muslim.uz

muslim.uz

2021 йил 2 ноябрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш белгиланган эди. Ушбу лойиҳа асосида Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти таркибидаги барча масжидларда ва Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида ҳам ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.


Билим юртимизда таълим олиб, ҳозирда ўз мутахассислиги бўйича хизмат қилаётган Фарғона вилояти битирувчилари ҳам «Яшил макон» лойиҳасига, шунингдек, Қорақалпоғистон табиатига, атроф-муҳитининг яхшиланишига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшиш мақсадида 1000 донадан ортиқ декоратив ва мева кўчатларини Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти ҳамда билим юртимизга инъом этди.


Билим юртимиз битирувчиларининг юборган декоратив ва мева кўчатлари республикамиз бўйлаб масжидларга тарқатилади.


Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти ҳамда билим юртимиз жамоати ушбу хайрия тадбирида иштирок этган барча собиқ битирувчиларга миннатдорчилик билдириб, ҳақларига дуолар қилди.

Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир.

Одатда тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрида бўлишлигини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.

Инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ.

Дарҳақиқат, Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади. Айтишларича, нотинчлик, уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган.

Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлмасин, шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади.

Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашликда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.

Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра, биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.

Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208).

Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом”дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”, дейди (Қадр, 5).

Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта бўлиши билан бир қаторда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир.

Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом, энг аввало, инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишликни сўраб, дуо қилишлик тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Айнан шу мазмунни Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: (Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик!

Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор, юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!



Улуғбек домла ҚОБИЛОВ
Сирдарё тумани «Аҳмад ибн Малик»
жоме масжиди имом-хатиби.

Понедельник, 28 Февраль 2022 00:00

Аллоҳ бузғунчиликни севмас

Ислом – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қиладиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Бироқ турли экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, ўз манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда бузғунчи тоифалардан огоҳлагнтириб шундай марҳамат қилади:

«Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» - дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», - дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара, 11-12).

«Биз ислоҳотчилармиз» дея иддао қилаётган бундай оқимлар ўзларининг қарашлари ва амалиётига қўшилмаганларни «адашганлар»га чиқармоқда. Бундай ёндашув ва талқинлар замарида жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солиш ва ички парокандаликни келтириб чиқариш мақсади мавжудлигини англаш қийин эмас, балки уларнинг асл мақсади ҳам айнан шудир! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 60 оятида: «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!»,  деган хитобига эътибор қаратадиган бўлсак, Имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида: «Аллоҳ тартиб ўрнатилгандан кейинги ҳар қандай бузғунчи ва вайронакорликни унинг катта ё кичиклигидан қатъи назар, ҳаром қилди», деб, таъкидлаб келтирадилар.

Экстремистик оқимлар ўзларининг манфур ниятлари ва амалиётларини оқлаш мақсадида муқаддас ислом номи билан турли «фатволар» бериб келмоқда. Масалан, улар бунинг учун мутлақо асоси бўлмаган воқеани ўзларига далил қилиб олишган. Унга кўра, гўёки, Тоифга қоронғуда ҳужум қилинган, оқибатда аёллар ва ёш болалар ҳам ҳалок бўлган, саҳобалар бунинг ҳукмини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўраганларида «Сизларнинг мақсадингиз мушриклар эди, қоронғуда ажратиш мураккаб бўлгани боис улар ҳам мушриклардандир» деган сохта ҳадисни асос қилиб, жамоат транспорт воситалари (автобус, поезд ва самолёт)ни олиб қочиш ва бегуноҳ одамларни гаровга олиш мумкинлигини уқтиришмоқда. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Дарҳақиқат, сиздан олдингиларни ўзаро қон тўкишга ва тақиқланган ишларни мумкин деб олишларига уларнинг динда чуқур кетишлари сабаб бўлди», дейдилар.

Афсуски, динда чуқур кетиш оқибати ислом уламоларининг кўрсатмаларини инкор қилишдан тап тортмайдиган, диний бирлик, ақидавий якдиллика очиқдан-очиқ таҳдид туғдирувчи, ўзаро низоларга кўмилиб кетган гуруҳларнинг пайдо бўлишига ғоявий замин яратмоқда. Аллоҳ бузғунчиликни севмаслигини, бундай ҳаракатлар ислом дини таълимотига мутлақо зид эканини Қуръони каримнинг «...Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай» (Юнус, 81), оятидан ҳам кўришимиз мумкин.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (хорижийлар ҳақида огоҳлантириб): «Улар Қуръонни ўқиганда ўзларининг фойдасига деб ўйлайдилар, аслида эса у уларнинг зарарига юради», - дедилар».

Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Кимки раҳмли бўлмаса, у раҳм қилинишдан маҳрумдир».

Бузғунчилик ишларини дин номидан амалга ошириб, ўзларининг мудҳиш қилмишлари ва жиноятлари билан ном қозонган хорижийларнинг «Ҳукм фақат Аллоҳникидир», деган даъволарига қарши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ҳақ сўз билан ботил ирода қилинибди», деганлари эса, бугунги кундаги бузғунчи тоифаларнинг қилмишларига ва унинг асоси ҳамда оқибатларига ҳам кучли раддиядир.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Мўмин яхши ишлар қилса ҳам, Аллоҳдан қўрқиб туради, мунофиқ эса ёмон иш қилиб туриб, хотиржам юради», деганлари ҳам мўмин-мусулмонларга, инсониятга бесабаб зарар ва зулм қилиш кишининг ким экани ҳақида хулоса беради.

Имом Ғаззолий ҳазратлари эса: «мутаассиблар диндан фойдаланган ҳолда кишиларга ҳужум қиладиган катта йўлдаги қароқчилардир», деб таъкидлайдилар.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, бугунги кунда ҳам ҳар бир шахс таассубдан узоқ бўлиши, бузғунчилик ва вайронкор ғоялардан огоҳ бўлиши, Ислом дини ақидаларини яхши билиши, уларга амал қилиши ва улар асосида маънавий ҳимояланиши ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Акмалхон Аҳмедов

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков таржима қилган таниқли уламо Али ибн Жобир ал-Файфий қаламига мансуб “Чунки Сен борсан, Аллоҳ...” номли асари китоб ҳолида нашрдан чиқди.

Мазкур китоб Аллоҳ таолони таниш, таъбир жоиз бўлса, У Зот билан қандай қилиб самимий ва саҳиҳ муносабат ўрнатиш ҳақидадир. Китоб мутолааси ўзига зулм қилган – гуноҳларга ботган кишига қандай чиройли тавба қилишни, оғир касаллик чангалида қолганга қандай қилиб шифо сўрашни, қарзга ботиб қолганларга қандай қилиб нажотга эришиш йўлларини таълим беради. Китобда Аллоҳ таолонинг ўнта исм-сифатлари баён этилган бўлиб, уларнинг маънолари ва хусусиятлари ҳақида сўз боради.

Қисқача айтганда китоб яккаю ягона Холиқимиз Аллоҳ таолонинг қудрати чексизлигини, раҳмати нақадар кенглигини ўзига хос тарзда, ҳаммага тушунарли тилда баён этиши билан ҳам жуда аҳамиятлидир.

Аллоҳ таолодан ушбу китобни таржима қилиш, таҳрирлаш, чоп этиш ва унинг нашр қилинишига ҳисса қўшган барча азизларга дунё ва охиратда яхшиликлар сўраб қоламиз.

Аллоҳ таоло ушбу янги китобни халқимизга муборак, ўқиганларга манфаатли айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top