muslim.uz

muslim.uz

12 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилоятига ташрифларининг иккинчи куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёрати билан бошланди. Таомилга биноан ўтганларнинг руҳи поки ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми олий мактабига борилди. Олий таълим муассасасида 2019-2020 ўқув йилининг бориши, талабалар ва педагог-ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар ва талабаларнинг билим даражалари синовдан ўтказилди.
Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 11 январь куни янги мактаб билан танишиб, бу ерда талабаларга Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа буюк алломаларимиз асарларини пухта ўргатиш борасида алоҳида тўхталган эдилар.
Шу муносабат билан ташриф чоғида муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Олий мактаб кафедралари фаолияти, ўқув хоналари, кутубхона ва таълим-тарбия жараёнларини олиб боришнинг энг замонавий услублари билан яқиндан танишдилар.
Ташриф чоғида олий мактабда таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, хорижий ва маҳаллий ўқитувчиларга ҳамда талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Ташкил этилган олий таълим муассаса ўз олдига ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганиш, хорижий тилларни чуқур ўргатиш, диний қадриятларни асраб-авайлаш, ҳадис илми уламолари асарларининг таржима ва қиёсий матнларини тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр этиш, конференциялар ташкил этишдек катта вазифаларни қўйган.
Муфтий ҳазратлари педагог-ўқитувчилар билан мулоқотда Ҳадис илми мактабида ўқитиш услубларини такомиллаштириш ва халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Маълумот ўрнида, Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 10 нафар иқтидорли битирувчилари саралаб олинди.
Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади.
Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.
Битурувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари мумкин.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 12 Декабрь 2019 00:00

Интернетдан фойдаланиш одоблари

“Интернет” сўзи инглиз тилидан олинган жумла бўлиб, тилимизда “халқаро маълумотлар тўри” деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзлайдиган бўлинди.

Барчамизга маълумки ҳозирги даврда ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дунё бўйлаб интернетнинг шиддат билан ривожланиши натижасида ундан фақатгина маълумотларни қабул қилиш ҳамда тарқатиш билан чекланиб қолмасдан, балки бунданда катта ишларни бажариш имкониятлари туғилди. Интернет орқали инсонлар узоқдаги дўстлари, яқинлари билан бемалол кўриб гаплашадиган, бир-бирига хабарлар юборадиган бўлди.

Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади деб ўйлайман. Оддийгина талаба ўйга берилган вазифани қилиш учун кутубхонага бориши, у ердан керакли китобларни қидириб топиши, ҳамда у ерда ўтириб икки уч соат ўқиб дафтарга ёзиши керак бўлади. Худди шу ишни уйида интернет орқали бажарса жуда кўп фойдали томонлари бўлади. Ўша талаба кутубхонага бормайди, у ерда вақтини кетказмайди, керакли маълумотларни интернет орқали яхшилаб ўқиб ўзига маълумот сифатида олиб қолиши ҳам мумкин бўлади. Яна бир мисол авваллари бир инсон ўзининг яқинига ҳат ёзмоқчи бўлса, у хат ёзиш учун қоғоз қалам олиши, унга гапларни ёзиши, уни эса пўчтага олиб бориши керак бўларди. Хат ташувчи уни олиб керакли жойга элитиб бергунича орадан бир неча кун вақт ўтарди. Ҳозирда эса бундай ишлар оддийгина бир ҳол бўлиб қолди. Ўша ишларни интернет орқали инсон узоғи билан беш дақиқада бажариши мумкин. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шунинг учун ҳозирги кунда интернетдан фойдаланувчиларнинг сони кундан кунга кўпайиб, интернетдан фойдаланиш борасида кўпгина халқлар илгарилаб кетмоқда. Қирқ олти мамлакатда эллик минг кишидан сўровнома олган мутахасислар яқин Шарқдаги, шунингдек Хитойда интернетдан фойдаланувчилар бу борада ривожланган мамлакатлар аҳолисидан ўзиб кетишди деб хулоса чиқаришди. Сўровлар натижасига кўра, Миср ва Саудия Арабистонининг эллик беш фоиз аҳолиси интернетга кўмилиб яшайди. Бирорта Европа мамлакати ўнталик рўйхатга кира олмади. Ривожланган мамлакатлар аҳолиси интернетда асосан дўстлари билан суҳбатлашади. Жанубий Америка, Яқин Шарқ ва Хитойда эса фойдаланувчилар ҳафтада беш соатдан кўп вақтини ижтимоий тармоқ сайтларида ўтказади. Қолган тўрт соат эса электрон почта орқали хат жўнатишга сарфланади. Ривожланган мамлакатларда, аксинча, асосий эътибор электрон почта орқали мулоқотга қаратилар экан. Ижтимоий тармоқдан энг кўп фойдаланадиганлар Малайзияликлар бўлиб, ҳар бир фойдаланувчининг ўртача икки юз ўттиздан кўп “интернетда дўсти” бор. Малайзиядан кейинги ўринни Бразилияликлар эгаллаб турибди.

