muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 13 Июнь 2016 00:00

Арш ҳақидаги эътиқодимиз

Арш луғатда "подшоҳнинг тахти" маъносини англатади. Ақоид уламолари "арш барча жисмларни иҳота қилиб турадиган нурдан бўлган улкан жисмдир", деганлар.

Қуръон каримда арш икки хил васф билан баён қилинган:

  1. Кўтариб турилиш билан қайдлаб зикр қилинган:

الَّذِينَ يَحْمِلُونَ الْعَرْشَ وَمَنْ حَوْلَهُ

Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар[1].

  1. Мутлақ зикр қилинган:

هُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ

У улуғ аршнинг Роббисидир[2].

Уламолар кўтариш билан қайдлаб зикр қилинган арш ҳақида: "фаришталар кўтариб ўраб турадиган тахтдир", деганлар.

Мутлақ зикр қилинган арш ҳақида эса " ундан мулк ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин" деганлар.

Мотуридия мазҳаби уламолари "Қуръон ва суннатда келган лекин амалиётга тааллуқли жойи бўлмаган нарсаларни таъвил қилишга уриниш шарт эмас. Балки унинг собитлигига ва ундан ирода қилинган нарсанинг ҳақиқати нима бўлса ўшанга иймон келтирдим деган эътиқодда бўлиш лозимдир", деганлар.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

[1] Ғофир сураси 7-оят.

[2] Тавба сураси  129-оят. 

Понедельник, 13 Июнь 2016 00:00

Зикрларнинг улуғи

Гуноҳларингиз кечирилишини, солиҳ амалларингиз кўпайишини ва юксак даражаларга эришишни хоҳлайсизми? Соғ-саломат, хотиржам бўлиш, қалб ҳаловатига етишишни истайсизми? Солиҳ фарзандлар, ҳалол мол-давлат ва кенг ризқни-чи? Ким ҳам истамайди?.. Унда кўп истиғфор айтишни одат қилинг. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг буйруғи: “Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)­гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур...” (Ҳуд, 3). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсия этадилар: “Ким истиғфорни чинакамига, доимий айтса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан қутулишни насиб қилади. Уни ўйламаган жойидан ризқлантиради” (Абу Довуд ривояти).

Истиғфор айтиш ҳамма вақт жоиз, гуноҳ ишлар қилинганида, вожиб бўлади. Солиҳ амаллардан сўнг мустаҳаб саналади. Масалан, намоздан кейин уч маротаба айтиладиган истиғфор каби.

Истиғфор айтишнинг бир неча турлари бўлиб, энг улуғи “Саййидул истиғфор” дуосидир. Шаддод ибн Авсдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Истиғфорнинг саййиди “Аллоҳумма, анта Роббий. Ла илаҳа илла анта. Холақтаний ва ана ъабдук. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика, мастатоът. Аъузу бика мин шарри ма сонаът. Абуу лака биниъматика ъалайя ва абуу би занбий. Фағфирлий, фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла ант”, демоғингдир. Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин ўлса, жаннат аҳлидан бўлади. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг оти­шидан олдин ўлса, жаннат аҳлидан бўлади”, дедилар».

Ушбу дуонинг маъноси бундай: “Ё Аллоҳ, Сен Раббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг бандангман. Қодир бўлганимча Сенга берган аҳдимда ва ваъдамда турибман. Сендан қилмишларимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам тан оламан. Мени мағфират қил. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни мағфират қилгучи йўқ”.

Истиғфор айтиш учун киши гуноҳ қилган бўлиши шарт эмас. Истиғфор марғуб амал бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маъсум бўлсалар ҳам, доим айтганлар. Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир мажлисда юз марта “Роббиғфирлий ва туб ъалаййа иннака антат Таввабур Роҳийм”,деб айтганларини санадик», дейилади.

