www.muslimuz

www.muslimuz

Ҳаж амалини адо этган тожикистонликларнинг илк гуруҳи 18 август куни ватанига қайтади. Бу ҳақда Дин ишлари ҳамда анъаналар ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси маълум қилди, дея хабар (https://azon.uz/content/views/tojikistonda-hojilarning-qaytishini-dabd) бермоқда AsiaPlus нашри.

Август ойининг охиригача тожикистонлик ҳожиларнинг бари ватанига қайтган бўлади. Қайтишдан олдин улар билан Макка ва Мадинада тушунтириш ишлари олиб борилади, ҳожиларни кутиб олишни фақатгина оила даврасида ўтказиш кераклиги уқтирилади.

Қўмитанинг таъкидлашича, “қонунга биноан “ҳожиталбон” ва “ҳожи оши” сингари маросимлар тақиқланган. Зам-зам суви ва хурмо қоқисини тарқатса бўлади. Аҳоли ҳожиларни эсон-омон қайтиб келганлари билан табриклаши мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда 6 минг тожикистонлик ҳаж зиёратини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мьянмада узоқ йиллар давомида ҳеч қандай ҳужжатсиз ва ҳақ-ҳуқуқсиз яшаган роҳинжаларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат тарқатила бошланди.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича бошқармасининг маълум қилишича, Мьянмадан Бангладешга қочиб келган 500 мингдан зиёд роҳинжа рўйхатдан ўтказилган ва уларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат топширилган. Шундай қилиб, 12 ёшдан катта қочқинлар биометрик маълумотлари жамланган карточкаларга эга бўлишди.

Мазкур карточкалар хайрия ташкилотларининг қочқинлар билан ишлашини осонлаштиришга умид қилинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қўқон биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши арафасида Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига (World Craft City) киритилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Шу муносабат билан, Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши (World Craft Council) президенти Рози Гринлис ва Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси (WCC-APR) бўйича президенти Гада Хижави-Каддуми қуйидагиларни таъкидлаб ўтишди.

“Жаҳон кенгашига берилган ариза эвазига, биз ҳунармандчилик Қўқон шаҳри маданияти ва саноатида катта роль ўйнаши ҳақидаги хулосага келдик. Қўқон ҳунармандлар шаҳарлари жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши қувонарлидир. Қўқон рўйхатга киритилиши билан боғлиқ ўз мажбуриятларини бажариши ва бутун дунё ҳунармандлари учун умумий платформа яратиш мақсадида халқаро алмашувларни кенгайтириши, ҳунармандчилик шаҳарлари тармоғидаги бошқа шаҳарлар билан фаол ҳамкорлик қилишига умид қиламиз”, деб айтган Рози Гринлис.

Ўз навбатида, Гада Хижави-Каддуми Қўқоннинг ушбу муваффақияти учун самимий қувонч билдирган ва Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига ўз маданий меросини сақлаши ва янада кўпайтиришида улкан зафарлар тилаб қолган.

Таъкидлаш жоиз, Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхати 2014 йилдан бери мавжуд бўлиб, унга айни вақтда дунёнинг 30 шаҳри киритилган.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йил мартидан Жаҳон ҳунармандчилик кенгашига аъзоликка қабул қилинган.

Қўқонда жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларидан Қурбон ҳайити байрами муносабати билан табриклар келмоқда.

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу табрикларда Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва гуллаб-яшнаш истаклари билдирилган.

Хусусан, ўз табрикларини йўллаганлар:

- Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбоши Нурсултан Назарбоев;

- Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев;

- Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков;

- Тожикистон президенти Имомали Раҳмон;

- Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов;

- Озарбойжон президенти Илҳом Алиев;

- Афғонистон президенти Ашраф Ғани;

- БАА президенти Шайҳ Ҳалифа бин Зоид Ол Наҳаён;

- Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий;

- Баҳрайн подшоҳи Ҳамад бин Исо Ал Ҳалифа;

- Кувайт амири Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жабир ас-Сабоҳ;

- Фаластин президенти Маҳмуд Аббос;

- Жазоирнинг вақтинчалик президенти Абдулқодир Бинсалоҳ;

- БАА вице-президенти, бош вазири, Дубай амири Шайҳ Муҳаммад бин Рашид Ол Мақтум;

- БАА қуролли кучлари бош қўмондони ўринбосари, Абу Даби амирлиги валиаҳд шаҳзодаси Шайҳ Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён.

Президент матбуот хизматида таъкидланишича, табриклар келишда давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Макка шаҳрида (Саудия Арабистони) қирғизистонлик уч нафар зиёратчи вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни Қирғизистон мусулмонлари идораси матбуот котиби берди.

Қирғизистонликлар қариндошларининг розилиги билан Маккада дафн этилган. Ўлим сабаби ҳозирча номаълум. Диний идора маълумотларига кўра, ҳаётдан кўз юмганларнинг уч нафари ҳам 60 ёшдан ошган.

Бундан олдин, Ҳаж-2019 мавсумида хавфсизлик учун 400 мингга яқин ҳарбий жалб этилгани, ҳожилар сони эса рекорд даражага етиши кутилаётгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари номидан қардош қирғизистонлик зиёратчиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top