muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 08 Октябрь 2020 00:00

Унутилаётган суннатлар (1-суннат)

Таҳоратдан сўнг дуо қилиш

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат олиб: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу”, деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Таҳоратнинг баданни тетиклаштириш, чиниқтириш, турли касалликлар ва руҳий иллатларни бартараф этишда жуда кўп фойдалари бор. Таҳоратда икки қўлни ювганда қўл мускуллари, билаклар ҳаракатланади. Оғиз ва бурунни чайганда жағ, қўл мускуллари, елка ҳаракатланади. Нафас йўллари очилади.

Бошга масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидан бири қилиб белгиланишида кўп ҳикматлар бор. Қўл бармоқларини ҳўллаб масҳ тортганда бошдаги томирлар кенгайиб, оғриқлар йўқолади. Киши ўзида хотиржамлик ва роҳатни ҳис қилади.

Бош оғриғининг 95 фоизида айнан бошдаги томирларнинг сиқилиши туфайли оғриқ пайдо бўлади. Бошга ва гарданга масҳ тортиш билан қон айланиши, асаб тизими фаолияти яхшиланади. Бош оғриғи йўқолади. Ғазабланиб турган ҳар қандай киши таҳорат олгач, ҳовуридан тушади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон оловдан яралган. Олов сув билан ўчади. Агар сизлардан бирингиз ғазабланса, таҳорат олсин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ таҳоратдан сўнг шаҳодат калимасини айтайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Анбар Отин, Жаҳон Отин Увайсий, Зебунисо, Нодирабегимлар зукко аёллар бўлишган. Улар дин, дунё, сиё­сат ва маданият соҳасида маърифатли отинлар бўлиб, замонасининг аёл-қизларига фиқҳий, ижти­моий масалада йўл-йўриқ кўрсатишган. Нодираи давроннинг етук билимга эга экани унинг асарларини ўқиганимизда яққол кўзга ташла­нади.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг диний-маърифий савиясини оши­риш, бидъат ва хуро­фотларга барҳам бериш, қалбларга соғлом исломий ақидани сингдириш­га аҳамият берил­моқ­да. Бу жараёнда диний соҳа ходимлари фаол иштирок этишлари лозим.

Отинойилар маъсулиятли вазифани тирикчилик манбаига айлантириб олмаслиги керак. Улар зиммасида маърака ё эҳсонларда икки оғиз дуо қилиш эмас, балки дин ва жамият равнақи учун холис хизмат қилиш бор. Бугунги отинойидан диний, дунё­вий илмларни эгаллаш, янгиликлардан хабардор, ўз тарихини яхши билган, катта тажрибага эга, фидокор, халқ­парвар бўлиш талаб этилади.

Афсуски, нафақага чиқиб ­зерикиб қолган ҳам, ҳаётдан аламзада аёл ҳам муқаддас динимизни ўрганмасдан отинойиликка талабгор бўлмоқ­да. Отин­ойиликка бу тарзда бирёқлама ён­дашиш дин ривожи ва жамият тарақ­қиётига хизмат қилмайди.

Кечагина турли бидъат ва хурофотларни эл орасида ёйиб юриб, бугун давраларнинг тўрида “отин” бўлиб ўтирганлар орамизда йўқ эмас. Отинойи зиммасидаги масъулият биргина рўмол, гўзал қофиядош дуо ёки нотиқлик санъати билан сўз­лаш эмас, балки хотин-қизларнинг эътиқодини тўғри шакллантиришдир. Бунинг учун отинларимиз Ислом тарихидан яхши хабардор бўлиб, саҳобия оналаримизнинг ҳаётларини чуқур билишлари керак.

Шукрки, фаровон юртда, маърифатли эл орасида яшаяпмиз. Бундай шароитда динга хизмат қилиш ота-боболаримизнинг орзуси бўлган.

Отинойиларнинг билимлари имтиҳон қилиб кўрилганда, аксариятининг билим савияси пастлиги сезилиб қолди. Уларнинг билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида малака ошириш курслари ташкил этилди. Бугунги отинойи нафс балосидан, илмсизликдан узоқ бўлиши, диний-маърифий тизимга доир қабул қилинаётган қарорлардан, янгиликлардан хабардор бўлиши лозим. Отинойи ўзи ўрганмаса – ўр­гатолмайди, ўргатолмаса – фаолият юритолмайди.

Отинойиларнинг диний-­маърифий билим ва кўникмаларини шакллантиришда қу­йидаги жиҳатларга эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўлади:

  1. Қуръони карим ва тажвид илми. Отинойиларнинг қироат илмидан хабардор бўлиб, сураларни, оятларни тажвид қоидалари билан ўқиши.
  2. Ақоид асосларини ўқитиш. Тўғри эътиқодни шакллантириш, ширк ва бидъат амаллардан воз кечиш. Урф-­одатларни эътиқодий масалалар билан аралаштирмаслик.
  3. Фиқҳ илми. Фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, мак­руҳ ва бошқа амаллар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш.
  4. Ислом тарихи ва пайғамбарлар тарихини ўрганиш. Маз­ҳаблар ва мазҳаббоши­лар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш.
  5. Суннат, урф-одат ва бидъат маросимларни бир-биридан ажрата билиш.
  6. Диний маънавий-маърифий ислоҳотлардан хабардор бўлиш; нотиқлик маҳоратини ошириш ҳамда замон билан ҳамнафас яшаш.
  7. Мутолаа билан доимий шуғулланиш.

Отинойи кенг диний ва дунё­вий билимларга эга бўлсагина, инсонларга маъ­рифат улаша олади.

 Зилола СУЯРОВА

Тошкент ислом институти талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи

 

Четверг, 08 Октябрь 2020 00:00

Муносиб келин (иккинчи мақола)

  1. Солиҳалик.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الدُّنْيَا كُلَّهَا مَتَاعٌ، وَخَيْرُ مَتَاعِ الدُّنْيَا الْمَرْأَةُ الصَّالِحَةُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَمُسْلِمٌ 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дунёнинг ҳаммаси матоъдир ва дунёнинг энг яхши матоъи солиҳа аёлдир» (Насаий ва Муслим ривоят қилганлар).

«Матоъ» сўзи «баҳра олинадиган нарса» деган маънони билдиради. Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсаларнинг ҳаммаси ҳам «матоъ» экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда. Бу билан аҳли солиҳ бўлиш жуда ҳам яхши экани, аёлларнинг ичида ҳам энг афзали солиҳаси бўлиши таъкидланмоқда.

«Солиҳ инсон» дегани шариат томонидан буюрилган амрларни бажариб, қайтариқлардан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган инсон деганидир. Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.

Солиҳлик банданинг ҳилқатида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатиш маъносида ишлатилади. Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бўлишни англатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёнинг энг яхши матоъи солиҳа аёлдир, деганлари айнан мана шу маъноларни ўз ичига олади.

Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига эътибор бериш керак. Бу эса яратилишда ҳам, хулқу одоб ва бошқа сифатларда ҳам етук бўлишдир.

Келиннинг шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай, нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.

  1. Болага меҳрибон ва эрга риояли бўлиш. 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَيْرُ نِسَاءٍ رَكِبْنَ الْإِبِلَ صَالِحُ نِسَاءِ قُرَيْشٍ أَحْنَاهُ عَلَى وَلَدٍ فِي صِغَرِهِ، وَأَرْعَاهُ عَلَى زَوْجٍ فِي ذَاتِ يَدِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга унинг қўлидаги нарсаси хусусида энг риоялидир, – дедилар» (Икки Шайх ривоят қилганлар).

«Туя минган аёллар» деганда Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига сабаб эса, кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишлари экан. Айниқса, улар эрларининг молу мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишар экан.

Дарҳақиқат, бу сифатлар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл, дея олади. Ундай бемеҳр аёлнинг оиласида болалар меҳрсиз, одобсиз, ахлоқсиз бўлиб ўсадилар. Бу эса, оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир.

Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан қандай яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан бошқа яхшиликларни кутиш мумкинми?

Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёлларнинг қариндош болаларга қандай қарашлари, эрларини қандай риоя қилишларига разм солиш, сўраб-суриштириш керак бўлади. Агар келин диндорлик, солиҳалик устига бу сифатларни ҳам ўзида мужассам қилган бўлса, у энг маъқул, муносиб келиндир.

  1. Қиз бўлиши.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَزَوَّجْتُ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا تَزَوَّجْتَ؟ فَقُلْتُ: ثَيِّبًا، فَقَالَ: مَا لَكَ وَلِلْعَذَارَى وَلِعَابِهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қандайига уйландинг?» дедилар. «Жувонга», дедим. «Бокира қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар» (Бешовлари ривоят қилганлар). Ушбу ҳадисдан бокира қизга уйланиш афзал экани келиб чиқади.

  1. Муҳаббатли ва серфарзанд бўлиши.

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رٍَسُولَ اللهِ، أَصَبْتُ امْرَأَةً ذَاتَ جَمَالٍ وَحَسَبٍ، وَإِنَّهَا لَا تَلِدُ أَفَأَتَزَوَّجُهَا؟ قَالَ: لَا، ثُمَّ أَتَاهُ الثَّانِيَةَ فَنَهَاهُ، ثُمَّ أَتَاهُ الثَّالِثَةَ، فَقَالَ: تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ، فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمُ الْأُمَمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحاَكِمُ وَصَحَّحَهُ 

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди. «Йўқ», дедилар. Кейин у зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар» (Абу Довуд, Насаий ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деганлар). Бу ҳадиси шарифдан эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги англанади.

Келинликка номзоднинг бу каби сифатлари унга яқин қариндош бўлган аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, уларнинг зотида бўлган ёшлар ҳам кўпинча ўша сифатларга эга бўладилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалардан энг асосийси уйланишдан олдин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўрашнинг яхшилигидир. (Давоми бор).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

Маълумот Бахтиёр оила китобидандан олинди 

  1. Сурур бағишлаш, итоаткор бўлиш ва хилоф қилмаслик. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ النِّسَاءِ خَيْرٌ؟ قَالَ: الَّتِي تَسُرُّهُ إِذَا نَظَرَ، وَتُطِيعُهُ إِذَا أَمَرَ، وَلَا تُخَالِفُهُ فِي نَفْسِهَا وَلَا مَالِهَا بِمَا يَكْرَهُ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ё Расулаллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», – дейилди.

«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», – дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:

  1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».

Демак, эр назар солса, кўнглини хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёллар-да бўладиган сифатларга эга бўлар экан.

Бу таъриф аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрларининг кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.

  1. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».

Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан би-ридир.

Албатта, бу ерда шаръий рухсат берилган ишлар доирасидаги итоаткор-лик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас. Чунки Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди.

Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин, оила аъзолари, жумладан, аёл киши унга итоат қилиши керак. Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.

Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.

  1. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».

Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлишни истаган аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак. Чунки шу хилоф туфайли оилада уруш-жанжал чиқиши, эр‑хотиннинг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.

Яна, аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлларнинг яна бир сифатига эга бўлади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.

Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этишлари лозим. Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.

Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:

  1. Диндорлик.
  2. Серфарзандлик. Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.
  3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.
  4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
  5. Насаби яхши бўлиши.
  6. Ҳуснли бўлиши. Шунда эрнинг кўнгли тўқ бўлади, муҳаббат қўяди, бошқаларга қарамайди.
  7. Қариндошлардан бўлмаслиги. Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади.
  8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик. Чунки кўпхотинлиликнинг машмашаси ҳам кўп бўлади, шартларини бажо қилиш ҳам осон эмас. 

 

Биринчи мақола:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

Маълумот "Бахтиёр оила" китобидан олинди

Канададаги келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган шифокор ўз беморларига Қуръонни тинглашга рухсат бериб, даволайди, дея хабар бермоқда The Siasat Daily.
Доктор Жагдиш Ананд Рой Канадада энг яхши офтальмологлардан биридир. У бир неча йил аввал асос солган ўз клиникасининг раҳбари.
Қизиғи шундаки, ҳиндуизм ихлосманди доктор Жагдиш мусулмон эмаслигига қарамай, унинг клиникасида доимий равишда Муқаддас Қуръон трансляцияси ёқилиб туради. У асосан "Ёсин"ва "ар-Раҳмон"сураларини тинглайди.
"Исломосфера" веб-сайтига кўра, бу анъана ҳақида гапирганда, доктор Жагдиш Қуръон бутун инсоният учун мўлжалланган, дейди. Қуръон ўқишнинг фойдалари ҳақида гапирар экан, клиника муҳитини янада тинчлантириб, беморларнинг тузалишига ҳисса қўшишини айтади. Др. Жагдиш тадқиқотгиа кўра, "Ар-Раҳмон" сурасини беш марта тинглаш баъзи кўз касалликларини даволайди.
Унга кўра, клиника ташкил этилганидан буён бу ерда Қуръони Kaрим тиловати тинмай қўйилади. У ва унинг беморлари Қуръон тинглаш орқали маънавий тинч-хотиржамликка эришадилар. Баъзи беморлар ундан нима учун клиникада Қуръон тиловати эфирга узатилишини сўрашади. Улар у ўзининг динига бизни чорламоқчи, деган хаёлга боришади.
Ислом тинчлик дини эканлигини эслатиб, Жагдиш Ананд Рой Ислом ҳақидаги нотўғри ғоялардан қутулиш лозимлигини таъкидлайди. Др. Жагдиш ҳар бир динни ҳурмат қилади ва кичик фарқларга қарамай, уларнинг барчаси бир хил номани ўз ичига олади, дейди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top