Тафсири ирфон

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 87–88 ОЯТЛАР

وَلَقَدۡ ءَاتَيۡنَا مُوسَى ٱلۡكِتَٰبَ وَقَفَّيۡنَا مِنۢ بَعۡدِهِۦ بِٱلرُّسُلِۖ وَءَاتَيۡنَا عِيسَى ٱبۡنَ مَرۡيَمَ ٱلۡبَيِّنَٰتِ وَأَيَّدۡنَٰهُ بِرُوحِ ٱلۡقُدُسِۗ أَفَكُلَّمَا جَآءَكُمۡ رَسُولُۢ بِمَا لَا تَهۡوَىٰٓ أَنفُسُكُمُ ٱسۡتَكۡبَرۡتُمۡ فَفَرِيقٗا كَذَّبۡتُمۡ وَفَرِيقٗا تَقۡتُلُونَ٨٧

  1. Ҳақиқатан Мусога Китоб бердик ва ортидан пайдар-пай пайғамбарларни юбориб турдик. Исо ибни Марямга очиқ мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас Руҳ билан қўлладик. Қачонгача бир пайғамбар сизларга ёқмайдиган бирор ҳукмни келтирса, кибр қиласизлар, бировини ёлғончига чиқариб, бошқасини ўлдирасизлар?

Одам фарзанди бир хил туғилса, унда нега турли миллат, турли қавм, турли динда бўлиб қолган? Бу тўғрида Аллоҳнинг Ўзи шундай марҳамат қилади: "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик" (Ҳужурот, 13). Яна бир ояти каримада эса: "Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач) Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди" (Бақара, 213), деб хабар берилади. Инсоният яратилганидан буён Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилган муқаддас ваҳийи билан кишилик жамиятини тартибга солиб, бошқариб келяпти. Инсонлардан айримлари ана шу даъватга қўшилишди. Баъзилари эса уни инкор қилишди. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина киши элчиларга эргашган. Муборак даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу халқлар Аллоҳ таолога осийлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга имон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан кулишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳилликда, жодугарликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди, ҳатто айримларини қатл ҳам қилишди. Муқаддас Руҳ, деганда Жаброил алайҳиссалом ёки Исми Аъзам тушунилади, Исо алайҳиссалом бунинг баракотидан ўликларни тирилтирар эди.

وَقَالُواْ قُلُوبُنَا غُلۡفُۢۚ بَل لَّعَنَهُمُ ٱللَّهُ بِكُفۡرِهِمۡ فَقَلِيلٗا مَّا يُؤۡمِنُونَ٨٨

  1. Улар: "Қалбларимиз берк", дейишади. Аслида Аллоҳ куфрлари сабабли уларни лаънатлаган, шунга биноан уларнинг имонлилари оз.

Бундан ташқари, осийлар пайғамбарларнинг ҳар бири ўз халқига фақат даъват қилгани ва Аллоҳга бўйсунишга чорлагани, улар пул ҳам, амал ҳам, бошқа дунёвий лаззатлар талаб қилмагани ва улар ўз халқини мажбурловчи бўлмаганига қарамай, халқнинг пешволари кўп ҳолларда пайғамбарлар ҳаётига дахл қилишди. Ваҳоланки, элчилар, яъни набийлар ва расулларнинг бутун фаолияти қавмини ҳақиқий имонга қайтишга ва бошқача ҳаётни бошлашга даъват қилишдан иборат эди. Жоҳил кимсалар пайғамбарлар келтирган ваҳийларни эшитишни ҳам истамас, "сен келтирган хабарларга қалбларимиз ёпиқ" дея уларни мазах ҳам қилишган эди. Аслида Аллоҳ таоло уларни куфр ботқоғига ботириб қўйган, қалбларини муҳрлаб, кўзларини кўрмайдиган, қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган. Улар куфрлари, имонсизликлари учун Аллоҳ таолонинг ҳам, фаришталарнинг ҳам, инсу жинларнинг ҳам лаънатига гирифтор бўлишган.

2162 марта ўқилди

Мақолалар

Top