Истиғфор барча мўминлар, хоссатан, аёллар кўп айтиши лозим бўлган ишлардандир. Чунки бир ривоятда: «Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларга: “Эй аёллар жамоаси, садақа беринг ва истиғфор айтишни кўпайтиринг. Чунки дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллар эканини кўрдим”, деганлари айтилган. Шунда бир оқила аёл: “Нима учун дўзах аҳлининг кўпи биз аёллардан бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лаънатни кўп айтасизлар ва эрларингизга кўп ношукрлик қиласизлар. Мен сизлардан кўра ақл ва динда ноқис бўлатуриб, ақллилар устидан ғолиб келувчиларни кўрмадим”, деб жавоб берганлар. Ҳалиги аёл: “Ақли ва дини ноқис деганингиз нима?” деб сўраганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркак гувоҳлигига тенг бўлиши ақли ноқислигидир. Ҳайз ва нифос қони кўрганида намоз ўқимаслиги дини ноқислигидир”, деб айтдилар».

Истиғфорнинг фойдалари: шайтонни қувади, Аллоҳ розилигига етказади, ғам-ташвиш, меҳрсизлик, шафқатсизликни кетказади, хурсандчилик келтиради, юзни нурли этади, ризқни кенгайтиради, бандани Аллоҳнинг муҳаббатига етиштиради, У зотга яқин қилади, қалбни поклайди. Истиғфор ёмонликлардан тўсади, қалбга хотиржамлик, қаноат бахш қилади, вақтга барака киришига сабаб бўлади.

Шаҳло БИЛОЛИДДИН қизи

Понедельник, 13 Июнь 2016 00:00

Ҳаёт ва Қудрат

Аллоҳ таоло тирикдир, Қодирдир, Жаббордир, Қоҳирдир, унга камчилик–нуқсон ва ожизлик етмайди. Уни мудроқ ва уйқу ушламайди.

Унга фонийлик ва ўлим таҳдид солмайди. У мушоҳада олами(кўзга кўринадиган олам)нинг ҳам, ғайбиёт олами(кўзга кўринмайдиган олам)нинг ҳам эгасидир. Азизлик ҳам, буюклик ҳам Уникидир. Султонлик, қаҳр, яратиш ва амр қилиш Унга тегишлидир. Осмонлар Унинг ямийни[1] ичидадир. Махлуқотларнинг барчаси эса Унинг қабзасида бўйсунган–мағлуб бўлган ҳолдадирлар.

У яккаю ёлғиз яратувчи ва ихтиро қилгувчилир. Вужудга келтирувчи ва пайдо қилувчи ёлғиз зотдир. У махлуқотларни ҳам уларнинг амалларини ҳам яратди. Шунингдек ризқларини ва муддатларини белгилаб қўйди. Қудрати остидаги бирор нарса Унинг қабзасидан чиқиб кетолмайди. Бирор ишнинг тасарруфоти қудратидан четда қолмайди. Унинг қудрати етадиган нарсаларнинг саноғи йўқ. Унга маълум бўлган нарсаларнинг чегараси йўқдир.

 Илм.

Аллоҳ Таоло барча маълумотларни билувчидир, ерларнинг қаъридан то  осмонларнинг устларигача бўлган маконларда содир бўлаётган барча нарсаларни илми билан иҳота қилгандир, қамраб олгандир. У олимдир, Унинг илмидан еру–осмонда заррача нарса яширин қолмайди. Балки У тун қоронғусида қоя тошнинг устида юрган қора чумолининг эмаклашини ҳам билади. Ҳаво кенглигида учиб юрган зарранинг ҳаракатини идрок этади, яширин нарсаларни, балки унданда махфийларини ҳам билади, қалбларда яширинган нарсалар, ҳаёлда кечган нарсалар ва кўнгил сирларини Ўзининг қадим, азалий илми билан билади ҳамда азал–азалдан шу сифат билан сифатланган. Унинг билиши тушиш, кўчиб ўтиш билан зотида янгитдан пайдо бўлган илм билан содир бўлмайди.

 Ирода.

Аллоҳ Таоло борлиқдаги барча нарсаларни ирода қилгувчи, йўқдан пайдо бўлган нарсаларни бошқарувчи зотдир. Ушбу борлиқда кам ҳам кўп ҳам, кичик ҳам катта ҳам, яхши ҳам ёмон ҳам, фойда ҳам зарар ҳам, иймон ҳам куфр ҳам, тан олиш ҳам инкор қилиш ҳам, муваффақият ҳам мағлубият ҳам, кўпайиш ҳам камайиш ҳам, бўйнсуниш ҳам, бош тортиш ҳам ҳамма–ҳаммаси Аллоҳ Таолонинг қазоси, қадари, ҳикмати ва ҳоҳиши билангина содир бўлади. У нимани ҳоҳласа шу бўлади, нимани ҳоҳламаса бўлмайди. Ҳатто бирор назар ҳам, бирор ҳаёл ҳам Унинг машийъати(ҳоҳиши)дан ташқарига чиқмайди. У бошловчидир, қайтарувчидир, ирода қилган нарсаларини амалга оширувчидир. Унинг ишини чиппакка чиқарувчи йўқдир, ҳукм қилган нарсаси учун Уни жавобгар қилувчи йўқдир. Банда Унга маъсият қилишдан фақат Унинг тавфиқи ва раҳмати билангина сақлана олади, Унинг машийъати ва иродаси билангина Унга бўйнсунишга қувват топа олади. Агар инсонлар, жинлар, фаришталар ва шайтонлар барчаси бу оламда бирор заррани ҳаракатга келтириш ёки ҳаракатдагисини тўхтатиш учун жамлансалар бу борада Аллоҳ Таолонинг иродаси ва машийъати бўлмаса бу ишни қилолмайдилар.

Аллоҳ Таолонинг иродаси барча сифатлари қатори Унинг зотида қоимдир. Унинг бу сифат билан сифатланиши доимийдир, ушбу сифати билан Ўзининг азалида белгилаб қўйган нарсаларни айнан ўша белгиланган вақтларида вужудга келишини ирода қилувчидир. Нарсаларнинг барчаси олдин ҳам кейин ҳам эмас, балки У азалида  ирода қилганидек, ўз вақтларидагина вужудга келган, ҳеч қандай алмашишсиз, ўзгаришсиз унинг илми ва иродасига мувофиқ содир бўлган. У барча ишларни тадбир қилди, бироқ фикрлаш тадбири билан эмас, бирор замонни кутиб туриш билан ҳам эмас. Шунинг учун ҳам У бир иш билан банд бўлиб бошқа ишдан ғафлатда қолмайди.

 Эшитиш, кўриш.

Аллоҳ Таоло эшитувчи ва кўрувчидир, эшитади ва кўради. Қанчалик махфий бўлмасин бирор эшитиладиган нарсалар Унинг эшитишидан яширина олмайди. Қанчалик кичик бўлмасин бирор кўринувчи нарса Унинг кўришидан яширина олмайди. Узоқлик унинг эшитишини чеклай олмайди, қоронғулик кўришига халал бермайди.

Ҳудди қалбсиз билгани, тана аъзоларисиз ушлагани, асбобларсиз яратгани каби кўз қорачиғи ва қовоқларсиз кўради, қулоқлар ва қулоқ тешикларисиз эшитади. Зеро Унинг зоти махлуқларнинг зотига ўхшамаганидек сифатлари ҳаммахлуқларнинг сифатларига ўхшамайди.

 Калом.

Аллоҳ Таоло Ўзининг зотида қоим бўлган азалий ва қадим каломи билан гапирувчидир, буюрувчидир, қайтарувчидир, ваъда берувчидир, қўрқитувчидир. Унинг каломи махлуқларнинг каломига ўхшамайди. Унинг каломи ҳавонинг чиқишидан ёки жисмларнинг титрашидан юзага келадиган овоз эмас, шунингдек, лабларни қимирлатиш ёки тилни ҳаракатлантиришдан пайдо бўладиган ҳарф ҳам эмас.

