muslim.uz
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, аҳли қибла такфири жоиз эрмастур (Йигирма тўққизинчи мавзу)
ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ
ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур
хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА
НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Ҳар неким Тенгридин кетурса Расул,
Ҳар кишиким аларни қилса қабул,
Ул киши аҳли қибладур, билингиз,
Они кофир демакни бас қилингиз.
Гарчи кўб зулму кўб хато қилса,
Мубтадиъ бўлса, юз ҳаво қилса,
Ҳукм қилманг анинг шақоватиға,
Дўзахийлиғ битимангиз отиға.
Гар киши бўлса солиҳу обид,
Туну кун бўлса қойиму сожид,
Амрлар тарк қилмаса ҳаргиз,
Наҳйлар зоҳир этмаса ҳаргиз,
Ҳукм қилманг ани саъодатлиғ,
Демангиз ани жазм жаннатлиғ.
Магар ул ўнки, дўстдори Илоҳ,
Жаннатликларига бўлди гувоҳ.
Яна жамъени Ҳазрат олидин,
Бил мубашшар Набий мақолидин.
НАСРИЙ БАЁН
Аҳли қиблани куфрда айбламоқ
жоиз эрмаслиги ҳақида
Ҳазрати Расулуллоҳ (алайҳссалом) Аллоҳ таъолодан нимаики келтирган бўлсалар, ҳар кишики уларни қабул қилса (яъни, иймон келтирса), билингки, у киши аҳли қибладир, уни кофир дейишни бас қилинг.
ИЗОҲ. Демак, бу маънога кўра, эътиқоди бузуқ бўла туриб, қиблага қарайдиган ҳар қандай кимса аҳли қибла эмас, балки ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳдан келтирган ҳамма нарсани чин иймон билан қабул қилган, аҳли суннат вал-жамоат йўлида бўлган киши аҳли қибладир.
(Насрий баён.) Гарчи кўп зулму кўп хато қилса ҳам, бидъатчи – ҳаддан ошувчи бўлса, юз кибру ҳаво қилса ҳам, уни шақоватга – бадбахтликка (яъни куфрга) ҳукм қилманг, унинг номини дўзахий деб атаманг.
Агар бир киши солиҳ ва обид – яхши ва ибодатли бўлса, кечаю кундуз намозларда туриб, саждалар қилувчи бўлса, ҳаргиз Аллоҳнинг амрларини (намоз, рўза ва бошқа амалларни) тарк этмаса, ҳаргиз манъ этилган ишларни содир қилмаса, уни ҳам (охиратда) саъодатли деб ҳукм қилманг ва қатъий жаннатлик деб айтманг.
Фақатгина Аллоҳнинг ҳабиби – севикли бандаси (ва Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом) жаннатий деб гувоҳ бўлган (яъни, башорат берган) ўнта зот (ашараи мубашшара) қатъиян жаннатий деб айтилади (ва эътиқод қилинади).
Яна ул Ҳазрат (Пайғамбар алайҳиссалом)нинг хонадонларидан иборат жамоатни ҳам ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари билан жаннатий дея башорат берилган, деб билгин.
ИЗОҲ. Ашараи мубашшара, яъни жаннатий деб башорат қилинган ўнта зот қуйидагилардир: 1. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ. 2. Ҳазрати Умар-ул-Форуқ. 3. Ҳазрати Усмон Зиннурайн. 4. Ҳазрати Алиййул-Муртазо. 5. Ҳазрати Талҳа. 6. Ҳазрати Зубайр ибн Аввом. 7. Ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос. 8. Ҳазрати Саъид ибн Зайд. 9. Ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф. 10. Ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳум).
Аҳли байтларидан жаннатий бўладиган жамоат эса қуйидаги зотлардир: ҳазрати Ҳадича онамиз, ҳазрати Оиша онамиз, ҳазрати Фотима, ҳазрати Ҳасан, ҳазрати Ҳусайн, жаноб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бошқа жуфти ҳалолллари (розияллоҳу анҳунна).
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Наманганда меҳр саховат тадбирлари давом этмоқда
Саховат ва мурувватга йўғрилган тадбирлар халқимиз, юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаб, эртанги кунга ишончини оширмоқда.
Саховат тадбирлари Наманган шаҳридаги 70 нафар ўғил-қизлар тарбияланадиган 26-сонли Меҳрибонлик уйида ўтказилди. Муассасага “Вақф” хайрия жамоат фондининг телевизор, маиший техника воситаларидан иборат совғалари топширилиб, эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Ш.Абдуразақов ва сектор раҳбари иштирок этдилар.
Ҳудди шундай тадбирлар Наманган шаҳридаги “Саховат” уйи ҳамда 300 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қиладиган Поп туманидаги “Мурувват” эркаклар уйида ҳам ўтказилди. Ушбу масканларга ҳам фонднинг совғалари топширилиб, эҳсон дастурхонлари солинди.
Айтиш мумкинки, бугун юртимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенг. Уларнинг самараси туфайли оддий одамларнинг ҳаётдан розилик даражаси ортиб бормоқда. Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, меҳр-мурувват, аҳиллик ва меҳнат – буюк мақсадларга етишнинг ягона, бирдан-бир йўлидир.
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Видеолавҳа: Хайру саховат сабаб қалблар қувонмоқда
Бир савол сўрасам: Гуноҳлар денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилишига сабаб бўладиган амални биласиз-ми?
— “Зуҳо” сўзининг маъноси нима? Эшитишимча, Бамдод намозидан кейин Зуҳо намози ўқилар экан. Бу намоз нима учун ўқилади?
— “Зуҳо” сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан” (“Зуҳо” сураси, 1-оят).
Қуёш чиққандан тахминан ўн беш дақиқа ўтгач, ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.
Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат Зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат Зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Албатта, жаннатда бир эшик бор. У “Зуҳо” деб номланади. Қиёмат куни бўлганда, бир жарчи нидо қилиб: “Зуҳо намозини доим ўқувчилар қани? Бу сизларнинг эшигингиздир. Унга Аллоҳнинг раҳмати ила киринглар”, дейди” (Имом Табароний ривояти)
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Тошкент вилоятида «Вақф» хайрия жамоат фонди филиали томонидан хайрия тадбирлари ўтказилди
Илгарироқ “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 25 – 30 декабрь кунлари хайрия тадбирлари ўтказилиши режалаштирилганлиги ҳақида хабар бергандик. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш, қалбларга илиқлик улашишдан иборатдир.
Бугун Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 14-сонли ҳамда Чирчиқ шаҳридаги 15-сонли Меҳрибонлик уйларида ана шундай хайрия тадбирларининг дастлабкиси бўлиб ўтди. Унда 250 дан ортиқ тарбияланувчилар учун карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда дастурхон тузалди ва қўй сўйилиб, ош улашилди. Шунингдек, болажонлар учун жами 6 та телевизор ҳадя қилинди. Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов, Бўка тумани бош имом-хатиби Бахриддин домла Шарипов, Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Алижон домла Абраев иштирок этиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу хайрия тадбирлари 30 декабрга қадар давом этади.