www.muslimuz

www.muslimuz

?? Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири, маҳаллий ва халқаро хабарларни кенг ёритадиган "al-hadath.com" Интернет нашри ўзбекистонлик зиёратчиларни кузатишдаги юксак ҳурмат-эҳтиром ҳақида хабар эълон қилди.

Унда бўлғуси ҳожиларимизни кузатиш учун Президент маслаҳатчиси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда мутасаддилар Тошкент халқаро аэропортида жам бўлганига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, хабарда зиёратчиларимиз республикамизнинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти орқали Мадина шаҳрига кузатилишига ҳам катта урғу берилган.

Таъкидлаш керакки, юртимиздаги инсон қадри учун ғоясининг ҳаётдаги татбиқи ва ижтимоий давлат тамойилининг амалий ифодасини халқаро ҳамжамият ҳам муносиб эътироф этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla | @mp3muslim | @diniysavollar

#haj2023

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов Макка шаҳрида бўлиб турган Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари зиёратчилар билан суҳбат ўтказиб, ҳаж аҳкомлари ва ҳожилик одоблари ҳақида мавъиза қилиб берди.

 Мулоқотлар аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, ҳаж сафари муваффақиятли ўтишини тилаб, дуолар қилинди.

Жалолиддин домла сўзларида Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиш улкан саодат экани, бу улуғ шаҳарларда Расул алайҳиссалом юрганлари, Ислом тарихидаги муҳим воқеалар содир бўлгани, ҳаж улуғ ибодатлиги, бундай шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таолога шукрона келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Суҳбатлар якунида зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla  | @diniysavollar

     Жорий йилнинг 13 июнь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Бош котибият қароргоҳида Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири Доктор Тавфиқ ибн Фавзан ар-Рабиаъни қабул қилди.

  Шунингдек, Бош котиб Ҳаж ва Умра вазири иштирокида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва унинг ёрдамчи органлари делегациялари вакиллари ва консуллари билан учрашув ўтказди. Унда Саудия Aрабистони Подшоҳлигининг ҳижрий 1444 йилги Ҳаж учун саъй-ҳаракатлари ва тадбирлари билан боғлиқ жиҳатларга ойдинлик киритилди ва зиёратчиларга энг яхши шароитларни таъминлаш бўйича кўрилаётган ташаббус ва чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди.

   Учрашувда Ҳаж ва умра вазири доктор ар-Рабиаъ бундай деди: “Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти араб ва ислом уммати сўзини жамловчи ташкилот саналиб, мусулмонлар вакили бўлиши билан бирга бутун дунё бўйлаб бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмонларни ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этиш каби шарафга эга.”. 

   Доктор ар-Рабиаънинг таъкидлашича, Ҳаж ва Умра тизими барча соғлиқни сақлаш, ташкилий, хизмат кўрсатиш, логистика ва хавфсизлик каби бир қатор йўналишларда катта муваффақиятларга эришмоқда.  Хусусан, Саудиянинг 2030-йилга мўлжалланган “Нигоҳ–2030” дастурлари бу борада ўз самарасини бермоқда.

    Саудия Aрабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра ишлари вазири Др. Тавфиқ ибн Фавзан ар-Рабиаънинг таъкидлашича, Раҳмон меҳмонларига хизмат кўрсатадиган йирик лойиҳалар қаторида Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаромни 200 миллиард Саудия реёлидан ортиқ маблағ сарфлаб кенгайтириш ҳам режага киритилганини айтди.  Шунингдек, ҳаж ва умра зиёратчиларининг саёҳат ва транспорт шароитини яхшилаш,  Макка ва Мадина орасидаги масофани икки соатга қисқартириш ва унга 60 миллиард Саудия Aрабистони реёли сарфлаш ҳамда Жидда шаҳридаги Қирол Aбдулазиз халқаро аэропортини ривожлантириш учун, 64 миллиарддан ортиқ Саудия реёли сарфланиши ва Аллоҳнинг меҳмонлари учун тарихий масжидлар ва исломий археологик жойларни ривожлантириш кўзда тутилганини таъкидлади.

