлари мустаҳкамланганлиги, мусулмон умматини ташвишга солаётган муаммоларни бирга ечишга ҳаракат қилингани, хусусан вабо каби касалликларга қарши биргаликда курашилгани тўғрисида сўз юритди.

Онлайн халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пандемия даврида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ва унинг натижалари ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини сақлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилгани, МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан юртимизга тўғри келгани, шунингдек пандемия даврида Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилингани ҳамда ушбу синовли кунларда яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ишлари олиб борилаётгани тўғрисида алоҳида тўхталдилар.

Муфтий ҳазратлари мусулмон дунёси турли муаммоларга дуч келаётган бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг мана шундай ҳамжиҳатликда ишлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани, диний идоралар ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, онлайн анжуманда Ҳамид Шаҳриёрий – Исломий ташкилотларнинг бирлаштириш халқаро ташкилоти раҳбари; Доктор Холид Эрен – Халқаро ИРСИКА ташкилоти раҳбари; Муҳаммад Хофиз – Париж марказий масжиди имом-хатиби; Науризбай Таганули – Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий; Доктор Аҳмад ал-Дубаян – Лондондаги ислом маркази раҳбари; Саидмукаррам Абдуқодирзода – Тожикистон Уламолар кенгаши раиси, муфтий; Мақсадбек Тохтамушев – Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий; Абдулвохид Ниязов – Европа мусулмонлари Форуми раҳбари; Рашад Алиярли – Кавказ мусулмонлари идораси раиси ўринбосари; Мурат Гул – Берлин ислом бирлашмаси раҳбари; Азиз Хасанович – Хорватия ислом уюшмаси раҳбари, муфтий кабилар ҳам сўзга чиқдилар.

Мазкур сўзга чиққан нотиқлар томонидан пандемия давридаги диний одоб-ахлоқлар, бу борада халқоро ташкилотлар ва исломий идораларнинг мурожаат, баёнот, фатво ва тавсияларнинг таъсири ҳамда ҳамкорлик алоқалари натижалари тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, исломий ташкилотларнинг келгусидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

Ушбу хатарли ҳодиса динда чуқур ғулувга берилиб, мутаассиблик ва ботил ақидаларга эргашиш оқибатида вужудга келмоқда. Таъкидлаш жоизки, куни кеча Суриянинг жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтарилган 25 нафар аёллар ва 73 нафар болаларни Ватандан йироқда хору-сарсон бўлишларига сабабчи бўлган шахсларнинг йўлдан адаштирган ғоялар замирида бузғунчи такфирчилик ётади.

Такфир арабчада “куфр” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “кофирга чиқариш”ни англатади. Истилоҳда дин ва Аллоҳни тан олмасликда, диндан чиқишда, кофирликда айблаш маъноларида ишлатилади. Ўз навбатида, Қуръони Каримда “куфр” сўзи “кофирлик”, айрим жойларида эса “ношукурлик” маъноларида келган.

Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган.

Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади.

Мазкур ҳолатни таъкидлаб, 2019 йил 15-16-октябрь кунлари Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган “Фиқҳий ихтилофларни маданий бошқариш” мавзусидаги конференцияда сўзга чиққан Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом шундай деди: “Такфир масаласи шу даражада кенг авж олиб кетдики, алалоқибат Аллоҳ таоло ҳаром қилган ноҳақ қон тўкилишигача бориб етди. Ундай кучларнинг қадами қаерга етмасин, ўша ерда фитна тарқалди. ... Фиқҳий ихтилофни бошқаришдаги қолоқ ва қотиб қолган бундай ҳаракатлар бизларнинг юртимиз ва халқларимизга яхшиликни истамайдиган баъзи бир давлатлар ва кучларнинг режасига жуда мос келди. Оқибатда, ана шундай қолоқликдан динимизга, халқимизга ва тинчлигимизга раҳна соладиган хатарлар пайдо бўлди. Ҳозирги кунда уламолар ва фуқаҳоларнинг зиммасида ана шундай бузғунчи фикрларга қарши туриш масъулияти бордир”.

Дарҳақиқат, ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш саналади. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Шариатга кўра, қалбни фақат Аллоҳ билади. Шунга кўра, мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил бўлади: Пайғамбар (с.а.в.): “Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар”. (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис).

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асаридаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди.

Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!”, – деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидланган (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадисда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).

