muslim.uz

muslim.uz

Среда, 13 Июль 2016 00:00

Залолат йўли

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир» (Нисо, 32 ).

Динимиз бизга, айнан, ушбу оятдаги кўрсатма ва огоҳлантиришдан таълим беради. Аммо ўзларини “мусулмон” деб атаётган шайтон малайлари бунга “Биз фақат мусулмон бўлмаганларни ўлдиряпмиз” деб жавоб беришади. Наҳотки, улар Аллоҳ таолонинг «Динда зўрлаш йўқ» (Бақара, 256), деган сўзини эшитмаганлар, наҳотки исломга кирмагани учун бошқа дин вакилларини ўлдириш мутлақо мумкин эмаслигини билмасалар?! Ҳа, улар  “Аъроф” сурасининг 179-оятида зикр қилинган жоҳил кимсалардир. Ояти каримада улар ҳақида шундай  баён этилади: “ ... Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан англмайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.

Маълумки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўта раҳмдил, шавқатли, ҳимматли зот эдилар. У киши, ҳақиқатан ҳам “Оламларга раҳмат” қилиб юборилган эдилар.  

Қўшинни бир жойга юборишдан олдин айби йўқ инсонлар, айниқса ёш болалар, аёллар ва қарияларни, шунингдек, ибодатхона хизматчилари ва роҳибларини ўлдиришдан қаттиқ қайтарар эдилар. Бундан маълум бўладики, ёшлар, қариялар ва аёлларни ҳалок қилишга қаратилган барча хуружлар улкан жиноят ҳисобланаркан. Шариатда буни фасод тарқатиш дейилади. Бу борада Аллоҳ каломида бундай марҳамат қилади: Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!», – дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», – дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар (Бақара,  11-12).

Исломий таълимотга кўра, тинч аҳоли устига бостириб кириш, уларни ваҳшийларча бўғизлаш, уйларини вайрон қилиш мумкин эмас. Аллоҳ ўз каломида: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир”, дейди (Наҳл, 125).

Бу қонуният барча динларга тааллуқлидир. Ҳатто мушриклар мусулмонлар орасида ҳимояда бўлишни сўрасалар уларга бу нарса тақдим этилиши лозимдир. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг мана бу оятига амал қилмаган бўламиз: “Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг! Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари сабаблидир” (Тавба, 6).

Одамлар билан тинч ва тотув ҳаёт кечириш керак. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар (Мумтаҳана, 8).

Ўзларини “Аллоҳнинг аскарлари” деб атайдиганлар аёллар, ёш болалар, қариялар, ҳатто ўзларининг яқинларини ҳам ўлдиришдан тап тортишмаяпти. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳар бир гўдак фитратда туғилади...” деб айтганлар. Табиатан соф ва бегуноҳ болаларни ўлдириш, уларни асир олиш ёки уларга нисбатан ҳар қандай жиноят Аллоҳ таолонинг Меҳрибон ва Раҳимли сифатларига мутлақо тўғри келмайди.

Кўчада қолдириб кетилган қўлбола услубда ясалган портловчи ускуна ўз қурбонларини фарқлай оладими? Ҳар бир соғлом ақл эгаси бу иш жиноят эканлигини ва ундан ҳомиладор аёллар, қария ва болалар шу жумладан мусулмонлари ҳам жабр кўришини тушунади.

Баъзи ақидапарастлар, бошқа одамларнинг жонига қасд қилиш билан бирга ўзларини ўлдириш каби гуноҳи кабирага ҳам қўл урадилар. Бу ишларни содир этадиган кимсалар ўз жонига қасд қилиш улкан гуноҳ эканлигини билмайдилар, унутиб қўядилар ёки қасддан эътибор бермайдилар.

Аслида Ислом дини Парвардигор томонидан ато қилинган тинчлик учун шукр қилишга, яхшилик қилиб ёмонликдан узоқда бўлишга чақиради. Моида сурасининг 32 оятида келганидек: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”.

 

 Шавкат АПИСОВ

Бўстонлиқ тумани

“Олимжон ота” жоме масжиди

имом хатиби

Среда, 13 Июль 2016 00:00

Бир саволга ўн жавоб

Бир гуруҳ хаворижлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг:

أنا مدينة العلم وعلي بابها

«Мен илмнинг шаҳриман, Али эса, унинг дарвозасидир» деган ҳадисларини эшитгач, бунга ишонолмай шубҳага боришди. Улар ўзаро келишиб, Али (розияллоҳу анҳу)ни имтиҳон қилмоқчи бўлишди. Бунинг учун, ораларидан ўн кишини танлашди. Уларга: “Ҳар бирингиз алоҳида-алоҳида Али ёнига бориб, ундан айнан битта масалани, яъни “Илм афзалми ёки молми?” деб сўрайсизлар. Агар у ҳар бирингизга бу масала борасида бошқа-бошқа жавоб берса, шунда Муҳаммаднинг сўзи ростлигига ва Алининг олимлигига шак-шубҳа қолмайди”, дейишди.

Шунда улардан бири Али (розияллоҳу анҳу) ҳузурига келиб:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми? – деб сўради.

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

Хавориж:

– Қайси далил билан илм афзал? – деди.

