muslim.uz

muslim.uz

Манба: O’zbekiston24 телеканали

Бугун, 27 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклиф-мулоҳазаларини тингладилар.

Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган шаръий масалалар, масжидлар қуриш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.

Бугунги қабул давомида Фарғона, Андижон, Сирдарё, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.

Эътиборлиси, бир неча ўн йиллардан буён изланишлари натижасида Асқар Абидов томонидан ишлаб чиқилган “Мозийдан садо” номли шажара лойиҳаси ва тариқат силсиласининг олтин занжири асосчилари ва давомчилари номли кўргазма асарлари намойиш этилди. Шунингдек, муаллиф мазкур соҳани ривожлантириш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш баробарида фаолиятлари тараққий этишини сўраб дуо олди.

Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Маълумки, Робиъул аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллад топган ой ҳисобланиб, мусулмон оламида бу ой ўзгача шукуҳ ва кайфиятда ўтказилади. Бу ойда ихлосли мўмин-мусулмонлар пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва суннатларига эргашиб, гўзал ахлоқлар занжирини мустаҳкамлайдилар.

Очни тўйдириш, ёлғиз ва кексалар ҳолидан хабар олиш, етимпарварлик, ўзларида борини бошқаларга улашиш, муҳтожларга кўмак бериш, беморларни зиёрат қилиш, бир сўз билан айтганда, кўнгил олиш суюкли пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одатлари эди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг таклиф ва тавсиялари билан олиб борилаётган мавлид суҳбатлари, жойларда улашилаётган мавлид ҳадялари боис юртимиз, хонадонларимизга нур ва барака ёғилмоқда.

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигидаги вакиллик жамоаси "Фарғона саховат интернат уйи"га ташриф буюриб, у ерда истиқомат қилаётган ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди. Фойдаланувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, маиший ва хўжалик маҳсулотлари туҳфа қилинди.

Шунингдек, жойларда имом-хатиблар томонидан маҳаллалардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз ва кексалар зиёрат қилиниб, ҳомийлар иштирокида уларга мавлуд ҳадялари улашилмоқда. Илм аҳиллари томонидан мавлид ойи бошидан буён Фарғона вилоятидаги мингдан ортиқ хонадонларга ташриф қилиниб, кўнгиллар шод қилинмоқда.

Бу каби хайрия тадбирлари давом этмоқда.

 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.

Мақолалар

Top