muslimuz

muslimuz

Понедельник, 04 Март 2024 00:00

Мол ва обрўдан асл манфаат нима?

Айтдиларки, жоҳ (обрў)ни асли фойдаси зарарни даф қилишдир. Обрўдан асосий мақсад, зарарни даф қилиш бўлади. Одамлар ичида обрў қозонсангиз, сизга биров зарар бера олмайди. Ҳоким экан, миршаб экан деб қўрқади. Молдан асли манфаатчи? Молнинг асл фойдаси, жалби манфаат. Манфаат топиш - молдан кўзланадиган нарса. Манфаатни жалб қилиш. Яъни, мол сарф қилиб туриб, одам ўз заруратларини битириб, фойда ҳосил қилади. Аммо мартаба зарарни даф қилиш учун керак. Энди бир одам, мартабага чиқишда мақсади агар ўзига манфаат жалб қилиш бўлса, кейин мол шубҳали бўлиб қолади. Пора шундан келиб чиқади. Чунки баъзан одамлар обрўингиздан, ҳайбатингиздан қўрқиб бир нарса бериб кетади. Магар у дилидан берган нарсасига рози эмас аслида. Шунинг учун мол ҳаром бўлиб қолади.

Мана бу шеърни яхшилаб ёдингизда сақлаб қолинг. Мавлоно Муҳаммад Ёқуб раҳимаҳуллоҳнинг иккита шеърларини ҳамиша ёдлаб юраман.

«Офарин туч пе ҳиммат кўтоҳ, толиби мол ҳў, на толиби жоҳ». Офарин сенга эй ҳиммати қисқа, дейди. Мен мол талаб қиламан, лекин обрў талаб қилмайман. Молимдан мол топсам, бир фойда бўлади ундан. Обрўдан топсам расво бўладику. Шунинг учун мен молга талабгорман, лекин жоҳга талабгор эмасман.

«Мол итна киз чиззе ҳў, ҳўру ниш». Мол талаб қиламан деганда, шунчалик бўлсинки, есам ичсам, шунга етса бўлди менга. Майли жоҳга ҳам мен бутунлай талабгор эмасман дея олмайман. Жоҳим ҳам шунчалик бўлсинки, биров мени эзиб кетмасин. Мени поймол қилиб юбормаса бўлди.

Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ

Покистонлик машҳур олимлардан Шайх Муҳаммад Амин Софдар Окарвий айтади:

“Кунларнинг бирида талабалардан имтиҳон олиб турган вақтимда, уч киши мен билан кўришмоқчи эканликларини айтишди. Уларни хонамга таклиф қилдим, бир стол атрофида ўтирдик. Улар илмли кишилар бўлсаларда, муомалалари жуда кўпол эди.

Улардан бири: “Бир имомга тақлид қилиш зарурлиги ҳақида бирорта ҳадис келганми?” деди.

Мен: “Сизлар Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққанмисиз?” деб сўрадим.

Улардан бири: “Ҳа, албатта”, деб жавоб берди.

Мен: “Сиз етти қироатда ўқишни биласизми?” деб сўрадим.

У: “Йўқ, биз фақат битта қироатда ўқишни биламиз”, деди.

Мен: “Етти қироатдан фақатгина битта қироатни танлаш ҳақида бирор ҳадис келганми?” Битта қироатни танлаш ҳақида келган ҳадисни топиб беринг, биз сизга бир имомга тақлид қилиш ҳақидаги ҳадисни келтирамиз”, дедим.

У: “Нечта илоҳ бор?” деди.

Мен: “Битта”, дедим.

У: “Хўп, илоҳ битта экан, нега унда мазҳаб имомлари тўртта?” деб сўради.

Мен: “Илоҳ ягона, лекин 124 минг пайғамбарлар ўтган. Ўзи сизнинг савол беришингиздан мақсадингиз нима?” деб сўрадим.

Улар: “Тўрт мазҳаб имомларининг барчаси ҳам ҳақми?” деб сўрашди.

Мен: “Ҳа, алҳамдулиллаҳ. Тўрт имомларнинг ҳар бири ҳақ”, дедим.

Улар яна қайтариб: “Аниқ, тўрттала имом-а?” дедилар.

Мен: “Ҳа, ҳа тўрт имом”, дедим.

У: “Нега унда тўртта имомга тақлид қилмайсизлар?” деди.

Мен: “Ундай қилмаймиз”, дедим. “Сиз бугун жума намозини ўқидингизми?” деб сўрадим. Эртага яҳудийлар каби шаббат кунини ҳам нишонлайсизми? Ахир Мусо алайҳиссаломни ҳам ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирасиз-ку, тўғрими ёки иймон келтирмайсизми?

Улар: “Ҳа, тўғри иймон келтирамиз. Барча пайғамбарларнинг ҳақ эканига иймон келтирамиз. Лекин биз битта пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашамиз”, дейишди.

Давоми бор...

Даврон НУРМУҲАММАД

Шу йил 1 март куни “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи Бош директори Султонбек Имомназаров обуна мавсумида энг юқори натижани кўрсатган, нашрларни халқимиз орасида кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшгани учун Самарқанд вилояти вакиллигига иккита умра сафари йўлланмаси тақдим этилди. Ушбу мукофотни вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла қабул қилиб олди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйининг даврий нашрлари – “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газетаси динимиз зарур аҳкомлари, муҳим савол-жавоблар, юртимиз ва дунё миқёсида диний-маърифий соҳада рўй бераётган янгиликлар, алломаларнинг панду насиҳатларини ўз ичига олган нашрлар ҳисобланади.

Уларни халқимиз эътиборига ҳавола қилиш, ҳар бир хонадонга кириб бориши диний-мърифий саводхонликнинг ошишига ҳисса қўшади. Шу мақсадда юртимиздаги ҳар бир диний соҳа вакили ушбу савобли ишга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Зеро, яхшиликни ёйиш, илм ва маърифат таратиш, маърифатга интилиш  покиза ва олий тушунчадир.

Аллоҳ таоло халқимизга маърифат улашиш, зиё тарқатишдек хайрли ишларни бардавом қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати

Понедельник, 04 Март 2024 00:00

Устозлик ҳақлари

Cавол: Мен ўқитувчиман. Устозлик ҳақлари қанақа? Устозлик соҳасида динимиз кўрсатмалари керак эди.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта мен муаллим қилиб юборилганман”.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Албатта Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли кавагидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга таълим берувчи устозларга салавот айтадилар”.

Ризоуддин ибн Фахриддин устозларга бундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб туринглар, уларга хушмуомалани, гўзал, шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутишини назорат қилинглар. Ёмон хулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон хулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Понедельник, 04 Март 2024 00:00

Тилдаги икки офат

Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломга хитоб қилиб айтади: “Мени зикр этишда сусткашлик қилманглар” (Тоҳа сураси, 42-оят).

Улар Фиръавннинг олдига кетишаётганда Аллоҳ уларга сустлашмасдан, иккиланмасдан гапиришни буюрди.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тилда иккита катта офат бор: гапириш офати ва сукут сақлаш офати. Ҳақ гапдан сукут сақловчи одам бамисоли соқов шайтондир. Ботил гапни гапувчи одам эса гапирувчи шайтондир”.

Сукут бу энг яхши одат ва ибодатдир. Айни вақтда энг катта хазина ҳамдир. У сизни гапириб қўйиб афсусланишдан халос этади. Сизни ҳурматга сазовор этади. Ҳаётда ҳеч ким сукут қилганига афсусланмаган. Аксинча кўпчилик гапирган гапига бир-неча маротаба афсусланганини кўп кузатганмиз. Ундайларнинг кўпчилигига қарасангиз, битта-ю битта айби ҳамма нарсани гапираверишида бўлади.

Тилингиз бўйнингизда турган қилич кабидир. Шундай экан сўзларингизни яхшилаб тартиблашга, имкон қадар маънони оз сўз билан ифодалшга ҳаракат қилинг. Гоҳида сукут сақлаш гапиргандан кўра таъсирлироқ, етиб борувчанроқ бўлади!

Буюк саҳобий Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: “Гап худди дорига ўхшайди, озгина истеъмол қилсанг, фойда беради, кўп истеъмол қилсанг, ўлдиради”.

Сирингизни одамларга ошкор қилган кишини маломат қилманг, чунки сир бу сиз кўтара олмайдиган оғир юкдир! Сирингизни ҳеч кимга айтмай ичингизда сақласангиз, у сизнинг раҳматингиз остида бўлади, борди-ю уни кимгадир ошкор қилсангиз, сиз унинг раҳмати остида бўлиб қоласиз! Сир сақлаш учун жой ҳозирланг, у жой ичингиздир! Шубҳасиз, сирни яширишга сабр қилиш уни ошкор қилиб надомат қилиб юргандан осон!

Бир одам тилига шундай мактуб ёзган экан: “Эй тилим! Билгинки, мен сен нутқ қилган ҳар бир сўз учун ҳисоб-китоб қилинаман, шундоқ экан, фақта яхши сўз айт! Чунки сен охиратда ё менинг фойдамга ёки зараримга гувоҳлик берасан. Ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билмайсанми: “Одамларни юзтубан қилиб дўзахга улоқтирадиган нарса – тилларининг ҳосилидир”.

Ҳой тилим! Аллоҳ таолонинг мана бу оятини билсанг керак-а: “Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир (фаришталар) борлар” (Қоф сураси, 18-оят).

Шундай экан, фақат ҳақ гап айтгин, фақат ва фақат рост сўзла!

Эй тилим! Ҳеч кимни дуоибад қилма, қанча гуноҳ-маъсият қилган бўлса ҳам. Аксинча ҳидоят сўраб унинг ҳаққига дуо қил.

Эй тилим! Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг гапларини эшитмаганмисан: “Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, энг узоқ ҳибсда сақлаш керак бўлган нарса тилдир!”.

Эй тилим! Ўзингни сақла, агар гапиргани бирор яхши гап топа олмасанг, жим турганинг сен учун афзал ва яхшироқдир! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Видеолавҳалар

Top