muslim.uz

muslim.uz

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум. Ота-онам менга холамнинг қизини олиб беришмоқчи шариатда мумкинми? Қуръонда Нисо сурасида шу ҳақда айтилган шуни аниқ тушунтириб беринг Аллоҳ сиздан рози бўлсин раҳмат олдиндан.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Холангизнинг қизига уйланишингиз мумкин. Бу шаръан жоиз.  

Савол: Ассалому алайкум азиз устозлар! Менга маслаҳатингиз керак. Эрим ўзгариб қолган. Қайнонам эскичага бориб, ёмон аёл эрингни жодулаб олган дедилар. Агар ёмон аёл томонидан жодулаб олиш рост бўлса, мен энди нима қилишим керак. Эрим ажрашишни талаб қилиб жанжал қилмоқда. Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Қайнонангизни иши шаръан қатъий тақиқланган ишдир. Қолаверса бу гуноҳга сиз ҳам шерик бўлиб қолишингиз мумкин. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса Муҳаммад с.а.в.га нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” Имом Термизий ривояти мусулмон киши фолбинларнинг гапига ишониши, уни тасдиқлаши ўз ислом ақидасига зид эканлигини теран англаши зарур.

Савол: Ассалому алайкум. Узр безовта қилдим. Мен ҳар ой уч кун рўза тутиш ҳақида эшитиб қолдим шундай рўʻза борми бўлса қандай ва қайси кунлари тутилади илтимос тушинтириб берсангиз олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Ҳар ойдан уч кун нафл рўза тутиш борасида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ойда уч кун рўза тут. Чунки бир яхшилик ўн мисличадир. Ана ўша йил давоми рўзасига баробар” дедилар.” Демак ҳар ойдан уч кун рўза тутиш яхши ва савобли амал. Ҳадиси шарифда қайси кунлар эканлиги айтилмаган. Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Милҳон ибн Қайсга: “Қачон бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешни тут” дедилар. Бир ривоятда: “Улар худди йил бўйига ўхшар” дедилар.

 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

Борлиқ, олам, унинг асли бир экани ҳақида сўз юритамиз. Аллоҳ таоло шундай деган:

أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقاً فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ

“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (Ояти карима маъноси хусусида тафсирчилар бир неча хил маънолар айтганлар. Биринчиси, Ибн Умар ва Ибн Аббослардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди, деган маъно чиқади. Иккинчиси, унга кўра осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бўлади.Учинчиси, Ҳасан, Қатодалардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, уларнинг орасини Биз очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бор.Тўртинчиси ҳозирги замон баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб: осмону ер, юлдузлару қуёш ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди, Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам; сувдан эса, барча тирик нарсалар, инсон, ҳайвон ва набототлар пайдо қилинди. Булар, ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади.) (Анбиё сураси, 30-оят).

Ушбу оятнинг маъноси Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган Қуръон эъжози конференциясида геология бўйича машҳур олим доктор Алфред Крунерга ўқиб берилди. Оятнинг маъносини ўқиган олим “Бўлиши мумкинмас... Бу ҳақиқатларнинг қайсидир китобда бундан ўн тўрт аср олдин зикр этилиши мумкин эмас. Ахир биз бу илмий ҳақиқатларга бир неча йиллар олдин эришдик. Ўта замонавий илмий воситалардан фойдаланиб, чуқур изланиш ва ўрганишлардан сўнг, хоссатан, атом физикаси орқали бу ҳақиқатни кашф этдик. Коинотдаги барча нарсаларнинг асли бир эканини башарият бундан бир минг тўрт юз йил олдин билган бўлиши мумкин эмас. Лекин бугунги замонавий илмий воситалар ўн тўрт аср олдин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган нарсаларни исботлай олади” деди.

Барчамиз инсоннинг Ойга чиқиш тажрибасини яхши эслаймиз. Бу тажриба содир бўлмасидан олдин олимлар қандай орзуларни қилишарди? Ой сатҳидан топиладиган ноёб моддалар ҳақида хаёл суришарди. Ўша моддаларни Ерга олиб тушиш ҳақида ўйлашарди. Улар “Ойда шундай моддалар борки, ундан олиб тушсак, ер юзида давоси топилмайдиган касалликларга ўша моддалар шифо бўларди. Агар ўша моддалар ердаги моддаларга қўшилса, инсониятга маълум бўлмаган янги моддалар ҳосил бўларди”, деб орзу қилишарди. Улар шу тарзда ердаги моддаларнинг ёнига яна бир янги модда қўшиш ҳақида хаёл суришарди. Хаёлларга берилиш кучайди, бошлар орзуларга тўлиб кетди... 