Қуръон, Таврот, Инжил ва Забур Аллоҳ Таолонинг Ўз элчиларига тушурган китобларидир. Қуръон тиллар билан ўқилгандир, мусҳафларда ёзилгандир, қалбларда ёдлангандир, шу билан бирга Қуръон қадимдир, Аллоҳ Таолонинг зотида қоимдир, қалбларга ва вароқларга кўчиш билан Аллоҳ Таолонинг зотидан ажралмайди, алоҳида бўлмайди. Ҳудди аброр кимсалар охиратда Аллоҳ Таолонинг зотини  жавҳар ва аразсиз кўришлари каби Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ Таолонинг каломини овоз ва ҳарфларсиз эшитган. Модомики ушбу сифатлар Аллоҳ Таолода бор экан, Унинг тириклиги, олимлиги, қодирлиги, ирода қилувчилиги, эшиувчилиги, кўрувчилиги ва гапирувчилиги сифатлардан ҳоли бўлган зотнинг ўзи билан эмас, балки Унинг ҳаёт, қудрат, илм, ирода, самъ, басар, ва калом сифатлари биландир.

 

(Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳё улумиддин” китобидан “Ақийда қоидалари китоби” асосида тайёрланди)

 

 Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқов

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Имом Абу Ҳанифа – Аллоҳ таоло раҳматига олсин – деди: “имон тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрорнинг якка ўзи имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўла олганда, мунофиқларнинг ҳаммаси мўмин бўлардилар. Шунингдек, маърифат1нинг якка ўзи ҳам имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўла олганда, аҳли китобларнинг ҳаммаси мўмин бўлардилар. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида деди: “Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” [Мунофиқун, 1]. Аллоҳ таоло аҳли китоб ҳақида деди: “Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар” [Бақара, 146]. Имон зиёда бўлмайди ва озаймайди. Чунки, имоннинг озайиши фақат куфрни зиёдалашуви билангина тасаввур қилинади. Унинг зиёда бўлиши фақат куфрни озайиши билангина тасаввур қилинади. Қандай қилиб, битта шахс бир ҳолатда ҳам кофир ва ҳам бўлиши мумкин бўлади. Мўмин ҳақиқий мўминдир. Кофир эса, ҳақиқий кофирдир. Куфрда шак бўлмаганидек, имонда ҳам шак бўлмайди. Аллоҳ таоло деди: “Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир” [Анфол, 4], “Ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир” [Нисо, 151]. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан бўлган осийларнинг барчаси ҳақиқий мўминдирлар. Кофир эмаслар.

Амал имондан бошқа ва имон амалдан бошқадир. Далил шуки, кўп вақтларда мўминдан амал кўтарилади. Лекин, ундан имон кўтарилди дейиш тўғри бўлмайди. Масалан, ҳайз кўрган аёл, Аллоҳ таоло ундан намозни кўтаради. Лекин, ундан имон кўтарилди ёки Аллоҳ таоло унга имонни тарк қилишга буюрди дейиш тўғри бўлмайди. Шориъ унга рўзани тарк қил сўнгра уни қазосини тут деди. Лекин, имонни тарк қил сўнгра қазосини қил дейиш тўғри бўлмайди. Фақирни зиммасида закот йўқ дейиш мумкин. Лекин, фақирга имон вожиб эмас дейиш жоиз эмас.

Яхшилик ва ёмонликнинг барчасининг тақдири Аллоҳ таолодандир. Чунки, бирор киши яхшилик ва ёмонликнинг тақдири Аллоҳдан бошқасидан деб ўйласа, Аллоҳ талога кофир бўлади ва унинг тавҳиди бекор бўлади.

Амаллар учтадир: фарз, фазилат ва маъсият эканлигига иқрормиз. Фарз Аллоҳ таолонинг буйруғи, хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қазоси ва қадари, яратиши, ҳукми, илми, тавфиқи ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир. Фазилат Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Лекин, Унинг хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қазоси ва қадари, ҳукми, илми, тавфиқи, яратиши ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир. {Фазилат Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Агар шундай бўлганида фарз бўларди. Лекин, у Унинг хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қадари ва қазоси, ҳукми, илми, (амаларни бажаришга) сабабларни тўла-тўкис қилиб бериш ва иститоат2 орқали тавфиқ бериши ва яратиши яъни таквини – чунки, Аллоҳ таоло банадларнинг феълларини яратувчисидир. Бу борада баҳс ўтади – ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир}3. Маъсият Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Лекин, яхши кўрмаган ҳолда Унинг хоҳиши билан, рози бўлмаган ҳолда Унинг қазоси билан, тавфиқ бермаган ҳолда тақдири билан, қўллаб-қувватламаслиги, илми ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги билан бўлади.

Аллоҳ таоло эҳтиёжи бўлмаган ҳолда ва ўрнашиб олишликсиз Аршга истиво қилганига иқрормиз. У Арш ва Аршдан бошқасини эҳтиёжи бўлмаган ҳолда сақловчисидир. Агар муҳтож бўлганида, худди махлуқотлар каби оламни яратишга ва тадбир қилишга қодир бўлмас эди. Агар ўтиришга ва ўрнашишга муҳжтож бўлганида Аршни яратишдан олдин Аллоҳ таоло қаерда бўлган? Аллоҳ таоло бу ҳолатдан пок ва олийдир.

Қуръон Аллоҳ таолонинг махлуқ4 бўлмаган каломи, ваҳийси, нозил қилгани, Унинг айни ўзи эмас ва Ундан бошқа ҳам эмас. Балки, у Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сифати, мусҳафларда ёзилган, тиллар билан ўқилинувчи ва қалбларда унга тушмаган ҳолда ёдланувчидир. Сиёҳ, қоғоз ва ёзувларнинг барчаси махлуқдир. Чунки, булар бандаларнинг феълларидир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмас. Чунки, ёзув, ҳарфлар, калималар ва оятлар бандаларнинг буларга ҳожати бўлгани учун Қуръоннинг далолатқилувчиларидир. Аллоҳ таолонинг каломи Унинг отида қоим ва маъноси ўша нарсалар воситада тушунилувчиди. Ким Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ деса, буюк Аллоҳга кофир бўлади. Аллоҳ таоло маъбуддир. У ҳар доим қандай бўлса шундай бўлади. Унинг каломи Ўзидан ажралмасдан ўқилинувчи, ёзилган ва ёдланувчидир.

Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сшнг бу уматнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар, сўнгра Усмон, сўнгра Али розияллоҳу анҳум эканликларига иқрормиз. Далил: “Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар, (Аллоҳга) яқин бўлганлар. Сернеъмат жаннатлардалар” [Воқеа, 10-12]. Пешқадамроқ бўлган ҳар бир шахс борки, у афзалдир. тақводор ҳар бир мўмин уларни яхши кўради. Бахтиқаро ҳа бир мунофиқ уларни ёмон кўради.

Банда ўзининг амаллари, иқрори ва маърифати билан бирга махлуқдир. Ҳар қачон бажарувчи махлуқбўлса, унинг феъллари махлуқ бўлишга лойиқроқдир. Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотни улар учун кучқувват йўқ бўлган ҳолатда яратди. Чунки, улар кучсиз ва ожиздирлар. Аллоҳ таоло уларнинг яратувчиси ва уларга ризқ берувчисидир. Далил: “Сизларни халқ қилган, сўнгра ризқлантирган, кейин ўлдирадиган ва яна тирилтирадиган зот Аллоҳдир” [Рум, 40]. Ишлаб топиш ҳалолдир. Ҳалолдан мол тўплаш ҳалол ваҳаромдан мол тўплаш ҳаромдир.

Одамлар уч турлидирлар: имонида содиқ мўмин, куфрида кўрнамак (муккасидан кетган, давом этувчи, маҳкам туриб олган) кофир ва имонида тилёғламачи мунофиқ. Аллоҳ таол мўминга амални, кофирга имонни ва мунофиққа ихлосни фарз қилди. Далил: “Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!” [Нисо, 1]. Яъни, эй, мўминлар итоат этинглар! Эй, кофирлар имон келтиринглар! Эй, мунофиқлар ҳаққоний бўлинглар!

Иститоъат феъл билан биргадир. Феълдан олдин ҳам эмас кейин ҳам эмас. Чунки, феълдан олдин бўлса, банда (феълга) ҳожати тушган пайтда Аллоҳ таолодан беҳожат бўлиб қолади. Бу эса насснингҳукмига хилофдир. Далил: “Ва, ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар” [Муҳаммад, 38]. Агар иститоъат феълдан кейин бўлса, бу маҳол бўлади. Чунки, феъл иститоъатсиз ва тоқатсиз ҳосил бўлиши лозим келади. Икки маҳсига масҳ ториш муқим учун бир кеча-кундуз муддатда, мусофир учун уч кеча-кундуз муддатда вожиб эканлигига иқрормиз. Чунки, ҳадис шу тарзда келган. Ким буни инкор қилса, унга куфр хавф қилинади. Чунки, бу мутавотир хабарга яқиндир. Сафарда қаср5 ва ифтор6 қилиш Қуръон насси билан рухсатдир. Далил: “Ер юзида жавлон урганингизда, куфр келтирганлар сизга фитнақилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир” [Нисо, 101]. Ифтор тўғрисида Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи далил: “Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” [Бақара, 184].

Аллоҳ таоло қаламга ёзишга буюргани, шунда қалам нимани ёзаман эй, Робб дегани, Аллоҳ таоло қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёз деганига иқрормиз. Далил: “Ва уларнинг ҳар бир иши китоблардадир.Ҳар бир кичигу катта сатрлангандир” [Қамар, 52, 53].

Қуйидагиларга иқрормиз: қабр азоби шубҳасиз собитдир. Бир неча ҳадисларнинг мавжудлиги далил бўлгани учун мункар ва накирнинг сўроғи ҳақ. Дўзах ва жаннат ўз аҳллари учун яратилган7. Мўминларҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу гапи далил: “тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг” [Оли Имрон, 133]. Кофирлар ҳақида Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи далил: “кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар” [Бақара, 24]. Аллоҳ у иккисини савоб ва иқоб учун яратди. Мезон ҳақдир. Далил: “Бизқиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз” [Анбиё, 47]. Китоблар8нинг ўқилиши ҳақдир. Далил: “Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)” [Исро, 14].Қуйида келтирилганларга иқрормиз: Аллоҳ таоло бу жонларни ўлгандан кейин тирилтиришга ва миқдори эллик минг йил бўлган кунда жазо ва савоб ҳамда ҳақларни адо этиш учун чиқаради9. Далил: “Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур” [Ҳаж, 7]. Жаннат аҳли учун Аллоҳ таолога йўлиқиши кайфятсиз, ташбеҳсиз ва тарафсиз бўлган ҳолатда ҳақдир. Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоати жаннат аҳлидан бўлган мўминнинг ҳар бирига гарчи, у кабира гуноҳсоҳиби бўлсада ҳақдир. Оиша Хадичаи Кубродан кейин оламларнинг аёлларидан афзал, мўминларнинг онаси, зинодан пок ва рофизийлар айтганларидан йироқдир. Ким унинг зиддига зинога гувоҳлик берса, бас, у валади зинодир10. Аҳли жаннат жаннатда абадийдирлар. Аҳли дўзах дўзахда абадийдирлар. Мўминлар ҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу гапи: “ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадийқолурлар” [Бақара, 82] далил бўлса, кофирлар ҳақида эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи “улар дўзах эгаларидир, улар унда абадий қолурлар” [Бақара, 39] далилдир”.

