Тафсири ирфон

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат. 1–5 оятлар

 

  1. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ

Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат.

 

"Бақара" сўзининг луғатда "сигир" деган маъноси бор. Қуръони каримнинг иккинчи, энг узун ушбу сураси Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат. Бу сура Муҳаммад алайҳиссалом Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин нозил бўлган биринчи сурадир.

Сурада имон-эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда ва бошқа шариат ҳукмлари, куфр ва нифоқнинг моҳияти баён қилинади. Бани Исроилда ўлдирилган кишининг қотилини топиш учун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қавмига бир сигир сўйиб, гўшти билан ўликни ургач қотил маълум бўлишини билдиргани учун сура шу номни олган. Суранинг қарийб учдан бир қисмини Аҳли китоблар (Таврот ва Инжилга имон келтирганлар) ҳақидаги мавзулар ташкил этади. Чунки улар Мадинаи мунавварада мусулмонлар билан бирга яшашар эди. Шунинг учун ҳам Қуръони карим мусулмонларни яҳудийларнинг макр-ҳийлалари, хиёнатлари, алдамчиликлари ва бузуқ табиатларидан хабардор қилади. Мусулмонлар ўз жамиятларини эндигина қура бошлаганлари учун сура уларга Аллоҳ жорий этган ҳаёт тарзини қадам-бақадам ўргатиб боради. Ибодат ва муомала масалалари, жумладан, рўза, ҳаж ва умра, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, оила, талоқ, бола эмизиш, идда, мусулмонларга мушрика аёлларга уйланиш ҳаромлиги ва бошқа масалалар баён қилинган. Сураи каримада яна рибохўрликка – судхўрликка катта эътибор берилган бўлиб, унинг ҳаромлиги ва оқибати ёмонлиги алоҳида таъкидланган. Сўнгра қиёмат кунининг даҳшатлари зикр қилинади. Ва, ниҳоят, сура охирида мўминлар тавба қилишга, доимо Аллоҳга тазарруда бўлишга чақирилади.

 

بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

الٓمٓ١

  1. Алиф, лаам, миим.

 Ҳуруфи муқаттаъа, яъни узуқ ҳарфлар Қуръони каримнинг 29 та сураси бошланишида келган. Олтита сурада эса айнан "алиф, лам, мим" кўринишида тушган. Уламоларнинг аксарияти буларга маъно бермайди, балки "Аллоҳ таоло билувчидир" дейиш билан кифояланади. Чунки бу ҳарфлар Қуръони каримнинг сирларидандир ва Аллоҳ таоло сир-асрорини Ўзи яхши билади. Баъзи уламоларнинг айтишларича, Ислом келган пайтдаги араблар ниҳоятда гапга уста, балоғат ва фасоҳат билан сўзловчи, табъи назм кишилар бўлган, Аллоҳ таоло уларни лол қолдириш учун ана шундай узуқ ҳарфларни ҳам Ўз Китобида келтирган.

ذَٰلِكَ ٱلۡكِتَٰبُ لَا رَيۡبَۛ فِيهِۛ هُدٗى لِّلۡمُتَّقِينَ٢

  1. Бу Китоб шубҳадан холидир, Аллоҳдан қўрқувчилар учун тўғри йўлдир.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ҳақ китоби, ҳукми қиёматгача давом этадиган, Ер юзидаги бутун инсон наслига юборилган илоҳий Китобдир. Унинг оятларида ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин йўқ, қиёматгача унинг бирор ҳарфи ҳам ўзгармайди. Уламолар таърифига кўра, у Аллоҳ таолонинг мўъжиз (лол қолдирувчи) каломи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи илоҳий Китобдир. Қуръони карим кўрсатмалари Аллоҳдан қўрқувчилар учун энг тўғри йўлдир ва тақводорлар ҳидоят топишгани учун икки дунё саодатига мушарраф бўладилар. Мужоҳид айтади: "Сура бошидаги тўрт оят (яъни, 2-5-оятлар) мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар тўғрисида, кейинги ўн уч оят эса мунофиқлар хусусида нозил бўлган".

Ояти каримадаги “Аллоҳдан қўрқувчилар” тақводорлардир, "тақво" сўзи эса луғатда "сақланиш, эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, зарарли, қабоҳат ва кароҳиятли нарсалардан четланиш" маъноларини билдиради. Истилоҳда Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш "тақво" дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор (муттақий) саналади. Тақводор киши ишончли саналади, ундан ҳеч ким зиён кўрмайди. Исломда барча инсонлар бири-бири билан тенгдир, улар фақат тақволари билан ажралиб туришади. Қуръони каримда: "Аллоҳнинг наздида энг ҳурматлигингиз тақводорингиздир". (Ҳужурот, 13), дейилган. Тақвонинг акси фисқ-фужур ва исёндир, Аллоҳга осий бўлиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланмасликдир. Қуръони карим ана шу Аллоҳдан қўрқувчи тақводорлар учун ҳидоят йўлини кўрсатувчи дастурдир, тўғри йўлга йўллаб турувчи маёқдир.

ٱلَّذِينَ يُؤۡمِنُونَ بِٱلۡغَيۡبِ وَيُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ٣

  1. Улар ғойибона имон келтирадиган, намозларини тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берганларимиздан эҳсон қиладиганлардир.

 Аллоҳдан қўрқувчи тақводор зотлар ғайбий (кўзлардан яширин) нарсаларни кўришмаса ҳам уларга имон келтиришади, Аллоҳ таоло буюрган намозларини барча рукнларига амал қилиб, ўз вақтида мукаммал адо этишади ва Парвардигорлари ўзларига ато этган моллардан Аллоҳ буюрган тоифадаги кишиларга эҳсон қилишади. Абу Ҳанифа, Абу Мансур Мотуридий ва ҳанафий мазҳабининг бошқа уламолари наздида имоннинг рукни (шарти) иккита –Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таоло тарафидан келтирган барча хабарларни дил билан тасдиқ этиб, тил билан иқрор қилишдир. Ибодатлар ва бошқа хайрли, савобли амаллар имон таркибига кирмайди. Лекин айрим мужтаҳид олимлар ибодат ва савобли ишлар ҳам имон таркибига киради ва учинчи рукн сифатида белгиланади, деб ҳисоблашади. Савобли амалларнинг ўзи банданинг жаннатга кириши учун восита ҳисобланмайди, балки бунга Аллоҳнинг фазли ва банданинг имони сабаб бўлади. Амаллар эса, жаннатга киргандан кейин бериладиган мақом, даража ва мартабаларни белгилаш учун васила бўлади. Айрим гуноҳкор мўминлар жазога маҳкум бўлсалар-да, лекин имонлари шарофатидан Аллоҳ белгилаган муддатдан кейин азобдан озод этилиб, жаннатга киритилади. Оятда зикр этилган тақводорларнинг сифатларидан бири шуки, улар охират, ўлгандан кейин тирилиш, фаришталар, жинлар каби ғайбий нарсаларни кўришмаса ҳам буларга имон келтиришади, намозларини барча арконларига риоя қилиб адо этишади, Аллоҳ таоло уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилишади. Ибн Исҳоқнинг айтишича, Бақара сурасининг олдинги юз ояти Авс ва Хазраж қабиласи ҳақида нозил бўлган. Яъни, ҳидоятни тарк этиш оқибатини ўйлаб Аллоҳдан қўрқадиган, Парвардигор ҳузуридан келган нарсани тасдиқлаш билан Унинг раҳматини умид қиладиган тақводор мўминлар жаннат ва дўзахни, фаришталарни ва шу каби ғайбий (махфий) нарсаларни кўришмаса ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули баён қилганига кўра ишонишади. "Намозни адо этиш" деганда унинг барча ҳақлари ва рукнларига тўкис риоя қилиб, вақтида ўқиш тушунилади. Тоат аслида уч қисмга бўлинади: биринчиси қалб (руҳ) тоати, иккинчиси бадан тоати, учинчиси мол тоатидир. Юқоридаги оятларда шу уч қисм тоат тартиби билан баён қилинган.

وَٱلَّذِينَ يُؤۡمِنُونَ بِمَآ أُنزِلَ إِلَيۡكَ وَمَآ أُنزِلَ مِن قَبۡلِكَ وَبِٱلۡأٓخِرَةِ هُمۡ يُوقِنُونَ٤

  1. (Эй Муҳаммад), улар сизга ва сиздан олдингиларга туширилган нарсаларга имон келтиришади ҳамда охиратга аниқ ишонишади.

Тақводорлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган (туширилган) Қуръони каримга ҳам, у зотдан олдинги пайғамбарларнинг ҳеч бирини ажратмаган ҳолда, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилмаган ҳолда инсониятга туширилган барча самовий китоблар (Забур, Таврот ва Инжил)га ҳам имон келтиришади, чунки бу илоҳий китобларнинг бари Аллоҳ таоло томонидан туширилгандир. Забурга эргашувчилар ҳозирда қолмаган, Таврот ва Инжилнинг асли инсонлар томонидан йўқотилган, ҳозирги нусхаларига шунчалик кўп қўшимча, ўзгартириш ва қисқартиришлар киритиб юборилганки, у асл моҳиятини йўқотган.

أُوْلَٰٓئِكَ عَلَىٰ هُدٗى مِّن رَّبِّهِمۡۖ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ٥

  1. Ана шулар Парвардигорлари йўлидадирлар ва ана шулар нажот топувчилардир.

Барча самовий китоблар Аллоҳ таоло ҳузуридан эканига ишонган мўмин кишилар Парвардигорларининг Ҳақ йўлида, ҳидоят йўлидадирлар. Улар имонлари туфайли охиратда нажотга эришадилар ва улуғ мукофотларга сазовор бўладилар. Ана шулар талаб қилган нарсаларига эришувчи ва қочган нарсаларининг ёмонлигидан нажот топувчилардир. Имон келтириб, солиҳ амалда бардавом бўлган зотлар икки дунё саодатини қўлга киритишади. Бу оятлардан маълум бўладики, имондан ва солиҳ амаллардан маҳрум кимсаларнинг дунё ва охиратлари тамоман барбоддир, улар охиратда асло нажот топишмайди. Ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг итоатида бўлган, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан чекинган кишиларгина том маънодаги мусулмон саналади. Аллоҳ таолога соф ихлос ва муҳаббат билан сиғинган, ибодат қилган кишиларгина чин мусулмон саналади. Аллоҳ таолога убудият-бандаликни бажо келтириб, Унга бўйсунган кишиларгина ҳақиқий мусулмон саналади. Ер юзида бузғунчилик қилмай, инсонлар орасини ислоҳ қилиб юрган кишиларгина соф мусулмон саналади. Мусулмон имони билангина бошқалардан ажраб туради. Имонгина уни олий мақомга чиқаради, саодатга элтади, дунё ҳаётидаги вазифасини белгилайди, охирати учун захира ҳозирлашга чорлайди. Инсон имони билангина барча махлуқларнинг гултожига айланади.

7544 марта ўқилди

Мақолалар

Top