www.muslimuz

www.muslimuz

2019 йил 12-август куни Қироллик саройида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳурматли кишилар, Икки муқаддас масжид меҳмонлари, ҳукумат амалдорлари, делегация раҳбарлари ва зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган идора раҳбарлари учун қабул маросимини ўтказди.
Мазкур тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси, «Ҳаж-2019» ишчи гуруҳи раҳбари Ж.Акрамов, Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчиси У.Мақсудов ҳамда қирол меҳмони сифатида Н.Нодиров иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Тадбирда Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд нутқ сўзлаб шундай деди:
- Худо Саудия Арабистони Подшоҳлигини Икки муқаддас масжидга ва Раҳмон меҳмонларига(ҳожилар) хизмат қилиш билан шарафлади, бу биз учун ғурурдир. Қирол Абдулазиз давридан бошлаб, то бугунгача дунё мусулмонлари Ҳаж ибодатини қулай шароитларда, мукаммал адо этишлари учун барча куч ғайратимизни сарфлаяпмиз.
Аллоҳдан амалларингизни қабул бўлишини, эсон-омон ўз юртингизга етиб олишингизни сўрайман.
Шунингдек, тадбирда Ҳаж ва Умра вазири доктор Муҳаммад Солиҳ бин Таҳер Бинтин сўзга чиқиб, зиёратчилар ва бутун дунё мусулмонларини Қурбон ҳайити билан табриклади.
У ўз нутқида дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан келган, тили, ирқи, ранги ҳар хил бўлган 170 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат 3 миллионга яқин инсон Арафотда ҳозир бўлганини, уларнинг учдан бир қисми 70 ёшдан ошган қариялар эканини айтиб ўтди.
Тадбирда шаҳзода Муҳаммад бин Салмон назорати остида ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажариш ва хавфсизлигини таъминлаш масаласи Қиролликнинг доимий эътиборида экани таъкидланди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

Қурбон ҳайити байрами барчаларимизга муборак бўлсин. Шундай шукуҳли кунларда халқимиз орасида меҳр-оқибат, ўзаро самимият ришталари янада кенг ўзининг нури ва тароватини сочади.

Жамиятимизда шундай инсонлар борки улар ўзгалар ёрдамига мухтождир. Бу инсонларга ёрдам қўлини чўзиш эса, инсонийлик қадриятларимиздан бири ҳисобланади.

Зеро Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримнинг Моида сураси, 2-оятида “Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларингизга ёрдам берингиз!” деб марҳамат қилган.

Шундай экан ҳар бир инсон яхшилик йўлида ўзга бир инсонга намуна бўлиши керак. Ана шундай яхшилик қиламан деган инсонга эса, бизнинг мамлакатимизда барча қулай шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти филиали ва вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар томонидан эса шу кунларда меҳр-мурувват тадбирлари вилоятимиз бўйлаб жуда кенг миқёсида ўтказилмоқда.

Анашундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти филиали томонидан “Қурбонлик – 2019” тадбири ўтказилди. Унда вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 80 дан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқаролар иштирок этди.

Филиал томонидан “Қурбонлик – 2019” хайрия тадбири доирасида битта қора мол қурбонлик қилиниб, тадбир иштирокчиларига беминнат тарқатилди. Шунингдек, гўшт билан бирга бир қатор озиқ овқат махсулотлари ҳам хадя қилинди.

Албатта, мана шундай саховат тадбирида иштирок этган ҳар бир юртдошимизнинг кўзидан самимий мамнуният нигоҳини кўришимиз мумкин бўлди. Бу эса жуда катта бахт десак асло муболаға бўлмайди.

Шунингдек, мана шундай хайрли кунларда вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатибларимиз ва “Вақф” фондининг жойлардаги вакиллари томонидан ҳам кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кекса юртдошларимиз ҳолларидан хабар олиниб, уларнинг ҳам кўнгиллари кўтарилмоқда.

Ушбу хайрли ишлардан кўзланган мақсад эса аҳолига “Вақф” тушунчасини кенг тарғиб қилиш ва шу асносидан кам таъминланган, ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган саховатпеша инсонларга тўғри йўл ва кўрсатмалар кўрсатишдан иборатдир.

Аллоҳ таоло барча эҳсон қилган юртдошларимизнинг эҳсонларини Ўзи даргоҳида қабул айласин.

“Вақф” хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти филиали матбуот хизмати

Вторник, 13 Август 2019 00:00

Ўлим ҳақиқатдир, хаёл эмас!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَيْنَمَا تَكُونُواْ يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ

“Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир” (Нисо сураси, 78-оят).