Ҳанафийлик мазҳабида имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш (шаҳодат калимаси), қалб билан тасдиқлаш ҳисобланади. Ислом таълимотига кўра, гуноҳ содир этган одам, агар қилган ишини ҳалол деб ҳисобламаса, у кофир бўлмайди, балки гуноҳкор бўлади. Имом Абу Ҳанифа ўзининг “Фиқҳи акбар” асарида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”. Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласида эса “Бизнинг қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад (с.а.в.) келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар”, дейилган.

Дунё уламолари бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкин эканини ҳақида огоҳлантирадилар. Чунки исломда кофир бўлишлик билан ўта хатарли ҳолатлар юзага келади: у билан турмуш ўртоғи орасидаги никоҳ бузилади; болалари унинг қарамоғидан чиқади; вафот этса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади; ўша ҳолида ўлганда дўзахи ҳисобланади. Шу сабабли уламолар бировни кофирликда айблашдан ўзларини тийганлар ҳамда бошқаларни ҳам бундай ишдан қайтарганлар.

Машҳур ислом олими Имом Ғаззолий “Ал-Иқтисод фил эътиқод” (Ақидада мўтадиллик) асарида шундай ёзган: “Шаҳодат калимасини айтадиган ва қиблага юзланадиган мусулмонларни кофирга чиқариш бу катта хатодир. Мингта куфрда айблашга лойиқ бўлган кишиларни кофирга чиқармай хато қилиш – битта мусулмоннинг қонини ноҳақ ҳукм билан ҳалол қилишдан енгилдир”.

Машҳур ҳанафий аллома, “Ал-баҳрур роиқ” номли асар муаллифи Ибн Нужайм таъкидлаган: “Агар кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”.

Шунингдек, уламолар куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш шариатга зид эканини ҳам таъкидлайдилар. Мисол учун, “фалон киши кофир” деган фатво чиқариш хато ҳисобланади. Аслида шариатга кўра, якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, ўзига тан олдириш лозим ҳисобланади.

Жумҳур уламоларимиз мусулмонни кофирга чиқариш ортидан келиб чиқадиган юқоридаги каби кўплаб фитналар борлиги сабабидан ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтариб келганлар. Ҳозирги кунда имом-хатибларимиз ҳам шаръий қоидага кўра ўта ишончли нарса шубҳали нарса билан кетказилмаслиги, мусулмон одамни кофирга чиқариш хатарли ва нозик масала ҳисобланиши, бу ишга сўз, амал ва эътиқодга қараб ҳукм чиқара олиш даражасида олим бўлмаган одамлар асло жазм қилмасликлари зарур эканини такрор-такрор таъкидлаб келмоқдалар.

Афсуски, айрим ёшларимиз насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиш номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир.

Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавми-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда “раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорланмоқда. Мазкур ҳудудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охир-оқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда. Уларга эргашиб, беқарор ҳудудларга бориб қолган турмуш ўртоқлари, сингил ва фарзандларининг аянчли тақдирини “Меҳр” операциялари доирасида Ватанимизга қутқариб олиб келинган ожизалар ва гўдакларнинг кўз ёшлари ва аччиқ қисматида кўришимиз мумкин.

Шу нуқтаи-назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.

 

Ўткир Ҳасанбаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

Манбалар:

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий: Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 2 китоб. 2-китоб. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. – 382 б.
  2. Ақоид матнлари. А. Мансуров таржимаси. – Т.: Тошкент ислом университети, 2006. – 25, 35 б.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Васатия – ҳаёт йўли. – Т.: “Hilol-Nashr”, 2019. – 113-114 б.
  4. Ислом. Энциклопедия: А-Ҳ. / Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017. – 446-447 б.
  5. Имом Абу Довуд. Сунани Абу Довуд. – Байрут: Дорул фикр нашриёти. 1-жуз, 2532-ҳадис. – 462 б.
  6. Абу Ҳомид Ғаззолий. “Ал-Иқтисод фил эътиқод” (Ақидада мўътадиллик). – Миср: Матбаа Ал-Адабийя. Биринчи нашр. – 157 б.
  7. Ҳ.Ишматбеков, “Замонамиз уламолари экстремизмга қарши”. “Фитрат.уз” сайти, 21 ноябрь 2019 йил, fitrat.uz/zamonamiz-ulamolari-ekstremizmga-arshi/
  8. Ислом маърифати: аслият ва талқин./Ўқув қўлланма/.– Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2011. – 91-96 б.

