muslim.uz

muslim.uz

Ибодатлар орасида зикрнинг аҳамияти улкан. Зикр луғатда: “эслаш”, “бирор нарсани ёдга олиш”, деганидир. Истилоҳда эса: “Банда Аллоҳ таолони ёдга олиши” тушунилади.

Шунга кўра, шариатимизда буюрилган намоз, закот, рўза, ҳаж каби ибодатлар умумий маънода зикр ҳисобланади. Аллоҳни зикр қилишдек қалбга таскин берувчи иш йўқдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси, 41-ояти).

Зикр – Аллоҳнинг ердаги жаннати. Унга киришни истамаган одам охират жаннатига ҳам кира олмайди. Зикр кишини руҳоний касаллик, машаққат ва изтироблардан холос қилади. Зикр нажотга етиш учун энг осон йўл. Шифо топиш учун ваҳий девонларини (Қуръони карим ва Ҳадиси шарифни) мутоалаа қил, зикр “малҳами” синаб кўр.

Роббимизнинг зикри билан хавф, беоромлик ва ғам-қайғу булутлари тарқалади, ташвиш, хафалик тоғи парчаланади. Яратган Зотга доимо зикр айтувчи киши қалб сокинлигига эришади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси 28-ояти).

Эй бедорликдан шикоят қилаётган, аламдан йиғлаётган, ҳодисалардан фожиа ясаётган инсон, Аллоҳнинг муқаддас исмлари билан зорлангин, У Зотни қанча кўп зикр қилсанг, қалбинг шунча таскин топади, нафсинг бахтиёр бўлади, дилинг яйрайди. Ҳақ таолони зикр қилишда Унга таваккул қилиш, ишониш, суяниш, қайтиш, ундан кенгликни кутиш бордир.

Поччаев Саидхўжа,

 Янгиобод тумани “Ҳазрати Абу Зар”

жоме масжиди имом-хатиби

Вторник, 06 Октябрь 2020 00:00

Муносиб келин (биринчи мақола)

Оила қуриш ниятидаги эркак тараф ўзи учун никоҳи ҳаром ва совчилик қилиб бўлмайдиган шахсларни ажратиб олганидан кейин энг аввал муносиб келин ахтаришга киришади. Куёв тарафдан қизга совчи қўйилади. Ўша пайтда куёв, унинг ишбошилари ва совчилари келинликка номзоднинг қандай тарафларига эътибор беришлари керак? Бу саволга жавоб ахтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мурожаат қиламиз. Зотан, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандай бўлишини баён қилиб берганлар. Мазкур ҳадиси шарифларда келинликка номзоднинг қуйидаги сифатларига алоҳида эътибор бериш тавсия қилинган:

  1. Диндорлик.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар» Бешовлари ривоят қилганлар.

Уйланишдан олдин келинликка номзоднинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша – никоҳига рағбат қилинадиган номзодда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ҳақида сўз кетмоқда.

Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизнинг зийнати бўлиб турса, албатта, яхши. Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.

Чунки молдорлик вақтинчалик сифатдир. Бир лаҳзада молу мулкдан ажраб қолганлар қанча. Агар келиннинг молига қизиқиб, унга уйланилса ва унинг моли бақосизлик қилиб, уни тарк этса, мазкур келинга қизиқиш қолмайди. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган ҳолатда бойлик кўпинча ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.

Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши келин бўлади. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота‑она, бобо-момолари яхши одамлар бўлса, жуда ҳам яхши, лекин улар ўз уйларида қоладилар, куёвникига келиннинг ўзи келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасабу насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.

Жамол ҳам ўз ҳолича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчидир. Маълум муддатдан кейин ҳар қандай инсоннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Агар келин ўзининг жамоли учун қизиқилаётганини билса, бу омилни куёвни ўзига мубтало қилиб, унинг устидан ҳукмронлик қилишга ишлатиши ҳеч гап эмас.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом гўзал сифатдир. Бунинг устига диндорлик сифати вақт ўтиши билан зиёда бўладиган нодир сифатлардан биридир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади, оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келган, унинг тарбиясини олган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар, иншааллоҳ.

Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича оиладаги ўз бурч ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.

Диндорлик ҳақиқий бойликдир!

Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!

Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!

Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз лозим. (Давоми бор).

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

Маълумот "Бахтиёр оила" китобидандан олинди

 

Ўзбек тасаввуф адабиётининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий ўзининг шеърий ҳикматлари воситасида халқ оммасига оят ва ҳадис асосидаги тасаввуфий ғоялар мазмунини, ахлоқий- маърифий қарашларни енгил, содда тарзда англатди. Барча амалларни ишқ ва муҳаббат ҳамда гўзал хулқ ила бажаришга ундади.
 
Аҳмад Яссавийдан сўнг «Девони ҳикмат» услубида ижод қилиш – шеърий ҳикмат айтиш ва ёзиш анъана тусини олди. XII асрда ҳикматнавислик анъанаси тўлиқ шаклланиб улгурди. Бу даврда ижод этган Сулаймон Боқирғоний, Юсуф Байзовий, Тож Хожа, Ҳубби Хожа ҳикматлари бизгача етиб келган.
 
XV асрнинг охирларига келиб, бир қатор ҳикматнавис шоирлар етишиб чиқдилар. Булар орасида Камол шайх Иқоний, Шамс Ўзгандий сингари Яссавий издошларини алоҳида таъкидлаш зарур. XVI асрнинг биринчи ярмида Худойдод, Убайдий сингари ҳикматнавис шоирлар ижоди билан ҳикмат ёзиш анъанаси энг юқори поғонага кўтарилди ва машҳур бўлди.
 
Аҳмад Яссавийнинг издошларидан бири XVI аср Мовароуннаҳр ижтимоий- сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган шоҳ ва сўз санъаткори Убайдуллахондир. Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий», «Нафоисул-маосир», «Баҳрул-асрор», Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» сингари кўплаб тарихий, илмий-адабий асарларда маълумотлар келтирилган.
 
Яссавийшунос олим Н. Ҳасан Шайбонийхон ва Убайдуллахоннинг Яссавийга эргашиб ёзган шеър ва ҳикматларини XVI аср ўзбек адабиётидаги «яссавий анъаналари» сифатида тадқиқ этган.
 
Убайдуллахон Марказий Осиё маданий ва адабий ҳаёти тарихида сезиларли из қолдирган. Унинг тўлиқ исми Убайдуллахон ибн Маҳмуд султон ибн Будоғсултон ибн Абулхайрхондир. У 1487 йилда (ҳ. 892) Хоразмнинг Вазир шаҳри яқинидаги Ямани Тирсак мавзесида дунёга келган. Убайдий ўз даврининг энг етук олимларидан таълим ва тарбия олади. Араб ва форс тилларини қунт билан ўқиб-ўзлаштиради. Етти хил ҳусни хатда ёза олар, Қуръон мутолаа ва қироатини осонлаштириш учун туркий тильда Қуръон тафсирини ёзган эди. 
 
18 ёшида Шайбонийхоннинг кўмагида Бухоро тахтига ўтиради. У Бухоро тахтига ўтирган йили Шайбонийхон Хоразмга юриш бошлайди. Унда Убайдий ҳам иштирок этиб, жасур, тадбиркор, моҳир саркарда эканлигини исботлайди. У Шайбонийхон вафотидан сўнг юртимизга бостириб кирган Эрон босқинчиларига қарши амакиваччаси Темур Султон билан бирга курашган, юртимиз мустақиллигини сақлаб қолган жасур саркарда, ватанпарвар инсон эди.
 
Убайдий подшоҳлиги даврида Бухоронинг ободончилиги ва қурилишлари учун ҳам жон куйдирган шахс эди. Масалан, асрлар оша илм маскани бўлиб хизмат қилган Мир Араб мадрасаси унинг даврида қурилган эди. У ҳофизи Қуръон, тафсир, фиқҳ ва ҳадис каби исломий илмларни эгаллаган олим, наққош ва мусиқашунос санъаткор, маърифатли хон, ўз даврининг йирик талантли шоири бўлиши билан бирга Хожа Аҳмад Яссавий анъаналарининг шеъриятдаги йирик давомчиларидан бири эди. У 1540 йили (ҳ. 945-946) касаллиги сабабли вафот этади ҳамда Хожа Нақшбандийнинг оёқ учи тарафига дафн этилади.
 
Убайдий шарқ шеъриятининг бир қатор жанрларида қалам тебратган шоир эди. Унинг бизгача етиб келган энг муҳим асари «Куллиёти Убайдий» деб номланган. «Куллиёт» ҳижрий 991, милодий 1583 йилда Мир Ҳусайн ал- Ҳусайний томонидан кўчирилган. «Куллиёт»да арабча, форсча ва туркийда битилган шеърлар мавжуд бўлиб, Яссавиёна битилган 240 дан ортиқ ҳикмат ҳам ўрин олган.
 
Убайдий «Куллиёт»даги ҳикматлар «Девони ҳикмат»нинг тил ва услуби, вазн ва шакли, мавзу ва ғоясидан таъсирланиб ёзилган.
 
Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат»ида маънавий-ахлоқий комиллик ва ошиқлик бир-бирига боғлиқ тарзда баён қилинган. Комил инсон бўлиш учун ошиқнинг одоб-ахлоқли бўлиши керак. Ошиқ манманликдан воз кечиши, бошқаларга ғамхўр, қаноаткор бўлиши, ўзгаларга яхшилик қила олиши, ёлғон сўзламаслиги, инсонларнинг кўнглини ранжитмаслиги лозим.
 
Суннат эрмиш, кофир бўлса берма озор,
 
Кўнгли қаттиқ дилозордан Худо безор.
 
Байтда дилозорлик, кўнгил қаттиқлиги сингари иллатлар қораланган.
 
Тасаввуф таълимотига кўра, кўнгил поклигига эришмасдан туриб, бирор мақсадга эришиб бўлмайди. Шу боис ҳам унда инсониятнинг нозик хилқати бўлган Кўнгил ва қалбнинг ўрни беқиёсдир. Кўнгил иймон нури порлайдиган жой; меҳр, шафқат, севги ва муҳаббат сингари туйғуларнинг манбаидир; ғайбий ҳақиқатлар жилоланиб, маърифат сирлари порлайдиган макондир; Кўнгил- Ҳақиқат тажаллий этадиган ягона борлиқдир.
 
«Девони ҳикмат»да кўнгил улуғланган, муқаддаслиги таъкидланган ўринлар кўп учрайди. XVI аср ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндаси, Яссавий издошларидан бўлган ҳикматнавис шоир Убайдий кўнгил тимсоли ва унинг илоҳий «мазҳар» – макон эканини ўз ҳикматларида баён қилган :
 
Ёрики, эй рафиқим, сиғмас жаҳон ичинда,
 
Сиғмағлиғи ажабдур бир зарра жон ичинда.
 
Жон каби сиррин асраб, истанг кўнглунда они,
 
Манзил анга кўнгулдур, кавну макон ичинда.
 
«Мен еру осмонга сиғмадим мўмин бандамнинг қалбига сиғдим», «Мен бандамнинг суратига қарамайман, унинг қалбига қарайман» мазмунидаги ҳадисларда ҳам қалб-кўнгил улуғланади. Шарқ мумтоз шеъриятида кўнгил муқаддас Каъба билан тенглаштирилишининг сабаби ана шундадир. «Мифтоҳ ул-қулуб»да кўнгилга озор беришнинг фожиаси қуйидагича изоҳланади: «Кўнгул қалбнинг ичидадур. Шарафи қалбдан кўп ортиқ эрур. Қалбга озор бериш инсонни сиртдан бузади, чиркинлаштиради ва ҳалок айлайди... Кўнгул қалбнинг бағрида бўлганлиги туфайли кўнгулга қаттиқ тегмак одамни ҳам зоҳиран, ҳам ботинан ҳалок этар».
 
Убайдийнинг «бузма кўнгулни овлағил» радифли ҳикматида ана шу иллат қораланган бўлиб, Кўнгилнинг таърифи билан ҳамоҳанг тарзда ифодаланган:
 
Арш дегон кўнгул эрур, бузма, кўнгулни овлағил,
 
Каъба дегон ҳамул эрур, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Ҳикматларда ифода этилишича, ошиқ ҳаётининг мазмуни ишқдир. Ошиқнинг пок назарида мажоз ҳақиқатга айлангач, ҳайрат кўзгуси бўлмиш завқу шавқ ишқнинг натижасидир. Убайдийнинг таърифича, Кўнгил ҳеч қаерга сиғмаган ишқни бағрига сиғдира олган қудратли борлиқдир. Бу қудратли борлиқ шундай шаффоф хусусиятга ҳам эгаки, нотўғри ҳаракат туфайли озор топиши мумкин. Шунинг учун ҳикмат қаҳрамони – ориф уни ранжитмаслик, аксинча уни овлаш зарурлигини айтади:
 
Шавқи завқи қондадур, телба кўнгул не жондадур,
 
Ишқи Анинг ондадур, бузма, кўнгулни овлағил. (К. 341б)
 
«Девони ҳикмат»да «Кўнгил имон уйидир, уни вайрон қилма» мазмунидаги мисралар мавжуд. Шунингдек, кўнгилни оғритмоқлик жоҳиллик аломати эканлиги, бу иллатни Субҳон – Аллоҳ ҳам севмаслиги айтилади:
 
Аллоҳ айди: имон уйин қилма вайрон!
 
Кўнгул бузғон жоҳилларни суймас Субҳон,
 
Рост қулларни кўнглидадур Ҳақ Бурҳон,
 
Ҳалим бўлуб дийдор кўрунг, дўстларимо. (Д.Ҳ.38)
 
Убайдий «Девони ҳикмат» мавзусини давом эттиради. Кимки кўнгулни бузса, жафо қилган бўлади. Худо бундай ишларга ҳеч қачон рози бўлмайди, ҳатто дилозорларнинг душмани бўлади. Дилозорлар эса охир оқибат балога мубтало бўлади:
 
Кимки бузар жафо бўлур, душман анга Худо бўлур,
 
Бузғонидин бало бўлур, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Убайдий меҳр, сир, фикр, сўз, шукр сингари муқаддас туйғу ва тушунчаларнинг кўнгилда маскан тутганини алоҳида таъкидлайди. Бу эса шоир ҳикматининг таъсир қувватини янада оширишга хизмат қилган:
 
Меҳри, сирри, фикри ҳам, дарду дуруд зикри ҳам,
 
Сўзи доғи шукри ҳам, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Кейинги мисраларда Кўнгилнинг маърифат манбаи, Ҳақ назаргоҳи, Ҳақнинг ҳар дам Кўнгилнинг ҳолидан хабардорлиги, инсон ва Илоҳни боғловчи восита эканлиги Кўнгилнинг муқаддаслигига урғу берилади:
 
Тенгри анга назар қилур, ҳолин анинг ҳамул билур,
 
Маърифат андин очилур, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Кейинги байтда ўзбек мумтоз шеъриятида ҳам кўп учрайдиган мотив - Кўнгул шу даражада муқаддаски, уни хор-зор кўрган ва оғритган Каъбани бузганчалик ваболга учраши ўз ифодасини топган:
 
Қилма кўнгулни сен афгор, бузубон они хору зор,
 
Каъбани бузғонингча бор, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Мутасаввифларга кўра ҳар бир ёмонликнинг манбаи нафсу ҳаводир. Нафсу ҳаво таъсирига берилиб, кўнгилга жабр қилмаслик керак:
 
Нафсу ҳаво юзин кўруб, юзни аларға келтуруб,
 
Жавр кўнгулга еткуруб, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Инсон кўнглини оғритиш ўзаро зиддият ва жанжаллар оқибатида рўй беради. Бундан кўнгил жафо чекади, қийналади. Бу дарднинг ягона давоси сулҳдир. Инсон бошқалар билан келишиб яшашга кўникиши зарур. Бу ўринда шоир ҳаёт тажрибасига эга бўлган донишманд сифатида кўзга ташланади:
 
Дард кўнгул жафосидур, сулҳ анинг давосидур,
 
Бўлмак анинг балосидур, бузма кўнгулни овлағил.
 
Убайдий бир мутасаввиф шоир сифатида Худонинг ризоси зор кўнгулни розилигига боғлиқ эканлигини таъкидлайди:
 
Айла ризо, Убайдиё, зор кўнгулни доимо,
 
Кўнгул ризо, Худо ризо, бузма, кўнгулни овлағил. (К.343б)
 
Хулоса шуки, «Девони ҳикмат»да инсон дилини оғритмаслик сингари эзгу ғоя илгари сурилган, кўнгил таърифига ўрин берилган бўлиб, Убайдий ўз ҳикматларида бу анъанани муваффақиятли давом эттирди. У Аҳмад Яссавийдан фарқли равишда бу мавзуни кенгроқ ифодалашга, ўз ҳикматларида кўнгил талқинини тимсол даражасига кўтаришга эришди.
 
И.Маннопов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, ФарДУ
Вторник, 06 Октябрь 2020 00:00

Саломатлик улуғ неъмат эмасми?!..

Инсон умри давомида кўп неъматларнинг қадрига етмайди. Бетоб бўлмагунимизча соғликнинг, нотинчлик бўлмагунича тинчликнинг, ўлим эшик қоқмагунича ҳаётнинг… Инсонни тўрт мучасини соғ, ақл ва тафаккур эгаси қилиб яратишининг ўзи Яратганнинг улуғ бир неъмати эмасми?!

Aллоҳ таоло атрофимизда неъматлари қадрига етишимиз учун турли ибратларни кўрсатиб қўйди. Кўзи ожизларни кўриб, кўзлари очиқ кимсалар нега шукрона этмайдилар? Қўлтиқтаёқда юрганларни кўрган оёғи бутунлар нега Aллоҳга ҳамд айтмайдилар? Ўнг қўли ногирон кимсанинг чап қўли билан кўришаётганини кўриб, ҳар ким ўзининг соғлом қўлларига бир назар ташласин. Тан олиш керак, ўшандай ногирон инсонларнинг кўплари аслида биздан кўра сабрлироқ, шукр қилувчироқдирлар…

Шундай, бу дунё ибратлар, синовлар, сирлар дунёсидир.. Ҳар ишнинг дақиқ ҳикматини Ўзи билгувчироқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бешта нарсадан олдин бешта нарсани ғанимат билинг: ўлимдан олдин тирикликни, бетобликдан олдин саломатликни, бандликдан олдин бўш вақтни, кексаликдан олдин ёшликни, фақирликдан олдин бойликни ғанимат билинг.

Тан оламиз, биз шукрни унутиб қўйдик. Govid-19 номли замонавий тиббиёт ҳам қаршисида мулзам турган бу касаллик ҳам, балки Aллоҳнинг неъматидир.

Биз ҳозир ўзимиз, яқинларимиз ва ён атрофимиздагиларнинг соғлигига беэътибор бўлмаган ҳолда уйдамиз. Таълим муассасалари, кўплаб корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини пандемия сабабли тўхтатган. Тўғри, беш ойлар муқаддам биз кўчада эркин юрардик, кимдир ўқишга, кимдир ишга шошарди, кўчалар, метро ва автобус бекатлари одамлар билан тўла эди.

Aфсуски ҳозир… Кўпчилик инсонлар ваҳимада, касаллик кўрсаткичлари кўтарилиб бормоқда, оғир касаллар вафот этмоқда, ҳатто баъзилар бир-бирларига ҳадик, шубҳа билан қарашмоқда. Баъзиларимиз хатто, фарзандларини бемалол бағриларига боса олишмаяпти. 

Шуниси муҳимки, бизда таффакур қилиш учун ҳозир вақт бор. Қилган амалларимиз, босиб ўтган ҳаёт йўлимизни сарҳисоб қилиш имконияти мавжуд.

«Aллоҳ таоло мусибат, бало ва машаққатларни бандалари орасига раҳмат ўлароқ туширади. Булар сабабли хатоларини кечириб юборади ва гарчи нафсларига оғир келиб, ёқтирмасаларда, улар учун улкан неъматдир».

Шунингдек, тинч ҳаётимизнинг қадрига етайлик. Юртлари уруш исканжасида қолган, бомбалар ёғилиб турган, кўчага ҳам чиқа олмаётган, ҳар куни, ҳар лаҳзасини бугун уйга қайта олармиканман, фарзандларимни кўра олармиканман деган қўрқув билан яшаётган инсонлар сафида эмаслигимизга, буюк авлиёлар юрти бўлган заминда умргузаронлик қилаётганлигимизга шукр қилайлик.

Келинг азиз юрдошим, дуо қилайлик! Юртимиз тинч бўлсин, беморларимизга шифо берсин, вафот этганларимизни Ўзининг раҳмати, мағфиратига олсин! Бу синовли кунлар ҳам тез кунларда ортда қолсин, аввалги ҳаётимизга янада ғайратли, шижоатли бўлиб қайтишимизни насиб этсин.

Малика Шомуродова,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 4-курс талабаси

Мақолалар

Top