muslim.uz
“Ислом энциклопедияси” биринчи жилдининг тақдимоти
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ZOOM платформаси орқали онлайн тадбир ташкил этилди.
Онлайн анжуманда кенг қамровли ва кўп жилдли “Ислом энциклопедияси” 1-томининг яратилиш жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Қатор олимлар томонидан бу борада фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Мазкур нашр Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тайёрланмоқда, – дейди филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов. – “Ислом энциклопедияси” илмий-академик нашр бўлиб, у республикамиз илмий жамоатчилиги, таниқли профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимлар ҳамда AҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жазоир, Россия, ва Қозоғистон давлатлари машҳур олимлари ҳамкорлигида тайёрланмоқда. Шу боис ҳам мазкур нашр жаҳон илм-фани тараққиётида ўзига хос аҳамият касб этади, десак муболаға бўлмайди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов сўзга чиқиб, мазкур энциклопедиянинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталди.
– “Ислом энциклопедияси” режа бўйича 20 жилддан иборат бўлади, – дейди Музаффар Комилов. – Энциклопедияда 60 мингдан зиёд мақола ўрин олиши кутилмоқда. Кенг қамровли, академик нашрда динимиз равнақига ҳисса қўшган буюк шахсларнинг илмий фаолияти, ислом дини асослари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, саҳоба ва тобеъинлар, муҳаддис, фақиҳ, муфассирлар ҳақида 1000 га яқин мақола, атама ва сўз бирикмалари, безак материаллари, харита ҳамда чизмалар ўрин олган. Aйрим шахслар, воқеалар, атамалар илк марта илмий муомалага киритилди. Аввал тайёрланган китоблардан фарқли равишда янги манбалар билан бойитилган мазкур энциклопедия илм аҳли учун ноёб туҳфа бўлди, десак адашмаган бўламиз.
Дарҳақиқат, энциклопедия ўзининг мазмун-моҳияти ва хусусиятларидан келиб чиқиб, илгари чоп этилган араб, турк, урду, форс, инглиз, немис, француз тилларидаги Ислом энциклопедияларидан тубдан фарқ қилади. Китобни тайёрлашда юртимиз ва минтақа мусулмонлари учун анъанавий бўлган ханафий-мотуридийлик тамойилларидан келиб чиқиб ёндашилган. Мақолалар ёзилишида илмийлик ва холислик мезонларига амал қилинган. Мақолаларнинг акcарият қисми бирламчи манбалар – Қуръон, тафсир, Ҳадис, илмий-маърифий тадқиқотларга асосланган.
– “Ислом энциклопедияси” – бугунги кунгача бутун аждодларимиз томонидан йиғилган ислом олами билан боғлиқ илмий-маърифий, маънавий мерос саналади, – дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров. – Мазкур энциклопедия “Учинчи Ренессанс” учун катта пойдевор, муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бу китоб халқимиз ва ҳар бир ёш учун диний-маърифий билимлар бериш билан биргаликда, Имом Бухорий айтганларидек, “Нажотни илмдан излаш учун” хизмат қилади, деб ўйлайман.
Нашр ишларида юртимиз ва хорижлик исломшунослар, диншунос, филолог, манбашунос ва бошқа соҳа вакилларидан иборат 200 нафардан ортиқ муаллиф, 50 нафарга яқин тақризчи ва маслаҳатчи иштирок этди. “Ислом энциклопедияси” нинг навбатдаги жилдлари бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Эй инсон... (Аудио)
Сўзлар билан сўзлашув: Олти, етти, олтмиш, етмиш...
Бу сўзларни ҳар куни қайта-қайта ишлатамиз. Мақоллару ибораларимизни кўп ўринларда ҳам шу сўзлар безаган. “Олтмиш кун атон бўлгунча, олти кун буғра бўл”, “Олти мучанг омон бўлсин”, “ Олтмишгача ошир, етмишдан сўнг яшир”, “Етти ёшга етгунча ер тўқмоғин ерсан, етмиш ёшга етгунча эл тўқмоғин ерсан” каби ўнлаб мақолу ибораларимиз бор.
Эрванд Севортяннинг “Туркий тиллар этимологик луғати”да олти, етти, олтмиш ва етмиш сонлари ҳақида қизиқарли маълумотлар ва фаразлар айтилган. Карл Брокельман энг қадимги саноқ сонлар қаторининг охири етти бўлган, шунинг учун ҳам Хартман айтганидай етти рақами етиб келди маъносидаги “етди” сўзидан келиб чиққан ва “олти” сўзи паст, ост, кам маъноларини ифодалаб етти остидаги, пастидаги, еттидан кам деган маънони англатган деган.
Агар ростдан ҳам шундай бўлса, “олти” сўзи “олд” сўзидан эмасмикин? Олти “еттидан олдинги” маъносини ифодаламасмикин? Чунки туваликлар тилида “олти” “алды” сўзи билан ифодаланади. Маҳмуд Кошғарий “алтин” сўзини “ост, қуйи” маъносида изоҳлаган. Баъзи олимлар “олти” сўзининг илдизини олмоқ маъносидаги “ол” феълига тақайдилар. Лекин бу тахминни асосли деб бўлмайди.
