muslim.uz
Президентимиз суҳбати Ислом ҳамкорлик ташкилотининг "OIC Today" журналида ҳам эълон қилинди
Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири билан суҳбати халқаро ҳамжамиятда катта қизиқишга сабаб бўлмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ушбу суҳбатнинг тўлиқ шакли Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг масхус «OIC Today» журналида чоп этилди. Мазкур воқеа ташкилот маконига мамлакатимизнинг замонавий тараққиётида, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, шунингдек, республика раҳбариятининг глобал муаммоларга қарши курашиш борасидаги халқаро ташаббуслари катта қизиқиш уйғотаётганидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, мазкур нашр ўз ўқувчиларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини инобатга олиб, юртимиз ва унда рўй бераётган муҳим воқеалар ҳақидаги материалларни мунтазам чоп этиб келади. Шунингдек, журнал ислом дунёси мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доираларини Ўзбекистонда яратилган ишбилармонлик муҳити билан таништириб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Келажакка тикилган буюк сармоя
Илмга эътибор, таълимга муҳаббат тараққиётнинг асосини ташкил этади. Айтиш мумкинки, бугун биз қандай юксак даражаларга, улуғ мақомларга эришган бўлсак, бунинг замирида, аввало, илмга, билимга, таълимга эътибор мужассам.
Тарихдан маълумки, қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиққан бўлса, ўша халқнинг илмга муҳаббати зиёда бўлган. Мисол учун, юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг дарғалари – Афлотуну Арастулар шу заминда камолга етган. Шумерлар зироат ишларига муҳаббатли бўлгани боис мислсиз ютуқларни қўлга киритишган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролида порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар этди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган халқимиз, миллатимиз Исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк олимлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз орасидан чиқди.
Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Термизий, Замахшарий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Насафий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек… Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ана шу буюк мутафаккирларнинг қонлари бугун бизнинг ёшларимиз томирларида оқмоқда.
Илмга ташналик набавий кўрсатмадир. Юртимиз қадимдан буюк алломалар юртидир. Бугунга келиб яна шу буюкликка интилган ҳолда ёш авлоднинг илму маърифатига эътибор кучайди. Буни шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев назорат қилиб, таълим масканлари ва у ердаги тарбиянинг нечоғли сифат ва мукаммаллигига эътибор берилаётганидан ҳам билса бўлади.
* * *
Ана шундай улуғ ва хайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси Зангиота туманида фаолият юритаётган имом-хатиблар билан биргаликда ҳомийларни жалб қилган ҳолда тумандаги 8-умумий ўрта таълим мактабининг 30 нафар кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечаклар, ўқув қуроллари, китоблар олиб бердилар.
Шунингдек, мактабнинг ҳожатхонаси таъмирланиб, янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилди.
* * *
Аслида, илмни диний ёки дунёвий деб ажратиб бўлмайди. Чунки ҳаммаси ҳам илм, барчаси ҳам билимдир. Шу боис буюк келажакни кўзлаган халқ илмнинг ҳар бир соҳасида етук олимларни етиштириши шарт.
ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим билан дин уйғун ўрганилиши лозим. Шундагина яхши одамлар етишади”, деган эди.
Илм ёшликнинг зийнатидир. Илм келажакка тикилган энг ишончли сармоядир. Ёш ўсиб келаётган авлоднинг илму маърифатга аҳамият бериши эса миллат келажагининг буюк эканлиги белгисидир. Илм маърифатни эгаллаш учун ёшликдан интилмоқ зарур. Бу билан бирга эса яна бир неча омиллар борки боланинг илми мукаммал бўлишини таъминлайди.
Олимларимиздан келган ҳикматли сўзлардан бирида айтилишича: “Ким олимлар ва илмга хурматсизлик қилса, унинг зурриётларидан илм аҳли чиқиши қийин”, дейишган. Шунинг учун ҳам инсон олим бўлиши ёки илм олувчи бўлиши, ё илм аҳлига хизмат қилиб, ихлос билан уларни севувчи бўлмоғи лозим. Аммо асло илм ва илм аҳлини ёмон кўрувчи бўлмаслиги керак. Бу ҳадиси шарифда гўзал тарзда ифодаланган
Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан, у отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олим бўлинг ёки ўрганувчи бўлинг ёки эшитувчи бўлинг ёки илм аҳлига муҳаббатли бўлинг, аммо ҳаргиз бешинчиси бўлманг-ки, ҳалок бўласиз” (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таоло ёшларимизга илм-фаннинг барча соҳаларини чуқур эгаллаб, буюк мутафаккир алломаларимиз каби Ватанимизга, халқимизга, динимизга, элимизга хизмат қиладиган улуғ олимлар бўлишларини насиб қилсин. Илм йўлида, таълим соҳасида яратилаётган шарт-шароитларга бош-қош бўлаётган барча раҳбарларимизни, саховатпеша тадбиркорларимизни, имом домлаларимизни Раббимиз Ўз паноҳида асрасин!
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Динда саволим бор: Қўш келин олиш яхши эмасми?
— Икки набирам бор. Уларнинг хатна тўйларини битта қилиб ўтказганман. Ҳозирда улар балоғатга етишди. Уларни уйлантириб қўймоқчиман. Никоҳ тўйларини бирга қилсам бўлади-ми? Қўш келин олиш яхши эмас, деган гап-сўзларни эшитдим. Динимизда бу ҳақида нима дейилган?
— Инсоннинг тақдирида ёзилган барча яхшилик ва ёмонлик тақдир қилган кунда ва бўлиши лозим бўлган вақтда юз беради. Бунинг барчаси Аллоҳнинг иродаси. Шунинг учун бу масалада Аллоҳ билгувчироқ. Қўш келин олмай ёлғиз келин олган оилаларнинг қанчаси бахтли ҳаёт кечирмоқда-ю қанчаси кўнгилдагидек турмуш қилмаяпти, шуни бир мулоҳаза қилиб кўриш жоиз. Шундай экан айрим ирим-сиримчи ва турли шубҳали инсонлар тахмин қилганидек кўш келин олганларнинг хонадонларига чилла тушиши, келиннинг бахти боғланиши ва турли бўлар-бўлмас иримлар ислом динида қораланади.
Оилаларимиз роҳат ва фароғат маскани бўлсин!
Муқаддас динимиз кўрсатмаларида оила мустаҳкамлиги ҳақида қайғуриш фазилатли амаллардан энг савоблиси ҳисобланади. Чунки оила – инсон ҳаловат ва фароғат оладиган маскандир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди” (Наҳл сураси, 80-оят). Ҳақиқатан инсон ҳақиқий оромни ўз уйида топади. Даладан ишдан ҳориб келган киши уйига келиши билан жажжи набирасини ўпиб эркалаган заҳоти унинг барча чарчоқлари чиқиб кетади.
Иш жойидан кайфияти бузилиб қайтган киши яқинда уйлантирган ўғли ва келинининг бир-бирига бўлган ширин муомаласини кўрган вақтида ҳамма воқеани унутади. Оиланинг ҳақиқий оромгоҳ эканига сон саноқсиз мисоллар бор.
Туркияга саёҳатга бориб, ўн кун дам олиб қайтган ҳожи отанинг айтиб берган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. Чипта олгач, кампиримга телефон қилиб, ярим соатдан сўнг самолёт Тошкентга учади. Боришимга набираларимни тўплаб қўйинглар. Улар билан маза қилиб бир овқатланай, деган экан. Ҳожи ота Туркияда диққатга сазовор жойларни томоша қилган, шароитлари яхши меҳмонхоналарда дам олган, тансиқ таомлардан тановул қилган. Шунча қулайликлар, ором олишлар, ҳордиқ чиқаришлардан сўнг ўз уйида набиралари билан бир марта овқатланишни “маза” демоқда. Ҳа, азизлар, Ҳақ таоло: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди”, деб ҳақиқатни айтган.
