muslim.uz
МДҲ имомлари учун “Imams’ tour” ташкил этилади
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Касимов ва Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Тадбирда, шунингдек, зиёрат туризми соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, Академия олимлари ҳамда Қўмита вакиллари иштирок этишди. “2018-2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими - 170 фоизга, Малайзиядан - 158 фоизга, Туркиядан – 154 фоизга, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошди.
Шуниси диққатга сазоворки, “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Глобал Муслим Травел Индех) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олди. Шу билан бирга, мамлакатимиз “Ҳалал Травел Фронтиер 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди”, - деди Азиз Абдуҳакимов. Шу ўринда Рустам Касимов юртимиз тарихи, унинг табиати ва буюк алломалари меросидан баҳраманд бўлишни истаб бутун жаҳон мамлакатларидан саёҳатга отланувчилар кўпчиликни ташкил этишини, бу эса Ўзбекистоннинг жаҳонда ўз имижи ва мавқеини ҳам белгилаб берадиган омиллардан эканини таъкидлади. “Зиёрат туризмини ривожлантиришда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қилиши шубҳасиз”, - дея қўшимча қилди Рустам Касимов.
Тадбир доирасида Академия томонидан соҳада мавжуд имкониятлардан зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш, Академия бинолари, конференсия заллари ва талабалар турар жойларидан хорижий талаба ва тадқиқотчилар учун “Академик туризм” ва МДҲ давлатлари имомлари учун “Imams’ tour” маърифий турларни ташкил этишда самарали фойдаланиш, туризм йўналишида ташриф буюрган хорижий тадқиқотчилар учун Академиянинг ресурс маркази ва кутубхонасидан фойдаланиш имконини яратиш, Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайхонтоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларида сайёҳларни кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш каби таклифлар билдирилди.
Азиз Абдуҳакимов, ўз ўрнида, “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очиш ва унда мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш қилиб, тарғибот кампаниясини кучайтиришни, шунингдек инновацион музей ҳамда Зиёрат туризми маркази ташкил қилишни таклиф этди. Тадбир якунига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
azon.uz
Муфтий ҳазрат “Махдуми Аъзам” қадамжосини зиёрат қилдилар
Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Оқдарё туманида жойлашган “Махдуми Аъзам” қадамжосини зиёрат қилдилар. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов сафарда ҳамроҳлик қилмоқда. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг, бу қадамжода жонлиқ сўйилиб, гўштлари ёрдамга муҳтож кишиларга тарқатилди.
Халқимиз синовларни мардона енгиб ўтилаётган ҳозирги кунларда мамлакатимизда ёрдамга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган хайру-саховат тадбирлари инсонийликнинг юксак ифодасини намоён этмоқда.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилаётган диёримиз ҳудудларидаги ана шундай хайру саховат ишлари олийжаноб мақсадларни амалга ошишига замин бўлиб, машаққатли кунларни енгиб ўтишда катта далда бўлмоқда.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Видеолавҳа: Наманганда хайру саховат тадбирлари
Аллоҳ бузғунчиликни севмас
Ислом – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қиладиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Бироқ турли экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, ўз манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.
Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда бузғунчи тоифалардан огоҳлагнтириб шундай марҳамат қилади:
«Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» - дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», - дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара, 11-12).
«Биз ислоҳотчилармиз» дея иддао қилаётган бундай оқимлар ўзларининг қарашлари ва амалиётига қўшилмаганларни «адашганлар»га чиқармоқда. Бундай ёндашув ва талқинлар замарида жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солиш ва ички парокандаликни келтириб чиқариш мақсади мавжудлигини англаш қийин эмас, балки уларнинг асл мақсади ҳам айнан шудир! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 60 оятида: «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!», деган хитобига эътибор қаратадиган бўлсак, Имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида: «Аллоҳ тартиб ўрнатилгандан кейинги ҳар қандай бузғунчи ва вайронакорликни унинг катта ё кичиклигидан қатъи назар, ҳаром қилди», деб, таъкидлаб келтирадилар.
Экстремистик оқимлар ўзларининг манфур ниятлари ва амалиётларини оқлаш мақсадида муқаддас ислом номи билан турли «фатволар» бериб келмоқда. Масалан, улар бунинг учун мутлақо асоси бўлмаган воқеани ўзларига далил қилиб олишган. Унга кўра, гўёки, Тоифга қоронғуда ҳужум қилинган, оқибатда аёллар ва ёш болалар ҳам ҳалок бўлган, саҳобалар бунинг ҳукмини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўраганларида «Сизларнинг мақсадингиз мушриклар эди, қоронғуда ажратиш мураккаб бўлгани боис улар ҳам мушриклардандир» деган сохта ҳадисни асос қилиб, жамоат транспорт воситалари (автобус, поезд ва самолёт)ни олиб қочиш ва бегуноҳ одамларни гаровга олиш мумкинлигини уқтиришмоқда. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Дарҳақиқат, сиздан олдингиларни ўзаро қон тўкишга ва тақиқланган ишларни мумкин деб олишларига уларнинг динда чуқур кетишлари сабаб бўлди», дейдилар.
Афсуски, динда чуқур кетиш оқибати ислом уламоларининг кўрсатмаларини инкор қилишдан тап тортмайдиган, диний бирлик, ақидавий якдиллика очиқдан-очиқ таҳдид туғдирувчи, ўзаро низоларга кўмилиб кетган гуруҳларнинг пайдо бўлишига ғоявий замин яратмоқда. Аллоҳ бузғунчиликни севмаслигини, бундай ҳаракатлар ислом дини таълимотига мутлақо зид эканини Қуръони каримнинг «...Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай» (Юнус, 81), оятидан ҳам кўришимиз мумкин.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (хорижийлар ҳақида огоҳлантириб): «Улар Қуръонни ўқиганда ўзларининг фойдасига деб ўйлайдилар, аслида эса у уларнинг зарарига юради», - дедилар».
Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Кимки раҳмли бўлмаса, у раҳм қилинишдан маҳрумдир».
Бузғунчилик ишларини дин номидан амалга ошириб, ўзларининг мудҳиш қилмишлари ва жиноятлари билан ном қозонган хорижийларнинг «Ҳукм фақат Аллоҳникидир», деган даъволарига қарши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ҳақ сўз билан ботил ирода қилинибди», деганлари эса, бугунги кундаги бузғунчи тоифаларнинг қилмишларига ва унинг асоси ҳамда оқибатларига ҳам кучли раддиядир.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Мўмин яхши ишлар қилса ҳам, Аллоҳдан қўрқиб туради, мунофиқ эса ёмон иш қилиб туриб, хотиржам юради», деганлари ҳам мўмин-мусулмонларга, инсониятга бесабаб зарар ва зулм қилиш кишининг ким экани ҳақида хулоса беради.
Имом Ғаззолий ҳазратлари эса: «мутаассиблар диндан фойдаланган ҳолда кишиларга ҳужум қиладиган катта йўлдаги қароқчилардир», деб таъкидлайдилар.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, бугунги кунда ҳам ҳар бир шахс таассубдан узоқ бўлиши, бузғунчилик ва вайронкор ғоялардан огоҳ бўлиши, Ислом дини ақидаларини яхши билиши, уларга амал қилиши ва улар асосида маънавий ҳимояланиши ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Акмалхон Аҳмедов
Муфтий ҳазрат меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига қувонч улашдилар
Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари юртимизда кенг кўламда амалга оширилаётган хайру саховат тадбирларида иштирок этиш учун Самарқанд вилоятига ташриф қилдилар. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов сафарда ҳамроҳлик қилмоқда.
Тарихдан маълумки, дунёда ҳеч бир халқ ёки миллат ҳаёт синовларидан, тақдирнинг кутилмаган зарбаларидан холи эмас. Нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам нисбатан серталофат кечаётган пандемия шароитида халқимиз кўплаб оғир синовларни бошидан ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу хасталикнинг оқибатларини бартараф этиш ва уларнинг таъсирини юмшатишга қаратилган ташаббусларнинг ўз вақтида илгари сурилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Зотан, синовли дамлар давлат ва халқни энг олий мақсадлар йўлида янада жипслаштирди. Ҳар бир фуқаро давлатимиз ҳимоясида эканини яна бир бор намоён бўлди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган хайру саховат тадбирлари Самарқанд вилоятида ҳам жадал давом этмоқда. Айниқса, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотганларга ва етимларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани барчанинг кўнглини тоғдек кўтармоқда.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд шаҳрида жойлашган 1-сонли меҳрибонлик уйида болалар холидан хабар олиб, уларнинг кўнггилларини кўтардилар. Шунингдек, ушбу ижтимоий муассасага хўжалик жиҳозлари етказилиб, ош дастурхонлари ёзилди.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати