muslim.uz

muslim.uz

CАВОЛ: Фарзанд Қуръони каримни тугатиб, ота-онасига бағишласа бўладими? Агар ота-она тирик бўлсачи?

 

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта бўлади. Бу борада мўътабар фиқҳий манбаларимиздан бири “Бадоиъус Саноиъ” китобида бундай дейилади:

قال في بدائع الصنائع: من صام أو تصدق أو صلى وجعل ثوابه لغيره من الأموات أو الأحياء جاز ويصل ثوابها إليهم عند أهل السنة والجماعة.

“Ким рўза тутса ёки садақа берса ёки (нафл) намоз ўқиса ва савобини вафот топган инсонгами ёки тирик инсонгами бағишласа, бу жоиздир ва савоби Аҳли сунна вал-жамоага кўра уларга етиб боради”. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази

Намозхон қиём ҳолида қўлларини бир-бирига боғлаб, ўнг қўлини чап қўлининг устига қўяди. Бу масалада имом Шофеъий, имом Суфён Саврий ва бизнинг ҳанафий уламоларимизнинг фикри бир хил. Лекин, қўллар турадиган жой масаласида ҳанафийлар билан шофеъийлар орасида ихтилоф бор. Шофеъийлар кўкрак қисмига қўяди дейди, ҳанафий мазҳабимизда эса киндик остига қўйилади дейилган. Икки мазҳаб уламоларининг ҳам ўзларига яраша далиллари бор. Қуйида ҳанафий мазҳаби уламоларининг далил қилган ҳужжатлар тақдим қилинади:

Биринчи далил

إن من السنة وضع اليمين على الشمال تحت السرة فى الصلوة

“Намозда, киндик остида ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш суннатдандир!”

Бу иборани Бурҳонуддин Марғилоний “Ҳидоя”да, Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Навозил”да, Абулбаракот Насафий “Манзума”ни шарҳи “Мусаффо”да Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси деган, аммо уларнинг бирортасида бу ҳадиснинг санади ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳидоянинг “Ғоятул-баён” ва “Манзума”нинг “ал-Ҳаср” номли шарҳларида муаллифлар бу ҳадисни Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилганини айтган.

Аллома Айний раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳидоя”нинг шарҳида, Ҳидоя иборасини тўлиқ келтиргач, “бу гап аслида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг гапидир. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш саҳиҳ эмас. Бу гапни имом Аҳмад ўзининг “Муснад”ида, Дорақутний ва Байҳақийлар “Сунан”ларида Абу Жуҳайфанинг Али ибн Абу Толибдан ривоят қилган ҳадиси деб келтиришган”—деган.

Шунингдек яна, шу иборани ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган деб “Ҳидоя”га Камол ибн Ҳумом ва Итқонийлар тарафдан ёзилган шарҳида, Зайлаъийнинг “Табйин”ида, Айнийнинг Бухорийга ёзган шарҳида, Имом Сарахсийнинг “Муҳийт”ида, Ибн Амир ал-Ҳожнинг “Мунятул-мусолли”га битган шарҳида, Шайҳ мулла Али ал-Қорининг “Мишкот” ва Муҳаммад ибн Ҳасан ривояти билан “Муатто”га ёзган шарҳларида, Шайҳ Абдулҳақ Деҳлавийнинг “Сирот ул-мустақим”га битган шарҳида, Ҳанбалий мазҳабида ёзилган “Фатҳ ул-малик ал-азиз шарҳ ул-важиз” асарларида келтирилган.

Муҳаммад Ҳаёт ас-Синдий раҳматуллоҳи алайҳ аллома Айнийнинг сўзини изоҳлаб шундай дейди: Айний юқоридаги иборани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш саҳиҳ эмас деганда фақатгина қавлий нисбатни кўзда тутган, феълий иснодни эмас. Яъни айни шу иборани Расулуллоҳ айтган дейиш тўғри эмас, аммо Расулуллоҳ қўлларини киндик остига қўймаган деган маъно йўқ. Чунки бу ибора Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани аниқ, фуқаҳолар эса саҳобалар “суннат” деган сўзни қўллагнда ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини кўзда тутган бўладилар—деган қоидани тан олганлар. Шундай экан юқоридаги ҳадис санади гарчи Али розияллоҳу анҳуда тўхтасада, ул зот “суннатдан” деб айтгани учун унга “марфуъ” (исноди Расулуллоҳга кўтарилган) деб ҳукм қилинади.