 Арабчадан Абдулҳодий таржимаси

1 Ақоид фанида имон масаласи баҳсида маърифат сўзидан Аллоҳ таолони таниш ва билиш тушунилади

2 Ақоид фанида иститоъат сўзи термин сифатида қўлланилиб, ундан бирор амални бажаришга Аллоҳтаоло томонидан берилган имконият, куч-қудрат, тоқат ва иқтидор тушунилади. Буларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин маънодаги сўзлар бўлиб, бири бошқасининг ўрнида ишлатилаверади.

3 Ушбу белги ичида келтирилган гаплар “Васият” рисоласининг айрим нусхаларидагина мавжуд

4 Шариат истилоҳида махлуқ сўзи Аллоҳ таоло ва Унинг исм ва сифатларидан бошқа ҳамма мавжудотга қўлланилади.

5 Яъни, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракаъат қилиб адо этиш

6 Яъни, рўза тутмасдан оғзини очиб юриш

7 Яъни, ҳозир яратиб қўйилган

8 Яъни, номаи аъмолларнинг ўқилиши

9 Яъни, қабрларидан чиқаради

10 Ким Оиша розияллоҳу анҳу ҳақида Қуръон у зотни оқлаб, нозил бўлгандан кейин ҳам шу гапларни гапирса, нафақат валади зино бўлади, балки у шубҳасиз, ислом миллатидан чиққан кофир бўлади

 

 Ҳофиз ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтадилар : Аллоҳнинг амри билан кўз тегиши ва унинг таъсири ҳақдир.

(«Ибну Касийр тафсири»)

  Ҳофиз ибн Хожар раҳимахуллох айтадилар : Кўз  тегиши ёмон  табиатли  кишидан бир  нарсага  Ҳасад  билан  ёқтириб қарашидан пайдо  бўлади. Назар қилинган кишига ундан зарар  ҳосил бўлади.

(«Фатхул борий»)

   Ибнул Асийр раҳимаҳуллох айтадилар : Қачонки бир кишига душмани  ёки бир Ҳасадгуй назар ташласа ва ўнга таъсир қилса ва шу  сабабдан у касал бўлиб колса, ўнга кўз тегибди, деб  айтилади.

(Ан-ниҳоя)

   Баъзи  уламолар айтадилар: “Қулоқ солиш ва ақл ишлатишдан  бенасиб  қолган тоифалар кўз тегишини инкор қилганлар. Улар кўз тегишини  : «Бу гаплар ваҳима гаплардан  бўлак нарса эмас, ҳақиқатда йўқ  нарсалардир», деб изоҳлайдилар. Бу гапларни айтаётганлар одамлар ичида энг илмсиз, ақл ва Қулоқ солиш борасида жоҳил, бети қалин, табиати қўпол, руҳлар ва жинлар, уларнинг сифатлари  ва таъсирлари  ҳақида маърифатдан йироқ бўлган кишилардир. Оқил  кишилар эса, миллатлари кандай бўлишидан катъий назар, улар кўзнинг сабаби ва таъсир қилиши  ҳақида турли фикрларда бўлсалар ҳам кўзнинг  тегишини йўққа чиқармайдилар ва инкор қилмайдилар.”