Албатта, у самодан келган ваҳийдир! 

Кейин нима бўлди? Инсон Ойга чиқди, Ой сатҳида юрди. Ой сиртидаги қоялардан намуналар олиб, Ерга қайтди. Қарашса, Ой сатҳидан олинган моддалар билан Ер сатҳидаги моддаларнинг таркиби бир хил экан. Ойдаги қоялар билан Ердаги қояларнинг таркиби бир хил, уларнинг асли бир экан. Шунинг ўзи уларнинг иймон келтиришлари учун етарли далил эмасми?! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга Қуръони Каримда хабар берган Осмонлар ва Ернинг асли бир эканининг назарий исботи, бу хабар ўн тўрт асрдан бери ўқиб, ўрганиб келинаётгани Аллоҳнинг борлигига, Яратувчилигига далил бўлиши учун етарли эмасми?! 

Профессор Алфред Крунер “Бугунги замонавий илмий воситалар ўн тўрт аср олдин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган нарсаларни исботлай олади” деди. У жуда маккор кимса эди. Ҳатто у бу ҳақиқатлар Аллоҳ таолонинг Китобида айтилганига гувоҳлик келтириб қўймаслиги учун жавоб беришдан қочишга уринди. Шунинг учун у ҳар бир гапида “Муҳаммад айтган нарса” дер эди.

Шунда мажлисда ўтирган мусулмон олимлар “Биз сенга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапларни Аллоҳнинг ваҳийси билан гапирганларини, ўзларича гапирмаганларини исботлаб берамиз. Сенга бир неча набавий ҳадисларни келтирамиз. Уларда эъжоз бор. Бизга ўша ҳадисларни шарҳлашда ёрдам бериб турасан.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “То араблар ерига ривожланиш ва анҳорлар келмагунча қиёмат қоим бўлмайди” деганлар. Яъни экинзорлар, боғлар, дарёлар келмагунча.

Доктор Крунердан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, араблар диёрига боғлар, дарёлар келганми?” деб сўралди. У “Ҳа” деди. “Бу қачон бўлган?” деб сўралганда, у “Биринчи музлик даврида. Олам бу воқеани анча олдин бошдан кечирган” деди.

Крунердан “Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким хабар берган?” деб сўралди. У “Эҳтимол, у буларни ушбу илмларда илғор бўлган римликлардан ўргангандир” деди.

Олимлар “Араблар ерига боғу роғлар, дарёлар яна қайтадими?” деб сўрашди. У “Ҳа. Бу илмий ҳақиқат” деди.

Шунда олимлар “Келажакда бўладиган ишларга қандай қилиб “Бу илмий ҳақиқат” деяпсан?” деб сўрашди. У “Чунки иккинчи музлик даври аллақачон бошланган. Бунинг илк кўринишларидан бири сўнгги йилларда Европа мамлакатларида қишнинг қаттиқ келиши, қорли бўронлар бўлаётгани... Ҳар йили қиш олдинги йилдагидан қаттиқроқ, совуқроқ келмоқда. Шимолий Қутбдаги муз бўлаклари аста-секинлик билан жануб томонга силжиб келмоқда. Ҳар йили Европага, Арабистон ҳудуди жойлашган минтақаларга яқинлашмоқда. Аммо жуда секинлик билан яқинлашмоқда. Узоқ муддатдан кейин бу яқинлашиш кўпаяди. Натижада, иссиқ араб ерларида ҳаво пасайиб, боғлар, дарёлар ҳосил бўлади...” деб жавоб берди.

Ажабланарлиси шундаки, узоқ асрлардан бери ўтган йили қишда Саудия ҳудудини қор қоплади. Ўшанда ҳарорат нолдан анча пастга тушиб кетди.

Охирида Доктор Крунердан “Шундай қилиб Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Араб ерларига боғлар ва дарёлар қайтади” деб римликлар хабар беришганми?!” деб сўралганда, у “Йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас! Бу ҳақида унга самодан келган ваҳий хабар берган!” деб жавоб берди. 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асари асосида

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгашининг 2018 йил 22 январдаги 1-сонли мажлис баёни ижроси юзасидан жорий йилнинг май ойи давомида “Ҳадиси шариф билимдони” танлови ўтказилади.
Танловда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Танловда иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар 2018 йилнинг
20-25 апрель кунлари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликларида рўйхатга олинади.
Танловнинг биринчи босқичи 2018 йилнинг 1-5 май кунлари давомида вилоятлар кесимида ўтказилади.

Танловда иштирок этиш шартлари.
Танловда диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган камида 40 та ҳадисни (арабча матни билан) ёддан билган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Танлов учта шартдан иборат бўлади:
- Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш;
- берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадисни таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларини баён қилиш);
- ҳадисни араб тилидаги матнини ровийлари билан ёддан айтиб (берилган боблар бўйича биттадан ҳадис айтиш) бериш.

Танловнинг Республика босқичини ўтказиш вақти қўшимча эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Четверг, 19 Апрель 2018 00:00

Дуо қилинг, ижобатига шошилманг...

 Дуо сўзи луғатда “чақирмоқ”, “талаб қилмоқ”, “тарғиб қилмоқ” маъноларини билдиради .Истелоҳда:” Банда Аллоҳ таолога муҳтожлигини изҳор қилиб, Ундан ёрдам ва  иноят сўрашиди дуо-бандаликбелгиси. дуодаАллоҳ  таолога  мақтов  изҳор этиш ҳамда Аллоҳ таолога сахийлик  ва карам  сифатларини  нисбат бериш бор дуо энг гўзал ва энг олий ибодатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда дуо инсоннинг Робисига илтижосидир. Дуо ҳам  ибодат ҳисобланади. Бизнинг улуғ аждодларимиз бу яртнинг  хаққига кўп дуолар қилиб ўтди. Уларнинг қилган дуоларини барокатидан бугун юртимиз озод ва ҳур, обод ва тинч, халқимиз фаровон ҳаёт кечирмоқдалар. Юртимиз ҳар томонлама тараққий этиб бормоқда. Дуо-банданинг  икки  қўлини бир-бирига  яқинлаштириб, кафтларини  юзига  қаратиб  туриб, Аллоҳдан ўзига керакли нарсаларни сўрашидир, деган тушунча кўпчиликка бегона бўлмаса керак. Дастурхон  устидан  дуо қилмасдан туриб  кетадиган   одам   ҳам   деярли бўлмаса керак. Айниқса, намоздан кейин  дуо  қилиш  ҳеч кимнинг  эсидан  чиқмаса  керак.

Уламоларимиз обид киши ҳар вақт Аллоҳ дуо қилиши ҳожатларини сўраши мустаҳабдир дейишади. Мана шу бандалик аломатидир. Бандаларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси – Ундан ҳожатларини сўрайдиган   киши. Аллоҳ таолога бандаларнинг энг ёмони – Ундан  беҳожат бўлгани. Бандаларнинг одамларга энг яхшиси улардан беҳожат бўлгани, улардан  бирор нарсани сўрамагани. Бандаларнинг одамларга энг ёмони улардан сўрайдигани.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ таолога дуодан улуғроқ бирор нарса йўқ”, деганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Банда доим яхшиликдадир, модомики шошилмаса” дедилар. У зотдан: “Банда қандай қилиб шошилади?”, деб сўрашди. У: “Мен дуо қилдим, аммо  ижобат қилинмади, деб шошилади”, дедилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Банда дуо қилса, албатта, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради ёки сўраганидан каттароқ бир балони ундан қайтаради ёки сўраганидан яхшироқ нарсани қиёматга сақлаб қўяди”, дедилар.

Аъмаш Иброҳимнинг шундай деганларини ривоят қиладилар: “Агар биронтангиз тушида ёмон нарсани кўрса, чап томонига уч марта туфласин, Аллоҳнинг фаришталари ва расули   паноҳ тилаган нарса билан тушимда кўрган нарсаларнинг ёмонлигидан менга дунё ва  охиратда зарар беришидан паноҳ тилайман, деб айтсин, чунки бу унга Аллоҳ таолонинг   изни билан зарар келтиради”.

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Агар биронтангиз ёмон туш кўрса, чап томонига уч марта туфласин, унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тиласин, шунда унга зарар бермайди”, дедилар”. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “У уйлансанг, хотингга буюр, икки ракъат намоз ўқисин, сўнг унинг бошидан ушла ва: “Эй Парвардигор, менга оиламда ва оиламга  менда барака бер, мени улардан ва уларни мендан ризқлантир, бизни яхшиликда жамлаган  нарсанг билан жамла ва орамизни ўзинг ажратган яхши нарса билан ажрат”, деб айт”,  дедилар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Агар биронтангиз аҳлига, яқинлашса, “Эй Парвардигор, шайтонни мендан ва мени ризқлантирадиган нарсангдан узоқлаштир”, деб айтсин. Агар уларнинг орасида бола туғилса, шайтон унга Аллоҳ таолонинг изни билан зарар бермайди”, дедилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): “Кимни бир залолат адаштириб қўйса, икки ракъат намоз  ўқисин, ташаҳҳуддан сўнг: “Эй Парвардигор, эй адашувчиларни ҳадоят қилгувчи ва адашишдан қайтарувчи, мени адашишимдан ўз иззатинг ва султонлигинг билан мени  адаштиришдан қайтар, чунки бу сенинг фазлинг ва марҳаматингдандир”, деб айтсин”, дейдилар. Суфён Саврий ибн Аббосга (розияллоҳу анҳумо) нисбат бериб айтадиларки: “Агар аёл туғишга қийналса, “Биссмиллаҳил лазий ла-а илаҳа иллаллоҳул-ҳалимул карийм, субҳана роббил  ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин”, деб ёзсин”, дедилар”. Суфён бу калималарни жомга ёзиб сўнг уни сув билан чайиб-ичишни айтганлар.