Иккинчи далил

قال ابن عباس رضى الله تعالى عنهما إن النبى صلى الله عليه و سلم قال «إن من السنة وضع اليمين على الشمال تحت السرة»

“Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума айтди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Ўнг қўлни чап қўл устига, киндик остида қўйиш суннатдандир!”.

Бу ҳадисни ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаси Аллома ибн Моза ал-Бухорий “Муҳийт ал-бурҳоний”да келтирган, шунингдек, “Мужмаъ”нинг шарҳида келтирилган.

Учинчи далил

عن النبى صلى الله عليه و سلم «ثلاث من سنن المرسلين: تعجيل الإفطار و تأخير السحور و وضع اليمين على الشمال تحت السرة فى الصلوة»

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинди: уч нарса Пайғамбарлар суннатидан: ифторга шошилмоқ; саҳарликни охирги вақтигача суриб бормоқ; намозда ўнг қўлни чап қўл устига киндик остида қўймоқ”.

Бу ривоятни Зоҳидий “Қудурий”нинг шарҳида, Хаббозий “Ҳидоя”нинг “Меърожуд-дироя” номли шарҳида, Ибн Амир ал-Ҳож “Мунятул-мусолли”нинг шарҳида, Аллома ибн Нужайм “Баҳрур-роиқ”да келтирганлар.

Тўртинчи далил

قال ابو هريرة «أخذ الأكف على الأكف فى الصلوة تحت السرة»

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: Намозда кафтни кафтга киндик остида ушланади”.

Бу ривоятни имом Абу Довуд ва Байҳақий “Сунан”ларида келтирган.

Бешинчи далил

عن إبراهيم النخعى قال «يضع يمينه على شماله فى الصلوة تحت السرة»

“Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинди: Намозда ўнг қўлини чап қўлининг устига киндик остига қўяди”.

Бу ривоятни Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида келтирган. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан шайбоний ҳам шу ривоятни “ал-Асор”да келтирган.

Олтинчи далил

حدثنا يزيد ابن هارون قال اخبرنا الحجاج بن الحسان قال سمعت ابا المجلز او سألته قال كيف اضع ؟ قال : يضع باطن كف يمينه على ظاهر كف شماله و يجعلهما اسفل من السرة

“Бизга Язид ибн Ҳорун ҳадис айтди, у деди: бизга Ҳажжож ибн Ҳисон хабар қилди: у деди: Абу Мужлиздан эшитдим ёки сўрадим: Қандай қўяман? У деди: ўнг қўл кафт ичини чап қўл кафтининг орқасига қўяди ва икки қўлини киндикдан пастга қўяди”.

Бу ривоятни ҳам Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида, шунингдек, Абу Довуд ҳам “Сунан”ида иснодсиз келтирган.

Еттинчи далил

عن علقمة ابن وائل ابن حجر عن ابيه رضى الله تعالى عنه قال رأيت النبى صلى الله عليه و سلم وضع يمينه على شماله فى الصلوة تحت السرة

“Алқама ибн Воил ибн Ҳужрдан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. У деди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, намозда ўнг қўлини чап қўлининг устига киндик остига қўйганди”.

Бу ривоятни ҳам Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида келтирган.

 

манба

Четверг, 15 Декабрь 2022 00:00

Aзон дaрслaри якунигa етди

Куни кеча пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида “Aзон дарслари”нинг сўнгги сабоғи ва хотимасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Aлижон қори, кўплаб муаззинлар ҳамда диний соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг табрик ва дуолари муаззинларга етказилди.
Шунингдек, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Aлижон қори ҳамда ““ALQURAN MASS MEDIA” МЧЖ таъсисчиси Козимжон Ниязов томонидан “Aзон дарсларида” фаол иштирок этган Бўка тумани “Чимилдиқ ота” жоме масжиди муаззини Фазлиддин Ғуломхонов, Юқори Чирчиқ тумани “Барданкўл” жоме масжиди муаззини Дониёр Дадажонов, Қўқон шаҳар “Зинбардор” жоме масжиди муаззини Aҳроржон Турдалиевларга ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Шу йил 13 декабрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов мутасадди вакиллар билан Бўзатов туманидаги “Бўзатов” ва “Қусханатов” овул фуқаролари йиғинлари ҳудудида истиқомат қилувчи ижтимоий ёрдамга муҳтож ва боқувчисини йўқотган оилалар хонадонидан хабар олиниб, яшаш шароити билан яқиндан танишилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишки иссиқ кийим-кечаклар тақдим этилди.

Дарҳақиқат, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-ояти).

Мазкур ояти каримада инсонларнинг яхши кўрган нарсасидан инфоқ-эҳсон қилиши лозимлиги айтилмоқда. Инсон яқини ё бирор кишига ўзи яхши кўрган нарсасидан эҳсон қилиши бироз қийинроқ туюлади. Аммо тафаккур қилинса ўзи воз кечиб, эҳсон қилинган нарсаси ўрнига охиратда бериладиган жаннат олдида жуда арзимас эканини англаш мумкин.

Довудбой БЕКАНОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими

Среда, 14 Декабрь 2022 00:00

Қиёмат кунининг 16 номи

Қуръони каримда қиёмат сўзи бир қанча номлар билан аталган. Уларни қуйида келтириб ўтамиз:  

  1. Соат (Ас-саъат).

«Айтинг: “Агар ростгўй бўлсангиз, ўйладингизми, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки сизларга қиёмат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қилган бўлармидингиз?”» (Анъом сураси, 40-оят).

  1. Қайта тирилиш куни (Явмул-баъс).

«(Ўша куни) илм ва имон берилган зотлар айтурлар: “Аниқки, сизлар Аллоҳ (Лавҳул-маҳфузда) ёзиб қўйганидек, тирилиш кунигача турдингиз. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар (қизиқмаганингиз сабабли бунинг ҳақ эканини) билмас эдингиз”» (Рум сураси, 56-оят).

  1. Ҳисоб-китоб куни (Явмуд-дийн).

«“Ҳолимизга вой! Бу жазо куни-ку!” – деб қолурлар» (Саффот сураси, 20-оят).

  1. Ҳасрат куни (Явмул-ҳасроти):

(Эй Муҳаммад!) Уларни (Макка мушрикларини) барча иш битирилган ҳасрат куни – (Қиёмат)дан қўрқитинг! Улар (бугун) ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар” (Марям сураси, 39-оят).

  1. Нидолашув куни (Явмут-танаад).

“Эй, қавмим! Ҳақиқатан, мен сизларга нидолашув кунидан (қиёмат кунидан) қўрқаман” (Ғофир сураси, 32-оят).

  1. Ажрим куни (Явмул фасли).

“Мана шу сизлар (дунёда) ёлғон деб ўтган Ажрим кунидир” (Соффот сураси, 21-оят).

  1. Жамланиш куни (Явмул-жамъи).

«(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ “тўпланиш куни” (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир» (Шўро сураси, 7-оят).

  1. Қўрқитилган кун (Явмул-ваъийд).

(Тасаввур қилинг) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган кундир (Қоф сураси, 20-оят).

  1. Ҳисоб куни (Явмул-ҳисаб).

«“Улар (Макка мушриклари масхара қилишиб): “Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан) насибамизни Ҳисоб кунидан илгари тезроқ келтира қолгин!” дедилар» (Сод сураси, 16-оят).

  1. Мангулик куни (Явмул-хулууд).

«“Унга (жаннатга) саломат кирингиз! Бу (кун) мангулик кунидир” (дейилур)» (Қоф сураси, 34-оят).

  1. Чиқиш куни (Явмул-хуруж).

“У кунда улар (барча халойиқ) у (даҳшатли) қичқириқни чинакамига эшитурлар. Бу (қабрлардан) чиқиш кунидир” (Қоф сураси, 42-оят).

  1. Воқеа (воқеъа).

“Ана ўша кунда Воқеа содир бўлур (қиёмат қойим бўлур)!” (Ҳааққо сураси, 15-оят).

  1. Ҳақиқатда рўй берувчи (Ал-ҳааққо).

(У) ҳақиқатан рўй берувчидир. (Ўша) ҳақиқатан рўй берувчи нимадир? (Эй Муҳаммад!) Ҳақиқатан рўй берувчининг нима эканини қаердан (ҳам) билар эдингиз?! (У қиёматдир) (Ҳааққо сураси, 1-3-оятлар).

  1. Катта бало (Ат-тооматул-кубро).

“Бас, қачон балойи азим (қиёмат) келганида” (Назиъат сураси, 34-оят).  

  1. Яқин кун (Явмул-азифа).

(Эй, Муҳаммад!) Сиз уларни яқин кундан (қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилиб, қайғуларини ютиб турурлар. Золим (кофир) кимсалар учун (у кунда) бирор дўст ҳам, маъқулланадиган шафоатчи ҳам бўлмас” (Ғофир сураси, 18-оят).

  1. Қаттиқ зарба берувчи (Ал-Қориаъ).

«Самуд ва Од (қабилалари) “қаттиқ зарба берувчи”ни (қиёмат кунини) инкор этдилар» (Ҳааққо сураси, 4-оят).

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ таржимаси

Мақолалар

Top