muslim.uz

muslim.uz

Хушуъ ва Қуръон тиловат қила туриб йиғлаш 

«Хушуъ» арабча сўз бўлиб, «қўрқиш, ўзини паст олиш, овозини пасайтириш» маъноларини англатади. Одатда бу сўз намозга нисбатан ишлатилади, лекин бошқа ибодатлардаги ихлосни ифодалашда ҳам қўлланилади. Қироатдаги хушуъ эса, ихлос билан ўзини камтар олиб, чин дилдан тадаббур билан тиловат қилишдир.

Қуръон одобларидан яна бири қироат асносида қалбнинг қайғули бўлиши (йиғлаши)дир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғга нозил қилганимизда, албатта, сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб-ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам каттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз» (“Ҳашр” сураси, 21-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:  «Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) илгари Китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлар ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар)дан кўплари фосиқ-итоатсиздирлар» (“Ҳадид” сураси, 16-оят).

Ушбу ояти каримада мўминлар сифатланиши лозим бўлган икки фазилат ҳақида сўз бормоқда: Аллоҳ таолонинг номи зикр қилинганида ва Қуръон тиловат қилинганида ҳақиқий мўминнинг дили эрийди, қалби қўрқувга тушади ва кўзларига ёш келади. Тошбағирлик ва Аллоҳнинг амрига итоатсизлик фосиқларнинг хулқларидандир.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «(Эй мўминлар), билингларки, албатта, Аллоҳ ўлган ерни тирилтирур» ((“Ҳадид” сураси, 17-оят)

Яъни, Аллоҳ қуриб-қақшаб ётган ерни ёмғир суви билан тирилтиргани каби, сизларнинг дилларингизни ҳам Ўзининг зикри ва Қуръон тиловати билан юмшатади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Қуръонни тиловат қилинглар ва (бу билан) кўзларингиз намлансин. Агар йиғлай олмасангиз, йиғини ўзингизга лозим тутинг» (Ибн Можа ривояти, санади ҳасан).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар қироат қилинган пайтда кўзларингиз йиғламаса, қалбингиз йиғласин. Қалбнинг йиғиси ғамгинлик ва Аллоҳ таолонинг азаматидан қўрқиб туришидир».

Йиғлашни ўзига лозим тутишнинг усулларидан бири қалбга ғам-қайғу тушишидир. Ўша ғам-қайғу йиғлашга, кўздан ёш чиқишига сабаб бўлади. Бунинг учун ўқилаётган оятлардаги таҳдид (огоҳлантириш), ваъид (қўрқитиш), амр ва қайтариқларни тафаккур қилиб, сўнгра ўша амалларда ноқисликка ёки сусткашликка йўл қўяётганини ўйлаши лозим. Шунда ҳам кўзи ёшланмаса, соф қалб эгалари каби бўла олмагани, Аллоҳнинг каломи тиловат қилинганида йиғлай олмагани учун йиғласин.

Қуръонни оятлар маъносига мос ҳолда ўқиш

Кишини тадаббур қилишга ундайдиган сабаблардан яна бири ўқиётган оятларнинг маъноларини англаб етиш, қалби сокин, ўзи ҳушёр бўлиб, хаёли фақатгина қироатда бўлишидир. Агар қалб талаффуз қилинаётган сўз ёки жумлаларнинг маъноларини тафаккур қилиш ва аниқ қайтариқларини англаб етиш билан машғул бўлса, қироатнинг таъсирчанлиги ортади. Агар қори ўқиётган оятларида зикр қилинган амр-буйруқларни бажаришда ноқисликка йўл қўйган бўлса, Аллоҳга истиғфор айтади. Агар раҳмат оятини ўқиса, хурсанд бўлади ва Аллоҳ таолодан яхшиликлар сўраб дуо қилади. Агар жаҳаннам ва унинг азоблари ҳақидаги оятларни ўқиса, қалби қўрқувга тушади ва паноҳ сўрайди. Агарда Аллоҳнинг улуғлиги, айб-нуқсонлардан пок экани таъкидланган оятларни ўқиса, дуо-илтижо қилиб, Аллоҳга тасбеҳ ва санолар айтади.

Хузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва ҳсаллам билан намоз ўқидим. У киши «Бақара»ни бошладилар ва ўқиб тугатдилар. Сўнгра «Оли Имрон»ни бошладилар ва уни ҳам ўқидилар. Кейин «Нисо» сурасини охиригача ўқидилар. Ушбу сураларни бирин-кетин шошмай тиловат қилдилар. Агар тасбеҳ зикр қилинган оятдан ўтсалар, тасбеҳ айтар, агар дуо оятидан ўтсалар, дуо қилар, агар паноҳ сўраш оятидан ўтсалар, (барча ёмонликлардан Аллоҳнинг) паноҳ беришини сўрар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Саббиҳисма роббикал аъла…» (Аъло сураси)ни ўқисалар, унинг кетидан: «Субҳана роббиял аъла», деб айтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Агар Қуръон ўқувчи мўминларга илоҳий нидо бўлган «Эй иймон келтирганлар…» оятидан ўтса, ўша ерда тўхтаб, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутади. Баъзилар ушбу нидодан сўнг: «Лаббайка роббий ва саъдайка» (Эй Раббим, мен сенинг тоатингдаман ва амрингга мунтазирман) деб айтар, сўнгра Аллоҳ нимага буюриб, қандай амаллардан қайтаришини тафаккур қилар ва қалбан тасдиқлаб, ўз ҳаётларида бунга оғишмай амал қилар эдилар. Киши шундай қилса, Қуръонни тўлиқ тартил қилган бўлади. Агар ўқиётган оятларнинг маъноларини билмай қолса, уни биладиганлардан сўраб олади. Токи Аллоҳнинг каломини тўғри тушуниб, унга чиройли амал қилсин.

Агар ўқилаётган оятда Аллоҳ таоло ўтган қавмларнинг қиссаларидан хабар бераётган бўлса, улардан ўзига ибрат олсин. Аллоҳ уларга қандай ҳукм қилганини билиб, азобга гирифтор бўлган кофир – ношукр қавмларнинг йўлидан сақлансин. Доимо Аллоҳга шукр қилиб, Унинг тоатида бўлсин. Агар ўқилаётган оятда ваъид (қўрқитиш-огоҳлантириш) келган бўлса, қалбига назар солсин. Агар наҳий қилинаётган бирор иллат топилса, ундан воз кечсин. Агар ражо (умидбахш) оятларни тиловат қилса, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин. Хавф оятидан ўтганда Аллоҳ осий бандаларни азоблашини фикр қилсин, токи унинг қалбидаги хавф ва ражо бир-бирига мутаносиб бўлсин. Худди мана шу комил иймон белгисидир. Агар панд-насиҳатлардан иборат бўлган оятларни ўқиса, улардан ўзига ўгит олиб, амал қилишга ҳаракат қилсин. Агар юқорида зикр қилинганларни бажарса, Қуръон одоби ва ҳақларини адо этган бўлади.

"Қуръони карим фазилати ва одоблари" китобидан.

 

Муҳаммадшариф РУСТАМОВ,

Марҳамат тумани даги “Иброҳим Ҳалилуллоҳ” масжиди имом-хатиби.

Манба: http://azon.uz

Воскресенье, 22 Апрель 2018 00:00

Қуръон байрами

Қуръон Аллоҳнинг Каломи! Уни ўқиган, ўрганган кишининг қалби покланади, ахлоқи гўзаллашади, ўқиган жойига барака ёғилади, сакина тушади.

Юртбошимизнинг ташаббуслари билан бошланган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг барча вилоятлардаги туман-шаҳар ҳамда вилоят босқичлари ўтказилиб, Республика босқичига етиб келдик. Кеча 21 апрел куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар Ёшлар марказида Мусобақанинг Республика босқичи бошланди.

Қуръонни тинглаш, мусобақани бевосита томоша қилиш мақсадида юртимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган Қуръони Карим мухлислари, мусобақа иштирокчиларининг яқинлари қорилар томонидан ўқилаётган оятларни ихлос, кўзда ёш, қалбда титроқ билан тингладилар.

Олдинги босқичларда сараланиб-сараланиб келган қориларимиз бир-бирларидан гўзал тарзда тиловат қилиб, барча Қуръон шайдоларининг қалбларини эришига сабаб бўлдилар. Мусобақа чин маънода ҳақиқий Қуръон байрамига айланиб кетди. Ҳар бир иштирокчи Қуръон тиловатини бошлаганда, меҳмонларнинг кўзларида ёш қалқир эди. Бундай ҳолат мусобақани онлайн кузатиб турган юртдошларимиз ва хориждаги ватандошларимизда ҳам бўлган бўлса ажаб эмас.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизийлар ал-Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Бир киши сураи “Каҳф”ни қироат қиларди. Унинг оти олдига икки арқон ила боғлаб қўйилган эди. Уни бир булут ўраб олиб, айланиб унга яқинлаша бошлади. Оти эса чўчиб ундан қоча бошлади. Тонг отгандан сўнг ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб У зотга бўлган ҳодисани зикр этди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана ўша сакийнадир. Қуръон учун нозил бўлибдир”, дедилар

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов таклифига кўра айрим конкурс иштирокчиларига имтиёз тақдим этилди.
Бу ҳақда «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» якуний республика босқичи Ҳакамлар ҳайъати раиси Ҳасанхон Абдулмажидов маълум қилди.
“Усмонхон Алимов иштирокчилар учун таклиф этган имтиёзга кўра, жисмоний имконияти чекланган иштирокчилар аввалги босқичда 1-ўринни ололмаган бўлсалар-да, Каломуллоҳни ёд олгани учун мусобақанинг республика босқичида ҳам қатнашадилар”, - деди Ҳасанхон Абдулмажидов.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мусобақа жараёнини онлайн намойиш этиш учун қуйидаги вилоятлардаги жоме масжидлардада катта ҳажмдаги мониторлар ўрнатилган:
1. Нукус шаҳридаги «Имом Эшон Муҳаммад» жоме масжиди
2. Андижон шаҳридаги «Девонабой»
3. Когон туманидаги «Баҳоуддин Нақшбанд» ёдгорлик мажмуаси
4. Зомин туманидаги «Маърифатли»
5. Навоий шаҳридаги «Алишер Навоий»
6. Наманган шаҳридаги «Хомиддин қори” жоме масжиди
7. Самарқанд туманидаги «Имом Аъзам»
8. Гулистон шаҳридаги «Гулистон»
9. Термиз шаҳридаги «Мурч бобо»
10. Қарши шаҳридаги «Кўк гумбаз»
11. Зангиота туманидаги «Зангиота»
12. Фарғона шаҳридаги «Уммул қуро»
13. Урганч шаҳридаги «Охунд бобо»
14. Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин», «Минор», «Ҳазрати Имом» жоме масжидларида мўмин-мусулмонларимиз мусобақа жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиб, илоҳий завқ олишмоқда.
Онлайн узатиш 9:00 дан 17:30 га қадар давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Икки кундирки юртимизда катта байрам тантанаси давом этаётир. Кеча муҳташам пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасидаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичи бошланади. Каломи шарифнинг тиловати шарофати ила Аллоҳ таоло юртимиз узра ёғдириб турган раҳмати ва баракотини янада зиёда қилаётир.

Буни билган биляпти, билмаган билмаяпти. Аммо марҳамати кенг Парвардигоримиз ана ўша билмаганларнинг боши узра ҳам файзу баракотларни билганларни – Қуръонга ошиқ қалбларни сабабчи қилиб сероб қилиб қўймоқда.

 

 

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов мусобақанинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Юртимиз узра яхшиликлар, илоҳий раҳматлар ёғилиб турган дамларда Сиз азизлар билан Ўзбекистон Қуръон мусобақаси Республика босқичининг очилиш маросимида жамланиб турибмиз. Ушбу мусобақанинг якуний босқичи «Расулуллоҳ ойи» дея таъриф берилган Шаъбон ойида бўлиб ўтишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойга тайёргарлик кўриш, Каломуллоҳни кўпроқ тиловат қилиш, такрорлаш ойи ҳисобланади. Бу эса, албатта, мусобақа файзига файз қўшади, иншоаллоҳ”.

Дарҳақиқат, Қуръон мусобақаси Республика босиқичининг айни кунларга тўғрилаб ўтказилиши, Пайғамбаримиз ойи саналган шаъбон ойи киришига тўғрилаб ўтказилиши тасофидий ҳодиса эмас, балки Ўзбекистон мусулмонлари идораси қарори ва бошқа ташкилотчиларнинг қўллаб-қувватлаши ила муқаддас рамазон ойига тайёргарлик ойи саналувчи шаъбон ойига – Каломуллоҳни кўпроқ тиловат қилиш, такрорлаш  ойига тўғриланган.

 

 

Бунинг яна бир ҳикмати шундаки, қишнинг чилласида бошланган мусобақада бутун республикамиз бўйлаб Қуръони каримни бехато ўқийдиган энг кучли қорилар танлаб олинди. Бугунги мусобақада тиловат қилаётган қориларнинг тажвиди тўғри, тартиласи жойида, тиловати гўзал, овози ёқимли. Улар тиловат қилганда тинглаган кишининг руҳи юксалади, аъзойи бадани ором олади. Шаъбон ойига ана шундай ажойиб қорилар танлаб олиниб, уларнинг яна қаерда денг, толиби илмлар маскани бўлган Талабалар шаҳарчасида ўтказилиши олдиндан донишмандлик ила қабул қилинган қарор асосида бўлмоқда ва ушбу тиловатларга сомеъ бўлганлар ҳам катта-катта ажру савоблар олмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Мақолалар

Top