   Ташаббуслар ҳақида гапирар экан, доктор ар-Рабиаъ Қироллик Ҳаж хизматларини кўрсатувчи компаниялар ўртасида рақобатни йўлга қўйгани, бу эса зиёратчилар учун харажатларни камайтиришга, Умра зиёратига борувчилар учун суғурта миқдорини 63 фоизга, зиёратчилар учун эса 73 фоизга қисқартириш ва улар учун алоҳида тиббий хизматларнинг барқарорлигини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшганини айтиб ўтди.   Қироллик зиёратчиларнинг аэропортда кутиш вақтини 15 дақиқагача қисқартиришни мақсад қилган “Макка йўли” ташаббусини йўлга қўйганини алоҳида таъкидлади. Бундан Покистон, Малайзия, Индонезия, Марокаш, Бангладеш, Туркия, ва Кот-Диуар давлатлари оқилона  фойдаланаётганини ҳам қайд этди.

 

ЎМИ  ходими Илёсхон Аҳмедов тайёрлади. 

Ал Ҳаким ат-Термизий юртимизда тасаввуф ва тафсир илмининг ривожланишини бошлаб берган қомусий олим бўлиб, унинг Мовароуннаҳрда Қуръон шарҳига бағишланган илк асар сифатида баҳоланган китоби бугунгача “йўқолган” деб келинарди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жўрабек Чўтматов изланиш олиб бориб, ушбу асар қўлёзмасини Туркиянинг Бурдур шаҳридан топди ва уни нашрга тайёрлади.

Дунё тадқиқотчилари эътиборига ҳавола этиш мақсадида асар араб тилида Истанбул шаҳридаги “Дор ал-кутуб-арабийя” нашриётида “Баҳр ат-тафсир” (“Тафсир уммони”) номи билан чоп этилди.

Китоб таҳририда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Маҳмуд Нормуродов, Фахриддин Худойназаров, Аббосхон Абдуллаев ва Умарали Ўлжаевлар ҳам иштирок этишди. Асар келгусида ўзбек тилида ҳам нашр этилади.

Маълумот учун, Ал Ҳаким ат-Термизий (820-932) 400 дан ортиқ китоб ёзган бўлиб, улардан 60 га яқини бизгача етиб келган. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, йилдан-йилга ҳаж ва умра ибодатини адо этувчилар сони ортиб бормоқда. Ҳаж ёки умрага кетаётган зиёратчи аҳлоқини шу даражада сайқаллаши керакки, токи амаллари бошқалар учун ибрат бўлсин.

Ҳаж ва умра машаққатдир. Бу йўлга отланган инсон ўта сабрли бўлиши ва бу ибодатнинг маъно-мазмуни ҳамда моҳиятини яхши англаб етиши муҳимдир.

Зиёратчилар бундай улуғ сафарга аввало қалблари билан тайёр бўлиши, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўта сабр-бардошли бўлишлари талаб этилади. Мадина шаҳридаги меҳмонхонага етиб борганда хона талашиш мумкин эмас! Чунки бу ерда 3-4 кун бўлишингизни ва аввало бу сафарга нима мақсадда чиққанингизни ёдда сақлашингиз зарур.

Мадинага илк қадам қўйгандан бошлаб, зиёратчи гўзал одобда бўлиши шарт. Чунки бу ерда биз севган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар бордир. Ҳулқлари Қуръон бўлган у зотнинг ҳузурларида беодоблик қилиш, овоз кўтариш, бошқа зиёратчиларнинг дилини оғритиш асло мумкин эмас.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларига ўта тавозе билан салом бериб, охиста кириб борилади. Равзаи муборакка салавотлар айтиб кирилади. Асло бесабр бўлманг, овозингизни кўтарманг, ҳузурингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турибдилар. Сиз бундай ҳолатни ҳис қилмасангиз, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларида беодоблик қилсангиз, амалларингиз ҳабата бўлиши мумкин.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳаббатларини изҳор қилиш мақсадида зиёратчи аёлларимиз Равзага қараб югурадилар, ҳиссиётга бериладилар, овозларини кўтарадилар, оқибатда бошқа зиёратчиларга озор берадилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда келтиради: “Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин” (Ҳужурот сураси 2-оят). Аллоҳ таолонинг ояти каримасидаги бу таъкид ўзини мусулмонман деган ҳар бир инсонга тегишлидир.

Мадина шаҳри ҳар биримиз учун мадраса бўлсин, токи ҳулқимиз Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳулқларидек бўлишига ҳаракат қилайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).

Маккаи мукаррамада, Минода, Арофатда, Муздалифада, Жамаротда ҳам одобимиз, амалларимиз билан бошқаларга ўрнак бўлайлик, токи Яратган Эгам жаннати билан сийласин.

Барча зиёратчиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур, амаллари ҳусни мақбул, гуноҳлари мағфур бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича

бўлимнинг етакчи мутахассиси.

Страница 29 из 637

Мақолалар

Top