Уббон Усмондан ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимки тонг оттирганда: “Биссмиллаҳил лазий лаа язурру маъ асмиҳи шайун фил арзи ва лаа фис-самаи ва ҳувас самиъул ъалийм”, деб уч марта эрталаб айтса, кечгача, кечаси айтса, тонг  отгунча унга бало этмайди”, дедилар. Усмон ибн Абул Ос: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менинг олдимга келдилар, менда ўлдириб қўядиган даражада қаттиқ оғриқ бор эди. Шунда у зот: “Ўнг қўлинг билан етти марта оғриқ эрини сила ва: “Аъузу биллаҳи ва қудротиҳи мин шарри ма ажиду” (Аллоҳ иззати ва қудрати билан ўзим топаётган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман), деб айт”, дедилар”.

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Исломга янги кирган бир киши: “Кеча ухлай олмадим”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сабабини сўрадилар. У чаён чаққанини айтди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар сен “Аъузу бикалиматиллаҳиттаммати куллиҳа мин шарри ма хулиқ”, деб айтганингда, иншааллоҳ, сенга зарар бермас эди”, дедилар”.

Баъзи саҳобалар: “Ким аксирганда “Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн ъала кулли ҳал”, деса, ҳар  қандай жаг  тиши оғриғидан омонликда бўлади”, дейишган. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким аксирган одамдан олдин “Алҳаҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн”, деса, тиш, қулоқ ва қорин оғриғидан омонда бўлади”, дедилар. Яъни, аксирган одамдан олдин аксирмаган одам алҳамду лиллаҳ, деб айтса. Ибн Маъсуд (розияллоҳу анҳу): “Бақара сурасидан ўн оят – аввалидан тўрт оят, оят ул курсий ва ундан кейинги икки оят, суранинг охиридаги уч оятни эрталаб ўқиса, кечгача бу хонадонга шайтон кирмайди, агар кечанинг аввалида ўқиса, тонг отгунча кира олмайди. Агар жиннига ўқилса, ўзига келиб қолади”, дедилар. Олдингиларнинг баъзилари айтади: “Кимга неъматлар жамланса, Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтирсин, кимнинг ғами кўпайса, истиғфор кўпайтирсин, агар камбағаллик унга қаттиқ  ёпишиб олса, “ла-а ҳавла ва ла-а қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтсин. Жаъфар ибн Муҳаммад (розияллоҳу анҳу): “Тўртта нарса билан балоланган одамнинг тўрт  нарсадан ғафлатда қолганидан ажабландим: Ғам-ташвиш билан балоланиб, “ла-а илаҳа илла  анта субҳанака инний кунту миназзолимийн”, деб айтмаган кишидан. Бир нарсадан  кўрқиб “ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакийл”, деб айтмаган кишидан ажабландим, чунки Аллоҳ  таоло (? ) деб айтган. Одамлардан қўрқиб, “уфаввизу амрий илаллоҳ”, деб айтмаган  кишидан ажабландим. Жаннатни хоҳлаб туриб, “ма шааллоҳу ла-а қуввата илла биллаҳ”, деб  айтмаган кишидан ажабландим.  Тавфиқ Аллоҳдандир ва Аллоҳ ҳар бир тангликда кифоя қилади. Аллоҳдан тўғрилик ва ҳақиқатга  ҳидоят қилишини сўрайман.

Ирода НУРМУҲАММЕДОВА

«Хадичаи Кубро» аёл-кизлар ўрта махсус

ислом билим юрти мударрисаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. «Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:  «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз» (Исро, 29).

Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:  «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон, 67).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.

Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборади. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай таълим беради: “...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро, 26-27)

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам исрофнинг кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳам, жумладан бундай дейилган: «Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!»

Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса  буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин.  Исрофгарликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади.  Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади.

Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: “Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади”.

Фарзандингиз исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этсин. Ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидан эканини бирор сония ҳам унутмасин. 

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top