Шу ўринда айнан “олти” ва “етти” сўзларига алоқадор “олтмиш” ва “етмиш” сўзлари ҳақида ҳам турли тахминлар бор. Масалан, Б.Мунчаки “олтмиш” сўзининг “миш” қисмини Авестога тақаб, “катта” маъносидаги “mas” сўзидан деган фаразни илгари суради. У ҳолда “олтмиш” сўзи “катта олти”, “етмиш” сўзи “катта етти” маъносини ифодалаши керак бўлади.
Лекин “олти” ва “еттига” боботарих қўшиб қўйган “миш” қўшимчаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Баъзи туркий тилларда, хакас, караим, телеут, шор тилларида “олтмиш” сони “алтон”, яъни “саксон”даги каби “олти ўн” шаклида қўлланади.
Адирнинг ажралиши
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да адир сўзига шундай изоҳ берилади: “Тоғларга яқин, тоғ этакларидаги алоҳида тепалик ерлар”. Изоҳда “алоҳида тепалик” дейилган. Алоҳида дегани ажралиб турадиган дегани. Ҳамма гап ана шунда! Қадимги тилимизда айирмоқ, ажратмоқ, фарқламоқ “адыр” деган сўз билан ифодаланган. Бу ҳақда “Қадимги туркий тил луғати”да айтилган. Юсуф Хос Ҳожиб худди шу сўзни икки хил шаклда “адыр” ва “азыр” шаклида қўллаган. Шу сўзлар қаторида “адырт” ва “азырт” сўзлари ҳам фарқ ва тафовутни, ажралишни билдирган. Демак, ҳозирги тилимиздаги “ажрат” сўзи худди шу “адырт” ва “азырт” сўзларидан келиб чиққан бўлиши керак.
Шу ўринда менда бир фараз пайдо бўлди. Модомики, “адыр” сўзи айирмоқ, ажратмоқ, фарқламоқ маъноларини англатар экан, унда алоҳида тепалик ер маъносидаги “адир” сўзи ҳам шунга алоқадор бўлиши керак.
Эшқобил ШУКУР
Душманни ҳам илм орқали таниймиз
Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев: «Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат” эзгу ғояси асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади», деб таъкидлаганлар.
Жорий йилда калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Дарҳақиқат, Ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган бобомиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши муросасиз курашни кўрамиз. У зот «Китобут тавҳид» асарида экстремистик оқимлар ҳақида ҳам сўз юритади: “Таассуфки, бу кўр-кўрона тақлид жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик маънавий ёки диний йўлбошчи, деб таниган кишисига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда эргашишга мойил бўлиб қолади. Шу сабабли ҳозирга қадар ҳар бир фирқа ва йўналиш ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу “мухлис”лар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этиб, ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисоблашмоқда”.
Имом Мотуридий бобомиз ўша даврдаги адашган оқим ва фирқаларнинг бузғунчилик моҳиятини очиб берганлар. Бутун дунёда нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётганлар юртимизда ҳам нафақат мафкуравий фитна уюштиришга, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган миллатимиз менталитетига тамоман зид бўлган зарарли ғояларни сингдириш пайида бўлишмоқда.
Ҳолбуки, Қуръони карим ва ҳадисларда ҳар қандай шароитда террорчилик ҳаракатлари қораланиб, ноҳақ тўкилган қон энг оғир гуноҳ ҳисобланади. Моида сурасининг 33-оятида: «Бирор жонни ўлдирмаган, бузғунчилик, қароқчилик каби фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир», деб огоҳлантирилган.
Пайғамбар алайҳиссалом: “Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Юртбошимиз шунинг учун ҳам бу борада ҳар сафар алоҳида таъкид билан гапиради. Бундай хуружлардан ҳимояланиш фақатгина илм-маърифат билан бўлишини тез-тез эслатади. Зеро, Ислом мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган ва илм олишга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илм ва тақводан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди. Илмсиз тараққиётга ҳам эришиб бўлмайди.
Отабек АВЕЗОВ,
Бухоро шаҳар бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди.
Канадада йирик мусулмонлар фестивали ўтказилади
Шимолий Америкадаги энг йирик мусулмон фестивали MuslimFest ушбу тадбир тарихида биринчи маротаба Канадада, Онтарио шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Islam.ru хабарига кўра, тадбир 25 октябрь куни бўлиб ўтади.
"Бу хилма-хил исломий маданий колоритга эга фестиваль", - дейди Жануби-Ғарбий Онтарио Ислом марказидаги дин ишлари бўйича директор Мунир Ал Қосим.
Ислом маркази коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши барча чораларга риоя қилган ҳолда тадбирни ўтказади.
"Биз барча хавфсизлик чораларига риоя қилишимиз керак", - дейди Ал Қосим. "Шунинг учун, фестиваль меҳмонлари хавфсиз автомобиллардан чиқмай туриб шоудан баҳраманд бўлишади".
Онтарионинг барча аҳолиси учун очиқ бўлган тадбир 200 та автомобилни сиғдира олади. Форум нафақат исломга эътиқод қилувчи инсонлар, балки бошқа дин вакиллари учун ҳам очиқ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати