muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 30 Октябрь 2017 00:00

«Сарҳисоб» танлови

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қў­мита, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўз­бе­­кис­­тон Миллий телерадио­компа­нияси, Ўзбекистон му­сул­мон­лари идораси, Тошкент ислом уни­вер­си­тети би­лан ҳам­­­корликда мустақил­лик йиллари Ўзбекистонда ди­ний-маърифий соҳада амалга ошири­лаётган ислоҳот­ларни кенг тар­ғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадр­лаш, динлараро бағрикенглик ва ҳам­корлик ғоя­ларини омма­лаш­­ти­­риш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаёт­ган ёш авлодни ёт ғоя­лардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган ижодкор­лар­ни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақ­са­ди­да «Сар­ҳисоб» тан­ловини ўтказади.

Танловнинг ҳудудий босқичида 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг
1 октябргача газета ва журналларда босил­ган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўр­са­­­тилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материал­лар 2017 йилнинг 20 ноябрга қадар қабул қилинади. Ҳу­­­дудий босқич ғолиблари республика босқичида қат­на­шиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Танловнинг ҳудудий босқичи 1 декабргача ўтказилиши кўзда тутилган.

Танловнинг республика босқичи «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида ўтказилади. Республика босқичи ғо­либлари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар ора­­сидан танлов асосида сараланади. Танловнинг ўтка­зи­лиш вақти ОАВда эълон қилинади.

Танловнинг республика босқичида ғолиб, деб то­пил­ган­лар қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:

Бош мукофот: «Жаҳолатга қарши – маърифат» мавзусидаги энг яхши ижодий иш.

Fолиб махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо сов­­ғалари билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

энг яхши ижодий иш учун мукофот (телевидение – I, II, III ўринлар);

энг яхши ижодий иш учун мукофот (радио – I, II, III ўринлар);

энг яхши ижодий иш учун мукофот (даврий матбуот – I, II, III ўринлар);

энг яхши ижодий иш учун мукофот (Интернет – I, II, III ўринлар);

"Энг фаол тарғиботчи" (I, II, III ўринлар);

Fолибларга асосий мукофотларга қўшимча тарзда таш­ки­лот­чиларнинг қимматбаҳо совғалари ҳам топширилади.

Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда Интер­нет­да эълон қилинган ишлар тақдим этилади (3 тадан кам бўл­маслиги керак).

Телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи во­ситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 5 ми­нутдан 30 минутгача бўлиши керак.

Радиоэшиттиришлар (аудиокассета ёки системали диск) 5 минутдан 30 минутгача бўлиши керак.

Матбуот ва Интернет материаллари даврий нашрнинг асл нус­­хаси ёки кўчирма нусхасида тақдим этилиши лозим. 

Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қи­линади:

– муаллифнинг исми-шарифи, ўз соҳасида олиб бо­раёт­ган фаолияти тўғрисида қисқача маълумот;

– муаллифнинг тураржойи, уй ва иш телефонлари;

– паспорт нусхаси.

Танловда иштирок этувчиларнинг материаллари Ўзбе­кис­тон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликларига топ­ширилади. 

Ташкилий қўмита.

Понедельник, 30 Октябрь 2017 00:00

Намоз ила муаммони ҳал қилинг

Аллоҳ учун энг суюкли амал – намоздир. Намоз – барча яхшиликлар калити. Намоз – мўминнинг меърожи.

Агар бошингизга ташвиш тушса, намоз ила ташвишингизни аритинг.

Агар молиявий касодга учрасангиз, намоз ила муаммонгизни ечинг.

Агар мусибатга учрасангиз, намоз ила енгиб ўтинг.

Агар оилангизда нотинчлик бўлса, намоз ила уни даф қилинг.

Агар иш тополмаётган бўлсангиз, намоз ила ишга эришинг.

Яқин кишингиздан айрилиб қолсангиз, намоз ила ўзингизга таскин беринг.

Агар қалбингиз сиқилаётган бўлса, намоз ила кенгликка ўтиб олинг.

Биров сизга зулм қилса, намоз ила ундан ҳаққингизни олинг.

Бир нарсангизни йўқотиб қўйсангиз, намоз ила уни топинг.

Қарздорликдан қийналяпсизми? Намоз ила қарзларингиздан қутулинг.

Одамлар сизга нисбатан ёмон муомалада бўлаяптими? Намоз ила уларнинг қалбларини юмшатинг.

Фарзандларингиз гапингизга қулоқ солмаяптими? Намоз ила уларни тарбияланг.

Солиҳ жуфти ҳалол истаяпсизми? Намоз ила солиҳ жуфти ҳалолга эришинг.

Фарзанд кўриш кечикяптими, намоз ила фарзндли бўлинг.

Дунёдаги барча муаммо ва ташвишларни намоз ила ечинг ва оламлар Роббига ҳақиқий банда бўлинг!

Зеро, Аллоҳ таоло: «САБР ВА НАМОЗ ИЛА ЁРДАМ СЎРАНГИЗ», деб марҳамат қилган. 

Одилхон қори Юнусхон ўғли,

Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби

Понедельник, 30 Октябрь 2017 00:00

Халқаро анжуман иш бошлади

2017 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ва Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори в.б. Жасур Нажмиддинов Москва шаҳрида ўтказиладиган “Ислом ақидаси ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли илмий-маърифий анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетишди. Ушбу анжуман ўз ишини 2017 йил 29–31 октябрь кунлари олиб боради.

Мазкур анжуманнинг бориши ва унда кўтарилган масалалар тўғрисида сайтимизда ёритиб борамиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам тишларини тозалаш учун мисвокдан фойдаланганлар ва умматларига ҳам шуни тавсия қилганлар. “Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим” (Имом Молик ва Имом Бухорий ривояти).

Мисвок арок деган бутанинг учи юмшатилган новдалари бўлиб тишни тозалаш баробарида оғизнинг ҳидини ҳам олар экан.

Демак, мусулмонларга Саодат асридаёқ тишни тозалаб юриш одат бўлган.  Орадан кўп асрлар ўтганидан кейин француз императори Наполеон Бонапарт (1769-1821) отнинг ёлидан ясалган тиш чўткасидан фойдаланган.

Оғиз гигиенаси катта тарихга эга. Археологик қазишмалар натижасида шундай хулосага келинди. Бундай қазишмалар чоғида тиш тозалагичнинг турли воситалалари топилди. Киев Русида ҳам мисвок қолдиқлари топилгани  мисвоклар ушбу мамлакатга мусулмонлар таъсирида келтирилган деган фикрга асос бўлади.

Тиш чўткасини расман ишлаб чиқишни эса 1780 Англия фуқароси Вильям Аддис (ингл. William Addis) бошлаган. Ўша йили исёнга қўшилиб қолган Аддис турмага ташланади ва турмада ўтириб тиш чўткаси ясайди. Бунинг учун у суякдан қатор тешиклар очиб, очилган тешиклардан бошнинг орқа қисмидаги сочларни ўтказади ва уларни елим билан маҳкамлайди. Озодликка чиққанидан кейин у тиш чўткаси ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Аддис асос солган Wisdom Toothbrushes, фирмаси ҳали ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Уммон ортида эса тиш чўткаси ишлаб чиқариш учун америкалик ишбилармон Водсворф (ингл. H.N.Wadsworth) 1850 йилда патент олган. Бироқ уни оммавий равишда ишлаб чиқариш 1885 йилга келиб бошланган.  Ўша тиш чўткаларининг дастаси суякдан, чўтканинг ўзи эса сибирь тўнғизининг жўнидан бўлган. У расво материал бўлган: чўтка тезда қуримаган, бунинг устига, табиий чўтканинг ичида, таг қисмида микроблар тўпланиб кўпайишига ғоятда ўнғай бўлган яна бир қатлам пахмоқ қил бўлган. 

1938 йилнинг 24 февралида Oral-B компанияси тишни тозалайдиган толаси нейлондан бўлган тиш чўткаси ишлаб чиқаради. 

Биринчи электр чўткаси Broxodentни эса 1959 йилда Squibb Pharmaceutical компанияси таклиф қилди. 

2003 йилнинг январида ўтказилган сўровда америкаликлар тиш чўткасини инсоният қилган ихтироларнинг биринчи рақамлиси деб айтдилар. Улар машинасиз, компьютерсиз, мобиль телефонсиз, микротўлқинли ўчоқсиз яшай олмагани каби тиш чўткасисиз ҳам мутлақо яшай олмаслигини эътироф этган.

Бундан аён бўладики, энг буюк ихтиро сифатида тан олинган тиш чўткасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиро қилган эканлар.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади

25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган йиғилишда Самарқанд вилоятида “Ҳадис”, “Калом”, Фарғона вилоятида “Ислом ҳуқуқи”, Бухоро вилоятида “Тасаввуф”, Қашқадарё вилоятида “Ақида” илмий мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича масалалар келишиб олинди.

Мажлисни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий меросни ўрганиш мақсадида, Самарқанд вилоятида ҳадис илми, калом илми, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи, Бухоро вилоятида тасаввуф, Қашқадарё вилоятида ақида мактабларини ташкил этиш бўйича берган тавсия ва кўрсатмаларига алоҳида тўхталиб, мазкур мактаблар фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, ташкил этилаётган мактаблар олдига жуда катта вазифалар қўйилганини алоҳида таъкидлаб, ҳар бир мактабларда фаолият олиб бориш учун жалб қилинадиган ўқитувчилар диний идорада тузиладиган махсус ҳайъат суҳбатидан ўтказилгандан сўнг иш бошлашини маълум қилдилар.

Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров муҳокамада сўзга чиқиб, ташкил этилаётган мазкур мактаблар Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган Ислом академияси ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олиш истагида бўлганларни тайёрлашда ҳам муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов ушбу мактабларга диний маълумотга эга бўлган мутахассислар билан бир қаторда дунёвий илмларга эга бўлган фан номзоди ва фан докторларини ҳам жалб қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққан нотиқлар мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилиши, уларда юртимизда шаклланган устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши, тингловчилар (илмий изланувчи) учун тегишли асарларни давра дарслари шаклида ташкил этилиши, жамиятдаги турли диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуотда материаллар эълон қилиниши тўғрисида сўз борди.

Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади. Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади.

Йиғилиш сўнггида мактаб фаолиятини юритиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мақолалар

Top