У зот:

– Илм Пайғамбарлардан қолган меросдир, – дедилар.

 

У кетгач, иккинчиси келиб, сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Илм сенга сақловчи ва қўриқчи бўлади, аммо сен молга қўриқчи ва қўрғон бўласан? – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

У ҳам кетгач, учинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Моли кўп кишининг душмани, илмли одамнинг эса дўсти бисёр бўлади, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

Сўнгра у ҳам кетгач, тўртинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар Али.

– Қайси далил билан илм афзалдир? – сўради хавориж.

– Молни сарфласанг, камаяр, илмни сарфласанг, кўпаяр, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

У ҳам кетгач, бешинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Бадавлат киши бахиллик ва пасткашлик номи билан, илмли одам эса, катталик ва ҳурматлик сифати билан ёдга олинади, – жавоб бердилар.

 

Сўнгра у ҳам кетгач, олтинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – деб жавоб берди у зот.

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради у.

– Молни ўғридан ҳимоя қилиш зарур. Илмни эса, асрашга ҳожат йўқ. Зеро, ўғри уни ололмас, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

У ҳам кетгач, еттинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – деди у.

– Қиёматда бой одам молидан ҳисоб-китоб қилинади, илмли киши эса, илмидан ҳисоб олинмас, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

Сўнгра у ҳам кетгач, саккизинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Мол кўп турса, эскириб, чириб, йўқ бўлиб кетади, аммо илм қанча кўп турса ҳам, тобора қувват ҳосил қилаверади, – дедилар.

 

У ҳам кетгач, тўққизинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар у зот.

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради у.

– Мол дилни хира ва қора қилади, илм эса, қалбни нурга тўлдиради, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

Сўнгра у ҳам кетгач, ўнинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол?

– Илм афзал, – дедилар Али.

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Кимнинг моли кўпайса, маст бўлиб, Фиръавндек худоликни даъво қилади, агар илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик билан бандалигини бажо келтиради, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

Шундан таъсирланган хаворижлар ҳазрат Алининг олим эканликларига ва Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ростгўйликларини тасдиқ этиб, мусулмон бўлишди. Шунда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) уларга қарата:

– Мабодо сизлар умрим тугагунча ушбу масала борасида сўрайверсанларингиз эди, ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берар эдим, – дедилар.

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

Жорий йилнинг 12 - июль куни Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юртида 2016-2017 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.

Қабул имтиҳонлари мобайнида Ота-оналар ҳамда абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди.

Қабул имтиҳонлари олдидан ўтказилган йиғилишда имтиҳон саволлари солинган махсус муҳрланган қоплар, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайинланган вакиллар ҳамда абитуриентлар ва ота-оналар томонидан чиққан вакиллар гувоҳлигида очилди. 

Йиғилишда сўзга чиққан билим юрти мудири Н.Қодиров, бу яратилган шароитларнинг ҳаммаси Истиқлолимиз шарофати, Осмонимиз мусаффолиги, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигидан эканини фарах билан таъкидлаб ўтди.

Йиғилишдан сўнг барча абитуриентлар ўзлари учун ажратилган ўқув хоналарида она-тили, маънавият, чет тили ва тарих фанларидан имтиҳон топширдилар.

Имтиҳон натижалари яъни мандат 2016 йил  15-июль куни эълон қилинади.

  

"Саййид Муҳйиддин махдум"

ўрта махсус ислом билим юрти қабул ҳайъати.

Маълумки, Юпитер Қуёш тизимидаги энг катта сайёра ҳисобланади. Ҳозир эътиборингизга ушбу гигант сайёра ҳақида қуйидаги қизиқарли маълумотларни ҳавола этамиз:

  • Ушбу сайёра римликларнинг «олий худоси» Юпитер номини олган.
  • У қуёш тизимига энг яқин бешинчи сайёра ҳисобланади.
  • Агар сизнинг вазнингиз 100 килограмм бўлса, демак сизнинг оғирлигингиз Юпитерда 264 килограммни ташкил этади.
  • Юпитернинг Ердан 318 баробар оғирлиги аниқланган.
  • Унинг диаметри Ер диаметридан 11 марта катта.
  • Юпитернинг оғирлиги Қуёш тизимидаги барча планеталарнинг 70 фоизини ташкил этади.
  • Юпитерда бир кун 10 соат давом этади.
  • У Қуёш атрофида айланиб чиқиши учун, ер ҳисоби бўйича 12 йил кетади.
  • Юпитердаги катта қизил доғ, 300 йил давом этган бўрон натижасида пайдо бўлган.
  • Юпитерда Қуёш системасида Ганимеда деб номланган энг катта йўлдош мавжуд бўлиб, у Меркурий ва Плутондан ҳам каттароқдир.
  • Планетада аксарияти жуда кичкина бўлган 60 дан ортиқ йўлдошлар мавжуд.
  • Юпитер сирти суюқлик билан қопланган. Бу суюқлик сувдан эмас, балки водороддан ташкил топган.

 

www.sciencechannel.com сайти маълумотлари асосида

Илҳом МАЪРУПОВ тайёрлади.

Видеолавҳалар

Top