muslim.uz

muslim.uz

“Самарқанд вилоятининг туризм ва транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, вилоятни “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” концепцияси асосида ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–455-сон, 24.12.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда зиёрат туризмини ривожлантириш ва туристлар сонини мақсадли кўрсаткичларда белгиланган миқдорларга етказиш учун Индонезия, Малайзия, Япония, Бангладеш мамлакатларидан келаётган туристларни жалб этиш мақсадида хорижий ва учинчи давлат авиакомпаниялари томонидан халқаро аэропортларда жорий этилган “Очиқ осмон” режими доирасида авиапарвозларни амалга оширишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши назарда тутилган.
Бундан ташқари Туризм ва маданий мерос вазирлигига: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Транспорт вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда зиёрат туризми дастури бўйича хорижий авиакомпанияларни кенг жалб қилиш; “Uzbekistan Airports” АЖ ва хусусий шерик билан биргаликда 2023 йил 1 февралга қадар Аэропортда туризм ахборот марказини ташкил қилиш чораларини кўриш топшириғи берилган.

Қарорга мувофиқ, “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампанияси йўлга қўйилади.
2026 йил 1 январгача тадбиркорлар:
— 4 юлдузли ва ундан юқори тоифагали меҳмонхона учун зарур товарларни олиб кирганда божхона божини тўлашдан;
— Самарқанд туристик марказида қурилиш учун “вақтинча олиб кириш” божхона режимига олиб кириладиган ускуналар учун даврий божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.
2023 йилнинг 1-чорагида Самарқанд шаҳрида “Aviation & Logistics Forum” II халқаро авиация форуми ўтказилади.
Самарқанд туристик маркази ҳудудида чет эллик шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконлари ташкил этилади.
2023 йил 1 сентябргача шаҳарлараро ва халқаро автобус қатновлари ахборот технологиялари орқали йўлга қўйилади. Мазкур тизимда:
- чипталарни “Uzbus” платформасида харид қилиш тартиби;
- автобусларга GPS қурилмаларини ўрнатиш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ягона платформа яратилади.
2023 йил 1 февралгача Аэропортда туризм ахборот маркази ташкил қилинади.
2023 йилда БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеянинг навбатдаги 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш белгиланган.
Шунингдек, 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган тадбирлар ва анжуманлар графигини ҳамда 2024 йилда Хива шаҳри “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” ҳамда Шаҳрисабз шаҳри “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” мақомини олганлиги муносабати билан ўтказиладиган чора-тадбирлар режасини тасдиқлашни назарда тутувчи қарор лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуслари билан юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олиш ҳамда уларнинг хонадонларига қишнинг синовли дамларида илиқлик олиб кириш мақсадида, кенг кўламда хайрия тадбирлари ташкил этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мазкур ишларга 210 млн. сўм маблағлар ажратилиб, ҳудудлардаги имом-хатиблар орқали жойлардаги муҳтож оилаларга кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Мана шундай савобли ишларга қўшимча равишда имом-хатиблар томонидан ҳам саховатпеша кишиларни жалб этган ҳолда 75 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Бундай тадбирларда ўлкамизнинг барча ҳудудларида меҳнат қилаётган имом-домлаларнинг хизматларини эътироф этган ҳолда Самарқанд вилояти имомлари кўрсатган фаолликларни алоҳида эътироф этиш керак.

Бундай меҳр-оқибатдан мамнун бўлган ёрдамга муҳтож оилалар диний соҳа вакиллари ва мутасаддиларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишмоқда. Зеро, динимиз синовли кунларда инсонларни бир-бирларига ёрдам кўрсатишга, хайру саховат ишларини амалга оширишга кенг даъват этади.

Юртимиз бўйлаб шундай хайрия ишлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими

Биринчиси нафлларга қаттиқ киришиб, хотин ва болаларни, қўшнилар ҳаққига бепарво бўлиш. Бир вақтлар юртимизда сўфийликни даъво қилиб баъзи кишилар чиққан эдилар. Пирнинг ҳузурида уч маҳал қозон қайнагани учун хонақосига ётиб олиб нафл ибодатларни қилишар, оилалари эса бу ёқди йўқчиликдан қийланишар эди. Мана шу динда ғулуга кетиш бўлади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ ثَلَاثَةُ رَهْطٍ إِلَى بُيُوتِ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُونَ عَنْ عِبَادَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَلَمَّا أُخْبِرُوا كَأَنَّهُمْ تَقَالُّوهَا، فَقَالُوا: وَأَيْنَ نَحْنُ مِنَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ، فَقَالَ أَحَدُهُمْ: أَمَّا أَنَا فَإِنِّي أُصَلِّي اللَّيْلَ أَبَدًا، وَقَالَ آخَرُ: أَنَا أَصُومُ الدَّهْرَ وَلَا أُفْطِرُ، وَقَالَ آخَرُ: أَنَا أَعْتَزِلُ النِّسَاءَ فَلَا أَتَزَوَّجُ أَبَدًا، فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَيْهِمْ، فَقَالَ: أَنْتُمُ الَّذِينَ قُلْتُمْ كَذَا وَكَذَا، أَمَا وَاللهِ إِنِّي لَأَخْشَاكُمْ ِللهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ، لَكِنِّي أَصُومُ وَأُفْطِرُ، وَأُصَلِّي وَأَرْقُدُ، وَأَتَزَوَّجُ النِّسَاءَ، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:

«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.

Улардан бири:

«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса:

«Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири:

«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).

Иккинчиси. Қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракъат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.

Учинчиси. Васвасага тушиб қолган кишилар. Улар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикин” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади. Рашид Гангўҳий раҳматуллоҳи алайҳ бир бор таҳорат қилиб турганимдан кейин фалон жойимга сув тегмай қолди шекилли деган хаёл келди. Қалбни ҳотиржам қилиш учун ўша жойни ювдим. Энди кетмоқчи бўлгандим фалон жойга ҳам тегмай қолдимикин деган хаёл келди. У ерни ҳам ювдим. Қарасам яна хаёл келди, шунда бу шайтоннинг васвасаси эканлигини тушундим ва шайтонга қарата “сенингча таҳоратим йўқ бўлса менимча бор. Сен айтгандек таҳоратсиз бўлсам ҳам ўқийвераман” деб унга парво қилмай қўйдим. Агар яна бир бор уни айтганига кирганимда эди умр бўйи васвасадан қутилолмай қолардим – деганлар.

Тўртинчиси. Ҳар бир нарсани тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи бир кишлар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса гўшти покмикин деб тагига етишга ҳаракат қилади. Мусулмон маҳалла, мусулмон киши бўлганидан кейин яхши гумонга бориб, таомини еявериш керак. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ким издиҳомга айтса бориб таомини еяверар, таомни қаердан топганини тагига етишга ҳаракат қилмасдилар. Албатта халқ ичида касби судхўр, порахўр, ҳаромдан пул топувчилиги ошкор бўлса издиҳомига бориб панду-насиҳат қилар, ҳақни тушунтириб, таомидан емас эдилар.

Бир кун Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумолар чўлда кетаётиб бир ховузга йўлиқдилар. Амр ибн Ос ҳовуз бўйида ўтирган кишига қараб “Эй ҳовуз эгаси ҳовузинга йиртқичлар ҳам келадими” деб сўрадилар. Гўёки вахший ҳайвонларни сўлаги нажосат, улар тумшуғини тиқиб сув ичишган бўлса сув нажосат бўлади дегандиек. У киши жавоб бермасидан туриб Умар розияллоҳу анҳу “Эй ҳовуз эгаси бизга буни айтмай қўявер” дедилар. Буни шариат ҳовуздан сув ичиш ва таҳорат қилишга рухсат берганидан кейин йиртқич келган, сўлаги сувга тушганини суриштиришга ҳожат йўқ – деганидек.

Албатта халқ оврўпадагидек жонворларни “Бисмиллоҳ”ни айтмасдан сўйишга одатланган бўлса, уларни ҳалол йўл билан сўйилганини таҳқиқ қилиб олиш вожиб. Асли мубоҳ бўлган сабзавот ва меваларни эса Аллоҳ пок қилиб қўйган унга аниқ далил билан кимдир нажосат аралаштирмагани билинмагунича ейишга рухсат.

Бешинчиси. Ижтиҳодли масалаларда чуқур кетмаслик керак. Баъзи бир шундай масалалар борки фарз, вожиб, ҳаром бўлади. Фарзни тарк қилган ва ҳаромга қўл урганларни инкор қилиш керак. Аммо баъзи масалалар борки баъзи фуқаҳолар жоиз деса баъзилар ножоиз дейишган. Бири бир ҳадисни ушлаб суннат деса бошқаси бошқа ҳадисни ушлаб суннат эмас деган. Бир фақиҳни қавлини олган киши бошқа фақиҳни қавлини олган кишини бошига урмаслик керак. Масалан ҳанафийларда денгиз жонворларидан бошқаси ҳалол эмас. Шофеъийларда эса денгиз тўнғизи ҳам ҳалол. Ҳанафий мазҳабини ушлаган киши шофеъий мазҳабида бўлиб денгиз ҳайвонларидан балиқдан бошқа бирортасини еяётган бўлса сен ҳаромхўрсан деб уни бошига урмаслик керак. Албатта ҳанафийман деб даъво қилиб денгиз тошбақасини еяётган кишига мазҳабимизда жоиз эмас деб айтиши керак.

Олтинчиси. Қайтариш ҳам амалларда даражасига кўра бўлиши керак. ҳаром ишни қилаётганни қайтириш даражаси бошқа, макруҳ таҳримийнинг қилаётганнинг даражаси бошқа, макруҳ танзиҳийнинг қилаётганнинг даражаси бошқа, афзални қилаётганнинг даражаси бошқа бўлиши керак. бир одам дўпписиз намоз ўқиши жоиз. аммо одатда дўппи кийиб юриб намозга келганда дўпписиз бўлиши макруҳи танзиҳийдир. Дўпписиз намоз ўқиётган кишига маруҳи таҳримийни ёки ҳаромни қилган кишига берадиган жазони бериш, қаттиқ сўзни айтиш ва унга қўполлик қилиш бу динда ғулувга кетиш ҳисобланади. Биздаги жанжал-тўполонларнинг асл сабаби ҳам амалларни ва унга билдириладиганларни раддияларнинг даражасини билмаслигимиздадир. Қанча-қанча домлаликни даъво қилувчилар ихтилофларни илмий тарзда ҳал қилиш ўрнига амал қилувчиларни амалларини макруҳи таҳримийга чиқариш билан ҳал қилмоқчи бўлдилар. Уларга тобеъ бўлганлар эса у амалларни ҳаром даражасига етказишди. Натижада бир-бирини фосиққа янада диндан бехабарлари кофирга чиқаришгача етиб боришди. Ҳали хануз чап қўлида чойнакни ушлаб чой қуйган киши халқимиз орасида пиёлага туфлаб чой узатгандек қаттиқ олинади. Ҳолбуки таҳорат қилаётган киши ҳам чап қўлида обдаста ушлаб ўнг қўлида оғзига сув олади. Қолаверса чап қўлдан фойдаланиш шариатимизда қайтарилган эмас. Мўмин кишининг такаллуфлар қилишга ҳожати ҳам йўқ. худди шунингдек баъзи бир кишилар дин илмини ўқисаларда динни тўғри фаҳмлай олмаганлар мустаҳаб, суннат амалларини халққа вожиб ва фарз даражасида деб тушунтирадилар. Намоз ўқимайди, зинони қилади, порани олади, етимни ҳаққини ейди, мўминлар қалбига озор беради, тўйда қилинадиган ёки ўлимдан кейин қилинадиган динимизда бўлмаган амалларни “қилмаса бўлмайди” деб фарз даражасига кўтаради. Қилмаганларни маломатлайди, ҳатто шу ишларни деб фарзандларини оқ қилганлар қанча. Эрларини кафангадо қилган аёллар қанча?

Динни тўғри фаҳмлаш дин олимлари илмига амал қилувчи машойихлар суҳбатидан ўрганилади.

Кеча, 28 декабрь куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Унда кенгаш аъзолари, бўлим мудирлари ва бир гуруҳ соҳа ходимлари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолари ила бошланди.

Файзли учрашув аввалида Муфтий ҳазратлари диний-маърифий соҳада амалга оширилган эзгу ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб, ана шундай хайрли ишлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фахрийлари кенгаши тузилгани, унга раис сифатида узоқ йиллардан буён Ислом маърифати йўлида хизмат қилиб келаётган Шайх Абдулазиз Мансур домла тасдиқлангани, мазкур кенгаш фахрийлар имкониятларидан кенг фойдаланиш ва уларни ҳар жиҳатдан кўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилганини баён этдилар.

Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, динимизда Ислом йўлида соч-соқоли оқарган кишиларнинг фазилати, уларнинг жамият фаровонлигидаги улкан ҳиссалари, буюк ватандошимиз Имом Термизий ривоят қилган муборак ҳадиси шарифда: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиси афзал” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани”, дея марҳамат қилганларини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар, Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжидларни обод этиш, мадрасалардаги таълим сифатини ошириш, Қуръон курсларини кўпайтириш каби йўналишдаги ишлар тўғрисида фахрийларга маълумот бердилар.

Шайх Абдулазиз Мансур йиғилишда сўзга чиқиб, масъулиятли ва шарафли вазифага ишонч билдирилгани учун миннатдорлик билдириб, мазкур кенгаш келгуси фаолияти давомида амалга оширадиган ишларга тўхталиб, жумладан, диний соҳа фахрийларининг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, уларни юксак маънавиятли бўлиб вояга етишларига ҳисса қўшиш, маросимларни ихчам, миллий қадрият ва анъаналарга мос тарзда ўтказилишига тарғиб қилиш каби асосий вазифаларни амалга оширишни алоҳида қайд этди.

Тадбир асносида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши аъзоларига гувоҳнома ва ҳадялар тақдим этиб, хайрли тилакларини билдирдилар.

Шунингдек, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қилинадиган ишлар, хусусан, моддий рағбатлантириш, сиҳатгоҳларга юбориш, диний нашрларга текин обуна қилиш ва энг асосийси муборак умра сафарига имтиёзли юбориш каби имкониятларга Муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталдилар.

Самимий руҳда ўтган учрашувда Фахрийлар кенгаши аъзолари ҳам сўз олиб, мазкур кенгаш тузилгани катта хайрли иш бўлгани, динимизда ўзаро кенгашиб иш қилишга, маслаҳат қилишга буюрилгани ва келгусида кенгаш хайрли ишларга бош бўлишини изҳор этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top