Ҳа, ўлим келиши ҳақ бўлган нарсадир. Банда бу ҳақиқатни доим эсида сақлаб, бир кун келадиган ўлимга гўзал амаллар билан ҳозирлик кўриб юриши керак.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига ўлимни кўп эслаб туришимизни тавсия этганлар. Зеро, ўлимни кўп эслаш солиҳ амалларни кўпроқ қилишга сабаб бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Лаззатларни вайрон қилувчи ўлимни кўп эсланглар!” деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Нега баъзи кимсалар ўлим ҳақида гаплашишни ёқтиришмайди? Ўлим мавзусини очсангиз, «Ўлимдан гапирманг. Бошқа мавзуда гаплашайлик» дейишади. Чунки, улар дунёни обод қилишга қаттиқ берилиб, қабрни обод қилишни унутиб қўйишган. Шунинг учун обод уйдан хароба уйга боришни ёқтиришмайди. Агар дунёга эътибор берганчалик қабр ҳаётига ҳам эътибор қаратганларида, ўлим деган ҳақиқатга гўзал тайёргарлик кўрганларида, ўлимни ва у ҳақидаги суҳбатни ёмон кўришмаган бўларди.

Ўлимга тайёргарлик деганда кафанлик, атир, совун олиб қўйиш, қабр кавлатиб қўйиш, ғассолни гаплашиш кабиларни эмас, балки, солиҳ амалларни кўпроқ қилиб, маънавий таёргарликни тушунамиз. Чунки, моддий нарсаларни бошқалар олиб, барибир, бизни кафанлашади, дафн этишади.

Бизга қабримизда ас қотадиган нарса кафан эмас, балки, солиҳ амалларимиздир. Мана шу солиҳ амалларни қилиб, қабримизни обод қилишга уриниб, ўлимни доим ёдимизда тутсак, обод уйдан обод уйга кўчиб ўтишимизни англаймиз ва ўлим ҳақида гаплашишдан қочмайдиган, аксинча, ўлим ҳақида кўпроқ гаплашишни хоҳлайдиган ва шунга яраша чиройли амалларни қиладиган бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизнинг хотимамизни гўзал айлаб, иймон билан вафот этишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Биринчи воқеъа.
Бугун Қурбон ҳайитининг илк куни. Дойимо кеч туришни одат қилган ўғил ҳам бомдод вақтида уйғониб дадаси билан таҳорат олди.
- Ўғлим, эгнинггизга қалинроқ кийининг, бугун масжидда одам кўп бўлади, эҳтимол ҳовлида ўтирармиз.
- Кийяпман дадажон. Бугун менга совға олиб берасизми?
- Албатта, сизга ҳам, онанггизга ҳам!
Аёл, эрининг эгнига кастюмини ташлаб:
- Сиз ҳам қалинроқ кийининг. Масжидгача анча юрасизлар. Кўча салқин, ахир.
- Қўйсангчи онаси, масжидга кетаётган мошиналарнинг бирортаси олиб кетар. Ҳамма масжидга боради-ку. Қўй шуни киймай қўя қолай.
- Дадаси...
Ота ўғли билан йўлга тушди. Хотини рост айтган экан, ҳаво анча салқин бўлиб қолибди.
- Дада, ҳали анча юрамизми?
- Йўқ, унча кўп эмас.
Ўғил бугун илк бор масжидга бормоқда. 10 дақиқача йўл юришди. Ёнидан деярли мошиналар узилмасдан, ота-болага кўз ташлаб ўтиб борарди. Ҳозиирча ҳеч бири тўхтагани йўқ. Ҳали тўхтаб қолар деган фикр ўтди отанинг ҳаёлидан.
- Дадажон, оз қолдими? Яна сўради болакай.
- Ҳа болам. Совқотмаябсанми?
- Йўқ. Қалин кийинганманку .
Даданинг бироз кайфияти тушгандек бўлди. Ўзи юпин кийинганига афсусланди. Қанча қўл кўтармасин бирорта мошина тўхтамади.
- Дадажон чарчадим...
- Кел кўтариб оламан. Ўғлини кўтарганча ярим соатга яқин вақтда масжидга етиб келди. Афсуски, масжидга келаётган мошиналарнинг аксарияти бўш келган бўлсада ота-болани олиб келишни ҳаёлига ҳам келтиришмади.
Масжидда эса имом маруза қилмоқда: "Азиз биродарлар, мусулмонлар бир-бирига биродар, оға-инидир. Мусулмон ўзига раво кўрган яхшиликни биродарига раво кўрмагунича иймони комил бўлмайди..."