Оила ҳақиқий оромгоҳ бўлиши учун у ерда меҳр-шафқат ҳукм суриши зарур. Муҳтарама ўзбек аёли – оналаримиз меҳр-шафқат тимсоллари бўлишган. Бир оилада келин оғироёқ бўлиб, туғуруқ яқинлашганда юришга қийналади. Шунда боқиманда бўлиб қолганидан хижолат тортган келин эрига: “Мени отамникига олиб бориб қўйинг, келин бўлиб хизмат қила олмай қолдим”, деб турганини қайнона эшитиб: “Болам, ундай деманг, сиз наслимиз давомчисини дунёга келтираман деб шу ҳолга тушдингиз. Хизмат қилиш навбати энди менга келди”, деб келинига меҳр-шафқат кўрсатади. Қайнонанинг меҳри ҳақиқий ўзбек аёлининг зийнатидир.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий ажримларнинг сабабчилари ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёшлар эмас, балки келинларнинг озгина хатоларидан фил ясайдиган қайноналар ва уларни ўз вақтида қайтариб, холисона насиҳатлар қилиб, муаммонинг ечимини топа олмаётган қайноталар бўлиб қолаётгани афсусланарли ҳолатдир.
Ҳаётий тажрибамда бир ҳаёли, иболи келинни ўғлига ёмонлаб, охири талоқ қилдирган қайнонани ва бу нохолис вазиятга ечим топмаган, ўз хотинини йўлдан қайтара олмаган қайнотани биламан. Ўша қайнонага келинига зулм қилганини такрор-такрор айтсам ҳам, ўз фикридан қайтмади. Охир-оқибат золим қайнонанинг ўғли ҳаёти давомида онаси сабабли бир неча маротаба уйланиб, уларнинг ҳеч бири билан турмуши давомли бўлмади. Беш фарзанднинг отаси бўлган ўша йигит қирқ ёшида вафот этиб кетганининг гувоҳи бўлдим. Бу аянчли оқибат итоаткор биринчи хотинга ўтказилган зулмнинг жазоси бўлса, ажаб эмас, деган фикрга борасан киши.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида мазлумнинг дуоси сўзсиз ижобат бўлиши ҳақида хабар берганлар.
Ноҳақ қувилган, тазйиққа учраган келин ўша оилани, собиқ эрини, қайнона ва қайноталарини албатта дуои бад қилиши аниқ. Мазлум келиннинг дуоси ижобат бўлиши ҳам аниқ. Шундай экан, ўғлига келинини ёмонотлиқ қилиб кўрсатмоқчи бўлган қайноналар юқоридаги аччиқ ҳаётий воқеадан сабоқ олиб, келинларни ўз қизлари каби кўрсалар, иншоаллоҳ, оилалари тинч-тотув, ҳаётлари фаровон, уйлари роҳат ва фароғат масканига айланади.
Раҳмонқул МАМАТҚУЛОВ,
Бахмал тумани бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди
Президент интервьюсига Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори муносабат билдирди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон" газетасига берган интервьюси Малайзия экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.
Фариза Шом, Малайзия Миллий университети қошидаги Ислом цивилизацияси институти директори, профессор:
– Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатни диққат билан ўқиб чиқдим. Аввало, Малайзия Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий соҳада, шунингдек, виждон ва дин эркинлигини таъминлаш, дин соҳасини эркинлаштириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида қизиқиш билан кузатаётганини таъкидлашни истардим.
Дарҳақиқат, сўнгги беш йилда Ўзбекистон учун жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида мураккаб ўзгаришлар даври белгиланди. Шу нуқтаи назардан ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ўзбек илоҳиётчилари ва мутафаккирларининг илмий-маънавий меросини янада чуқур ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида эътиборга лойиқдир.
Фақат сўнгги йилларда Ўзбекистонда йирик илмий муассасалар ўз фаолиятини бошлади, улар орасида Самарқанддаги Имом Бухорий ва Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентдаги Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам бор.
Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази ўзбек халқининг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ. Марказнинг янги биноси Марказий Осиёда меҳнат қилиб, жаҳон маданияти ва мусулмон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирларнинг улкан билим ва ижод қатламини тўплаши мени руҳлантиради.
Шу ўринда аминманки, янги Ўзбекистон қурилиши ислом оламининг буюк мутафаккирларининг ноёб маданий меросини чуқурроқ ўрганиш билан давом этади, бу эса, шубҳасиз, мамлакатда Учинчи Ренессанс даврининг қайта тикланишига замин яратади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати