muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 21 Октябрь 2022 00:00

Раббингиз Сиздан воз кечгани йўқ

“Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки, (эй, Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ! Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз. (Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишинингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир муддат ваҳий келмай қолди. Бундан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ташвишга тушиб маҳзун бўлдилар. Мушриклар: “Муҳаммаднинг Раббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини нозил қилди.

“Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки, (эй, Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!”

Чошгоҳ вақти қуёш кўтарилаётган пайт, кундузнинг бошланишидир. “... (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун”дан мурод одамлар ва турли овозлардан холи бўлган, сукунат қамраб олган кечадир.

Шайх Муҳаммад Али Собуний айтади: “Бу оят мушрикларнинг: “Раббиси уни ташлаб қўйди”, деган сўзларига раддиядир”.

“Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз”

Ўткинчи дунёдан охират диёри, жаннат ва ундаги боқий неъматлар яхшироқдир. Чунки Аллоҳ таоло охиратда сизга жаннат ва ундаги ҳавзи Кавсарни, қиёматда умматингизни шафоат қилиш мақомини тайёрлаб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).

Расулулоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир пайғамбарнинг қабул бўладиган дуоси бор. Мен дуоимни умматимга шафоат қилиш учун охиратга олиб қўйдим”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 

(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) она қорнидаликларидаёқ оталаридан, олти ёшларида оналаридан айрилдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг боболари қалбига чексиз меҳр-шафқат ҳиссини солди. Боболари Абдулмутталиб вафотидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толибнинг қарамоғида қолдилар. Узоқ йиллар Абу Толиб у зотни ҳимоя қилди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва инояти билан бўлди.

 

“Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!”

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий юбориб, у зотга шариатни билдирди ва Қуръондан таълим берди.

Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг. Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир” (Қиёмат сураси, 16-17 – оятлар).

Набий (алайҳиссалом) Қуръон оятларини Жаброил (алайҳиссалом)дан қабул қилиб олганларидан кейин ёддан чиқармаслик учун кўп такрорлар эдилар. Аллоҳ таоло у зотни бу машаққатдан озод этиб, Қуръон оятларини эшитишлари биланоқ ёд олиш қобилиятини ато этди.

 

“Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишинингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?!”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо)ни никоҳларига олганларидан кейин бой-бадавлат кишилардан бирига айландилар.

Энг муҳими Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларини қаноатли қилди. Дунёнинг ўткинчи матоҳларига берилмадилар. У зот (алайҳиссалом): “Менинг дунё билан нима ишим бор. Мен билан дунё худди дарахт соясида дам олган, сўнгра уни тарк қилиб кетган кишига ўхшайди”, дер эдилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чин бойликни нафс хотиржамлигида деб билдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас. Балки нафс тўқлигидир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

 

“Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг етимликда вояга етишларининг катта ҳикмати бор эди. У зот етимликни ҳис этганлари учун ҳам уларга ҳамиша меҳрибон, ғамхўр бўлдилар ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб этдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз!” деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

“Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!”

Бирор нарса сўраб келган тиланчини ҳайдаманг, унга мулойим бўлинг. Эҳсон, ҳадя беринг ёки чиройли муомала билан ортига қайтаринг.

Абул Баракот Насафий: “Илм ўрганиш мақсадида бирор савол сўраб келган инсонни ҳайдамаслик, унга ўртагиш ҳам ушбу оят ҳукмига киради”, деган.

 

“Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”

Аллоҳ таоло берган неъматлар ҳақида гапириш шукрнинг бир кўринишидир. Чунки банда ўзига етган инъом ёлғиз Аллоҳ таолонинг фазли билан эканига ишонади ва эътироф этади.

Анас ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарда туриб: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш куфрдир”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га чин уммат бўлиб, у зотнинг гўзал ахлоқларидан ўрнак олиб яшашимизни насиб қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Али Собунийнинг “Софватут тафасийр”,

Абул Баракот Насафийнинг “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”,

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилату аҳлис-сунна” асари асосида

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) бош директори Ҳакима Моҳд Юсуф ва ушбу мамлакатда бўлиб турган Бухоро вилояти делегацияси вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини ҳалол сертификати бериш бўйича расмий орган сифатида аккредитациядан ўтказиш ва бу борада Малайзиянинг илғор тажрибасини жорий этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) синов лабораторияларини аккредитация қилувчи («HALAL» сертификатини берувчи) ва уларнинг фаолиятини сертификатловчи давлат органи ҳисобланади. JAKIM таркибида “Latihan Islam” институти ташкил этилган. Институт синов лабораториялари ходимлари учун ISO стандартлари ва «Halal» сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича малака ошириш курсларини ташкил қилади.
Бугунги кунга қадар JAKIM сертификатлари Малайзияда тан олинган дунёнинг 46 давлатининг миллий сертификатлаштириш органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Музокаралар давомида Малайзия томонига Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш учун муҳит яратиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-табирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Малайзия томони Ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан, шунингдек, Бухоро вилоятида Ҳалол сертификатлаштиришни амалга ошириш бўйича мутахассислар марказини («Centre of Excellence») очиш таклифини кўриб чиқишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича JAKIM Ислом тараққиёти департаментига Ўзбекистоннинг расмий аризасини топшириш ва Малайзия томони билан биргаликда Ҳалол сертификатлаштиришни амалга ошириш бўйича мутахассислар маркази («Centre of Excellence») ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда “21 октябр – Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан “Келажак – менинг тасаввуримда” ижодий кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Кўрик танловда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасидан Ислом Муҳаммад домла ва таълим муассасаси талабалари ҳаттотлик йўналишида фаол иштирок этишди, улар томонидан маҳорат дарслари намойиш қилинди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати

Пятница, 21 Октябрь 2022 00:00

Ҳижрат диннинг рукними? (аудио)

Баҳодир Ботиров
Чуст тумани "Охунбобо" жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар

Top