muslim.uz

muslim.uz

Бароат кечасини зикр, дуо ва турли ибодатлар билан бедор ўтказиш мустаҳаб амаллардан саналади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиган ҳадисда “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаъбон ойи ярмидаги кечада Аллоҳ таоло қараб кўриб, жамики махлуқотларини мағфират қилур. Бундан мушрик ва хусуматчи мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).

ШАЪБОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА БАТАФСИЛ

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Нидерландиянинг «Diplomat Magazine» журналида «Мотуридий таълимотининг издоши» сарлавҳаси остида Абу Муин Насафийга бағишланган мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мустақиллик шарофати билан олимлар Абу Муин Насафий ҳаёти ва ижодини илмий асосда ўрганишга муваффақ бўлди, деб таъкидланади материалда.

Ўзбекистон Президенти диний арбоблар билан мулоқотда бугунги кунда ўзбек халқининг буюк аждоди асарлари катта аҳамиятга эга экани ва уларни нашр этиш, мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш зарурлигини таъкидлайди. Ушбу мажмуада, шунингдек, Самарқанд қоғозига ёзилган Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхаси сақланади. Президент Шавкат Мирзиёев бундай китоблар ўзбек халқининг бебаҳо мероси экани, уларни келажак авлодларга етказиш кераклигини таъкидлади, деб қайд этади муаллиф.

Шунингдек, мақолада машҳур илоҳиётшунос ва мутафаккир Абу Муин Насафий 1027 йилда Насаф (ҳозирги - Қарши) шаҳрида туғилгани ва шу ерда таҳсил олиб, билимини оширгани маълум қилинган.

«У XI аср ақида илмининг ёрқин вакилларидан биридир, - деб эътироф этади нашр. - Абу Муин Насафий Абу Мансур Мотуридий асос солган Мотуридия таълимоти ривожида муҳим роль тутган. Насафий ўз асарларида Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларга ойдинлик киритган, диний фанатизмга қарши курашган. Исломшунос олим 1114 йилда Самарқандда вафот этган ва Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида дафн этилган».

Абу Муин Насафий - Абу Мансур Мотуридий асос солган Мотуридия таълимотининг тарқалишига катта ҳисса қўшган буюк илоҳиётшунослардан биридир.

Буюк илоҳиётчилар Абу ал-Ҳасан ал-Ашарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг шогирди Абу Муин Насафий калом илмининг турли йўналишларида 15 га яқин асар ёзган. «Ал-Умда фи усулил-фиқҳ» («Фиқҳ усуллари таянчи»), «Табсиратул-адилла фи илмил-калом» («Калом илмидаги далиллар кўзгуси»), «Ат-Тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом» («Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб»), «Олим ва мутааллим» («Олим ва илм ўрганувчи»), «Изоҳ ва маҳажжа ли кавнил-ақл ҳужжатан» (“Ақл далиллигини изоҳ ва ҳужжатлар билан асослаш»), «Маноҳижул-аимма фил-фуруъ» («Имомларнинг ҳуқуқшунослик бўйича тутган йўллари»), «Муътақидот» («Эътиқодлар») асарлари шулар жумласидандир. Ушбу асарлар қўлёзмалари бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланади.

Абу Муин Насафий илмий мероси ислом фалсафасининг энг қимматли манбалардандир. Мутафаккир асарларининг қўлёзмалари Дубай, Дамашқ ва Искандария кутубхоналарида ҳам сақланади. Шунингдек, унинг асарлари 1886 йилда Бағдодда ва 1908 йилда Қоҳирада нашр этилган.

Мақола таъкидланишича, дунё кутубхоналарида сақланаётган Абу Муин Насафий асарлари орасида «Дин асосларини имом Абу Мансур Мотуридий таълимотига мувофиқ далиллар билан изоҳлаш» номли китоби ҳам бор. Олимнинг «Баҳрул-калом» («Калом денгизи») асари Мотуридий таълимотининг асосий манбаларидан биридир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 25 Март 2021 00:00

Аллоҳ таолони севасизми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ", деганлар.

Демак, бомдод намозини ўқиб бўлиб, Аллоҳни зикр қиласиз. Аллоҳни зикр қилишнинг энг афзали Қуръон тиловатидир.

Қуёш чиққандан сўнг, бир неча дақиқа кутиб, икки ракат нафл намоз ўқийсиз. Натижада ҳаж ва умра савобига ҳамда бошқа кўплаб ажрларга эга бўласиз. Гуноҳларингиз ўчирилади. Аллоҳ таоло ёмон амалларингиз ўрнини яхшиликлар билан тўлдиради.  

Аммо бунга амал қиладиганни мен каби бошқа одам билан солиштириб кўринг. Бомдод намозини ўқийди-да, кечаси билан бедор бўлганман, чарчадим дейди-ю, кроватига сакрайди ва уйқуга кетади. Бу воқелик.

Азиз биродарлар.  

"Ким бир нарсани севса, уни кўп зикр қилади" деган қоида бор. Сиз Аллоҳни севасизми ёки йўқ-ми?

Агар чиндан ҳам Аллоҳни севсангиз, Уни кўп зикр қилишингиз керак. Агар кўп зикр қилмасангиз, демак севмас экансиз.

Банда Яратувчисини таниса-ю, лекин Уни севмаслиги мумкин-ми? Шундай бўлиши мумкин-ми? Шундай бўлиши мумкин-ми? Аллоҳни танисангиз, Унинг қули эканлигингизни билсангиз, Унинг меҳрибон ва раҳмлилигини, лутфу иноятини кўрсангиз Уни севмайсиз-ми?

Яхши, агар севсангиз, Уни кўп зикр қилинг!

 

Доктор, шайх, шаҳид Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг маърузаларидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари К.Акилова ва Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Найирободий ва Теҳрон университети вакиллари ўртасида видеоанжуман шаклида мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА вазирлик маълумотига таяниб.

Онлайн-тадбирда 2021 йилда Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини қайта тиклаш қилиш ва янгилаш учун Эрон усталарини жалб этиш, ушбу йўналишлар бўйича тажриба алмашиш, Теҳрон университетида маданий мерос бўйича мутахассислар малакасини ошириш, Англашув меморандуми имзолаш, икки давлат маданий меросини асраб авайлаш борасида қўшма фонд ташкил этиш каби масалалар муҳокама этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 25 Март 2021 00:00

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ ДЎСТИМ!

Кеча имом Заҳабийнинг "Сияру аъломин нубало" асарини ўқиётган эдим. У китобдаги Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган гапи ҳали ҳам қулоқларим остида жарангламоқда:
"Молик ибн Анас каби кўтарилган кишини кўрмадим. У кўп рўза тутмас, кўп намоз ўқимас эди. Аммо унда қалб бор эди!".

Дўстим! Имом Молик роҳимаҳуллоҳ "Муватто" асарини ёзганида кишилар унга: "Ҳадис китоблари кўп-ку! Кишиларнинг бунга нима эҳтиёжи бор?!", дейишган эди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ: "Аллоҳ учун бўлгани қолади!", деган эди.

Имом Моликнинг бутун борлиғи Аллоҳ учун эди. Дарҳақиқат "Муватто" қолди.

Дўстим! Аллоҳ таоло бандасининг холис Ўзи учун қилинадиган биттагина бўлсада яширин ибодатини севади. У амални ҳеч ким кўрмаса, мақтамаса, ҳеч ким эшитмаса, олқишламаса, уни бажарганда мақсад фақат Аллоҳнинг ризоси бўлса, Унинг ҳузурида ҳеч нарса зое бўлмаслигига ишонса банда...

Камералар тушура олмайдиган доимий садақанг бўлса, кечалари намоз ўқисанг-у, уни оиланг билмаса, дўконларга бориб бировларнинг қарзларини тўлаб келсанг-у, улар сени танишмаса, сен уларни танимасанг, етимларни қарамоғингга олсанг-у бу ишинг фақат қиёматда ошкор бўлса....

Дўстим! Имом Моликнинг "Аллоҳ учун бўлгани қолади" деган гапини ёдингга ол. Аллоҳга муҳаббат қилиб, динни ҳимоя қилиб ихлос билан ёзган икки қатор жумлангни Аллоҳ минглаб инсонларга тарқатади. Сўзларинг бутун ер юзи бўйлаб айланади. Сен эса уйингда ўтирган бўласан...

Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб ёзган китобингни Аллоҳ бир гуноҳкорнинг тавбасига сабаб қилса, бир маҳзун кишига ҳамдард қилса, бир адашганни тўғри йўлга солса бундан ортиқ бахт борми?! Вафот қилганингда китобларинг ортингда қолиб кишиларни иршод қилиб турса...

Савоб умидида битта дарахт эксанг, Аллоҳ уни тоғлар каби собит қилса, кишилар ундан сояланса, меваларидан ейишса бу не бахт! Бир пайтлар у кичкина ниҳолча эди. Бугун эса у Аллоҳ учун экканинг сабаб қиёматинг учун захира бўлмоқда...

Инсонлар учун Аллоҳ ризосини истаб сув чиқариб берсанг эҳтимол унинг мукофоти Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидан сув ичиш бўлар?! Аллоҳдан кўра вафодорроқ зот йўқ аслида...

Аллоҳ учун илм олсанг, бировга илм берсанг, Қуръон ёдласанг ва уни бошқаларга ёдлатсанг буларнинг ажрини фаришталар, албатта, саҳифангга ёзади, иншааллоҳ!

Аллоҳ учун бўлгани қолади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг "Риёзус солиҳин" китобини Лондон ва Парижда сотилади деб ўша даврда ким ўйлаган?! Аммо Аллоҳ таоло валлоҳу аълам имом Нававийнинг қалбига боқиб рози бўлган, шу сабаб унинг китобини яшатган...

Кишилар ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг "Мадорижус соликин" асарига бежизга ёпишиб олишмаган. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Кишилар бежиз ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг "Сойдул хотир" асарини ўқишмайди. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ доимо: "Эй Роббим! Мени ўлдирганингда махлуқотларингдан бирор киши мени танимасин", деган эди. Аллоҳ у зотнинг қалбида шуҳратга ҳавас йўқлигини билди. У зотни жумла жаҳонга машҳур қилди. Аллоҳ учун бўлгани қолади...

Дўстим! Аллоҳ учун бўлгани қолади!

САЛОМЛАР БЎЛСИН ҚАЛБИНГА!

Абдулқодир Полвонов

Мақолалар

Top