muslim.uz
ҚАНОАТ – БОЙЛИКДИР
Қаноат – бир чашмадир, олган билан унинг суви қуримайди; у бир хазинадир, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди; у бир экинзор, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдир, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бор.
Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони тамагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи – олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.
Шоҳ улдур – олмайди-ю, беради, гадо улдур – сочмайди-ю, теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғон, унга кирсанг, нафсинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққи, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан холос бўласан. Қаноат ҳокисорликдир, натижаси юксаклик, у – муҳтожлик, фойдаси эҳтиёжсизлик. Қаноат экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; йўлдир, (йўлчилиги) қаттиқ, лекин борар манзили севинтирувчидир.
Қаноатда қанча роҳат ва фароғат бўлса, унинг акси тамада шунча разиллик ва уқубат бор.
Хасис табиатли одамнинг дўсти тиламчи ва нокасдир; разолат уларнинг феъл-атворига мосдир. Улар муносабатига камситиш ва енгилтаклик хосдир. Ҳар кимда бу сифатлар мавжуд бўлса, бундай одамни халқ ёмон кўради. Ана шу туфайли нокаслик, разиллик ривожланади, одамгарчилик ва инсонийлик эса завол топади. Булар ор-номус уйини куйдирувчи бир ўтдир; иззат-ҳурмат хирмонини совурувчи ва улуғворлик шамини ўчирувчи бир елдир. Тамагирнинг бирор нима олишга ўчлиги худди еб-тўймаснинг таомга очкўзлигига ўхшайди. У бири тубанлар ҳаракати бўлса, бири ҳайвонлар одатидир.
Қаноат шундай бир жавҳарки, элни тамагирлик ва нокаслик балосидан халос қилади ва халқни бундай офатдан қутқаради. Тамагирлик ва нокаслик гўё икки ёқимсиз эгизаклар: униси бундан ёмон, буниси ундан ёмон – иккаласи ҳамма ёмондан ёмон.
Алишер НАВОИЙнинг “Маҳбубул қулуб” асаридан
ҚАЛБИМ МУҲАББАТ БИЛАН НУРЛИ
Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан хурсанд бўлганингни ҳам, хафа бўлганингни ҳам дарҳол билиб оламан”, дедилар. “Буни қаердан биласиз?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Мамнун бўлсанг: “Ҳа, Муҳаммаднинг Парвардигори ҳаққи!” деб айтасан. Агар хафа бўлсанг: “Йўқ, Иброҳимнинг Парвардигори ҳаққи!” деб айтасан”, дедилар. Мен: “Ҳа, тўғри айтдингиз, мен (сизни эмас, ўша пайтда) фақат исмингизни тарк қиламан”, дедим» (Имом Бухорий).
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва покиза оилаларини ҳаётнинг ҳар жабҳасида умматга гўзал намуна қилди. Ушбу ҳадиси шариф орқали нубувват хонадонида эр-хотиннинг муносабати нақадар гўзал, нафис экани намоён бўлмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом)оила раҳбари сифатида хонадонида содир бўлаётган катта-кичик ўзгаришни кузатмоқдалар. У зот алайҳиссалом Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг суҳбат асносида яширишга ҳаракат қилган икки ҳолатини эслатмоқдалар. Эрнинг эътибори, аёлнинг нафосати нақадар гўзал. Бири умр йўлдошига нисбатан хафалигини яширса, иккинчиси жуфтининг қайғусини ҳам, хурсандчилигини ҳам эътиборсиз қолдирмай, бир оғиз сўзидан фаҳмлаб олмоқда. Эътиборга лойиқ яна бир жиҳати шундаки, эр аёлининг хафа эканини билса-да, ўша фурсатда индамай, аёлининг кўнгли хотиржам ва хуш кайфиятини кутиб, сўнг мулойимлик билан эслатмоқда. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам ўша ҳолатга гўзал одоб, заковат билан ойдинлик киритишга уринмоқда: “Сиздан хафа бўлганимда фақат исмингизни тарк қиламан. Исмингиз ўрнига бобокалонингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг номини зикр этсам-да, қалбим сизга муҳаббатим билан лиммо-лим”.
Ёқуб БУХОРБОЕВ,
Бекобод туманидаги “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналидан
ҲЕЧ БИР НАРСА МАХФИЙ ЭМАС
“На Ерда ва на осмонда бирор нарса Аллоҳга махфий (номаълум) эмасдир” (Оли Имрон, 5).
“Раббингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир” (Фажр, 14).
“...У ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, унга (осмонга) кўтариладиган нарсаларни ҳам билади. Сизлар қаерда бўлсаларингиз, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингизни кўриб турувчидир” (Ҳадид, 4).
Ҳазрат Абу Зар ва Муоз ибн Жабалдан (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ривоят қилинишича, жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсангиз ҳам Аллоҳ таолодан қўрқинг. Ёмонликдан сўнг яхшилик қилинг, уни ювиб кетади ва одамларга яхши хулқ билан муомала қилинг”, дедилар (Имом Термизий).
Ҳазрат Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Сиз баъзи (хато) амалларни қилдай (енгил) ҳисоблаб қиляпсиз. Биз Саййиди Олам (алайҳиссалом) замонларида у ишларни ҳалокатга боис амаллардан санардик” (Имом Бухорий ривояти).
Пскентда янги масжид иш бошлади
Сўнгги вақтларда дин равнақи, соф Ислом таълимотини аҳолига етказиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ҳамда Пскент тумани имомлари иштирокида “Ўсмат Ота” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилган эди.
Бугун, 2 январь куни 2016 йилда қилинган хайрли дуоларнинг ижобати сабабли “Ўсмат ота” жоме масжиди замонавий ва кўркам ҳолда қайта қуриб фойдаланишга топширилди. Масжид биносида намозхонлар учун барча шароитлар мужассам этилган бўлиб, келгусида кутубхона, музей ташкил этиш ва автотураргоҳ қуриш режалаштирилган. Масжидда бир вақтнинг ўзида 250-300 кишини сиғдира олади.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг очилиш маросимида иштирок этиб, масжид аҳлини ушбу қувончли ва тарихий воқеа билан муборакбод этдилар.
Туман ҳокими А.Акромов ташаббуси билан меҳмонлар ва масжид аҳли учун байрамона дастурхон ёзилди.
http://old.muslim.uz/index.php/rukn/fiqh/itemlist/user/72-muslimuz?start=7900#sigFreeId0730527b68
ЎМИ матбуот хизмати
Довонда масжид очилди
2017 йилда мамлакатимизда ўнлаб янги масжидлар очилди. Бу эса ўтган йилнинг муҳим аҳамиятга эга бўлганини ҳамда янги 2018 йилда ҳам янада кўпроқ масъулият билан ишлаш лозимлигини кўрсатди.
Милодий 2018 йилнинг илк кунлариданоқ хайрли ишлар амалга оширилди.
Бугун, 2 январь куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Кўксарой маҳалласида янги масжид қайта фаолият бошлади. Қамчиқ довонидаги ягона масжид, автомагистрал йўлнинг шундоққина юзида жойлашган “Ислом нури” жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда Тошкент вилояти вакиллиги масъуллари иштирок этдилар. Тадбирни Муфтий ҳазратлари очиб бердилар.
Масжиднинг довон йўлида жойлашгани ибодат қилишни истаганлар учун қулайлик яратди.
Маълумот учун, 2013 йилда масжидни қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошланган эди. Масжид саҳоватпеша ҳомийлар ҳамда аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Масжидда намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, таҳоратхона эл хизматига тайёр ҳолда қурилган.
http://old.muslim.uz/index.php/rukn/fiqh/itemlist/user/72-muslimuz?start=7900#sigFreeIde3931396d9
ЎМИ матбуот хизмати