muslim.uz

muslim.uz

Шу йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция юқори даражада ўтказилди. Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан таниқли олимлар, машҳур диний уламолар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Мана шундай меҳмонлар орасида энг нуфузлиси, шубҳасиз Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Тоййиб жаноблари эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларидан миннатдорлик мактуби келди.
Унда жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги тарихий конференциянинг юқори савияда ўтказилгани эътироф этилгани ҳолда меҳмонларга кўрсатилган самимий ҳурмат ва эътибор учун чин қалбдан миннатдорлик билдирилган.
Ўзбекистондаги мўмин-мусулмонлар масалаларини ҳал этишда тўғри йўл тутилаётгани, Ислом динини мустаҳкамлаш, мўътадил ислом қадриятларини тананнум этиш йўлида олиб борилаётган ишлар юксак эътироф этилган.
Мана шундай фикрларнинг тасдиғи сифатида Ўзбекистонда ташкил этилган диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва ихтисослашган мактаблар фаолиятига уруғ берилган. Ушбу даргоҳлар Ислом дини таълимотларини атрофга кенг ёйишда хизмати беқиёс бўлишига ишонч билдирилган. Шунингдек, мазкур муассасалар ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириш, бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш ва ижтимоий тинчликни мустаҳкамлашда ўрни катта бўлиши баён қилинган.
Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларига жавоб хатини йўлладилар.
Мактубда Ўзбекистон заминида Ал-Аҳзар мажмуаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” номли халқаро анжуманда Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Тоййиб жанобларининг иштироки конференция нуфузини юқори даражага кўтаргани алоҳида қайд этилган. Шунингдек, мисрлик уламолар, ислом дунёсининг кўзга кўринган олимлари, дин пешволарининг маъруза ўқишлари конференциянинг илмий даражаси ва фойдалилигини янада оширгани мамнуният билан таъкидланган.
Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларининг Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва дин уламоларининг ҳамкорлигини ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолаб, минг йиллик тарихга эга ал-Азҳар мажмуасининг бош мақсадларини амалга оширишда илдамлик билан олға бораётгани алоҳида эътироф этилган.
Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларининг Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий халқаро маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолиятини қўллаб-қувватлаганлари илмий ходимлар, толиби илмларни янада куч-ғайратли бўлишга ундагани ифода қилинган.
Сўнгги йилларда Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги келишувлар ўз самарасини бераётгани ҳамда томонлар бу ҳамкорликни янада кенгайтиришга жидду жаҳд қилаётганлари икки мамлакатни ҳам бирдек хурсанд қилаётгани изҳор қилинган.
Мактублар якунида эзгу тилаклар ва хайрли дуолар қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кичик сарлавҳа сифатида келтирилган бу мақолни бугун ҳеч иккиланмай тиббиёт ходимлари ва тегишли мутасадди соҳалар вакиллари ҳамда имом-хатибларимизга қарата айтишимиз мумкин. Чунки улар кунни тунга, тунни тонгга улаб, шу юртнинг ҳар бир фуқароси соғлиғи учун қайғуришмоқда. Улар – бугунги кун ҚАҲРАМОНЛАРИдир!

Бугун бутун дунё бир бўлиб мудҳиш иллат – коронавирусга қарши курашмоқда. Афсуски, COVID-19инфекцияси юртимизда ҳам тарқалиб, одамларнинг тинчини бузди. Ўттиз тўрт миллиондан зиёд аҳоли муҳтарам Юртбошимиз атрофида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда бу ўлатни енгишга киришди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ҳолати эълон қилинганидан кейинимом-хатибларимиз ҳам халқ орасида бўлиб, имконият даражасида эҳтиёжманд фуқароларга кўмаклашиб, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаётганини кўриб беихтиёр тўлқинланиб кетасан киши. Айниқса, ўз маблағлари ҳисобидан тиббиёт ниқоблари, зарур дори-дармонларни аҳолининг муҳтож қатламларига етказиб бериш асносида уларга хавотирга тушмасликни, бу бир синов эканини, албатта, бундай кунлар тез орада ортда қолишини тушунтиришмоқда. Бу жараённинг бевосита ичида юриб хаёлимга ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг “Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ”деган сўзлари келди. Дарҳақиқат, муқаддас динимизнинг ҳам асл моҳияти шу – Ҳақ ризолиги учун халққа хизмат қилиш.

Бундай хайрли ишлардан, табиийки, одамларимиз хурсанд бўлишмоқда.Имомларимизга: “Шунча хайрли ишлар қилибсиз, инсонлар ташаккур айтишяпти”, десангиз, улар: “Савоб иш қилиб, мақтаниш тўғри келмайди”; “Халқ ичидамиз”; “Зиммамиздаги вазифани бажаряпмиз, холос” каби жавобларни беришяпти. Аксарият имомларимиз амалга оширган эзгу ишларини ҳисобот тарзида беришга ҳам хижолат бўлишмоқда. Шундай фидойи инсонлар бор экан, биз ҳеч қачон енгилмаймиз! Шундай фарзандларни тарбиялаган ота-оналарига МИНГ РАҲМАТ! Ҳеч шубҳасиз, бундай инсонларни, яъни ўнг қўли билан берган садақасини чап қўли сезмайдиган кишиларни Қиёмат куни асло соя бўлмаган пайтда Аллоҳ таоло Аршининг соясига олади. Бу ҳақда Имом Бухорий бобомиз ривоят қилганлар.

Вирус тарқалганидан кейин ҳар куни ойнаи жаҳон орқали карантин пайтида нималарга риоя қилиш зарурлиги ҳақида ижтимоий роликлар эфирга узатиляпти. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари орқали ҳам турли хабарлар тарқатиляпти. Хўш, бундай вазиятда мўмин-мусулмон киши қандай йўл тутиши керак? Инфекция тарқалибди, карантин пайти фалон сайт ундай дебди, писмадони бундай тавсияларни тарқатяпти, деб ҳар қандай маълумотга ишониб, ҳар қандай тавсияга риоя қилавериши керакми? Бу ҳақда динимиз кўрсатмалари қандай? 

“Итоат ҳам – ибодатдир”

Исломда мусулмонлар ўз раҳбарларига, айни ҳозирги ҳолатда ҳар бир киши табиб-шифокорлар кўрсатмаларига ҳам қатъий риоя этишлари зарур ва шарт! Ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича шифокорлар қандай йўл-йўриқ ва тавсиялар беришса, уларга амал қилишимиз лозим. Зеро, ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” деб марҳамат қилинади (Нисо сураси 59 оят).

Динимизда итоат бежиз ибодат даражасига кўтарилмаган. Чунончи, шоир айтганидек: “Ибодат не? Яратганга итоат ҳам – ибодатдир, Ҳақиқий бандалик бирлан садоқат ҳам – ибодатдир”.

Исломда покликка шунчалик эътибор қаратиладики, у ибодат даражасига, ҳатто имон (!) даражасига олиб чиқилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Поклик – имоннинг ярмидир”– дедилар. Бошқа бир ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло– покдир ва покликни яхши кўради”– дейилган.

Бугун ҳар қадамда ана шу ҳадисларнинг амалдаги инъикосини кўраётгандекмиз. Аслида, халқимиз қадимдан покликни жуда қадрлаб келган. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримизнинг тозалик ҳақидаги панду насиҳатлари шууримизга шу қадар сингиб кетганки, бу амаллар ҳаётимизнинг мазмунига айланиб улгурган.

Олтинга тенг бу панду ўгитларни бугун фарзандларимизнинг, набираю абираларимизнинг қулоғига қуйишимиз керак. Вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга эътибор қаратишимиз даркор!

Юртимиздаги ҳар бир мўмин-мусулмон ортиқча ваҳимага берилиб, саросимага тушмасдан, динимизга ҳам, қонун-қоидаларимизга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам, шарқона одоб-ахлоқимизга ҳам тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилмасдан, балки уни ўрнига ўзимизга ҳам, оила аъзоларимизга ҳам тозалик-озодаликни лозим тутиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя этсак, иншоаллоҳ, бу бало тезда юртимиздан даф бўлади.

“Кўпнинг дуоси – кўл”

Халқимизда яхши бир одат шаклланган: иши юришмай қолган киши ҳам, янги иш бошламоқчи бўлган ҳам, бошига оғир кунлар тушган одам ҳам дарҳол ёши улуғ кишилардан,оз бўлсада қийналганлардан, табаррук одамлардан дуо олишга шошилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки дуода гап кўп... “Дуо билан эл кўкарар, ёмғир билан – ер”, “Кўпнинг дуоси – кўл”, “Олтин олма, дуо ол” каби доно халқимизнинг мақоллари дуонинг аҳамияти нечоғли юксак эканини ифодалайди.

Ҳозир қамарий тақвим ҳисоби бўйича шаъбон ойида турибмиз. Халқимиз бу ойни қадимдан жуда улуғлаб келади. Бу ойда “бароат кечаси” бор. Бароат кечасида Аллоҳ азза ва жалла бандаларига раҳмат назари билан қарайдибир йил ичида бўладиган ишлар ҳақида қазою қадар ҳукм қилинадиамаллар саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтариладиАллоҳ таоло мушрик, гиначи ва силаи раҳмни узувчилардан бошқа барчани мағфират қиладиАллоҳ таолонинг раҳмати Ер юзига ёғилади, деб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар.

Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг кечасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилишини айтганлар: “Қани: истиғфор айтувчилар борми, уларни мағфират қиламан?! Қани: ризқ сўровчилар борми, уларга ризқ бераман?! Қани: бошига мушкул иш тушганлар борми, уларга офият бераман?! Қани: бирор нарса сўровчилар борми, уларга сўраганларини бераман?!”(Имом Ибн Можа ривояти).

Улуғ ва фазилатли ойнинг шарофатидан, муқаддас динимиз ҳурматидан аждодларимиз Шаъбон (Бароат) ойида туғилган фарзанд-невараларига “Барот”, “Бароатуллоҳ”, “Бўрот”, “Баратбек”, “Бароат”, “Баротхон”, “Муҳаммаджон”, “Расулжон”, “Набижон”, “Омина”, “Ойша”, “Фотима” деб исм қўйишган. Демак, Шаъбон ойи – фазилатли ой экан.

Бароат баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Бароат ойида нафл рўза тутиш ҳам савобли иш ҳисобланади. Ҳадис китобларида келтирилган баъзи ривоятларда Шаъбон ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Кўп ҳадиси шарифларда келган тавсиялар ушбу муборак ва улуғ ойнинг кечаларини тоат-ибодатда, зикр ва дуоларда ўтказишга қаратилган. Шунингдек, бу муборак ойда асосий қилинадиган нарса тавба-тазарру эканлиги алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло бароат ойида, айниқса, гуноҳ ишлардан сақланишга, мазкур ойни имкон қадар кўпроқ ибодат, зикруллоҳ билан ўтказишга буюради.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини шундай фазилатли ойларда эсласак, фойдадан холи бўлмас:

– “Ким мусулмонларнинг дардини ўз дарди дея билмаса, улар биздан эмас” (ИмомТабароний ривояти);

– “Энг фазилатли ибодат – бошига тушган бир қийинчиликнинг кеткизилишини дуо қилиб кутишдир” (Имом Термизий ривояти);

– “Аллоҳ таоло Ундан ҳеч нарса дуо қилиб сўрамайдигандан ғазабланади” (Имом Термизий ривояти);.

– “Садақа балони қайтаради”;

– “Кимки доимо Аллоҳга истиғфор айтиб юрар экан, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини унга кўрсатади. Мусибатларини енгиллаштиради (кўтаради) ва кутмаган тарафидан мерос (неъмат, ризқ) жўнатади” (Имом Абу Довуд ривояти);

– “Икки дуо борки, у дуолар билан Аллоҳ орасида қабули учун ҳеч бир парда йўқ. Бири – мазлум (зулмга учраган)нинг дуоси; иккинчиси – мўминнинг бошқа мўмин биродари ҳақига қилган махфий дуоси”;

– “Дуо бошга келган ва келмаган ҳар нарсага қарши фойдалидир. Қазо(тақдир)ни фақат дуо олдини олади. Инчунин, дуога маҳкам ёпишинг!” (Имом Термизий ривояти).

Ҳикмат излаганга...

Бир тафаккур қилайлик. “Бирни қараб шукр қил, бирни қараб фикр қил” деганларидай, миллатига, динига, ирқига, жинсига, ижтимоий ҳолатига, турар жойига, ёшига қарамасдан, инсон зотини аямасдан, коронавирус безовта қилаётган ҳолатлардан ҳар қандай ақлли одам ўзига ўзи тўғри, етарли ва ақлли хулосасини чиқариб олади.

Энди ушбу коронавирус COVID-19 балосидан ҳам, бошқа иллатлардан ҳам ўзимизни, оиламизни, юртимизни асрашимиз учун “Асранганни асрайман” деган Буюк Парвадигори оламнинг амрларига, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига амал этиб, аввало раҳбарларимизга бўйсунишимиз лозим. Ишлаб турган соҳамиздан, эгаллаб турган лавозимимиздан, эришган мавқеимиздан қатъий назар.

Шу билан бирга COVID-19 коронавирусини оддий кўз билан кўриш иложиси йўқ бўлиб, фақатгина микроскоп кўзи билан кўриш мумкинлигидай, иллатларни ҳам оддий кўз билан қараб эмас, балки ҳар бир ишимизга қалб кўзимиз билан қарасакгина, муҳтарам Юртбошимизнинг иборалари билан айтганда, ҳалоллик вакцинаси билангина даволансак бўлади.

Ҳар бир ишдан, ҳар бир яхшилигу ёмонликдан ҳикмат ахтаришга одатланган халқмиз, алҳамдулиллаҳ. Бу борада ўзимизга Жалолиддин Румий ҳазратларининг “Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё” деган сўзларини шиор қилиб олганмиз. Шунга кўра, албатта, бу синовли кунлардан ҳам иложи борича ҳикмат излаб яшайлик. Зеро, бизга ёмон кўринган нарса замирида яхшилик бордир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи –Қуръони каримда марҳамат қилади: “Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар”(Бақара сураси 216-оят).

Хулоса

Азизлар, бундай улуғ ойлар – Бароат ойларини, фазилатли кунларни ғанимат билиб, юртимизнинг, эл-халқимизнинг, маҳалламизнинг, оиламизнинг, қариндошларимизнинг, қўшниларимизнинг, дўстларимизнинг, яқинларимизнинг, Ер юзидаги барча инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик…

Илоҳо, жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин! Парвардигори олам барча беморларимизга Ўзи шифо берсин! Коронавирус инфекциясини тез ва қисқа фурсатда даф этиб, турли бало-қазо, офату кулфат, туҳматлардан, ёмон кўз, ёмон сўзлардан, фитналардан, дардлардан, иллатлардан, турли вируслардан Ўзи асрасин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Манба: http://uza.uz

Четверг, 02 Апрель 2020 00:00

Дуо саодат калити

Нуриддин домла Холиқназаров
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Шу кунларда барчанинг оғзида коронавирус ҳақидаги гап-сўзлар айланиб юрибди. Одамларни кузатсак, уларда асосан икки ҳил ҳолатни кўрамиз. Бир қисм кишиларнинг тили зикрда, қўли дуода. Улар Аллоҳ таолодан юртимиз ва бутун дунёни бу мусибатдан аритишини, беморларга тезроқ шифо беришини сўрамоқда. Яна бир тоифа кишилар эса турли миш-миш ва ёлғон хабарлар тарқатиб, одамлар орасида безовталик юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Миш-миш тарқатиш – динимизда гуноҳи кабира ҳисобланади. Нега бундай? Сабаби у орқали ришталар узилади, уйлар бузилади, ёмонликлар урчийди, одамлар орасида хавф-хатар, қўрқинч юзага келади.
Уламолар миш-миш тарқатиш – ҳасадчи душман тўқийдиган, фосиқ-мунофиқ тез илиб оладиган, мағрур жоҳил тарқатиб юрадиган қабиҳ иш ҳисобланади. Миш-мишлар тарқатгувчи – фосиқдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Демак, тўғри келган хабарни олиб келган киши фосиқ ҳисобланар экан. Хабарни эшитган киши унга ишониб кетавермасдан, аввал яхшилаб текшириб кўриши керак экан.
Ўйламай гапирадиган киши дўзахга тушади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир банда оқибатини ўйламай Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да, ўша билан даражасини кўтаради. Яна бир банда бепарво Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да ўша билан уни жаҳаннамга ташлайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Ҳадис шарҳловчилари миш-миш тарқатувчи кишиларни ҳам мана шу ваъид ичига киради, бу ишлари билан Аллоҳнинг қаҳрига учраб, борар жойлари жаҳаннам бўлади, дейдилар.
Аллоҳ таоло бошимизга соя солиб турган коронавирус касаллигини тез кунларда кўтариб, офият берсин.


Мирзамақсуд АЛИМОВ,
Андижон вилояти бош имом-хатиби

Четверг, 02 Апрель 2020 00:00

Сабр ва шукр саодат калити

Айни кунларда юртимиздаги баъзи бозорлар ва озиқ – овқат дўконларида маҳсулот олиш учун навбатда турган кишиларнинг кўплигини кўриб ҳайрон қоласан. Гоҳида ачинасан. Ахир, юртимизда бўлиб турган ушбу карантин вақтида аҳолини тўпланмасликка, саросима ва ваҳимага тушмасликка, беҳудага уйдан чиқмасликка чақириб қанча тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Баъзи бир соҳа ходимлари халқнинг саломатлиги ва хотиржамлиги учун ушбу таҳликали вазиятда ҳам ўз меҳнат фаолиятларини тўхтатмасликка, балки, янада жадаллатишга ҳаракат қилмоқдалар. Қанча – қанча имкониятлар, енгилликлар ва шароитлар яратилишига қарамасдан бундай вазиятдан тўғри хулоса чиқармай базорма-бозор юрган, тиқилинчда навбатда турган кишиларни кўриб эссиз, шунча ҳаракат деворгинг келади. Хўш, нега баъзи кишилар масаланинг асл моҳиятини англаб етмаяптилар? Касаллика қарши курашиннг энг самарали ечими фақатгина уйда ўтириш кераклигини англамаяптилар?

Тан олиш керакки, биз Аллоҳ таолонинг  неъматларига кўмилиб кетганимиздан, яхши кунларни кўраверганимиздан, бошимизга келган бу мусибат пайтида шошиб қолдик. Аслида биз инсон ҳаёти доим бир текис, хурсандчилик ва шох-хуррамликда ўтавермаслигини, Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларини турли хил мусибатлар,  имтиҳонлар билан  синаб  туришлигини унутмаслигимиз керак эди.  Шундагина, бизга берилган бу синов ва имтиҳон ҳам беҳикмат эмаслигини,  Аллоҳ таоло бандаларига ҳаргиз зулм қилмаслигини, хоссатан, мўмин ва мусулмонларни ҳаргиз азоблашни истамаслигини ҳис қилиб қалбимиз таскин топарди.

Азизлар! Унутмайлик! Аллоҳ таоло  Ўзининг ҳикмати илоҳийси билан уларни имтиҳон қилиб туради. Агар бу пайтда киши тафаккур, шукр ва сабр қилса бу имтиҳон ҳам  у учун хайриятли бўлиши мумкин. Бунинг учун эса мўмин кишидан баъзи бир амаллар талаб этилади.

Аввало, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам  Аллоҳ  таолонинг изни билан бўлишлигига аниқ ишониш керак.  Қалбига ушбу ишонч қатъий ўрнашган киши ортиқча жазава ва ваҳимага тушмайди. Чунки, Аллоҳнинг изни билан бўладиган амалда ўзгаларни ёки бирор нарсани айблай олмайди. Қолаверса, қалби хотиржам бўлади.

Иккинчидан, бундай пайтда мусибат ёки синовни давомийлигини қисқартириш учун шариъат ва мутахасислар ундан талаб қилган қоидаларга қатъий амал қилади. Чунки, мусулмон киши ўзи ва ўзгалар бошига тушган синовни тезроқ даф бўлишлигига ҳаракат қилади ва бунинг учун ўз ҳиссасини қўшади.

Учинчидан, мусулмон кишининг таваккул аталмиш сифати айнан шу пайтда кўзга ташланади. У  қўлидаги бор давлатига қаноат қилиш билан бирга, ўзидан кўра ночорроқ бўлган биродарларига ўз мол мулкидан, таомидан улашади. Эртанги  куннинг ризқи учун қайғуриб, ўзига ва жамиятга ноқулайликлар туғдирмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг Раззоқ исмига шубҳа қилмайди.

Азизим!  Сиз ўзингизга буюрилган амални қилинг. Ризқ учун қайғурманг. Ризқингизни Аллоҳ таоло кафиллигига олган ахир. Қолаверса, сиз узоқдан-узоқ навбат кутиб, асабийлашиб, бақир-чақир қилиб олаётганингиз бу картошка маҳсулоти тирикликнинг ягона воситаси эмас. У бўлмаса оч қоласиз ёки соғлигизга путур етади дегани ҳам эмас. Қолаверса, бозордаги бу маҳсулот ер юзидаги энг охирги маҳсулот дегани ҳам эмас.  Аллоҳга шукрлар бўлсинки, озиқ – овқат заҳираларимиз хавотир оладиган даражада камайиб қолгани йўқ.

Шунинг учун, кўзимизни тўқ, қалбимизни хотиржам қилайлик. Эртанги кун ризқи учун бу қадар жоҳилликка бормайлик. Эртанги кун ўз ризқи билан келади. Аллоҳ таоло биздан эртанги кунни ибодатини бугун талаб қилмаяптику ахир. Нега биз Аллоҳнинг ваъдасига ишонмасдан бунчалар тоқатсизлик қилишимиз керак. Ундан кўра дуо қилайлик, Аллоҳга тавба ва истиғфор айтайлик. Касалликни тезроқ даф бўлишини истасак бугун ўз уйимизда ўтирайлик.

 

Тошкент шаҳар бош имом хатиби: 

Н. Холиқназаров

Мақолалар

Top