Баъзи уламолар айтадилар: Маълумки Аллоҳ субханаҳу жисмлар ва руҳларда қувватлар ва турли табиатларни яратиб, уларнинг кўпчилигида ўзига хосини ва таъсирли кайфиятларни барпо қилган. Оқил инсон  руҳларнинг  жисмларга  таъсир  қилишини инкор қилиши мумкин эмас. Чунки бу гувоҳ бўлинган ва  ҳис қилинган  нарсадир. Мисол учун бирор кишидан тортиниб, уялиб турган кишига, ўша киши  қараса, унинг юзи қизариб кетади, биронта кишидан қўрқаётган кишига, қўрқитаётган киши қараса, қўрқувчининг юзи сарғайиб кетганини  кўрасиз. Инсонлар назар таъсиридан  касалликка чалиниб, қуввати заифлашганларнинг гувоҳи бўлишган. Буларнинг бари руҳлар таъсирининг  воситасидандир. Кўз тегишининг  кўзга боғликлиги кучли бўлгани учун  ҳам «кўз тегиш» деб бу ҳодисани кўзга боғланади.  Аслида кўзнинг бу ўринда  алоқаси йўқ бўлиб,  фақат  руҳгина таъсир қилади. Руҳлар - табиати, қуввати, кайфияти, ўзига  хослиги билан турли-туман бўлиб,  Ҳасадгуй руҳ, Ҳасад қилинаётган  руҳга  очиқ азият беради.  Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу -  ўз расулига ҳасадгуйнинг ҳасад қилаётган  вақтдаги ёмонлигидан паноҳ сўрашни  буюрди. Ҳасадгуйнинг ҳасад қилинаётган кишига  азият беришини  инсоният ҳақиқатидан ташқарида бўлган кишигина инкор этади.  Кўз тегишининг асли келиб  чиқиши ҳам мана шундайдир. Зеро кўз тегаётганида ҳасадгуй ва бузуқ жон  бузуқ кайфиятга кириб, ҳасад қилинаётган жонга  рўбарў келади ва ўзига хослиги билан ўнга  таъсир қилади.  Бунга мисол қилиш учун энг яқин бўлган нарса  -  илондир.  Ундаги заҳар  кувват билан яшириниб туради. Душманига рўбарў келгач, ғазаб куввати ажралиб чиқиб, азият берувчи ярамас  бир кайфият тусига кира  бошлайди. Илонларнинг ичида мана шундай кайфияти кучайиб, қувватга кирувчи ва  ҳатто қориндаги ҳомиланинг тушишига  ёки кўзни кўр бўлишига  таъсир қилувчиси ҳам бор.  Пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи ва саллам)  думи кесик ва «зу туфятайн» деган илонлар тури ҳақида айтганларки : «У  иккиси кўзни  кўр қилади ва ҳомилани туширади».

(Бухорий, Муслим)

Кўзнинг таъсири гоҳо тегиш, гоҳо  рўбарў келиш, гоҳида қараш, Гоҳида руҳнинг таъсир қилаётган кишиси томонига  юзланиши билан, Гоҳида дуолар,  дам солишлар ва тааввузотлар билан,  Гоҳида эса уй ва хаёллар билан ҳам бўлади.  Кўзи  тегаётган кишининг таъсири қарашгагина боғлиқ эмас.  Балки, Гоҳида киши  кўр бўлса ҳам,  унга бирор нарсанинг сифати баён қилинганда, уни кўрмаса ҳам унга таъсир қилади. «Кўзи бор» деб аталадиганларнинг кўпчилиги, кўз  тегаётган нарсани кўрмасданоқ, унинг сифатини эшитганида унга  таъсир қилиб қуяди. Кўз  «кўзи бор» кишидан чиқиб, Гоҳо  нишонга тегувчи, Гоҳида эса хато кетувчи  камоннинг ўки  кабидир.  Агар у ҳеч бир ҳимоясиз жонга  дуч келиб қолса,  шубҳасиз унга тегади, агар қуролланган совутли жонга дуч келса, у кучини йўқотиб,  таъсир қилолмайди. Гоҳида эса  ўқ ўз эгасига  қайтиб кетиши ҳам мумкин. Кўз тегишининг  асли келиб чиқиши  «кўзли» кишининг бирор нарсани ёқтириб қолишидан бўлади. Сўнгра унинг нафсидаги  бузуқ кайфият бўнга эргашади ва  заҳарини сочиш учун у  кўзлаётган  кишисига ёки нарсасига  назар ташлашдан фойдаланади. Баъзида  киши ўзини  ўзи  беихтиёр кўзлаб қуяди.

 

Баҳодир Соипов

ТИИ ўқитувчиси

Мақолалар

Top