muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 18 Август 2016 00:00

Яхшиликни билмайдиган қўшни

Икки қўшни бор эди. Улардан бири машинали бўлди. У ҳар куни ишга кетаётиб, қўшнисини ҳам ола кетар эди. Ойлар, йиллар шу зайлда ўтди. Кунларнинг бирида машинали киши тиши қаттиқ оғригани сабаб, зудлик билан докторга кўриниш мақсадида, қўшнисини кутмай жўнашга мажбур бўлди. Қўшниси эса, деразадан унинг машинани елдай учириб кетаётганини кўриб: “Эҳ, номард, мени ҳам ола кетсанг бирор жойинг камайиб қолармиди? Илоҳим,  тишинг оғриб, бир умр сенга азоб берсин...” деди.

Байт:

Ношукр шунақа – билгани фасод, иғво ва қарғиш,

Дуоибадида қўшилур, ҳатто қўшни оғзидаги тиш...   

  

Акбаршоҳ Расулов

Четверг, 18 Август 2016 00:00

Истиқлол ифтихори

Она-ватан кўчаларини кезар эканман, кўзларим қувончга, қалбим ифтихорга лиммо-лим бўлади. Замонавий усулда ихчам ва ўзбекона барпо қилинган янги уйлар, кўм-кўк бўлиб ёшариб турган манзарали дарахтлар, илғор деҳқончилик намуналари бўлган интенсив мевали боғлар, топ-тоза қилиб супурилган кўчалар, енгил ва ёқимли эпкинга ҳамоҳанг ҳилпираётган байроқлар ҳаммаси куёв болани интиқиб кутаётган безанган келинчакдек ўзларига оро бериб Мустақиллигимизнинг чорак асрлик тўйига тайёргарлик кўриб турганини ҳис қиламан. Халқимизнинг юзларида сурур, кўзларида қувонч ва қалбларида хотиржамлик барқ уради. Ўз юртимизда ишлаб чиқарилган, жаҳондаги илғор техникалар билан бемалол беллаша оладиган автомобиллар ҳаракатидан кўзингиз тинаман дейди.

Ҳа, булар ҳаммаси ота-боболаримизнинг йиғлаб юриб қилган дуоларининг самараларидир. Кимнинг хаёлига келибди дейсиз, ўзбек халқи шунча қисқа вақт мобайнида шўро ҳукумати етмиш йилда ҳам ета олмаган чўққиларни забт этади деб.

Бугунги кунда юртимиз келажакнинг буюклик бўсағасига қадамларини ташлаб турибди. Чунки Истиқлол тенгдошлари бугун камолот ёшига етиб, мустақил юртимизда ишлаб чиқариш, илм ва маърифат, бизнес ва тадбиркорлик, маданият ва маънавиятнинг барча соҳаларини эгалламоқдалар. Ёшларимизнинг илм олишларига бўлган эътибор эртанги кунимиз яна ҳам юқорироқ даражада тараққий топишидан дарак беради.

Ота-боболаримизнинг қонларига сингиб кетган одамийлик дини, покиза имон-эътиқод сарчашмалари яна равон қайнаб тошмоқда. Халқимиз эмин-эркин ва хотиржам ибодатларини адо қилмоқда. Юртбошимиз муҳтарам имом домлаларимизга комил ишончини изҳор қилиб ўз сўзида шундай деган: “Ўйлайманки, халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом динининг моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, имон-эътиқодимиз поклигини сақлаш, муқаддас динимиздан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган кимсаларга қарши курашда, аввало, ана шу муҳтарам домла-мударрисларимиз ўз илм ва тажрибаларини сафарбар этишлари ҳам қарз, ҳам фарз” (Ислом Каримов. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз).

Имом-хатибларимиз ва мударрисларимиз Президентимизнинг бундан ўн етти йил аввал билдирган бу ишончларини ҳақиқатда қозонди. Бунинг натижаси ўлароқ меҳроблардан, оммавий ахборот воситаларидан покиза имон ғоялари етказиб берилиши юртимизда виждон эркинлиги ҳақиқатан ҳам реал ҳаётда ўз аксини топаётганига далилдир.

Виждон эркинлигининг самараси ўлароқ, масжидларимизда юртимиз янада тинч ва осойишта бўлишини, мамлакатимиз янада тараққий топиб, халқимиз турмуши янада фаровон бўлишини сўраб тинмай дуолар қилинмоқда. Умид қиламизки, бу дуолар ижобат бўлажак, Мустақил Ўзбекистонимиз дунёда ривожланган давлатларга пешқадамлик қилажакдир!

 

Улуғбек ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Холид ибн Валид” масжиди ходими

Четверг, 18 Август 2016 00:00

“LOVE STORY” – Даюслик иллати

Тўйхона юксак дид билан безатилган бўлиб,  келин-куёв учун алоҳида жой тайёрлаб қўйилган. Тўй бошланиб, халқимизнинг севимли санъаткорлари бирин-кетин чиқа бошлашди. Бир оз вақт ўтиб, катта экранда  келин-куёвларнинг “Lоve story”сини ҳаммага қўйиб беришди. Фильмнинг бошидан охиригача йигит ва қизнинг мавсумга қараб ҳали боғда ҳали тоғда қўл ушлашиб юриши (аксари ҳолларда келин-куёвга шаръий никоҳ ўқитилмаган бўлади),  оналаримиз ойнаи жаҳонда кўрганда юзларини четга бурадиган ҳолатларни эса бемалол ёшу кекса, эркак-аёл демасдан ҳаммага қўйиб бериш инсонлардан ҳаё, ибо пардасини кўтаргандек эди. Ёшлар эса  фильмни кўриб, баъзи жойларида овозини кўтариб, бақириб ўтиришлари эса беодобликнинг юқори нуқтасидир.

         Куёв  Аллоҳ таоло инъом этган аёлини, фарзандларининг бўлғуси онасини нафақат жисмонан, балки назардан ҳам асраши  керак. Ҳозир эса бунинг акси ўлароқ куёв мана, кўриб қўйинглар, кимга уйланаётганимни дегандек, келиннинг очиқ ўтиришини кўз-кўз қилишгача борилмоқда. Ахир бу даюслик эмасми?

         Имом Насоийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) даюсга, яъни онаси, синглиси ва аёлини бегоналардан қизғанмайдиганга, Аллоҳ таоло қиёмат куни раҳмат назари билан қарамайди, деб умматни огоҳлантирганлар. Пайғамбаримиз  (алайҳиссалом) бошқа бир ҳадисларида: “Даюс киши жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Никоҳ тўйи бўлган хонадонда, эртаси куни “Юз очар”  (келин салом) маросими бўлар эди. Қайнонасими, овсинларми, бувиларми ҳарир ёпинчиқни очиб келинни юзини кўргандан кейин келин учун кўрмана  беришар эди. Ҳозир эса “юз очар” маросимига ҳожат йўқ. Никоҳ тўйининг ўзида, қолаверса тўй давомида тўйдан олдин йигит ва қиз қаерларда бўлганлигига ҳамма гувоҳ бўлиши кузатилмоқда.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир диннинг ўз ҳулқи бордир. Исломнинг ҳулқи ҳаёдир”, дедилар” (Ибн Можа ривоят қилган).

 

Бундай одатлар нафақат ислом дини кўрсатмаларига зид, балки асрлар оша халқимиз онг-шуурига  сингиб кетган урф-одатларимиз ва миллий ғуруримизнинг топталиши, эркаклик ҳамиятининг дарз кетишига олиб келади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

 

Томирлари мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган юртимизга мустақиллик берган неъматларни санаб адоғига етиб бўлмаса керак. Тарих учун мўжаз, лекин бунёдкорлик ишлари самарасига қараб, улкан ютуқларга эришилган 25 йил давомида Ўзбекистон дунё билан бўйлаша олди. Чунончи, ёш авлод тарбияси, жамият ривожи, инсонларнинг фаровонлиги даражаси ошиши, миллий қадриятларимизнинг тикланиши, қўйингки, барча соҳаларда келажак учун мустаҳкам пойдевор барпо этилди.

Андижон вилоятида 1998  йилдан буён  фаолият юритиб келаётган «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти ҳам мустақиллик ином этган неъматлардан биридир. Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тегишли ҳужжатларга асосан ўрта-махсус ислом билим юрти битирувчиларининг дипломлари давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди.

Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта-махсус ислом билим юртини фаолият бошлаган йилдан буён 800 нафарга яқин талаба битириб, Диншунослик йўналиши бўйича имом, бошланғич араб тили ва одобнома мураббийси мутахассислиги бўйича тегишли ҳужжатга эга бўлдилар. Мадрасамиз битирувчилари ҳозирда мамлакатимизнинг тараққий этишига ҳамда жамиятимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Талабаларимизнинг таълим олиб, ҳозирда катта ютуқларга эришаётгани биз мударрисларга ҳамиша фахр-ифтихор бахшида этади. Эришилган муваффақиятлар эса, муассасада таълим-тарбия ишларининг ижобий ташкил этилаётганидан дарак беради.

Билим юрти талабалари хориж давлатларида ўтказилган Қуръон мусобақаларида ҳам ўз билим ва малакаларини муваффақиятли намойиш этиб келади. Жумладан, Миср, Саудия Арабистони, Жазоир ва Эрон давлатларидаги танловларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ислом ўрта махсус билим юрти талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада”, “Қорилар мусобақаси” танловларида мадрасамиз талабалари муносиб равишда иштирок этиб, улардан  бир қанчаси грант асосида Тошкент ислом институтига кириш хуқуқига эга бўлганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Талабалар томонидан нафақат фан йўналишлари, балки спорт соҳаларида  ҳам эришилган ютуқлар бисёр.

Билим юртида талабаларга Қуръони карим тажвиди, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, ислом тарихи, муҳовара каби мутахассислик фанлари, шунингдек, она тили, физика, математика, информатика, инглиз ва рус тиллари, кимё, биология, маънавият асослари сингари умумтаълим фанларидан ўз фанининг етук мутахассиси бўлган 20 нафардан зиёд мударрис–ўқитувчилар таълим бермоқда.

Билим юрти мударрисларининг оммавий ахборот воситалари билан олиб бораётган ҳамкорликлари самарасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ижодкор муаллимларнинг вилоят телевидениеси орқали турли долзарб мавзулардаги иштироклари, давра суҳбатлари мунтазам бериб борилади. Билим юрти мударрис-ўқитувчилари ўзлари ўтаётган фанларидан ўқув қўлланмалар ҳам тайёрлаб борадилар. Хусусан, мадрасамиз мударрислари томонидан тайёрланган воизлик илми хусусидаги “Хатоба” номли рисола ҳозирда юртимиздаги барча ўрта махсус ислом билим юртларида ўқув қўлланма сифатида ўқитиб келинмоқда. М.Мўминовнинг “Мазҳаблар ва йўналишлар” фанидан “Ҳизбут-таҳрир оқимига раддиялар” рисоласи, Р.Маҳмудовнинг “Тафсир” фанидан ўқув қўлланмаси ва ўқитувчилар томонидан тайёрланган “Миръотус солиқийн”, “Рамазон туҳфаси” китоблари талабаларнинг фанларни чуқур ўзлаштиришларига хизмат қилмоқда.

Билим юрти ўқув, моддий-техника базасини яхшилашда, мударрис ва талабаларни ишлаш ва ўқишлари учун шароитларни ташкил этишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хамда бир қатор ҳомий ташкилот ва мехр-мурувватли, саховатли инсонлар томонидан кўмак бериб келинмоқда.

Билим юрти талабалари дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун қулай шароитларга эга спорт майдочаси, машғулот зали ва бир қатор фанлардан тўгараклар фаолият кўрсатади.

Мухтасар қилиб айтганда, истиқлол берган неъматлардан бири бўлган мазкур ўқув даргоҳи, мударрис ва ўқитувчилари ёш авлодни жамиятимиз ривожи учун муносиб ворис этиб тарбиялаш йўлида хизмат қилмоқдалар.    

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ

Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта -махсус

ислом билим юрти мударриси

2016 йил 16 август куни Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси билан Оқдарё туманидаги “Махдуми Аъзам” зиёратгоҳида мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят вакиллиги раҳбар ва ишчи ходимлари, фахрий имомлар, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, Оқдарё туман масжид имом-хатиблари иштирок этдилар.

Дастлаб, энг улуғ ва энг азиз байрам олдидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан келишиб, маслаҳатлашиб олиш ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мустақиллиқнинг йигирма беш йиллик байрамини муносиб нишонлаш бўйича ташкилий, маърифий ишлар қўшма режаси ижросини мукаммал таъминлаш мақсадида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят вакили Н. Исламов ва вакил ўринбосари З. Эшонқуловлар имом-хатиблар томонидан қилиниши керак бўлган ишлар хусусида кўрсатмалар бериб ўтдилар.

Сўнг байрамнинг асосий қисмига ўтилди. Тадбирда сўзга чиққан ёши улуғ имомлар мустақиллик қадри, мустабид тузумдаги вазият, айниқса, динга нисбатан тазйиқлар ҳақида таъсирли нутқ сўзлаб, ҳаётий мисоллар келтирдилар. Бугунгидек доруломон дамлар орзусида ўтган боболар ёд этилиб, уларга армон бўлиб қолган кунлар бизга насиб этганини, шу сабабли ҳам биздан шунинг тақозосига кўра иш кўришимиз талаб этилишини таъкидладилар.

Байрамнинг энг асосий нуқталаридан бири вилоятда диний соҳа ривожига ўзининг кўплаб ҳиссасисини қўшган ва қўшиб келаётгани имом хатибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонларидан тақдим этилган мақтов ёрлиқларининг топширилиши бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Байрамда иштирок этганлар гувоҳлигида фахрий имомлар ва намунали фаолият олиб бораётан имом-хатиблардан иборат 12 нафар дин ходимларига тантанали равишда мазкур мақтов ёрлиқлари ҳамда вакилликнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Эсда қоларли тадбир сўнгида дуога қўл очилиб, мустақиллигимиз абадий бўлиши, кундан-кунга гуллаб-яшнаётган Она-ватанимиз кўркига кўрк қўшилиши, халқимиз иқболи баланд, ўтганлар руҳи шод бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди.

Видеолавҳалар

Top