Иккинчи воқеъа

Қурбон ҳайитининг иккинчи куни. Иссиқжон, дўхтирга бордим. Навбатда мендан олдин икки киши бор экан. Бироздан сўнг бир, бир ярим ойлик чақалоқни кўтарган бир эркак кириб келди. Юзидан сокинлик ва самимийлик сезилиб туради. Паст ва ёқимли овозда "охирги ким" дея сўради. Мен. Аммо, сиз мендан олдин кира қолинг - дедим. Раҳмат айтди жилмайиб. Бироздан сўнг чақалоқ безовталаниб йиғлай бошлади. Ёнимизда ўтирган рус кампир ўзининг тилида онаси қани, боланинг қорни очди деди. Эркак эса онаси кела олмайди деб жавоб қилди. Боланинг йиғиси кучайди, еҳтимол бирор жойи оғриётгандир. Навбати келган 35-40 ёшлар атрофидаги аёлга юзландим - синглим шу чақалоқни биринчи қўйиб юборайлик. Аёл қовоғини солганча ЙЎҚ деб жавоб қилди ва ичкарига кириб кетди. Бола ҳамон йиғлашда давом этмоқда. Кекса аёлни аравачага солиб бир йигит келиб қолди ва биз навбатсиз кирамиз деди. Бола ҳамон йиғламоқда. Мен дўхтиирни олдига кирдиму:
- Дўхтир опа бизнинг ёшимиз катта, нима бўлса ҳам чидаймиз. Аммо, ташқарида бир эркак турубди, қўлида чақалоғи бор. Илтимос шуларни кўриб қўйинг, дедим. Ўтирганларнинг ҳаммаси менга ёмон қаради. Ичкаридаги аёл эса - мени навбатимку деди. Ортимдаги аравача суриб келган йигит ҳам менга бақира кетди - мени навбатимку нимага кириб кетяпсиз, чақалоқ бўлса менга нима, йиғласа йиғлайверсин деди. Ҳар тугул шифокор инсофли экан. - Чақалоқларни навбатсиз қабул қиламан деди. Ота-болани ичкарига таклиф қилди. Менинг эса асабларим тобора таранглашди. Ўтирганларга овозимнинг энг баланд тонида гапирдим - оқибатсиз виждонсиз, инсофсиз бўлиб кетдикми? Ахир бу чақалоқ-ку, отаси ёлғиз олиб келган. Наҳотки, мусулмонликни, иймонимизни нафсимизга бой берган бўлсак. Бу аканинг ўрнига ўзинггизни, чақалоқнинг ўрнига боланггизни қўйиб кўринг. Камига бугун ҳайит байрами бўлса. Хайф сенларга, эркагу аёлингга. Шу пайт бир чеккада ўтирган рус кампир ўзбек тилида бир амаллаб - "сизлар ямон сизлар, чакалок жуда кичкина, наҳотки сизлар мусилман" - деди. Йўлакчада чуқур сукунат чўмди.

Саидаброр Умаров

Вторник, 13 Август 2019 00:00

Юкингизни оғирлаштирманг

Бир куни лицейдаги устозимиз бизга шундай деди: “Эртага ҳаммангиз биттадан халта ва беш кило картошка олиб келинг”.

Эртасига барчанинг партаси устида картошка ва халталар турарди. Устоз: “Энди бугунгача ўзингиз кечирмаган ҳар бир одам учун биттадан картошка олинг ва унинг исмини картошканинг устига ёзиб, халтага солинг!”

Баъзи ўқувчилар 3-4 та картошка олган бўлса, баъзиларнинг халтаси тўлиб кетди. Устоз: “Бир ҳафта мобайнида қаерга борманг, халталарингизни ёнингиздан қўйманг. Ҳатто ётадиган ётоқда, юрган автобусингизда, мактабда ҳам олиб юринг”, деди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, ўша устознинг дарсига кирдик. Устозимиз синфга кирар-кирмас, барчамиз ўзимизча шикоят қилишга тушиб кетдик: “Устоз, оғир халтани ҳамма жойда кўтариб юриш қийин экан…”, “Устоз, картошкалар айний бошлади, одамлар ғалати қарашяпти. Жонга тегди, чарчаб кетдик…”

Устоз меҳр билан жилмайди: “Кўрдингизми, бировни кечирмай аслида ўзимизни қийнаймиз. Руҳимизни оғир юк кўтариб юришга мажбур қиламиз. Кечиришни қаршимиздаги инсонга қилинадиган илтифот деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, кечиримли бўлиш, аввало, ўзимизга қилинадиган яхшиликдир”.

 

манба: irfon.uz

Видеолавҳалар

Top