muslimuz

muslimuz

Понедельник, 04 Март 2024 00:00

Яхшиликлар ва ёмонликлар жадвали

Фарзандларимнинг яхшиликлар ва ёмонликлар ёзадиган жадваллари бор. Яхшилик қилишса яхшиликлар устунига, мабодо бирор ёмон иш қилишса, ёмонликлар устунига белгилаб боришади. Кўпинча бу ишни биз онаси билан бирга ўзимиз қиламиз.

Баъзида болалар ўзлари билиб белгилаб қўядилар. Кун охирида ётишдан олдин бир ҳисоблаб кўрамиз. Қилган яхшиликлари кўп бўлса, унга мукофот берамиз. Агар ёмонликлари кўп бўлса, унга жазо тайинлаймиз.

Жадвалнинг кўриниши: Яхшиликлар (савоб) – Ёмонликлар (жазо).

Бу ишни йўлга қўйганимизга кўп бўлмади. Лекин қисқа фурсатда болаларимизнинг ахлоқи яхшиланишига катта таъсир қилди. Болаларимиз кун давомида жадвалдан бохабар бўлиб туришади. Агар кечга яқин ёмон ишлари кўр бўлганини кўришса, ухлашга ётгунча яхшилик қилиб олишга шошилишади. Шомдан кейин қарасам, бир фарзандим шошилиб акасига ё опасига чой дамлаб бераётган бўлади, яна бири эса онасига “Онажон бирор хизмат йўқми” деб яхшилик устунини тўлдириш пайида бўлади. Яна бошқаси икки ракат намоз ўқиб олаётган бўлади. Хуллас уйимиз кечга яқин яхшиликлар тўлган, ҳамма бир-бирига яхшилик қилишга шошилган хонадонга айланиб қолади.

Энг хурсанд қиладигани, мана шу тартибни ўрнатганимиздан бери мен болаларимни деярли уришмадим, бирортасига танбеҳ бермадим. Сабаби улар жадвалдан кўриб фақат яхшилик қилишга ҳаракат қилишарди. Кейин мен уларга хатоларни, ёмонликларни “тавба” намози билан ўчиришлари мумкинлигини айтдим. Яъни икки ракат намоз ўқиб жадвалдаги ёмонликлар устунидан битта ёмонликни ўчириб ташлаш имкониятини бердим. Шу орқали фарзандларим нафл намозларга ҳам осонгина ўрганишди. Нафлларники кўп ўқиганларидан кейин табиийки, беш маҳал фарз намозларини ҳам қолдирмай, қазо қилмай ўқийдиган бўлишди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Пятница, 01 Март 2024 00:00

Бир муҳим насиҳат

Айтдиларки, жуда кўп одамлар "Биз маржиъул халойиқ", яъни халқ бизга қайтса, улар бизга мурожаат қиладиган киши бўлсак деган фикрда (ғамда) юради. Шуни яхши билингки, маржиъ (одамлар мурожаат қиладиган киши) бўлиш камол эмас.

Асли камол "рожиъ" бўлишдадир. (Рожеъ – қайтувчи, маржиъ эса "ҳамма қайтиб борадиган жой" демакдир). Ҳамма сен томон қайтишини хоҳлашни ўрнига ўзинг Аллоҳ томонига қайт. Камол шундадир. Шундан кейин У Зот кимни халққа маржиъ қилиш ёки қилмасликни Ўзи билади. Иккови ҳолатда ҳам инсон учун яхшилик ва фақат яхшилик бўлади. Қайси ҳолат рўй берган тақдирда ҳам ўшанга рози ва шокир бўлиш керак.

Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ

 

Бугун, 1 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда. Унда яқинлашаётган саховат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик кенг намоён бўладиган муқаддас Рамазон ойида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари бу муборак ойда эҳтиёжманд инсонлар, айниқса фарзандларимиз ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.

Шу боис, эшитишда нуқсони бор 500 нафар болага бепул кохлеар аппарати ва бошқа имплантлар қўйиш учун 62 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Яна 2 минг нафар бола эшитиш мосламаси билан таъминланади.

Паралимпия спорт турлари билан шуғулланаётган хоразмлик 10 нафар ёшларга 7 турдаги замонавий спорт протез ва реабилитация воситалари олиб берилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Пятница, 01 Март 2024 00:00

Нархга қўшиб ёздириш

Cавол: Мен улгуржи савдо билан шуғулланаман. Мендан турли дўконлар, айрим ҳолатда ташкилотлардан ходимлар келади. Шулар ичида айримлари нархни қўшиб ёзиб беришни сўрашади. Масалан, товарнинг нархи 50 минг бўлса, 70 минг деб ёзинг. Мен сизга пулини олиб келганимда 20 мингни менга қайтиб берасиз, дейишади. Уларнинг бу иши жоизми? Улар билан шу шаклда савдо қилсам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ислом дини инсонга ҳамиша ишлаб топаётган пулини фақат ҳалол йўл билан бўлишига аҳамият қаратиши зарур. Ҳалол бўлмаган молни ноҳақ ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга ишбилармондек кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).

Юқоридаги ишлар ҳам мутлақо жоиз эмас. Чунки ишчи ва ходим кабилар иш жойининг вакили сифатида иш юритади ва мана шу ишларни бажараётганлиги учун унга корхона маош ажратади. Исломда вакил ўзига нима вазифа юклатилган бўлса, ўшани бажариши керак. Қўшиб ёзишни талаб қилиш ва шу орқали олган ортиқча пулни ўзлаштириш унга ҳалол бўлмайди. Бу ишда алдов, омонатга хиёнат қилиш каби бир неча гуноҳлар бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким алдаса, мендан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Мунофиқ уч нарсада билинади: Гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса бажармайди, омонатга хиёнат қилади (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, иш берувчининг номидан маҳсулот сотиб олгани борган кишига айрим сотувчилар чегирма қилиб, маҳсулот учун тўланган пулдан қайтариб беради. Бу ҳолатда ҳам қайтиб берилган пул, иш берувчининг ҳаққи ҳисобланади. Буни менга берди, мен учун арзон қилиб берди деб, ўзига олиб қолиши мумкин эмас. Бу ҳам юқоридаги каби хиёнат ҳисобланади.

Шунинг учун сизга бундай таклиф билан чиқилганда, чегирмани иш берувчи учун олишингизгина тўғри бўлади. Акс ҳолда гуноҳ ишни амалга оширишда ёрдам берган бўлиб қоласиз. Қуръони каримда гуноҳ ишларда ҳамкорлик қилишдан қайтарилган:

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси, 2-оят).

Бу қилмишининг нотўғри қилётганини тушунтириб, насиҳат қилинг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Сизларнинг жоҳилиятда яхши бўлганларингиз, агар (динни яхши) тушунсалар, Исломда ҳам яхшиларингиздирлар”.

Жоҳилият даврида бошқалардан ўзига хос иқтидори билан ажралиб турадиган кишилар бўлар эди. Кимдир қаттиққўллиги, мард ва жасурлиги билан машҳур бўлса, яна кимдир сўзамоллиги, шеъриятга усталиги билан донг таратган эди. Уларнинг баъзилари мана шу иқтидорларини ёмонлик йўлида, Исломга қарши кураш йўлида хизмат қилдиришарди.

Маълум муддат ўтиб, Аллоҳ уларни ҳақ йўлга ҳидоят қилгач, айни шу қобилиятли кишилар ўз иқтидорлари билан Исломга хизмат қилдилар. Шу орқали аввал жоҳилиятда энг машҳурлардан бўлишган бўлса, энди Исломда ҳам инсонларнинг энг яхшиларига айландилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай кишилардан бири эдилар. У кишининг қаттиққўлликлари, журъатлари, шиддатлари аввалбошда Исломнинг зарарига ишлади. Кейинчалик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилдилар ва мусулмонлар жонига оро кирдилар.

Демак, биз ҳам фарзандларимиздаги иқтидорларни кўра билишимиз ва шу иқтидорларини келажакда манфаатли соҳаларга йўналтиришлари учун уларга йўл-йўриқ кўрсатишимиз керак бўлади.

Баъзи болалар қайсидир ўйинларга жуда қизиқадилар. Масалан, улар футболга ёки баскетбол каби ўйинларга қизиқсалар, уларда шу нарсага қобилият бўлса, балки келажакда улардан яхши спорт усталари етишиб чиқиши мумкин.

Баъзи болалар эса, жисмоний меҳнатдан кўра ақлий меҳнатга кўпроқ қизиқадилар. Уларни ҳам ўзларига муносиб соҳаларга йўналтиришда ота-оналар тадбирли бўлишлари, уларни ҳадеб тергайвермасликлари, балки ўша ўзлари қизиққан нарсадан яхши тарафга бурилишга ёрдам беришлари керак бўлади.

Ҳозирда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келган ҳадисларини ҳаётга қандай татбиқ қиляпмиз.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Видеолавҳалар

Top