muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 07 Май 2018 00:00

Уяли алоқами ёки...

Уяли алоқа масофаларни яқинлаштириб, яқин инсонларнинг бир-бирига ғойибона дийдорлашувига бир воситадир. Уяли алоқадан фойдаланганда, айниқса, жамоат жойларда эҳтиёт бўлиб гаплашиш зарур. Телефонда айтаётган сўзимизнинг салмоғини тарозига солиб кўриб гапирганимизда шу нарса аниқки, суҳбат узоққа чўзилмайди.

Бир куни ёшгина аёлнинг телефонда дугонаси билан сўзлашаётгани қулоғимга чалинди. Узоқ суҳбатининг орасидаги бир жумла эътиборимни тортди. “Кеча Нодира билан эрини учратиб қолдим, эри бирам ширин эканки, кўзлари қоп-қора, жуда-жуда ширин” дея кўп бора таъкидлади. Гўё ёмон сўзни эшитгандай унга қараб қўйдим. У эса бепарволик билан гапида яна давом этаверди...

Номаҳрам эркак ҳақида шу қадар тўлқинланиб гапириш аёл  кишига ҳаром эмасми?..

Илгарилари киноактёрлар ва машҳур қўшиқчилар ҳақида шундай таърифу тавсиф қилган қиз-жувон беҳаё кўринарди. Бугунги аёллар эса бир-бирининг турмуш ўртоқлари ҳақида шундай ношаърий ўй-хаёлларга бормоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларни бундай огоҳлантирган: “...Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) тама қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз!” (Аҳзоб сураси 32-оят).

 

Муслима ҲУСНИДДИН қизи

Понедельник, 07 Май 2018 00:00

Юртнинг фидойилари мангу ҳаётдир

“Хотира ва қадрлаш куни” – ҳазрати инсонни қадрлаш кунидир. Халқ хотираси деган сўзни эшитган заҳоти барчамизнинг кўз ўнгимиздан азиз Ватанимиз ибтидосидан бугунига қадар шу юрт учун ва шу меҳнаткаш халқни деб курашган, ақл ва билимини, керак бўлса азиз жонини фидо қилган қанчадан-қанча буюк зотлар ўтади. Жумладан, соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро ва кўплаб аждодларимиз ёдимизга тушаверади. Шу куни Ватанимиздаги барча қабристонлардан зиёратчилар қадами аримайди. Одамларимиз зиёрат асносида марҳумларни хотирлаб, кўзлари ёшланиб, қалблари юмшаб, охиратни эслашни қасд қилишади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни Аллоҳ томонидан буюрилди)  энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади (Имом Термизий ривояти).

Хотира – йўқотилган нарсани эслаш. Йўқотиб, кейин хотирлаб юргандан кўра борида қадрига етган афзал. Шунинг учун хотира ва қадрлаш тушунчалари моҳиятан бир-бирига узвий боғлиқ. Бу умумхалқ байрам тарихнинг оғир синовларини бошдан кечирган, фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон, онахонларимизга ҳурмат, эҳтиром ва қадр кўрсатиш айёмидир. Доно халқимизнинг “Қадр кўрсатган қадр топади” деган ҳикматли ўгити барча ёшларга фойдалидир. Маънавиятчиларимиздан бири  айтганидек “Хотира ва қадрлаш маросимининг маъно-мазмуни, яъни ўтганларни эслаш, ҳаёт бўлганларни қадрлаш, Ватанни ҳимоя қилиш, уни дахлсиз сақлаш каби олижаноб фазилатларни ёш авлодимизнинг онгу тафаккурига сингдириш, фарзандларимиз, болаларимизнинг биз киммиз, кимнинг авлодимиз, деб ота-боболаримиз жасоратидан ибрат олиб, мана шу мусаффо осмонни, она-юртимизни биз асрамасак, ким асрайди, деган эътиқод билан яшаши, ҳеч шубҳасиз, бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун жуда катта аҳамиятга эга”.

Соҳибқирон доимо юришлари олдидан ва зафар билан қайтганида муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни зиёрат қилган, инсон хотираси ҳамда қадрини ниҳоятда эъзозлаган. Амир Темурнинг Шаҳрисабз шаҳрига ихлоси баландлиги туфайли у доим йирик юришлари олдидан ва жангларда зафар қучиб қайтгач, албатта ота юртига тушган. Устозлари, отаси, қариндошлари қабрларини зиёрат қилган.

Хуллас, Амир Темур даврида ҳам хотирлаш маросимлари, диний байрамлар билан боғлиқ бўлган удумларни ўтказишга катта эътибор берилган. Ҳозирги мустақиллик даврида ҳам уларни янада теран ўрганиб, халқимизга етказиш ишлари янада изчил йўлга қўйилмоқда. Буни биргина зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Абдуллахон МИРЗАЕВ,

“Домулло Афанди” жоме масжиди

 имом-хатиби

Понедельник, 07 Май 2018 00:00

Қайтар дунё

Тунов куни бир муштипар онахон билан суҳбатлашдим. Унинг ҳазин овози ҳали ҳам қулоғимда жаранглаб турибди. Онахон мана бу сўзларни гапириб берди: “Ҳаётимда энг катта хатойим, қулоқсизлигим бўлган. Ота-онам ва қариндошларимнинг сўзларига кирмаганман. Онажонимни унчалик ҳам қадрламасдим. Ёшларга ибрат бўлар деган ўйда ҳаётимни сўзлаб берсам, ўзим ҳам енгил тортардим, она қизим. Ота-онам туғилишимни 10 йил кутишган (йиғлайди). Туғилдим, муҳтожлик кўрмай улғайдим. Отам раҳматли олий маълумотли қилдилар. Сўнгра ўзимизнинг қариндошимизга узатмоқчи бўлишди. Мен эса бирга ўқиган курсдошимга кўнгил қўйдим. Ўртамизда аҳду паймон бор эди. Улар вилоятлик бўлгани учун уйдагиларим тўйимга розилик билдиришмади. Шундай бўлса-да, ота-онамни розилигисиз у йигитга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим жуда ажойиб инсон эди. Йигирма бир йил бўлди, оламдан ўтганига.

Кунлар ўтди, йиллар ўтди. Мен ҳам фарзанд кўрмадим. Онамга тортдим шекилли 10 йилдан сўнг фарзанд кўрсам керак, деб кута бошладим. Аммо 12 йилда ҳам фарзандли бўлмадим, сўнгра болалар уйидан бир ойлик қизчани боқиб олдик. Ўстирдик, уни катта олима қилдик. Аммо бир марта бўлса ҳам меҳр кўрмадим. Отаси вафот этгандан сўнг қизим бошқа-бошқа яшайлик, менга уй олиб беринг, деб талаб қила бошлади. отасидан қолган машинани сотиб, ёнига пул қўшиб уй олиб бердим. Мана шу ёшгача у ҳам ёлғиз, мен ҳам ёлғиз яшаймиз. Ёлғиз уй мени ютиб юбораётгандек баъзида. Ўша асраб олган қизимдан бўлак ҳеч кимим йўқ. Кўзим яхши кўрмайди, оёқларим эса юришни истамайди. Қизимдан ҳар зарда ва меҳрсизлик кўрганимда онажонимни эслайман. Менинг шундай муомаламдан онам ҳам қаттиқ азият чеккан эканлар-да... Йиғлайман, йиғлайман. Аммо фойдаси йўқ. Отам ҳам онам ҳам ёнимда йўқ. Агар бўлсайди... тиз чўкиб, минг бор кечирим сўрардим. Агар гапларига кирганимда, ҳозир сўппайиб ёлғиз бўлиб ўтирмасмидим...?! Қилган яхши ва ёмон амалларимиз қайтмасдан қиёмат бўлмайди, деб эшитганман, аммо айнан ўзидай қайтишини билмаган эдим. Ота-онасига мен каби хатокорлар бўлса, қайтинглар. Катта бахтсизликлар ҳаммаси биз кичкина деб ўйлаган хатоларимизда яширинган экан. Ғафлатимиз сабаб ўзимиз кўп неъматларни қўлдан бой берамиз. Ҳеч бир гуноҳ ё хатога беписанд қарамаслик керак. Ўлгунингча, албатта, тўлови бўларкан. Шу ёшимда бўлса ҳам хатоларимни англатган, Раббимга беҳисоб шукрлар бўлсин”. 

 

Хуморбегим

Бугун 5 Май куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи cаройида юртимизда илк бор ўтказилаётган «Ҳадиси шариф билимдони» республика танловининг еркаклар ўртасида Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ҳадис илми бўйича иқтидори бор фуқаролар,  Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаларидан иборат 43 нафар йигитлар иштирок этдилар.

Танлов уч шартдан иборат бўлди. Биринчи шартда, иштирокчилар Имом Бухорий р.а., Имом Термизий р.а. боболаримизнинг ибратли ҳаёт йўллари, шахсий сифатлари ва илмий мерослари ҳақидаги саволларга жавоб бердилар.

Иккинчи шартда, араб тилидаги ҳадисларни ўқиб, таржима қилиб, шарҳлаб, ундан олинадиган фойдаларни баён қилдилар.

Учинчи шартда эса, аввалги қисми берилган ҳадис матнларини ёддан давом эттириб айтиб бердилар (“Ал адаб ал муфрад” (“Одоблар хазинаси”) китобидаги ҳадислар бўйича).

Танлов давомида ёш болажонларнинг ширин овозлар ила ҳадиси шарифларни ёдддан айтишлари, шунингдек алоҳида таклиф этилган Қуръон мусобақаси Тошкент шаҳар босқичи ғолибларининг Қуръони карим оятларидан тиловатлари тадбирни янада мунаввар қилди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ: “Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар”, деган эдилар. Юртимизда олиб борилаётган ана шундай эзгу ислоҳотлар ҳадис илмининг ҳам эндиликда янада жонланишига, униб ўсиб келаётган ёш авлоднинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаёт йўллари, суннатларини катта иштиёқ билан ўрганишига хизмат қилади. Бу йўлни тутган авлоддан иншааллоҳ, яна фозилу уламолар етишиб чиқади.

Тажрибали мударрис ва имом-хатиблардан иборат Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолаб бордилар. Мусобақа якунига кўра, энг юқори кўрсаткич эгалари қайд эълон қилиниб, ғолиб ва совриндорлар номлари аниқланди:

1- ўрин: Юсупов Халилуллоҳ  (97 балл)

2- ўрин: Тўхтасинов Рўзимуҳаммад (88 балл)

2- ўрин: Мусабоев Камрон (88 балл)

3- ўрин: Юсуфжонов Билол (87 балл) 

3- ўрин: Ортиқбоев Ҳожиакбар (87 балл)

Эслатиб ўтамиз, биринчи ўринни қўлга киритган ғолиблар мусобақанинг Республика босқичига йўлланма оладилар.

Биз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини тарғиб этишда, суннатни ўрганишда ўзига хос намуна кўрсатган танловнинг барча иштирокчиларни муборакбод этиб, билимлари бунданда зиёда бўлишини, улуғ зотларнинг чинакам  меросхўрига айланишларини тилаб қоламиз.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Аёлим билан ётоқда гап талашиб қолгандик. Иссиқ сув йўқ эди. Челакда сувни газга сан қўй, ман қўйдан келиб чиққан ҳазил ўзимга душман бўлди. Ҳазиллашиб (ҳазилим чинга айланди) бошқасига уйланиб оламан. У айтган заҳотим қўйиб юборади дегандим. Ўзи бундан икки ой олдин Исломда тўрттагача рухсат берилган дегандим. Унга пайғамбаримиз ва Амир Темур ҳаётидан мисоллар келтиргандим ва у аразлаб отасининг уйига кетиб қолди. У маънавий эзилган эмиш. Мен нима қилишни билмай қолдим. Маслаҳат беринг.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар яшамоқчи бўлсангиз бориб хотинингизни олиб келинг.

Савол: Ассалому алайкум ҳурматли устозлар! Саволим шундан иборатки мени 3 нафар фарзандим бор. Каттаси 3,5 кичиклари 2 ёшда. 5 маҳал намоз ўқийман. Фарзандларим жудаям ёш бўлишганлиги сабабли баъзида қайта-қайта тайинласам ҳам намоз ўқиётганимда баъзан йиғлаб, баъзан ўйнаб кириб келишади. Уларга кўз, юз ишоралари билан “ўтир” ёки “жим” деган ишорани қилмагунимча жим бўлишмайди. Баъзан сал қўл бармоқларим билан ҳам “ўтир” ишорасини қиламан. Шундан сўнг ёнимда жим ўтиришади. Айтингчи шундай ҳолатларда намоз бузиладими?

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Сиз фарзандларингизнинг ишларига эътибор қаратманг. Сизнинг бу ишларингиз намозингизни бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Савол: Ассалому алайкум. Машинага Барселона футбол клубини сувенир оёқ кийимчаси осилган гап шундаки бу футбол клуби байроғида крест (хоч) белгиси бор экан яъни насронийларнинг диний белгиси бор экан. Буни тақиб юриш мумкин эмасми ёки шунчаки оддий сувенир қилиб олиб юриш мумкинми?

Жавоб: Ва алайкум ассалом.Бу каби нарсаларни эъзозлаб олиб юриш мумкин эмас.

 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

 

Мақолалар

Top