muslim.uz
V Халқаро мударрислар Форуми
Жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Болгар ислом академиясида таълим ташкилотлари ўртасида V Халқаро мударрислар Форуми бўлиб ўтади. Тадбир Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси, Булғар ислом академияси, Россия ислом институти ва Қозон федерал университети ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирда Татаристон Республикаси муфтийси Камил ҳазрат Самигуллин, Булғор ислом академияси президенти Камил Исхаков, Булғор ислом академияси ректори Рафик Мухаметшин ва бошқа давлат ва дин арбоблари фахрий меҳмон сифатида ташриф буюришади.
Форумга умумий ҳисобда 300 нафар бошланғич, ўрта ва олий диний таълим мударрислари иштирок этишади. Икки кун давом этадиган ушбу форум доирасида диний таълим муассасаларидаги турли масалалар, жумладан дуч келинаётган айрим муаммоларнинг ҳал этиш йўллари кўриб чиқилади.
Форум доирасида мадрасанинг намунали, аълочи талабалари ҳамда энг яхши мударрисларига махсус стипендия ва совғалар тақдим этилади. Маълумот учун Халқаро мударрислар Форуми 2012 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.
Моҳира Зуфарова
Халқаро алоқалар бўлими
Ҳаж амалларингиз қабул бўлсин
Мустақил юртимизда ибодатлар эмин-эркинликда қилинаётган бир вақтда, исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аллоҳ ризолиги йўлида қилинаётган ҳар бир ибодатни Ўзи даргоҳида қабул қилсин.
Кейинги вақтларда Ҳажга бориб келувчилар орасида Ҳаж оши бериш, эҳсон қилиш, аёллар орасида ҳаждагилар билан биргаликда “гап” да йиғилиш каби ҳолатлар одат тусига кириб бормоқда.
Бир онахон билан гаплашганимда, онахон ҳажда бирга борган аёлларнинг бир-бирлари билан “гап” ўйнашлиги ҳақида гапириб қолдилар. Бу йиғилишлар эҳсондан ҳам кўпроқ ким ўзарга, риёга, манманликка ўхшаб кетишини айтдилар.
Столга энг охирги русумдаги биллур идишлар, турли-туман таомлар, килоси 60 000 ортиқ турадиган хандон писталару, Эрондан келтирилган мевалар қўйилган. Кейинги “гап”ни қиладиганлар эса албатта, бунданда ўтказиб қилишга ҳаракат қилишлари турган гап. Шароити кўтарса, ҳўп, шароити кўтармаганлар учун кўнгил синишининг бўлиши ачинарли ҳолдир.
Келин ҳаждагилар билан учрашишга кетаётган қайнонасига: “Ойижон, ҳамма аёллар “гап”га келишганида тилла асбобларини тақиб келишган эди, нега сиз бор бўлса ҳам, тақмайсиз. Хоҳласангиз, ўзимникини бераман” деди меҳрибонлик қилиб. Қайнонасининг жавоби уни лол қолдирди: “Болам, орамизда тилла тақинчоқлари йўқ аёллар ҳам бор. Аёлмизда, барибир, зебу-зийнатни яхши кўрамиз. Тиллаларга бурканиб борсам, қайсидир бир аёлнинг кўнглини ўксишига сабаб бўлишдан қўрқаман”
Ҳажга кетаётган аёллар: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин деган кўрсатма йўқ. Ваҳоланки, бу оддий бандалик вазифасини бажариш, холос. Унинг ўрнига ҳаж давомида бирор амални тўкис адо эта олмаган бўлсам, шоядки каффорот бўлса, деб, қарз ҳавола қилмасдан эҳтиёжидан ортиқ маблағни кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган инсонларга бериш яхши амаллардандир.
Бир илмли кишидан сўрашибди: “Ҳажжи қабул бўлганини қандай билиш мумкин?”. “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин, яхшиликка томон тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳажжи қабул бўлишига яхши гумондир”, деб жавоб берган экан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира Абубакирова
“Ҳаж-2017” мавсуми муваффақиятли якунланди
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни ҳаж зиёратини адо этиш учун жўнаб кетган зиёратчиларимизнинг охирги гуруҳи эсон – омон она юртимизга қайтишди.
Уларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди ходимлари кутиб олишди.
Жорий мавсумда зиёратчиларимизга ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати ва ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, шифокорлар ҳамда гуруҳ раҳбарлари томонидан юқори савияда хизмат кўрсатилди.
Охирги рейс келиши билан “Ҳаж-2017” мавсуми муваффақиятли якунланди. Бу мавсумда Республикамиздан жами 7350 нафар фуқаро ҳаж зиёратига жўнатилди.
Бу йилги ҳаж мавсумида Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг соғ-саломат ҳаж ибодатини адо этиб келгани қувонарли воқеъа бўлди. Тўқсондан ошиб, юз билан юзлашган пиру бадавлат нуронийларимизнинг дуо мустажоб бўладиган жойларда туриб юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига қилган дуолари иншоаллоҳ ижобат бўлажак.
Хулоса қилиб айтганда, Она юртга қайтган юртдошларимиз кўзларида ёш билан яратиб берилган имконият ва шароитлардан мамнун бўлиб, Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда “Ҳаж-2017” ишчи гуруҳи аъзолари ҳақига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Татаристон президенти Самарқандда зиёратда бўлди
Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Татаристон президенти Рустам Миннихонов Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган эди. Кеча қадим Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди.
Эътиборли меҳмон Марказий Осиёда биринчи бўлиб қурилган ҳазрати Хизр масжиди билан ҳам танишди. 1300 йиллик тарихга эга муҳташам обиданинг асраб-авайланганини кўриб, тасанно айтди.
Шунингдек, Р.Миннихонов Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилди. «Мазкур иншоотларнинг ҳар бири халқимизнинг бой ўтмиш ва қадимий маданиятга эга эканидан далолат беришини қайд этди», деб ёзади ЎзА.
ЎзАнинг қайд этишича, Сиёб деҳқон бозоридаги тўкин-сочинлик, шарқона савдо маданияти ҳам меҳмонда катта таассуруот қолдирган. «Серқуёш заминимизда етиштирилган ноз-неъматлардан татиб кўриб, улар Татаристонда ҳам жуда харидоргир эканини таъкидлади», дейилади агентлик ахборотида.
Татаристон президенти Самарқандга келишни анчадан буён орзу қилганини айтиб, Ўзбекистонга ташрифи Самарқанддан бошланганидан жуда хурсанд бўлганини билдирган. Бу қадимий шаҳар чиндан ҳам ер юзининг сайқали, тарихан цивилизация маркази бўлганига яна бир бор амин бўлганини изҳор қилган.
Каъбанг бормоқ насиб айла (шеър)
Сенга хамду - сано Оллох, Каъбанг бормок насиб айла,
Ҳалилуллоҳ босган изин қучиб ўпмок насиб айла.
“Чақир”,- дединг. “Лаббай”, - деган руҳлар суюк бандам”,-дединг,
“Лаббайк, Аллоҳумма лаббайк!” Тавоф қилмок насиб айла.
Муҳаммад қалбига нур-ла калом бердинг, пайғом этдинг,
Ҳажда қойим, руку, сажданг давом қилмоқ насиб айла.
Расул ҳадисин жам қилган Ал-Бухорий юртиданман,
Ожизингман, қалбга Каъбанг нурин солмоқ насиб айла.
Эй, Раббим беайб ўзингсан, билмам, гуноҳларим бисёр,
Узрим сўрай, кечир, амринг вожиб қилмок насиб айла!
Берган умрингга розиман, розингга сарф қиларингман,
Зикру, шукру ибодатда собит қолмоқ насиб айла.
Эҳром ўрай, тоғлар ошай, дуо қилай, кўзим очай,
Бутун олам-чун Ҳидоят- Каъбанг кирмоқ насиб айла.
Ибодатим мақбул айла, гуноҳим мағфират айла,
Қалбим поклай, илтижомни қабул қилмоқ насиб айла.
Оллоҳ - Fафур, Раҳимимсан, Аввалсан-у меҳрибонсан,
Қуръон, ҳадис қалбда, содиқ банданг бўлмок насиб айла.
Ёвуқ қалбларга бер шодлик, бергил тинчлик, coғ, омонлик,
Дуоларим қабул қилгил, лутфинг олмоқ насиб айла.
Қолди дўст-ёр, жигарбандлар, мол-мулк, ота-онам хоки,
Қазом етса Муҳаммадга қўшни қилмок насиб айла!
Орифман, чорладинг, келдим, ота-онам тушда кўрдим,
Оташ чеҳраларин кўрдим, яна кўрмок насиб айла.
11 февраль 2017 йил
Ориф Бискандий
Тошкент вилояти, Пискент шаҳри, Чўлпон кўча 18 уй
Телефон. (90) 941-41-98
11.02.2017