muslim.uz

muslim.uz

Бутун дунёда коронавирус касаллиги кенг тарқалган ҳозирги оғир пайтда юртимиз аҳолисининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этилди. Ушбу умумхалқ ҳаракатининг муборак Рамазон ойи кунларидаги эзгу амаллар билан уйғунлаштирилишида ҳам чуқур маъно бор.
Юртбошимиз қутлуғ ой арафасида ўтказган видеоселектор йиғилишида бундай хайрли ишларда кенг жамоатчилик вакиллари қаторида муҳтарам уламоларимизни ҳам алоҳида эсга олдилар. Ана шундай эътироф ва халқимиз ишончидан руҳланган дин пешволари савобли ишларни янада кўпайтирмоқдалар.
Куни кеча Тошкент туманидаги “Абдуллоҳ ибн Аббос” масжиди имом-хатиби Ғуломиддин домла Эргашов ташаббуси билан ҳомийларни жалб килган ҳолда, Кўксарой ҳудудидаги 75 та муҳтож оилага жами 100 миллион сўмга яқин 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.

Дарҳақиқат, файзу барака айёми бўлган Рамазон ойида халқимиз меҳр-оқибат, хайру саховат ишларига янада кўпроқ эътибор беради. Айниқса, кўнгли синиқ, бироз иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатилса, у Ҳақ таолога чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада унинг дуоси сабабли ўйлаган мақсадларимизга етамиз, мушкулларимиз арийди.
Демак, биз шариф ойнинг ҳар бир куни, соати, дақиқасини ғанимат билсак, эзгулик, хайр-саховат, юрт ободлиги ва Ватан тараққиёти йўлига сарф этсак, жуда катта ажру савобларга эга бўламиз, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Манба: https://kun.uz

Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар рўза тутиш билан бирга, моли маълум даражага етган бўлса, исломнинг 3-рукни – закот амалини ҳам бажарадилар. Закот мавзусида тушунтиришлар, изоҳлар олиш учун биз Тошкент шаҳар Новза жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқуловга мурожаат қилдик.

Закот нима ва у нима учун фарз қилинган?

Рамазон ойи кириб келиши билан закот масаласи ҳам қимирлаб қолади. Рамазон – закот ойи деган тушунча бор. Закот динимизнинг беш асосий рукнининг учинчиси ҳисобланади; Қуръонда, Ҳадиси шарифда ва уламоларнинг ижмоси билан собит бўлган. Аллоҳ Қуръоннинг 27 ўрнида закотни намозга баробар зикр қилган. «Намоз ўқинг, намозни адо қилинг ва закотни беринг». Бундан кўринадики, намоз ибодати мусулмон одамнинг ҳаётида қанчалик муҳим бўлса, закот амали ҳам ундан кам бўлмаган аҳамиятдаги амал ҳисобланади.

«Закот» сўзи луғатда 2 хил маънони билдиради: поклаш ва ўсиш. Мана шу калималарни закотга нисбатан ишлатадиган бўлсак, ўринли маъно келиб чиқаверади, яъни агар биринчи маънони қўллайдиган бўлсак, демак закотда қандай покланиш бор дейилса, закот берган одамнинг моли покланади. Ҳаромдан, шубҳадан ёки бировнинг ҳақидан холи бўлди, дегани.

Иккинчиси, ўсиш маъноси эса, албатта, закот берган одамнинг молига Аллоҳ барака беради, ўстиради. Бу – Аллоҳ таолонинг ваъдаси, шариатнинг кўрсатмаси.

Унинг жорий бўлиш сабабига келсак, Аллоҳ дунёни ҳикмат билан, имтиҳон учун яратган. Инсонларга баъзан бериб, баъзан олиб синайди. Аслида, олиб синалганда ҳам инсонлар олинганини билдиришлиги одоб эмас, чунки инсон ўзидаги бор имкониятини, қувватини Аллоҳ таоло ўзида мужассам қилган неъматини ҳам ҳис қила билиши керак. Одоб ҳар бир ҳақдан устун туради. Халқимиз илмдан кўра одоб устун туради, дейди. Шунинг учун Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен одоб-ахлоқни мукаммал этишлик учунгина Пайғамбар қилиб юборилдим», - дея марҳамат қилганлар.

Тўғри, камбағаллигини билдириши ёки йўқлигини билдириши унинг ҳаққидир, лекин одоб юзасидан ҳаммага ҳам билдирмай, махфийроқ тутиши албатта ўринли бўлади. Энди, мана шу эҳтиёжманд инсонларнинг ҳақига риоя қилиш – закотдаги асосий кўзланган ҳикматдир.

Закот билан узвий боғлиқ нисоб тушунчаси нимани англатади?

Закот турли моллардан берилади. Масалан, чорва молларидан ёки умумий ҳисобланган мулк ҳисобидан берилади. Мулк ҳисобланган молларнинг нисоби бор, чорва ҳайвонлариники ҳам.

Нисоб – ўлчов, охирги чегара деганидир. Агар мана шу чегарадан инсонни моли-давлати ўтса, албатта, ўша одам бой ҳисобланади ва маълум бир шарти бор.

Закотнинг иккинчи шарти – ўша маблағ ўша одамнинг қўлида бир йил тўлиқ турган бўлиши керак. Умумий қоида билан тушунтирадиган бўлсак, 85 грамм тилла. Дунё бўйича мана шу нисоб қабул қилинади.

85 грамм тилла ўртача 21 млн. 250 минг сўмни ташкил қилади. Кимда шу пул бўлса, у ўша одамнинг қўлида бир йил турган бўлса (ёстиғи тагида эмас, қарз берган бўлиши мумкин, мулк сифатида турган бўлиши ёки айлантирган бўлиши мумкин) келаси йили унинг шу пули нисобга етган бўлади ва мана шу маблағдан 2,5 фоиз, яъни 1/40 қисмини ажратиши фарздир.

Ким закот беради ёки бой деб кимни айтади, десак, моли нисобига етган инсон бой ҳисобланади, унинг закот бериши фарздир. Агар у 85 гр тиллага тенг ва ундан кўп маблағнинг эгаси бўлса, ўша кунни ҳаёт дафтарига белгилаб қўйиб, шу кунни 1 йил кутади, чунки ҳаётида биринчи марта шу маблағга эга бўляпти ва келаси йили шу кунни очиб қараса, унинг нисобида 85 гр.га тенг миқдордаги маблағдан кўпроқ пул бўлса, у одам ҳақиқий пул эгаси бўлади ва бор бойлигининг 1/40 дан қисмини закотга ажратиши фарз бўлади.

Закотни Рамазон ойида бериш шартми?

Айнан Рамазон ойида закот бериш керакми, деган саволлар туғилади. Рамазон ойида берилади, деган қоида йўқ, чунки киши йилнинг турли ойларида пулдор бўлиши мумкин. Рамазон ойида қилинадиган амалларнинг савоби бошқа ойларга нисбатан фазилатлироқ. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким Рамазон ойида бир фарз амални адо қилса, бошқа ойдаги 70та фарз савобини топади ёки ким Рамазон ойида бир нафл ибодатни қилса, бошқа ойдаги битта фарз савобини олади».

Рамазон ойида закот беришдан мақсад – ўша савобни кўпайтириш, холос. Лекин ўша одамнинг моли нисобига етган пайтда закот берса, гарданидаги ҳақини адо этган бўлади.

Савобдан умидвор бўлган одам Рамазон ойида қўлидаги маблағига бир йил тўлмаган бўлса-да, унинг 1/40 қисмини ажратиб берса ва келаси йили ҳам мана шу Рамазон ойига тўғирлаб олса бўлади. Чунки орада 8 ойлик ҳақини адо этган бўляпти. Демак, у мусулмоннинг, ҳақдорнинг ҳақини емаяпти ва Рамазоннинг савобидан умидворлик қилиб, фазилат қилган бўлади.

Закотни олишга ҳақдорлар кимлар?

Қуръони каримнинг Тавба сураси 60-ояти кимлар закот олади, деган саволга ойдинлик киритади. Аллоҳ шу одамларнинг манзили ва тоифаларини эълон қилган. 8 тоифа инсонлар баён қилинган. Фақат 2 тоифаси бугунги ҳаётда топилмагани учун улар чиқариб қўйилган. Биринчиси – қул озод қилиш, кейингиси – қалбларни исломга мойил қилиш. Қолган 6 тоифа инсонларнинг қайси бирига берсак ҳам ўрнига ўтаверади.

