muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 25 Ноябрь 2019 00:00

Террор ва интернет

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ. XXI аср фан ва техника, тараққиёт асри. Бугунги кунда ҳар бир инсон ҳоҳлаган хабарини интернет орқали бир сонияда олиш имкониятига эга. У олинган хабар яхши ҳам ва ёмон ҳам бўлиши мумкин. Бугунги кунда инсонларни интернетдан чеклаб бўлмайди. Бу борада марҳум биринчи юртбошимиз: “...Албатта, интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Биз одамларимизнинг интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб – қувватлаймиз. Такрор бўлса–да, айтмоқчиман – ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли бизга асло маъқул эмас.” дея айтган сўзларини эсга олмасдан иложимиз йўқ.

Лекин танганинг икки тарафи бўлганидек, интернетдан яхши ва ёмон мақсадда фойдаланиш ҳам мумкин. Ҳозирги кунда ахборот уруши шиддат билан авж олмоқда. Ахборот уруши – турли ёмон мақсадларга эришиш учун рақибга ғоявий таъсир кўрсатишдир. Шунингдек, ахборот хуружи рақибга таъсир кўрсатиш орқали жамоатчилик онгини ғаразли йўллар асосида шакллантиришга уринишдир.

Шуни ёдда сақлаш лозимки, дин ниқобидаги бузғунчи кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини “яқин дўст” ёки “ҳидоятга чорловчи” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитишмоқда.

2015 йилга келиб бузғунчилик, зўравонлик, эксремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи веб – сайтлар сони 10000 тага етгани таъкидланмоқда.

Бунга яққол мисол Яқин Шарқдаги даҳшатли воқеаларнинг содир бўлаётгани. Миллионлаб инсонларнинг уй ва бошпанасиз, ватангадо бўлаётгани.

Шунингдек Исломий шиорларни ниқоб қилиб олган Ислом душманлари ўзларини хунрезликларини амалга оширмоқда. Жангарилар томонидан отилган ўқлар ва масжидлардаги портлатишлар оқибатида неча минглаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда, юзлаб одамлар тан жароҳати олишмоқда.

“Буюк Британия ҳукумати “ислом террорчилиги”, “ислом фанатлари” каби атамаларни қўллашдан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилгани барчага маълум бўлса керак. Бирлашган қиролликнинг хавфсизлик хизмати террорчиликни Ислом билан боғлаш тўғри эмаслигини, бу нарса мамлакатдаги мусулмон жамоалари нафратини қўзғаши, улар аҳолининг бошқа қатламларидан ажралиб қолишларига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлагани ҳам сир эмас.

Буюк Британия ички ишлар вазири Жеки Смит террорчи зўравонлар ўз эътиқодига зид ҳаракат қилишини айтади: “Мамлакатимизда ҳам, бутун дунёда ҳам кимнидир қўрқитиш, фитна, суиқасд қилиш, озор бериш Ислом динида йўқ эканини мусулмонлар таъкидлашаяпти. Демак, бундай ҳаракатларни Исломга қарши фаолият, деб аташдан бошқа иложимиз йўқ”.

Дарҳақиқат, бундай террорчиларни мусулмон деб бўлмайди. Чунки агар мусулмон бўлганларида мусулмонларга қурол кўтаришмасди. Яна Худодан қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг байтига кириб, намоз ўқиб турган намозхонларни қириб, қанча-қанча оилалар боқувчисиз қолдириб, қанча-қанча аёлларни бева қолдиришмасди, қанча-қанча етим болалар дунёда кўпаймас эди. Юқорида айтиб ўтилган барча ёмон иллатарни Ислом дини қоралайди. Ислом сўзининг луғавий таржимаси эса “Тинчлик, омонлик” маъноларини англатади. Ислом дини инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто бошқа дин вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Динимиз асосида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-осойишталик каби эзгу хислатлар ётади.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”(Моида, 32).

Ислом динимиз ҳар бир жонни жуда қадрлайди, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайри дин бўлсин, қандай ирққа тегишли бўлмасин, қайси миллатга тегишли бўлмасин, барибир барчасини ардоқлайди. Бир бегунох инсонни ўлдириш бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят ҳисобланади.

Аллоҳ таоло айтади: “Мўминлар Аллоҳдан ўзгага илтижо қилмайдилар ва бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар ва зино ҳам қилмайдилар. Ким ана шуларни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у азобда хор бўлиб абадий қолур”( Фурқон, 68-69).

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, интернетдан фойдаланувчи шахс энг аввало соғлом эътиқод тўшунчасининг моҳияти, тўғри ақидани ботилидан ажратиб олиш йўллари ва бугунги кунда интернет оламига ўрнашиб олиб, нафақат муайян шахсларни, балки бутун бир юртни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган кимсаларнинг қилмишларини билиши керак. Бундан сўнг маънавий онгини юксалтириши, ахборот оламидаги хабарларнинг ишончли ва ишончсизини англаши, зараридан фойдалисини ажрата олиши зарурдир.

 

Тожиддинов Абдус Сомад Абдул Босит

2019-йил 21-ноябрдан 22-ноябрга ўтар кечаси Қўнғирот тумани «Таллық» макон фуқаролар йиғини, Сейтжанов кўчаси 7-уйда яшовчи фуқаро Абдихалиқов Осербайнинг хонадонида ёнғин чиқиб, бахтсиз ҳодиса юз берди. Ёнғин натижасида фуқаро Абдихалиқов Осербайнинг уй-жойи, мол-мулклари тўлиқ ёнғин ичида қолиб кетди ва ачинарлиси хонадон эгасининг беш яшар шириндан-шакар қизалоғи бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди.

Қўнғирот тумани бош имом-хатиби Рахат Умаров воқеа жойига бориб, вазиятни кўрди, хонадон эгаларига ҳамдардлик билдириб, сабр тилади ва тумандаги «Хаким Сулаймон» жоме масжиди томонидан уй-рўзғор буюмларидан моддий ёрдамлар берилди.

 

 

Даўытбай Беканов Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими

 

Понедельник, 25 Ноябрь 2019 00:00

Ҳ А Б И Б И М... !

Эй, Роббимнинг севикли қули!

Эй, Набийлар сардори!

Эй, Расуллар сарвари!

Эй, умматнинг беназир раҳбари!

Эй, саодат йўлининг машъали!

Эй, қалбимизнинг ҳузури!

Эй, кўнглимизнинг сурури!

Эй, ҳидоят элчиси!

Эй, гўзаллик тимсоли!

Эй, ибрат-намуна маёғи!..

Биз учун ҳаётингиз ибрат, йўлингиз суннат, меҳрингиз раҳмат, сўзингиз ҳикмат, фикрингиз неъмат...

Қанийди, биз ҳам асҳобларингиз каби Сизга муҳаббат қўя олсак, бутун вужудимиз ила вафодор бўлсак, ҳар бир сўзингизни қонун деб билсак, гапларингизни эшитишдан тўймасак, суннатингиз йўлида жон фидо этсак.

Эй ҳабибим, биз умматларнинг саодати, нажоти, зафари, ютуғи, ғалабаси бўлган аниқ йўлни тиниқ кўрсатиб бердингиз. Аммо биз гумроҳлар буни яхши англамай, баъзан беъэтибор бўлиб бормоқдамиз. Гоҳо нафсимизга эрк бериб, одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб кетсак, гоҳида эса билиб-билмай шайтонга малай бўлиб қолмоқдамиз.

Ҳабибим, нима бўлганда ҳам Сизни жонимиздан, ота-она, фарзанд ва молу дунёмиздан ҳам чандон яхши кўрамиз.

Шафоатингиздан умидвормиз, дийдорингизни кўришга иштиёқмиз, жаннатда ҳамнишин бўлиш илинжидамиз.

Тўғри, Сизни бу дунёда кўролмадик, сўзларингизни эшитолмадик, бирга яшай олмадик, қийналган вақтларингизда ёрдам беролмадик, ёнингизда бел боғлаб туролмадик, душманларингиздан ҳимоя қилолмадик, асҳобларингизга қўшилиб муаммоларингизни бартараф этолмадик, ислом равнақига ҳисса қўшолмадик. Лекин Сизни бутун вужудимиз билан, қошу кўзимиз билан яхши кўрамиз, севиб-ардоқлаймиз.

Ҳабибим, ҳар тун тушларимга кириб туринг. Қачон тушимга кирсангиз, эртасига кун бўйи ўзимни масрур ҳис этаман. Худди жаннат чаманида юргандек қувонаман. Гуллар ифорига тўйгандек завққа тўламан. Еттинчи осмонда учиб юргандек бахтиёр бўламан.

Мабода бирор тун тушларимга кирмай қолсангиз, ўзимни қўярга жой тополмай қийналаман. Тинимсиз салавотлар айтаман, шаънингизни улуғлайман, сийратингизни ўқийман, ҳаётингизни ўрганаман, дуо ва илтижолар қиламан. Мендан нима хатолик ўтибди деб нафсимни сарҳисоб қиламан, уни тергайман, қайғуга тушаман, азоб чекаман...

Тезроқ кун ботишини, тун бўлишини кутаман. Тушимга кирсангиз, ҳаммаси бир зумда унут бўлади, бари ортда қолади, яна янги завқ-шавқ бошланади.

Ҳабибим, Сизнинг йўлингиз саодат, раҳмат, фазилат, шарофат ва ҳидоят йўлидир. Сиз бизга энг юксак ахлоқ қандай бўлишини кўрсатиб ўтдингиз. Ўзингиз бунга риоя этиб яшадингиз, бошқаларни ҳам шунга чорладингиз.

Бу йўлни маҳкам тутганлар асло бадбахт бўлмайди, икки дунёда ҳам ҳурмат қозонади, хору зорликка маҳкум этилмайди.

Ҳабибим, Сизни севиш, муҳаббат қўйиш ибодат, савоб, мислсиз ажр. Сизни севиш, муҳаббат қўйиш гуноҳларга каффорот. Муҳаббатдан мосуволик эса тубанлик ва фалокатдир.

Ҳабибим, Сизга бўлган муҳаббатимиз асло сўнмасин. Ҳар бир ишда, турмушда, юриш-туришда, борингки барча ҳолимизда суннатингизга амал қилиб яшаш барчамизга насиб этсин!

 

Эркин ҚУДРАТОВ

Воскресенье, 24 Ноябрь 2019 00:00

Ихлос ва Сидқнинг самараси!

Францияда чиқадиган «Jeune Afrique» журнали қуйидаги хабарни эълон қилди:

«Албатта, «Ал-арбаъийн ан-нававийя» (Имом Нававий тўплаб, шарҳ қилган қирқта ҳадис) китоби Францияда энг кўп сотилган китобдир».

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ Париж кўчаларида ҳам у киши учун ҳасанотлар бўлишини хаёлларига келтирганмидилар?!

Албатта, бу ихлос, сидқнинг натижасидир! Аллоҳ таолодан бизни ҳам шундай икром қилишини сўраймиз!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Суббота, 23 Ноябрь 2019 00:00

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идора масъул ходими Масайитов Саиджамол домланинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Масайитов Саиджамол домлага ва марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар

Top