КЎП КУЛИШ ҚАЛБНИ ЎЛДИРАДИ

Кўп кулиш хақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿فَلۡيَضۡحَكُواْ قَلِيلٗا وَلۡيَبۡكُواْ كَثِيرٗا جَزَآءَۢ بِمَا كَانُواْ يَكۡسِبُونَ٨٢

«Бас, (улар) қилмишларининг жазоси учун (бу дунёда) оз кулсинлар ва (охиратда) кўп йиғласинлар» (Тавба, 82).

Беҳуда гапирмайдиган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп кулишдан ҳам қайтарганлар. Бу сўзга эътибор бериб қарасак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчи эмас, балки ишларнинг замирини ўргатувчи муаллим, қалб касалликларининг моҳир табиби эдилар. У зот қалбга ишора қилиб айтадилар: “Агар у соғлом бўлса, бутун вужуд соғлом бўлади, агар у бузилса, жасад ҳам айнийди”.

Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар мен билган нарсаларни билганингизда оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, дедилар.

Агар қалб кўп кулиш касаллигига мубтало бўлса, ўзига келадиган нурлардан маҳрум бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп кулишга таъриф берар эканлар, уни шайтонга эргашиш ва ҳавойи нафсга қул бўлиш, деб изоҳлаганлар. Бировларни мазах қилишдан ҳазар қилиш лозим. Умар ибн Абдулазиз айтганидек: “Мазах қилишдан тийилинг, чунки у аҳмоқлик бўлиб, кек ва адоват келтиради”.

Ҳакимлардан бири мазахга шундай таъриф берган: “Мазах бу сўкишдир, чунки мазах қилувчи жиддий ҳолатда эмас, балки кулиб мазах қилади”.

Ҳаким Мансур бундай дейди: “Мазах қилиш олов ўтинни егани каби киши ҳайбатини еб битиради. Кимнинг мазахи кўпайса, ҳайбати камаяди, кимнинг ҳазил қилиши кўпайса, ақли камаяди”.

Саид ибн Ос ўғлига бундай васият қилди: “Мазах қилма, чунки кўп мазах қилиш киши қадрини кетказади ва аҳмоқликка етаклайди”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ҳазил қилсам ҳам фақат ҳақиқатни айтаман”, деганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазилларидан баъзиларини келтириб ўтиш тарбиявий жиҳатдан киши ўз ҳаддини билишида ибратдир.

Ансорийлардан бир кекса аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мени дуо қилинг. Аллоҳ мени жаннатга киритсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билмайсанми, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Кампир йиғлаб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилиб: “Аллоҳнинг ушбу оятини ўқи­маганмисан?”, деб оятни ўқидилар:

﴿إِنَّآ أَنشَأۡنَٰهُنَّ إِنشَآءٗ٣٥ فَجَعَلۡنَٰهُنَّ أَبۡكَارًا٣٦ عُرُبًا أَتۡرَابٗا٣٧

«Биз уларни (ҳур қизларни) дафъатан пайдо қилдик (онадан туғилмадилар). Кейин уларни бокира қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдирлар» (Воқеа, 35–37).

Шунингдек, яна бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига эрининг иши туфайли келганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлдан: “Эринг ким?” деб сўрадилар! Аёл: “Эрим фалончи”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Кўзларида оқи бор кишими?” дедилар. Аёл: “Йўқ, ундай эмас”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, шундай”, дедилар. Аёл уйига кетар экан, йўл-йўлакай Расулуллоҳ айтган сўзни ўйлаб кетди. Уйига етиб борганида эри ундан ҳол-аҳвол сўради. Аёл айтди: “Мендан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эрингни кўзида оқи борми?, деб сўрадилар”. Эри унга: “Кўрмаяпсанми, киши кўзининг қорасидан оқи каттароқ бўлади”, деди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا يَسۡخَرۡ قَوۡمٞ مِّن قَوۡمٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُونُواْ خَيۡرٗا مِّنۡهُمۡ وَلَا نِسَآءٞ مِّن نِّسَآءٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُنَّ خَيۡرٗا مِّنۡهُنَّۖ وَلَا تَلۡمِزُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ وَلَا تَنَابَزُواْ بِٱلۡأَلۡقَٰبِۖ بِئۡسَ ٱلِٱسۡمُ ٱلۡفُسُوقُ بَعۡدَ ٱلۡإِيمَٰنِۚ وَمَن لَّمۡ يَتُبۡ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ١١

«Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимол, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимол, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқдир. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Ким тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир» (Ҳужурот, 11).

Кулиш ва мазах тўғрисидаги васият Умар ва Али (розияллоҳу анҳумо) сўзлари билан якунланади. Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди”, деган. Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Олим қаттиқ кулса, унинг илми сусайиб бораверади”, деган.

 

МИСКИНЛАРНИ ЯХШИ КЎРИШ ВА УЛАР БИЛАН БИРГА ЎТИРИШ

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) орқали ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига қилинган васият “Мискинларни яхши кўриш ва улар билан бирга ўтириш” жамиятда тенглик ва адолатни юзага чиқаради. Кўнгли яримлар ҳаётда нима учун яшаётганини англаб етади. Қуръони карим таъбири билан айтганда ҳақиқий бой ва беҳожат Яратганнинг ўзидир. Аллоҳ таоло марҳа­мат қилади:

﴿۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ أَنتُمُ ٱلۡفُقَرَآءُ إِلَى ٱللَّهِۖ وَٱللَّهُ هُوَ ٱلۡغَنِيُّ ٱلۡحَمِيدُ١٥

«Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, албатта, Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир» (Фотир, 15).

Мол-дунёнинг кўплиги бойлик эмас, балки қаноат ҳақиқий бойликдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васиятларида “мискин, камбағал ва бева-бечораларни яхши кўр ва улар билан бирга ўтир”, деганларининг ўзи мўмин киши учун етарли. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида:

الهم أحْيِنِي مِسْكِينًا وأَمِتْنِي مِسْكِينًا واحْشُرْنِي فِي زَمْرَةِ المَسَاكِينِ

“Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда тирилтир, мискин ҳолда вафот эттир ва мискинлар гуруҳида қайта тирилтир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳотамул Асам (раҳматуллоҳу алайҳ) бундай деди: “Ким тўрт нарсани тўрт нарсасиз даъво қилса, унинг даъвоси ёлғондир:

  1. Аллоҳни яхши кўришни даъво қилса-ю, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан тийилмаса – даъвоси ёлғон.
  2. Пайғамбар (алайҳиссалом)ни яхши кўришни даъво қилса-ю, мискин ва фақирларни ёмон кўрса – даъвоси ёлғон.
  3. Жаннатни яхши кўришни даъво қилса-ю, садақа қилмаса – даъвоси ёлғон.
  4. Дўзахни ёмон кўришни даъво қилса-ю, гуноҳлардан тўхтамаса, унинг ҳам даъвоси ёлғон”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши қалби қаттиқлигидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Етимнинг бошини сила ва мискинга таом бер”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Етимнинг бошини силаш ва унга ғамхўрлик кўрсатиш нақадар улуғ ва савобли иш эканини яхши биламиз. Етимларга шафқат кўрсатган кишиларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ҳурмат қилганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мен жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчиман. Фақат бир аёл мендан илдамроқ эканини кўраман. Ундан: “Сен кимсан?” деб сўрайман. У: “Мен ўз етимларимга қараб ўтирган аёлман”, дейди», дедилар (Имом Абу Яъло).

Луқмон ўғлига насиҳат қилиб бундай деди: “Эй ўғилчам, қуйидагиларга амал қилмоғинг ҳикматдир: ўлик қалбни тирилтириш, мискинлар ила ўтириш, подшоҳлар мажлисидан йироқлашиб ўзни тийиш, паст табақадагиларни шарафлаш, қулларни озод қилиш, ғарибларга бошпана бериш, камбағалларни беҳожат қилиш шарафли киши шарафини ва саййиднинг саййидлик мақомини зиёда қилади ва у молдан афзалдир, хавфдан сақловчидир, фойда қилинаётган пайтдаги буюмдир, қўрқинч ўраб тургандаги шафоатчидир, нафсда ишонч тугаган пайтдаги далолатчидир, кийим йўқ пайтдаги кийимдир”.

Абу Забйа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) вафотидан сал олдин хасталаниб қолди. Беморни кўришга келган Усмон (розияллоҳу анҳу) ундан: “Сени нима безовта қиляпти?”, деб сўради.

– Гуноҳларим.

– Кўнглинг нимани тусаётир?

– Раббимнинг раҳматини.

– Сенга бир табиб чақирайми?

– Аслида мени касал қилган Табибдир.

– Сенга бир оз маош ёздиришимга рухсат берасанми?

– Маошга эҳтиёжим йўқ.

– Ҳеч бўлмаса, кейин қизларингга тегади-ку!

Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Сен қизларимни камбағалликдан қийналади, деб хавотирдамисан? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни тайинлаганман. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар оқшом Воқеа сурасини ўқиган киши ҳеч қачон камбағал бўлмайди”, деганларини эшитган эдим”, деди».

Ва яна у киши айтади: “Кўпчилик ёқтирмайдиган ўлим ва камбағаллик қандай ажойиб нарсадир. Аллоҳга қасам, бойлик ҳам, фақирлик ҳам бир неъматдир. Қайсиси билан имтиҳон қилинсам ҳам, хотиржамман. Бой бўлган кезлар муҳтожларга ёрдам қилиш, фақирликда эса сабр этиш фазилати бор. Банда имон чўққисига чиқмагунича унинг ҳақиқатига етишолмайди. Мусулмон камбағалликни бойликдан, пастлашишни юксалишдан афзал кўрмагунича ва уни мақтаган ёки ёмонлаган кишиларни бир хилда кўрмагунича имон чўкқисига чиқа олмайди. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасам, мусулмон ҳолда тонг оттириб, кечқурун шу ҳолда уйқуга кетган бандага дунёнинг мусибатлари зарар бермайди. Барчангиз меҳмонсиз, қўлингиздаги дунё моли эса омонатдир. Меҳмон албатта, бир куни кетади ва омонат эгасига берилади. Ҳақ оғирдир, бироқ томоқдан осон ўтади. Ботил енгилгина, аммо касаллик келтириб чиқаради. Неча-неча инсоний орзу-истаклар бор, уларга эргашилса, узоқ вақт давом этгувчи хафагарчилик билан ниҳоя топади”.

Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га буюрган:

﴿وَٱصۡبِرۡ نَفۡسَكَ مَعَ ٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ رَبَّهُم بِٱلۡغَدَوٰةِ وَٱلۡعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجۡهَهُۥۖ وَلَا تَعۡدُ عَيۡنَاكَ عَنۡهُمۡ تُرِيدُ زِينَةَ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَلَا تُطِعۡ مَنۡ أَغۡفَلۡنَا قَلۡبَهُۥ عَن ذِكۡرِنَا وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُ وَكَانَ أَمۡرُهُۥ فُرُطٗا٢٨

«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигори “юзи”ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг! Дунё ҳаёти зийнатини деб кўзларингиз улардан четламасин! Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф, 28)

Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби қуйидагича: барча пайғамбарлар билан рўй берганидек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам дастлаб фақир кишилар имон келтиришган эди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Салмон, Суҳайб, Билол ва Аммор ибн Ёсирларга ўхшаган фақир кишилар билан мажлис қуриб ўтирар эдилар. Дастлаб фақирлар эргашиши пайғамбарлик аломати эканини эшитган мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофидаги фақир мусулмонларни ҳайдаб юбормоқчи бўлди. Шу мақсадда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, атрофингдаги камбағалларни ҳайдаб юбор. Улар билан бирга ўтиришдан жирканамиз. Агар уларни ҳайдаб юборсанг, сенга олийнасаб, олиймақом кишилар имон келтиради”, дейишди. Бунга жавобан Аллоҳ таоло: “Эртаю кеч Парвардигори жамолини истаб, Унга илтижо қиладиган зотларни атрофингиздан ҳайдаманг”, мазмунидаги оятини туширди.

Фақир мусулмонларнинг ҳайдалишидан умидлари узилган мушриклар, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Эй Муҳаммад, агар уларни ҳайдамасанг, унда бир кунни уларга, бир кунни бизларга тайин қил”, деб шарт қўйди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилди: «Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигори “юзи”ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг! Дунё ҳаёти зийнатини деб кўзларингиз улардан четламасин! Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг! Айтинг: “(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин”. Аниқ, Биз золим (кофир)лар учун алангалари уларни қамраб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйганмиз. Агар улар (ташналикка чидамай) ялинса, эритилган (қиздирилган) ёғ каби юзларни куйдирувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф, 28–29)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақирларни улуғлар, ҳурмат қилар эдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилганларида, фақир саҳобалар ҳам ҳижрат қилди ва масжид супасига жойлашиб дунё ташвишларидан узилишди. Уларга “Асҳобус суффа” – супа эгалари деб ном берилди. Ҳижрат қилиб келган фақирлар улар сафига қўшилар ва улар кундан-кунга кўпаяр эди. Улар Аллоҳ ўз дўстларига ҳозирлаган эҳсонга гувоҳ бўлди, бунга имон нури ила боқдилар ва борлиқдаги бирор нарсага диллари кетмади. Аксинча, улар: “Сенгагина ибодат қиламиз, Сенга бўйсуниб сажда қиламиз, Сенинг ёрдамингда рушду ҳидоятга эришамиз, Сенга таваккул этамиз, Сенинг зикринг ила ҳузурланиб шод бўламиз, Сенинг муҳаббатинг майдонида сайру саёҳат қиламиз, Сен учун амал ва ҳаракат қиламиз ва Сенинг эшигингдан ҳаргиз кетмаймиз”, дейишди.

Фақирлик икки хил – умумий ва хос (хусусий) бўлади.

Умумий фақирлик – Аллоҳ таолога муҳтожлик бўлиб, у барча махлуқотлар сифатидир. Бу Аллоҳ таолонинг:

﴿ وَٱللَّهُ ٱلۡغَنِيُّ وَأَنتُمُ ٱلۡفُقَرَآءُۚ

«Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз» (Муҳаммад, 38) ояти каримасининг маъносидир.

Хос фақирлик – Аллоҳнинг дўстлари ва суюклиларининг сифати бўлиб, у ҳамиша Аллоҳ азза ва жалла ёди билан машғул бўлгани, Унга қаттиқ берилгани, Унинг зикри ила улфат бўлгани сабабли қўл ва дилнинг дунёга эҳтиёжи йўқлигидир.

Салафлардан бири ҳикоя қилади: «Мен илгари гуноҳ ишларга, ичкиликка берилган эдим. Бир куни муҳтож етим болани учратиб қолдим. Уни уйимга олиб келиб, қорнини тўйдирдим, ҳаммомда чўмилтириб, сочларини олиб, кийим кийдирдим. Қисқаси, ота ўз фарзандига марҳамат кўрсатганидан ҳам зиёдароқ марҳамат кўрсатдим. Шундан сўнг кечаси ухладим. Туш кўрдим. Гўёки қиёмат қоим бўлибди. Мен ҳисоб-китобга чақирилдим ва қилган гуноҳларим туфайли дўзахга ҳукм қилиндим. Забониялар (азоб фаришталари) мени дўзахга судраб кета бошлади.Уларнинг қўлларида мен заиф, ҳақир ҳолда эдим. Шу пайт йўлда ҳалиги етим рўбарў келди ва: “Эй Раббим фаришталари, уни қўйиб юборинглар, токи Раббимдан унга шафоат тилай. Зеро, у менга яхшилик қилди ва марҳамат кўрсатди”, деди. Фаришталар: “Бу бизга буюрилмаган”, деди. Шу пайт Аллоҳ таоло тарафидан: “Уни қўйиб юборинглар. Етимга яхшилик қилгани ва етим шафоати сабабли унга сўраган нарсаларини бердим”, деган нидо келди. Кейин уйғониб кетдим-да, Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилдим ва бутун қуч-ғайратимни етимларга марҳамаг кўрсатишга сарфладим».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтган: “Уйларнинг яхшиси унда етим бўлиб, унга яхшилик қилинадиган уйдир. Уйларнинг ёмони унда етим бўлиб, унга ёмонлик қилинадиган уйдир. Аллоҳ таолога бандаларининг энг суюклиси етим ёки бевага яхшилик қилган кишидир”.

Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом)га: “Эй Довуд, етимга меҳрибон отадек, бевага шафқатли эрдек бўлгин. Билгин, нима эксанг шуни ўрасан”, деб ваҳий қилди. Яъни, бошқага қандай муносабатда бўлсанг, сенга ҳам шундай муносабатда бўлинади. Бир кун келиб сен ҳам вафот этасан ва етим фарзандинг ёки бева аёлинг қолади.

Довуд (алайҳиссалом) ўз муножотларида: “Эй Илоҳим, жамолингни истаб етим ва бевани қўллаб-қувватлаган, суйган кишининг мукофоти нима?” деб сўраган эди, “Мукофоти уни соямдан ўзга соя йўқ кунда Ўз соямга олишимдир”, дея жавоб берди.

Сулаймон (алайҳиссалом) кунларнинг бирида масжидга кирса, бир мискин ўтирган экан. Унинг олдига бориб: “Мискин мискин билан ўтирибди”, деган экан.

Ўтган пайғамбарларнинг барчалари мискинларни севишган ва уларга меҳр-шафқат кўрсатишган. Жумладан, Мусо (алайҳиссалом) Раббига муножот қилиб: “Эй Раббим, сени қаерлардан излайин?” деди. Шунда: “Кўнгли яримта инсонлардан изла”, деган нидо келди. Исо (алайҳиссалом) ҳам ўзини “мискин” деб чақирилишини хуш кўрар эди. Фақир, мискин ва бева-бечораларнинг бошини силаган ҳамда уларга шафқат кўрсатган энг улуғ зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эдилар. Сарвари олам: “Фақирлик фахримдир”, деганлар.

Инсон обрўйи, мол-дунёси билан фахрланиши мумкин. Лекин фақирлик билан ҳам фахрланса бўладими, деган савол туғилади. Бунга жавоб юқоридаги икки оғиз сўз. Бу сўз билан не­не инсонлар қалбида умид учқунлари пайдо бўлган, кўнгилларида имон ҳаловати куртак очган.

Тарихда етимлар бошини силаган ва уларга кўмак берган инсонлар ҳақида кўплаб китоблар ёзилди ва ёзилмоқда. Кимдир уларнинг қалбига йўл топиш учун бор-будини сарфлаган бўлса, яна кимдир чиройли муомаласи билан уларни хушнуд этган. Лекин бир нарса кундай равшан, башарият тарихида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) каби ҳам сўзда, ҳам амалда уларни хурсанд қилган комил инсон бўлмаса керак. Сўзимиз исботи сифатида бир ҳадисни эшитайлик:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Етимни кафилига олган киши мен билан жаннатда худди шундай бирга бўлади”, деб иккала бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари ҳам етим ўсганлар. Гарчи боболари ва амакилари у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгилларини ўкситмаган бўлса-да, етимлик нималигини жуда яхши билганлар. Лекин фарзанд учун ота-онанинг ўрнини боса оладиган яна ким бор?!

Аҳмад Яссавий ҳазратларининг пурмаъно байтларида:

“Қул Хожа Аҳмад мискиндур, мискинлардин маъно сўр,

Мискинлик кони ҳузур, басар бўлғон Муҳаммад”,

деб, мискинларнинг ҳолидан хабар олиб туриш лозимлиги, уларга нисбатан ҳушёр ва меҳрибон бўлиш тавсия қилинган.

Пайғамбар (алайҳиссалом) Абу Заррга қилган васиятларидаги сўзлар бир-бирига шунчалик мос, гўё улар бир-бирини тўлдириб келади. Юқорида мискинларни яхши кўриш ва улар билан бирга ўтириш лозимлиги айтилган бўлса, энди: “Ўзингдан паст бўлганларга қара, тепадагиларга қарама”, дейилганда ҳам инсон ўз ҳаддини билиши, борига шукр, йўғига қаноат қилиши лозимлиги уқтирилган.

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган: “Бандам, мен битган қисматга рози бўлсанг хотиржам бўласан ва ҳузуримда мақталган ҳисобланасан. Мен битган қисматга рози бўлмасанг, дунёнинг қули бўласан, худди чўлда ваҳший жонивор қувгани каби тиним билмай орқасидан югурасан, лекин пешонангда ёзилганини оласан, холос ва Менинг ҳузуримда осий, деб ёзиб қўйиласан”.

Моддий жиҳатдан ўзидан бой бўлган кишига ҳавас кўзи билан қарашдан ҳазар қилиш зарур. Чунки унга ҳавас қилиш туфайли Аллоҳ берган неъматларни билмаган ҳолда, паст санаб қўйиш эҳтимоли бор. Камбағал кишига қараб, ўзида бор нарсага шукр килган киши шокир бандалардан бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَإِذۡ تَأَذَّنَ رَبُّكُمۡ لَئِن شَكَرۡتُمۡ لَأَزِيدَنَّكُمۡۖ وَلَئِن كَفَرۡتُمۡ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٞ٧

«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасам, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим, 7).

Оятдаги шукр қилиш ва ношукрлик ҳақида Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишни тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада, неъмат зиёдалигига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада, берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади (“Лубобут таъвил фи маонит танзил” Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодий).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Дин насиҳатдир;

Истиғфор ва тавбанинг фазилати;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти талабалари ўртасида Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақада институтнинг барча курс гуруҳлари орасидаги саралаш босқичида қатнашиб, ғолиб бўлган талабалар иштирок этди.

Қуръон тиловати билан бошланган тадбирни институт ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.

Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков қорилар фазилати ва масъулияти тўғрисида гапириб, иштирокчиларга омад тилади.

Шундай сўнг кафедра мудири Жаҳонгир Неъматов мусобақа шартлари билан таништирди.

Ҳифз ва тиловат йўналишларида ўтказилган қорилар мусобақасининг натижалари ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 09 Декабрь 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 224–225 ОЯТЛАР

وَلَا تَجۡعَلُواْ ٱللَّهَ عُرۡضَةٗ لِّأَيۡمَٰنِكُمۡ أَن تَبَرُّواْ وَتَتَّقُواْ وَتُصۡلِحُواْ بَيۡنَ ٱلنَّاسِۚ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٞ٢٢٤

224. Аллоҳга ичган қасамларингизни яхшилик, тақво ва одамлар орасини ислоҳ қилишга сабаб қилманглар. Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир.

Яъни, бирор яхши ишни қилмаслик учун Аллоҳ номидан қасам ичиш мумкин эмас. Масалан, "ота-онам билан сўзлашмайман, камбағалларга эҳсон қилмайман, уришиб қолган одамларни яраштирмайман" дейиш ярамайди. Бундай ҳолатларда Аллоҳ таолонинг номи ёмон ишлар учун нишон қилинган бўлади. Агар бирор киши шундай қасам ичиб қўйган бўлса, каффорат бериши вожиб бўлади.

Қасам ичиш яхши иш эмас. Мабодо қасам ичиш лозим бўлиб қолса, бу қасам яхшилик амалга ошиши учун бўлиши керак. Яъни, қасамни яхшилик, тақво ва одамлар орасини ислоҳ қилишдек эзгуликларга тўсиқ этиб олиш мутлақо дуруст эмас. Мусулмонлик одоби кўп қасам ичмасликни тақозо қилади. Маълум бир қатъий ният билан, келажакда бир ишни қилиш ёки қилмасликни қасд қилиб қасам ичган одам қасамини асраб, унга содиқ қолиши керак. Агар қасамида турмаса, қасамини еган бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, унга нисбатан шаръий жазо белгиланган. Яъни у ўнта мискиннинг қорнини тўйдириш ёки ўнта мискинга бир сидра кийим олиб бериш ёхуд бир қул озод қилиш каби каффорат беришга мажбур бўлади. Қасамни бузган одамнинг молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб каффоратни адо этиши вожиб. Ҳанафий мазҳабига кўра, бу рўзанинг орасини узмай, кетма-кет тутиш керак. Агар ўша қасам ичаётган одам қасамидан кейин, «иншааллоҳ» деб қўйса, қасамига амал қилиш унинг учун ихтиёрий бўлиб қолади – хоҳласа, қасамига амал қилади, хоҳламаса, амал қилмайди. Чунки «иншааллоҳ» сўзини у қасамхўр бўлиб қолишидан асрайди.

لَّا يُؤَاخِذُكُمُ ٱللَّهُ بِٱللَّغۡوِ فِيٓ أَيۡمَٰنِكُمۡ وَلَٰكِن يُؤَاخِذُكُم بِمَا كَسَبَتۡ قُلُوبُكُمۡۗ وَٱللَّهُ غَفُورٌ حَلِيمٞ٢٢٥

225. Аллоҳ қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун жавобгарликка тортмайди, лекин дилларингиз қилган қасам учун жавобгарликка тортади. Аллоҳ албатта кечирувчи, ҳалимдир.

"Қасамдаги беҳуда сўзлар" шуки, инсон хоҳламаса ҳам оғзидан турли қасам сўзлари (масалан, туркий халқларда "Худо урсин", арабларда "Аллоҳга қасамки" каби) беихтиёр чиқиб кетади. Бундай қасам учун каффорат берилмайди, бу гуноҳ ҳам эмас. Аммо қасам ичишда тил ва дил баробар иттифоқ қилган бўлса, қасам бузилганида каффорат бериш зарур бўлади. Оиша розияллоҳу анҳо бундай деганлар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига қудрати етадиган вазифани буюрган эдилар, улар: "Биз сиз каби эмасмиз-ку, Аллоҳ сизнинг олдинги ва келгуси гуноҳларингизни кечирган (шунинг учун ҳам бизга кўпроқ вазифа буюраверинг, биз кўпроқ риёзат чекишимиз лозим), дейишди. Расулуллоҳнинг жаҳллари чиққани юзларидан билинди: "Ораларингизда Аллоҳдан энг қўрқадиган, Уни энг кўп танийдиган менман" деб жавоб қилдилар" (Бухорий ривояти).

Видеолавҳалар

Top