Фақир, мискин, закот омиллари, қарздорлар, фийсабиллоҳ юрган кабилар киради.

Қайси бири афзал, десак, қайси бири пулга муҳтожроқ бўлса, ўшаниси афзал.

Закотни яқинларга берса бўладими?

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълими бўйича, авваламбор, ўз яқинларимиздан қидирамиз. Закот хотини, ўғил-қизи, ота-онаси ва юқоридан масалан бобо-момоси, пастдан невара-эваралари кабиларга берилмайди. Қолган қариндошларнинг ҳаммасига берса бўлади. Хола, сингил, тоғаси, аммасига берса бўлади, чунки улар қариндош бўлса-да, лекин асл эмас, улар закот беришда фара, яъни қўшимча инсонлар туркумига киради. Шунинг учун уларга бериш ўринли. 6 тоифа инсонларни ўша қариндошлар орасидан қидириш лозим.

Ҳанафий мазҳабимиз айтади: агар ўшандай қариндошлар орасида 6 тоифадан бири бўлса-ю, унга берса 2та ажрга: закот берганлик ва сийлаи раҳм, яъни қариндош-уруғлик риштасини боғлаганлик ажрига эга бўлади.

Лекин кенг мутааххир уламолар бу масалада ҳам фикрларини баён қилган. Улар бегоналарга бериш ҳам афзал, деган фикрни илгари суришади. Нега? Динимиз қариндошлар ҳақини қарз эвазига бериладиган закот билан эмас, фазилат нуқтаи назаридан ҳам берса бўлади-ку, бу одам бир йил нисоби етиши ёки Рамазонни кутиб ўтирмасдан ҳар қариндошини кўришга борса бўлмайдими, деган сўзларни ҳам баён қилади.

Закотни ўз қўли билан олиб боргани афзал

Энг муҳими – беришликда. Одамларни топишда бепарво бўлмайлик. Динимизда закот берувчига нисбатан бу айтилаётган манзилларни топиш, уларга олиб беришнинг ўзига фарз қилингани сабаби қалби уларга мойил бўлади.

Ҳақиқатан ҳам ўзимиз тасаввур қилайлик: бой одам камбағал одам аҳволини кўриб қалби юмшайди. Йил бўйи шундай муҳтож яшаган экан, деб ўшаларга нисбатан қалби очилади, меҳр-шафқат зиёда бўлади. Шунинг учун бой одам ўз қўли билан олиб бориб бергани афзал.

Бир нечта уй, автомобил ёки дўконлар закоти қандай ҳисобланади?

Бунинг жавоби 15 аср олдин баён қилиниб, ҳожати аслиядан ташқари молдан, деб белгилаб қўйилган. Ҳанафий мазҳабида ҳожати аслияга бир инсоннинг эҳтиёжига кифоя қиладиган нарса, масалан, кийим-бош, озиқ-овқатнинг маълум бир қисми, уй-жой ва албатта улов, зийнат кабилар киради. Мана шулардан бошқа мулклар инсоннинг мулки ҳисобланади ва ундан закот ажратилади.

Энди, айтилаётган уй-жойи ҳам бир нечта бўлса ёки транспорт воситалари ҳам кўп бўлса, унда қайси бири ҳожати аслия, деган саволга уламоларимиз фатво беради. Агар шу битта уйи бор, қолганини ижарага берган ёки бермаган бўлади, яъни ижарага берган уйнинг ҳукми алоҳида, ижарага бермаганнинг ҳукми алоҳида.

Ижарага бермаганнинг ҳукми шуки, агар бирор қора куним бўлса, пулини ўшанда ишлатаман деган бўлса, уйнинг таннархини чиқариб, закотини беради. Аммо ўғлимга деб олиб қўйган бўлса закот ажратмайди. Гўё фарзандининг мулки сифатида олиб қўйган, лекин берса афзал бўлади. Чунки закоти берилган мулкни Аллоҳ ҳимоя қилишнинг ваъдасини берган. Айтайлик, уй-жойини ижарага берган. Ижарага берган мулкдан фақат ижара пулидан закот берилади, таннархидан эмас.

Ҳозирги кунда, айрим бой-бадавлат инсонларнинг бир нечта транспорт воситалари ҳам бор. Уларнинг барчаси бир неча хил сифатланадиган бўлса, сифатлангани учун берилмайди. Масалан, битта автомобиль рўзғор учун, биттаси ишга бориб келиш учун, деб сифатланса, ўша мулкдан закот берилмайди. Аммо олиб қўйган, уйида тургани бўлса, закот пулига қўшиб ҳисоблайди ва ундан закот беради.

Закотини берган одам уйида бемалол хотиржам ухлаш имконияти бор, чунки Аллоҳ уни ўз ҳимоясига олади. Закот берилган мулк на ўғри қўлига тушади, на ёнади, на сувда чўкади, чунки Аллоҳ уни кейинги йилгача бўлган муҳофазасини зиммасига олади.

Закотни адо этган ва этмаган кишиларга эслатмалар

Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилган мўминларга Аллоҳ жаннатни ваъда қилади. Закот берганга ҳам Аллоҳ ажри бор. Бунга бепарво бўлган инсонларга эса, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам закотини бермаган маблағида ёки моли-давлати ўзига азоб бўлишини баён қилган.

Бу – динимизнинг аркони, асоси бўлган амалдир. Бунга бепарво бўлиш керак эмас.

 

Раҳматли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу сўзни кўп айтардилар: «Одамларнинг табиати шунга мойилроқ. Имкон қадар бермаслик кўчасини қидираверади. Масалан, 99та домлага боради. Ҳаммаси берасан деса, юзинчисиниям қидириб кўради. Бермайсан, деган фатвони топиб берармикин, деган мақсади бўлади. Ўшандай кўчага кирмаслик керак. Ахир, Аллоҳ ўзим кўпайтириб бераман, яна бир йил молингнинг ҳимоячиси бўламан, деяпти. Қандай гўзал ҳолат. Агар бирор одам келиб бизга молингни сақлаб бераман деса ишонамиз-ку. Қандай қилиб Аллоҳнинг буюк ваъдасига ишонмаймиз?! Бу ваъдани тушунган боболаримиз, Хўжа Аҳрор валийдек буюкларимиз Аллоҳга қарзи ҳасана бериб чарчаган».

Қарзи бор шаҳид жаннатга кирмайди

Пулдорларимизни бироз хўрсинтирадиган масала бу. Аслида, шариатимизда қарз масаласи жуда нозик. Қарз бериш ибодати садақа беришдан 18 баравар афзаллиги бор. Қолаверса, инсоннинг эҳтиёжини қондириш савоби ҳам бор. Шунинг учун уламоларимиз қарз беришга тўлиқ риоя қилган.

Аммо охирги пайтда қарз олувчилар бировнинг ҳақи деган масалада бепарво бўляпти.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда: «Агар одам шаҳид бўлиб ўлса, бировнинг ҳақи, яъни қарзи бўлса, жаннатга кирмайди», – деганлар.

Тасаввур қилинг: шаҳид бўлиб ўлиш энг олий мақом. Ватанни ҳимоя қилиб шаҳид бўляпти, у жаннатга киради, деган гап йўқ экан. Унинг бўйнида бир банданинг ҳақи бор. Аввал бу арқон бўйнидан ечилиши керак, кейин жаннатга киради.

Яна бир ҳадисда Расулимиз алайҳиссалом айтдилар: «Ким бўйнида қарзи билан вафот этса, кишанланган ҳолатда ётади».

Шунинг учун қарздор бўлиш ҳавас эмас. Ҳатто баъзи уламолар банданинг қарзи бўлса, Аллоҳ унинг амалларини қабул қилмай туради, деган сўзлар ҳам бор.

Қарз олган одамларга эслатма: бориб ё муҳлат сўрасин, ёки одобига риоя қилиб кечиктириб беришини сўрасин. Чунки Расулимиз: «Қарз олаётган одам Аллоҳни ўртага қўйиб адо қиламан, деб олса, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади ва у тез кунда қарзини адо қилгувчи бўлади. Лекин агар топар ойида олади, деган ниятда бўлса, Аллоҳ ўша одамни ойини тополмайдиган қилиб қўяди ва умр бўйи шу қарзи билан ўтиб кетади. Лекин қиёматда ўзига азоб бўлади», – деганлар.

Шунинг учун ниятни тўғрилаш керак. Майли, ният тўғриланди, аммо мўлжалига тўғри келмай қолди. Бу бўлиши мумкин. Энди нима бўлади? Энди ҳалиги одам ўзига қарз берган одамнинг олдига белгиланган муддати келишидан бир ой олдин бориб: «Қарзимни бериш муддати келиб қолди, лекин ишим ўхшамай қолди. Яна ярим йил ёки бир йил муҳлат беринг», дейиши жоиз.

Агар қарздор муҳлат сўраса, қарз берувчи қўшимча муҳлат қўшса, ажри иккига кўпаяди. Агар қарз берувчи қарзнинг ярмини ёки учдан бирини кечса, Аллоҳ ҳисоб-қитоб қилинадиган кунда унинг ҳам гуноҳларидан кечади.

Афсуски, мана шу қарз бериш ибодати – мусулмонлар орасида адоватга айланиб қолди. Қарз олмоқчи бўлган киши қарзни олгунча сувга тушган мушукка айланиб, ундан кейин шерга айланади. Қочиб кетяпманми, бирон кун бераман дейди. Қарз берувчи эса энди ҳеч қачон қарз бермайман, дейди. Бу – гуноҳ.

Қарздан закот чиқариладими?

Мулки нисобига етгандан кейин закот тарқатаётганда қарздор берадиган пул ҳам унинг ҳисобига киради ва шуни ҳам ҳисоблаб закотини беради. Қарзни бериш нияти бўлмаганларнинг пули ҳисобга кирмайди. Лекин қарздаги пул миқдори жуда катта бўлса, нисобидаги пул ҳам етмай қоладиган бўлса, қарздор бераман деган йилларини қарз дафтарига ёзиб туради. Ўша пул қайтиб келган куни аввал шу қарзлар закотини чиқариб беради.

Бу масалага тўғри ёндашсак, ибодат ҳаловатга айланади.

Имтиҳон инсонни ё азиз қилади, ё хор қилади. Шунақа имтиҳон дунёда яшаяпмиз. Бугун пулдормизми ёки олувчи – фарқи йўқ. Имтиҳон деворида турибмиз. Ё азиз, ё хор бўламиз.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди

Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов

 

 Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин” дедилар (Бақара, 185). 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундур ва унинг мукофотини Мен –Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони унинг измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Раббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар). 

Бошқа бир ривоятда: ”Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди” дейилган. 

Имон келтирган инсон комил мўмин бўлиш учун бутун умри асносида Аллоҳ таоло буюрган ва Унга маъқул бўладиган хайрли амалларни кўплаб бажариб, Аллоҳнинг ризолигини топишни ва бу билан намои аъмолларига ажру савобларни орттириб ёзилиши ҳаракатида бўлади. Аллоҳнинг Ўзи яратган бандаларига марҳамати жуда кенг эканлигини ва бир қилган солиҳ амалимизга баъзи ҳолларда ўн ёки етти юз баробаригача ёки ундан ҳам зиёд (Валлоҳи аълам) мукофот бериш ваъдаси борлигини ҳам юқорида келтирилган биргина ҳадиси шарифдан кўриб турибмиз. Ана шундай намои аъмолларимизга ажру савобларни  ёзилиши ҳаракатида бўладиган бу муборак улуғ ой ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойидир. Бу улуғ ой ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хутба қилганлар. 

Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: 

“Шаъбон ойининг охирги кунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бир хутба ўқидилар. 

Эй инсонлар! Улуғ ва баракотли ойнинг сояси устингизга тушди. Бу ойда минг ойдан-да хайрлироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг кундузларида рўза тутишингизни фарз ва кечалари туриб, намоз ўқишингизни суннат қилган. Бу ойда ким заррача яхшилик қилса, бошқа ойларда бир фарз амал қилгандек савоб олади. Ва ким бу ойда бир фарз адо этса, бошқа ойларда етмиш фарз амал бажаргандек бўлади. Бу ой сабр ва қийинчиликларга чидаш ойидир. Сабрнинг эвази эса жаннатдир. Бу ой фақир ва йўқсилларга ёрдам ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда бир кишининг бир рўзадорни ифтор қилдириши гуноҳларнинг кечирилишига ва жаҳаннам оловидан қутилишига васила бўлади. Бундан ташқари унга рўзадорнинг савобидан камайтирилмасдан унинг савобичалик савоб ёзилади, дедилар. 

Саҳобалар: 

 – Ё Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифтор беришга кучимиз етмайди-ку, дейишди. 

Аллоҳнинг Расули: 

Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир хурмо ёки сув қўшилган бир қултум сут билан ифтор эттирганга ҳам беради. Бу ойнинг боши раҳмат, ўртаси мағфират ва охири оловдан қутулишдир. Ким бу ойда хизматкор жорияларига кам иш буюрса, гуноҳлари кечирилади ва (жаҳаннам) оловидан қутулади. Бу ойда қўлингиздан келганча шу тўрт нарсани қилинглар. Бу тўрт нарсадан иккитаси билан Раббингизни хушнуд қиласиз. Иккитасига эса ўзингиз муҳтожсиз. Раббингизни хушнуд қиладиган икки нарса “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ” деб шаҳодат келтиришингиз ва истиғфор айтишингиздир. Сизлар муҳтож бўлган икки нарса Аллоҳдан жаннатни сўрашингиз ва жаҳаннам оловидан паноҳ тилашингиздир. Ким бир рўзадорнинг чанқоғини қондирса, Аллоҳ таоло ўша одамга Менинг ҳовузимдан сув ичириб, жаннатга киргунича чанқатмайди”,дедилар (Мунзирий; Ибн Ҳузайма, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, “Ат-Тарғиб”, 2-жилд, 218-бет). 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”. Демак, ихлос ва имон билан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутишимиз, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига сабаб бўлади. Ҳар биримиз  бу раҳматга, баракотга тўла бўлган ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойини ғанимат билайлик. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизнинг қилаётган барча тоат- ибодатларимизни ўз даргоҳида қабул қилсин. Омийн. 

 

Яқуб ЖУМАМУРАТОВ тайёрлади.

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки айни дамда юртимизда рамазон шукуҳи кезмоқда. Ҳар йили ушбу муборак ой келиши билан халқимиз орасида, кўпчилик қандай тоифадаги беморларга рўза тутиш мумкин эмас, рўза саломатликка салбий таъсир кўрсатмайдими, рўзанинг соғликка фойдалари хусусида саволлар пайдо бўлади.

Мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида олий тоифали шифокор, гастроэнтеролог, онколог Баҳодир Ҳамроқуловга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

Савол: Рўзанинг инсон саломатлигига фойдали жиҳатлари ҳақида айтиб ўтсангиз.

Жавоб: 2016 йилги тиббиёт ва физиология сохаси бўйича Нобел мукофоти совриндори Токио технологик университетининг хужайра биолологияси бўйича мутахассиси бўлган Ёсинори Осуми, вақтинчалик очлик яъни рўзанинг касалликларга даво бўлишини ва танани ёшартиришини исботлади. Олим ушбу мукофотга аутофагия механизмларини кашф қилгани учун эга бўлди. Аутофагия – юнон тилидан “ўзини ўзи истеъмол қилиш” деган маънони билдириб, ҳужайранинг кераксиз қисмлари, унда йиғилиб қолган чиқинди ва ахлатларни қайта ишлаш ва фойдаланиш қобилиятидир.    

Аутофагия барча жонли мавжудотларда мавжуд. Бу хужайраларнинг чиқиндиларни ва токсинларни тозалаш шунингдек кераксиз хужайраларни йўқ қилиш орқали бутун танани тозалаш қобилиятидир. Бу билан организм нафақат тозаланади, балки танани эрта қаришдан химоя қилади ва уни ёшартиради. Аутофагия  организм стресс холатида фаоллашади, айниқса очлик даврида хужайра ташқаридан емиш келмагандан сўнг ички манбалар: ортиқча ёғ, чиқиндилар, шунингдек патоген бактериялар хисобидан энергия ишлаб чиқаришни бошлайди.

Рўза пайтида организмнинг курашиш қобилияти – иммунитет тизими ҳам кучаяди, бу янги хужайралар пайдо бўлиши билан белгиланади. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди, танамизда тўпланиб қолган захарли моддалардан тозаланишга ёрдам беради. Турли сурункали касалликлар: қанд касаллиги, қон босими, юрак, қон – томир, ўпка, бўғим ва бошқа кўп касалликлар даволаниши енгиллашади. Шундай қилиб япон олими рўза тутиш фойдалилигини исботлади.

Савол: Ошқозон, ичак ва ўт пуфагида муаммоси бор одамлар рўза тутса бўладими? (тутса бўладиган ва тутса бўлмайдиган тоифалари)

Жавоб: Ошқозон шиллиқ қавати яллиғланиши – гастрит, 12 бармоқли ичак шиллиқ қавати яллиғланиши ва яра касаллиги, ўт пуфаги яллиғланиш касаллиги – холецистит хуружи даврида рўза тутиш шифокорлар томонидан тавсия этилмайди. Бу касалликлар тўла тўкис даволанилгандан кейин шифокор маслахати билан рўза тутиш тавсия қилинади. Шу сабабли рўзадан 1-2 ой олдин профилактик давони ўташ рўзани қийинчиликсиз тутишга омил бўлади. Ўт пуфагида тош касаллиги бор беморларга рўза тутиш тавсия этилмайди.

Савол: Қандай касалликка чалинганлар рўза тутиши саломатлигига зарар етказиши мумкин?

Жавоб: Жаррохлик амалиётига тайёргарлик кўрилаётган ва жаррохликдан кейинги даврда, доимий дори талаб қилинадиган касалликлар: қанд касаллиги, юрак, буйрак, жигар касалликларининг оғир кўринишлари, оғриқ билан кечадиган ва оғриқ қолдирувчи дориларни қабул қилишни талаб қилинадиган касалликлар, сил касаллиги, ўсма касаллигининг айрим турларида рўза тутиш мақсадга мувофиқ эмас. Бунда рўза тутишни ният қилганлар шифокор билан маслаҳатлашиши лозим.

Савол: Кекса ва ўсмир ёшдагиларнинг рўза тутишида муаммо бўлмайдими?

Жавоб: Кекса ёшдаги кишилар агар қуввати етса рўз тутишида муаммо йўқ. Агар қувватдан қолган, ўта заиф бўлса эҳтиёт бўлганлари маъқул. Хуруж қиладиган касаллиги бор ўсмирларга ҳам рўза тутиш тавсия этилмайди. Соғлом вояга етган ўсмирлар рўза тутишлари ўзлари учун фойда.

Рўзадорларга тавсияларингиз: Рўза инсонлар учун фойдали ва манфаатли амаллар сирасига киради. Фикримча динимиз бизга қандай амалларни вазифа қилиб юкласа албатта унда ҳам руҳимиз ҳам танамиз учун улкан ижобий тасирлар бор.

Фақат рўза тутаётганда ҳар бир инсон ўзини психологик ва руҳий жиҳатдан созлаб олмоқлиги лозим. Бунда саҳарлик ва ифторликда ортиқча таомланмаслик, дастурхонни ҳаддан зиёд безаб, тана учун мураккаб бўлган озуқаларни муҳайё қилиш рўзадорнинг саломатлигига ҳам, руҳиятига ҳам ўта зарарлидир.

Рўза тутган инсон яхши кайфиятда, самимий ва гўзал ахлоқда юрса атрофдагиларга ижобий энергия тарқатади. Шунда ўзи ҳам яқинлари ҳам  кўплаб фойдаларга эришади. 

 

Саидаброр Умаров суҳбатлашди

Четверг, 30 Апрель 2020 00:00

Саховат – шундай дарахтки...

Муносабат 

Аллоҳга шукрки, узоқ ва орзиқиб кутилган ойлар султони – Рамазон ташриф буюрди. “Узоқ кутилган” дейишимизнинг боиси шуки, сўнгги икки ой, айниқса, бутун дунёни аҳолисининг оромини бузган кўзга кўринмас “душман” коронавирус пандемияси туфайли ҳамма жойда карантин жорий этилгач, кунлар ҳафталардек, ҳафталар ойлардек ўтаётгандей гўё...

Ҳар қандай вазият ва шароитдан тўғри хулоса чиқариб яшашга одатланган халқмиз. Томирларида эзгуликни эш билган буюк алломаларнинг қонлари оқаётган миллатни ҳеч нарса хайрли ишлардан тўса олмаслиги аниқ. Шу маънода савоб амалларга чорловчи улуғ ой кириб келгани саховатпеша юртдошларимизни янада жўштириб юборди.

Эзгу анъанага мувофиқ, жорий йил 20 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилингани чин маънода юртимиз мўмин-мусулмонларига кўтаринки руҳ бағишлаб, уларни юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, эзгуликларни янада кўпроқ қилиб, шукроналар келтиришга ундади.

Қарорда бу йилги Рамазон ойи бутун дунёда короновирус тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келгани, ана шундай вазиятда ҳар бир мўмин-мусулмон оила даврасида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида динимиз арконларини адо этиши белгиланди.

Муҳтарам Юртбошимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган видеоселектор йиғилишида: “Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошларини, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, ўз вақтида илгари сурилган бу ташаббус бугун кенг қулоч ёйиб, ҳар бир саховатпеша юртдошимиз эзгу аъмолига айланди, десак муболаға бўлмайди. Муқаддас динимиз ҳам ҳар доим эзгуликни тарғиб қилган. Айниқса, Рамазон ойида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамланиб, хайрли амаллар кўлами янада кенгаяди: кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинади.

Чунончи, ҳадиси шарифда: Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, йил-ўн икки ой рамазон бўлишини орзу қилар эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари), деб марҳамат қилганлар.

Ислом дини моҳиятида мужассам бўлган барча фазилатлар асрлар оша башариятни ҳидоятга чорлаб келмоқда. Айниқса, муқаддас динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.

Кўпчилик ўнг қўл берган эҳсонни чап қўл сезмаслиги керак, дейишади. Тўғри, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган Қиёмат куни Аршнинг соясига олинувчи етти тоифанинг олтинчиси “Садақасини махфий берган киши, у садақасини шу даражада яширин қиладики, ҳатто ўнг қўли билан берган садақасини чап қўли сезмайди”, дейилган ҳадиси шарифга ҳамоҳангдир.

Барча амаллар ниятларга кўра бўлишини ҳисобга олсак, бугунги кунда умумхалқ ҳаракатига айланган “Саховат ва кўмак” дастури кўпга ибрат бўлаётгани, мен ҳам хайрли ишга ўз ҳиссамни қўшайин, деган кишилар сафини кенгайтираётганига гувоҳ бўляпмиз. Садақани махфий тарзда қилиш керак экан, дея қўл қовуштириб ўтирганимизда ҳам эзгу ишлар давом этаверар эди. Бироқ бугунгидек кенг кўлам касб этмас, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, эжтиёжманд фуқароларга “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” томонидан миллиардлаб сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларди, тиббиёт воситалари етказиб берилмаган бўлар эди.

Аслини олганда, биз икки карра бахтлимиз, икки карра саодатлимиз! Бахтимиз шуки, Яратган бизга имон неъматига қўшиб, жаннатмонанд юртни Ватан айлади! Энг улуғ зот – Муҳаммад саллалоҳу алайҳи ва салламга уммат қилди! Рамазон ойида биргина эзгу ишимизга ихлосимизга кўра ўндан то етти юз баробаргача ажр берилади. Ҳақиқий бахт, чинакам саодат шу эмасми?!

Рамазон ойида қилинган хайрли ишларга бошқа ойдагиларга нисбатан жуда кўп савоблар ёзилиши муборак ҳадиси шарифларда айтилган: “Умматим ҳар қайси ойда қилган бир яхши  амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазон ойида битта эзгу амал учун ўндан то етти юзгача ва ундан ҳам зиёда ажр берилади. Фарз ибодатларининг биттаси учун бошқа ойлардаги етмишта фарзнинг савоби, нафллари учун эса бошқа ойлардаги фарзнинг савоби берилади”.

Динимиз буюрган хайрли амалларга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган саховат тадбирлари бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпаяётганининг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. 

Хулоса сифатида ушбу ҳадиси шарифни эсласак: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт, унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”.

 

 Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

Мақолалар

Top