muslim.uz
Андижонда диний соҳа ходимлари учун семинар ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилояти Марҳамат, Булоқбоши, Бўз ва Улуғнор туманларида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатиблар, имом-ноиблари ва отинойилар учун олти кунлик малака ошириш ўқувлари ўтказилмоқда.
Кеча, 6 январь куни малака ошириш ўқувларининг иккинчи куни доирасида режага асосан дарслар замонавий педагогик технологиялар асосида ўтилди.
Тингловчилар учун Марҳамат ва Бўз туманларидаги касб-ҳунар коллежларида барча шароитлар яратилинган.
Уларнинг пешин намозларини адо этишлари ва тушлик дастурхонлари ҳам тизимли равишда ташкил қилинаётган бўлиб, тингловчиларга қилинаётган эътибор ва амалга оширилаётган тадбирлардан барча бирдек мамнун.
Эслатиб ўтамиз, Марҳамат ва Булоқбоши туманидаги имом-хатиблар, имом-ноиблар, отинойилар учун дарслар Марҳамат тумани Қурилиш ва индустриал касб-ҳунар коллежида ўтказилаётган бўлса, Бўз ва Улуғнор туманлардаги имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилари учун дарслар Бўз туманидаги Қурилиш ва коммунал хизмат кўрсатиш касб-хунар коллежида ўтказилмоқда.
Дарс жараёнлари муҳокамаларида тингловчиларнинг қизиқтирган саволларига мутаҳассислар томонидан илмий асосланган ҳолда батафсил жавоблар олмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонда “Piligrim visa” жорий этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига (https://t.me/huquqiyaxborot/4017)мувофиқ, Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини бериш белгиланган. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Шунга кўра, қуйидаги янги виза турлари жорий қилинади:
“Vatandosh” – асли ўзбекистонлик бўлган кишилар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган қариндошлари томонидан таклиф этилган ҳолларда берилувчи икки йиллик виза;
“Student visa” – Ўзбекистонда жойлашган таълим муассасаларида таҳлис олаётган чет эллик талабаларга бериладиган бир йиллик виза. Ушбу виза республикадаги таълим вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари мурожаатига асосан расмийлаштирилади;
“Academic visa” – Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва таълим фаолиятини олиб бориш истагида бўлган чет элликлар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган муддатга, Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари мурожаатига кўра берилади;
“Medical visa” – Ўзбекистонга даволаш-профилактика муассасалари таклифига асосан ташриф буюрувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари учун 3 ойгача бўлган муддатга бериладиган виза.
“Piligrim visa” – зиёрат визаси бўлиб, ушбу виза сайёҳлик фаолияти субъектлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита сўровига кўра чет эллик фуқароларга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун 2 ойгача бўлган муддатга берилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Президент фармони: Ўзбекистон аэропортларида "Очиқ осмон" режими жорий этилади
Ўзбекистоннинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилаш, шунингдек, маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳига мамлакатдаги айрим аэропортларда “Очиқ осмон” режимини жорий этиш юзасидан ўрганиш вазифаси топширилди.
Бундан ташқари, Кун.уз нашрининг ёзишича Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар ва темирйўл вокзалларида ибодат амалларини бажаришга мослаштирилган хоналар пайдо бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қайд этилган.
Давлат раҳбари ибодат амалларини бажариш ва таҳоратхоналар учун жойларни 2019 йилнинг 1 июнига қадар жиҳозлаш топшириғини берган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман”
(Умра ибодатини адо этаётган 102 ёшли онахон билан суҳбат)
2019 йилнинг Январь ойида Сурхондарё вилоятидан Умра зиёратига келган Олимова Мамлакат она аслида 102 ёшда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда эса унинг туғилган йили 1918 йил этиб кўрсатилган. Зиёратда момосига ҳамроҳлик қилаётган набираларининг айтишича, ўша даврларда ҳужжатлаштириш ишларидаги камчиликлар сабаб икки йилга хатолик билан қайд этилган.
Мамлакат она бундан ўн йил муқаддам 92 ёшида илк бор муборак Умра ибодатини адо этаётган вақтида яна ўн йилдан сўнг Аллоҳ таолонинг азиз меҳмони бўлишини ўйлаганмикин... Парвардигорнинг инъоми, мўжизасини қарангки, бундай ёшда ҳатто ўз уйида зўр базўр ҳаракатланиши мумкин бўлган бир ҳолатда бир бандасини тайёрага, ундан кейин автобусларга ўтказиб минглаб чақирим нарига, Ўз Байтига чорлаб турибди! Бу ҳар бандага ҳам насиб этавермайдиган улуғ саодат! Зиёрат давомида ўзларининг мустаҳкам иймонлари, ибодатга бўлган ғайратлари, дадил сўзлари билан ҳаммани ҳайратга солаётган мўтабар момо билан суҳбат қуриб, дуоларини олишга интилдик.
Ассалому алайкум ҳожи она! Табаррук ёшда адо этаётган ибодатларингизни Аллоҳ таоло хусни мақбул айлаб, жаннатларга ҳужжат қилсин. Ҳаётингизда нима билан машғул бўлгансиз, қандай жойларда фаолият юритгансиз?
- Ваалайкум ассалом. Раҳмат. Ёшлик давримда колхозда меҳнат қилганман. Қийин пайтларда ҳам ибодатдан қолмадик, намозимизни адо этдик, кишиларга яхшилик қилдик, Худога шукур. Турмуш ўртоғим Аллоҳ раҳмат қилсин, мактаб қурган, ўша мактабга унинг номи берилган.
Онажон умрни албатта Аллоҳ беради. Бироқ тақдирда битилган умрнинг қисқариши ёки узайишига гоҳида банданинг ўзи ҳам сабабчи бўлади. Айтингчи, бу муборак ёшга етишишнинг сири нимада? Ҳаётинигизда кўпроқ нималарга амал қилдингиз?
- Меҳнат қилдим, хайру эҳсон, ҳаммага яхшилик улашишга ҳаракат қилдим. Ибодатдан узулмадим.
Онажон шу ёшда Аллоҳни байтига иккинчи бор келиб турибсиз. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган саодат. Айни пайтда қалбингиздан қандай ўйлар ўтяпти?
- Мен ҳақиқий дунёни, оламни шу жойда топдим. Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи васаллам) ни равзалари, Кабани яна кўрдим. Ибодат қилдим. Бу жой дунё мусулмонларини жамлайди, бирдам қилади, ҳамма бир-бирига табассум билан муомалада бўлади. Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман.
Бугунги давр ёшларига нималарни тавсия қиласиз, қандай насиҳат қиласиз?
-Доим ҳаракатда бўлишсин, ибодатдан узулишмасин. Кўпроқ ўқишсин. Диний ва дунёвий билимларни яхши ўрганишсин.Аллоҳ ҳаммаларини шу жойларга чақирсин!
Ҳамроҳларининг айтишича, онахон вафот этган турмуш ўртоқлари, ота-оналари учун ҳам тавоф қилибдилар (албатта арава ёрдамида). Буни қаранг, фарзанд, қолаверса, солиҳа аёл 100 ёшдан ошганда ҳам ўз бурчини адо этмоқда... Субҳаналлоҳ!
Ҳа, ҳаёт ибратларга тўла. Фақат ундан хулосани қандай чиқара оламиз бу ўзимизга боғлиқ... Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай узоқ ва саодатли умрни насиб этсин.
Зоиржон Содиқов сухбатлашди
Макка шаҳри.
Саудиянинг “Қуръон ва суннатни улуғлаш” вақф фонди Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этди
Бугун, 7 январь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги Ислом тарихида биринчи қурилган “Қубо” масжиди имоми Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратлари билан мулоқот қилди. Шайх Имод Бин Зоҳир айни вақтда Мадина шаҳридаги “Қуръон ва суннатни улуғлаш” вақф фонди раҳбари ҳисобланади. Шайхга “Вақф” хайрия жамоат фондининг ўтган қисқа даврдаги хайрия ишлари ва истиқболдаги лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратларига Фонд фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шунда шайх: – Мен бу лавҳани кўриб ҳайратдаман. Фонднинг хайрия ишларидан яхши хабардор бўлдим. Биз ҳам ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак беришимиз зарур экан. Ўзбекистонда бундай улуғ ишларни бўлаётганидан жуда ҳам мамнунмиз”, - деб ўз таассуротларини билдирди.
Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратлари дунёнинг 36 мамлакатига интернет ва телевидения орқали Қуръони карим ва тажвид бўйича дарс бериши, машҳур қориларни дунёга намойиш этишини билдириб, ўзбекистонлик Қуръон ҳофизларининг қироатларини бутун оламга намойиш қилишдан бахтиёр бўлишларини изҳор қилди.
Шайхга Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ва хайрли ишлар, айниқса, кенг кўламдаги Қуръон мусобақаси, Ҳадис беллашуви ва Самарқанддаги Имом Бухорий зиёратгоҳи яқинида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган олий диний таълим муассасаси – Ҳадис илми мактаби ҳақида сўзлаб берилганда, Имод Бин Зоҳир ҳазратлари, албатта, Имом Бухорий диёрига боришини билдирди.
Сафар давом этмоқда.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати