muslim.uz

muslim.uz

Бугун гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахслар учун Диний идора томонидан навбатдаги хайрия тадбири ташкил этилди. Мана шундай кишиларимизни Тошкент вилояти Зангиота тумани “Зангиота” зиёратгоҳига ташрифлари амалга оширилди. Ушбу тадбирда 300 нафарга яқин имконияти чекланган шахслар ва уларнинг оила аъзолари қамраб олинди.
Зиёратчилар бугун эрталабдан Тошкент шаҳридан жамланиб, Зангиота зиёратгоҳи сари йўл олишди. Зиёратчилар учун алоҳида транспорт воситалари, гид ва сурдо таржимони хизматлари жалб этилди.
Имом-хатибларимиз томонидан зиёратчиларга Зангиота мажмуаси тарихи ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, ўз даврида ҳикматга тўла сўзлари ила кишиларни энг тўғри йўлга бошлаб, ўзидан кейин ўчмас из қолдириб кетган зотлар ушбу заминда жуда кўплаб ўтгани, уларнинг ортидан эргашган инсонлар ҳидоят топишгани ҳақида маълумотлар беришди.
Мана шундай зотлардан бири Сулаймон Боқирғонийнинг шогирди ва издоши Занги ота Ҳимматий ҳазратларининг камтарона ҳаёти, кўп кишиларнинг ҳидоят топишида, ахлоқий камолга етишида буюк хизматлари ҳақида гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахсларга имом-домлалар томонидан сурдо таржимони орқали тушунтирилди.
Зиёратчилар учун тушлик вақтида эҳсон дастурхони ёзилди ва якунда Қуръон карим оятларидан тиловат қилиниб, ўтганларнинг руҳи покларига бахшида қилинди.
Гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахслар ташкил этилган мана шундай табаррук жойларга файзли зиёрат ва маърифий суҳбат учун миннатдорлик билдиришди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу мақсадда 31 март куни эрта тонгда Франциянинг Париж шаҳридаги туристик компаниялар ассоциацияси (Ilе de Franc) аъзолари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг махсус рейси орқали Самарқандга келди.

Жорий йил 22 февраль куни Президентимиз раислигида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси Париждаги туристик компаниялар ассоциацияси билан ҳамкорликда ассоциациянинг навбатдаги йиллик йиғилишини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришган эди. Ушбу келишув асосида Париждаги туристик компанияларнинг 100 нафардан ортиқ раҳбар ва масъул ходимларининг юртимизга ташрифи уюштирилди.

ЎзА хабарига кўра, Самарқанд халқаро аэропортида меҳмонларни Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов бошчилигидаги расмийлар тантанали кутиб олди.

Шаҳар ҳокими меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, ассоциациянинг навбатдаги йиғилиши Самарқандда ўтказилишини қўллаб-қувватлаши ва бунинг учун барча имкониятлар яратилганини таъкидлади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва шаҳардаги сайёҳлик фирмалари Париж шаҳри билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Ilе de Franc ассоциацияси президенти Лионел де Робие Франциядаги сайёҳлик компанияларининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи давлатларимиз ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бу борада янги истиқболлар очишга хизмат қилишини таъкидлади. Кутиб олиш маросимининг юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.

–Самарқанд қадимий Буюк ипак йўлининг маркази, мўъжизавий шаҳар, – деди Лионел де Робие. – Бу шаҳарга келиш ва унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш ҳар бир французнинг орзуси ҳисобланади. Шунинг учун бугун Самарқандга Франциядаги энг йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари ташриф буюриб, бу ердаги туризм индустрияси иштирокчилари билан ҳамкорлик қилиш ниятида. Ассоциациямизнинг навбатдаги йиғилишини ушбу тарихий шаҳарда ўтказиш эса, биз учун улкан шараф.

Ташриф давомида ассоциациянинг йиғилиши ўтказилиши борабарида Самарқанд шаҳридаги туристик объектларга саёҳат, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг туризм имкониятлари бўйича тақдимотлари, маҳаллий туристик фирма ва компаниялар вакилларининг француз ҳамкасблари билан учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Меҳмонлар 2 апрель куни Бухоро шаҳрига саёҳат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Бугун, 30 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда “Мўътадил ислом – икки дунё саодати гарови” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда диний идора раҳбар ходимлари, Ёшлар иттифоқининг Ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлими вакиллари, тарбияси оғир ўқувчилар, носоғлом оилаларда вояга етаётган болалар ҳамда Ёшлар иттифоқи кафиллигида суд залидан озод қилинган ёшлар иштирок этди.

 

 

Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур очиб, одоб-ахлоқ инсоннинг энг гўзал хулқларидан бири экани, ахлоқ Аллоҳ таоло томонидан берилган энг азиз неъматлиги, кишининг ахлоқи унинг зийнати бўлиши, ахлоқи чиройли инсонлар ҳар доим ҳар жойда ўз ўрнига ва ўз мавқеига эга бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар билан ишлаш бўлими масъул ходими Исҳоқжон домла Бегматов сўзга чиқиб, ёшлар ислом маърифатидан хабардор бўлишга интилиб яшаши, одоб-ахлоқли бўлишга, жамият ва она-Ватанга фойда келтиришга ҳаракат қилиши лозимлигини тушунтирди. Жумладан, “Яхши амалларнинг энг яхшиси чиройли хулқ” каби мазмундаги ҳадисларни шарҳлаб берди.

Учрашувда Ислом дини мўътадил дин экани, у инсонларни бунёдкорликка чорлаши, жамиятни бирлаштиришга даъват этиши, инсонларни меҳр-мурувват кўрсатишга чақириши ҳақида тушунтирилди. Шунингдек, Ислом дини мўътадилликни қўллаб-қувватлаши ҳақида сўз юритилиб, бу тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берилди. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик қандай ҳам яхши”, деган ҳадисларининг мазмун-моҳияти изоҳлаб берилди (Имом Баззор ривояти).

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Диний идора уламолари ва Ёшлар иттифоқи вакиллари томонидан жавоб берилди. Шунингдек, ёшларнинг Ислом асослари, одоб-ахлоққа оид маълумотлар олиш, мавзуга доир китоблар билан таъминлаш масаласида, уларга диний идора, ёшлар иттифоқининг эшиклари доимо очиқ экани, ҳар қандай савол ёки масала юзасидан Диний идоранинг muslim.uz сайти, Ёшлар иттифоқининг yi.uz портали орқали ҳам мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида тузилган ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Меморандум доирасида ўтказилди.

Тадбир якунида иштирокчи ёшларга “Динимизда инсон манфаатлари”, “Халқ дарди билан яшайлик”, “Элсеварлик гўзал фазилат” номли китоблар тарқатилди. Шундан сўнг иштирокчилар “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, осори атиқалар ва маънавий меросларимизни зиёрат қилиб, руҳий қувват олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўрта асрларда мусулмонлар савдо ишлари билан жуда қаттиқ шуғуланган. Улар денгизлардан сузиб ўтган, карвонларда саҳроларни, тоғу тошларни кезиб юрган.  Табиийки, улар ўзлари юриб ўтган манзилларни яхши ўрганган, чунки ортга қайтаётганда адашиб кетмаслиги керак бўлган-да. Шунингдек, улар борган жойларида яшайдиган халқнинг тилини ўзлаштирган, табиатини  ўрганган. Негаки, айнан ана шу нарсалар савдонинг муваффақиятини  таъмин этган.

Европаликларга Хитой, Индонезия, Африка ва Евроосиё ҳақида қимматли маълумотларни ҳам мусулмон савдогарлари ва сайёҳлари етказган. 

XII асрда араб сайёҳи ал-Идрисий Сицилия қироли Рожер II илтимосига кўра, Европа, Осиё ва Африка тарихи ва географияси ҳақида муҳим манба бўлган – дунёнинг харитасини чизади ва уни “Рожер китоби” деб атайди.

ЎМИ Матбуот хизмати


Ислом оламида яшаб ўтган олимлар тарихда илм-фан тараққиётига ўзларининг қўшган ҳиссалари билан ажралиб турадилар. Қадимда ўтган олимларнинг меросини ўрганиш орқали бугунги кун олимлари ҳам фанда катта ихтироларга сабаб бўлмоқдалар. Уларнинг фаолияти мусулмон дунёсида илмнинг аҳамиятини кўрсатади. Бироқ айрим субъектив сабаблар туфайлигина кўпчилик мусулмон олимларнинг меҳнати қадрланмай, эътирофдан узоқда қолиб кетмоқда.

Олимларнинг ишларини ўрганиб, уларнинг аҳамияти қай даражада эканидан келиб чиққан ҳолда мукофотловчи Алфред Нобел хотирасига ташкил этилган Нобел мукофоти бир қанча мусулмонларга ҳам берилган. Бироқ уларнинг умумий сони мукофотни қўлга киритганларнинг атиги 1,2 фоизини ташкил этади.

Нобел мукофоти деганда бизнинг кўз олдимизга илм-фанда улкан ютуқларга эришган олимлар келади. Уларнинг фан тараққиётига қўшган ҳиссалари беқиёсдир. Тинчлик йўлида жасорат кўрсатганлар эса Тинчлик учун мукофоти билан тақдирланганлар.

Келинг Нобел мукофотини қўлга киритган мусулмонлар билан танишамиз.

Тинчлик учун Нобел мукофотини қўлга киритганлар:

Анвар Садат (1918–1981) Миср Араб Республикаси президенти. У 1978 йилда Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ўрнатиш мақсадида Исроил ва Миср ўртасида Кемп Девид сулҳини имзолаш ташаббускори бўлгани учун ушбу мукофот билан тақдирланган. Нобел мукофотини олган биринчи мусулмон сифатида дунё тарихида ном қолдирган.

Ёсир Арофат (1929–2004) Фаластин мухторияти раҳбари. Яқин Шарқда тинчлик учун қўшган ҳиссаси учун 1994 йилда Нобел мукофоти билан тақдирланган.

Ширин Эбади (1947) эронлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси. Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги хизматлари учун 2003 йилда Нобел мукофоти билан тақдирланган. Нобел мукофотини олган биринчи муслима.

Муҳаммад ал-Барадий (1942) мисрлик дипломат. 2005 йилда атом энаргиясини ҳарбий мақсадларда эмас, тинчлик мақсадларда фойдаланиш борасидаги эришган ютуқлари учун Нобел мукофоти билан тақдирланган. Нобел мукофотини қўлга киритган иккинчи мисрлик.

Муҳаммад Юнус (1940) бангладешлик иқтисодчи Grameen Bank асосчиси. 2006 йилда қуйи қатламнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши моделини яратгани учун ушбу мукофотга лойиқ деб топилган.

Тавакел Карман (1979) яманлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси. 2011 йилда тинчликка эришиш жараёнида аёлларнинг ҳуқуларини ҳимоя қилинишида амалга оширган хизматлари учун мукофотга лойиқ деб топилган. Мукофотни қўлга киритган биринчи араб аёли.

Малала Юсуфзай (1997) покистонлик болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилган фаол. 2014 йилда болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини тиклашдаги хизматлари учун мукофот тақдим этилган. 17 ёшида мукофотни қўлга киритган энг ёш Нобел мукофоти соҳибаси.

Адабиёт йўналишида Нобел мукофотини қўлга киритганлар:

Нагуиб Маҳфуз (1911 –2006) Замонавий араб адабиётига улкан ҳисса қўшган мисрлик ёзувчи. 1998 йилда инсониятга хизмат қилувчи янги услубдаги ҳаётий асарлари учун Нобел мукофотига лойиқ деб топилган.

Орхан Памук (1952) Туркиялик ёзувчи. Менинг исмим Қизил (My Name Is Red) ва Қор (Snow) асарлари билан машҳур. 2006 йилда Адабиёт йўналишидаги Нобел мукофотини қўлга киритган. Ўз шаҳрининг тушкунлик кайфиятини символлар ёрдамида тасвирлаган.

Кимё йўналишида Нобел мукофотини қўлга киритганлар:

Аҳмед Зеваил (1946 - 2016) мисрлик олим. 1999 йилда Кимё йўналишида Нобел мукофоти соҳибига айланган. Унинг тадқиқотлари кимёвий реакцияларни ўтиш ҳолатини ўрганишда фемтоскунд спектроскопдан фойдаланиш борасида амалга оширилган.

Азиз Санжар (1946) туркиялик тадқиқотчи. 2015 йилда Азиз Санжар ДНКнинг қайта тикланиши жараёнини механик ўрганишда эришган натижалари учун Нобел мукофотига лойиқ деб топилган.

Кўпчилик манбааларда Нобел мукофотини қўлга киритган мусулмонлар сони 12 нафарни ташкил этилиши айтилган. Биз эса юқорида 11 нафар мусулмон кишилар ҳақида маълумот бериб ўтдик. Ғарб манбааларида покистонлик олим Муҳаммад Абдуссалом ҳам мусулмонлар рўйхатига киритилган. У 1926-1996 йилларда яшаган физик олимдир. Унга 1979 йилда Физика соҳасидаги ютуқлари учун Нобел мукофоти билан тақдирланган. Ушбу олим Покистондаги Аҳмадия оқими аъзоси бўлганлиги сабабли барча мусулмонлар томонидан ёзилган маълумотларда мусулмон олимлар қаторига киритилмайди.

Маълумот учун, 1974 йил апрель ойида Маккаи мукаррама шаҳрида бўлиб ўтган Ислом олами анжумани қодиёния (Аҳмадия) фирқасини Ислом динидан чиққан фирқа деб эълон қилган.

Азҳари шариф шайхи Шайх Жодул Ҳақ қодиёния фирқасидан саналмиш аҳмадия гуруҳини диндан қайтган гуруҳ деб фатво берган.

Хулоса қилиб айтганда диндошларимиз фарзандларини илм-фанни эгаллашга, мусулмонлар ҳаётини янада енгиллаштиришга қаратилган ихтироларни қилишга рағбатлантиришлари лозим.

 

Жўраев Зоҳиршоҳ

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top