Ҳар бир нарсани яхши томони бўлгани каби ёмон жиҳатлари ҳам бор. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда, зарарли беҳаё, бузуқ маълумотлар ҳам кенг тарқалгандир. Инсон маънавиятига таъсир қиладиган фохишабозлик, беҳаёликни, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар жуда ҳам кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирларини алдамоқда, бир-бирига тухмат қилмоқда, у туфайли кўпгина ёш оилалар ажрашиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда ва ҳоказо. Интернет орқакли нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, иқтисодий, молиявий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. Юқорида келтириб ўтилган гаплар шуни кўрсатиб турибтики интернетни биз ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка ишлатишимиз мумкин экан. Бизни вазифамиз ундан фақатгина яхшилик йўлида фойдаланишимиз керак. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади.

Аввало интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятини тўғри қилиши керак. Ана шунда бу ишдан фойда топади. Интернетдан фойдаланишдан олдин вақтни зоя кетказмасликни, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини ўйлаш керак. Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак. Интернетда узоқ вақт ўтириш ҳам зарарли бўлиб, у сабабли инсон ўзига хос хасталикларга чалиниши мумкин. Бундан ташқари интернетда кўриладиган, эшитиладиган ва ўқиладиган маълумотларнинг барчасига шариат рухсат берган бўлиши керак. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайтда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, “бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку”, деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса, бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Шунинг учун инсон ҳар бир ишни қилаётганда Аллоҳ таоло уни кўриб турганлигини унутмаслик керак. Зеро Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: “У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур” (19-оят). Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У зот ҳамма нарсани билади. Ҳаттоки ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйган нарсаларни ҳам билади. Шундай бўлгандан кейин бошқа нарсаларни билишда шак шубҳа йўқ. Одамлар буни билиб қўйсинлар.

Интернетда ишлашни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш ва иш бошлашда ўқиладиган дуолардан билганича ўқиш керак. Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир. Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак.

Балоғат ёшидаги ўсмирларнинг интернетдан фойдаланишини тўғри тартибга қўйиб, уларни доимий равишда кузатиб бориш керак. Бундай ҳолатларда болаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Улар фойдаланадиган компютер, телефон жиҳозлари доимий равишда кузатиб борилиши керак. Чунки бола кўча-куйда ўртоқларидан ёки бирон танишларидан ҳам турли беҳаё сайтларни ўрганиб, шуларга кириб фойдаланиши мумкин. Боланинг интернет ёки компютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чарҳлайдиган, одоб ахлоққа тарғиб қиладиган бўлиши керак. Уларнинг вақтлари беҳудага кетмаслиги учун ота-она доимий равишда ҳаракат қилиши лозим бўлади. Агар ота-она фарзандига интернетдан фойдаланиш одобларини доимий равишда ўргатиб, уни назорат қилиб борса, ундай фарзанднинг ҳаёси, одоби ўз жойида бўлади. Бегона ёт ғояларга эргашиб кетмайди. Фикрлаш қобилияти яхши ривожланади.

 

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин”

жомеъ масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида, жорий 2019 йилда оммавий ахборот воситаларида энг фаол ёритилган, тизим фаолиятида очиқлик ва шаффофликни намоён этган, халқ билан ишлашда самарали натижаларга эришган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ўртасида танлов эълон қилди.
Танлов ижтимоий сўров асосида “Энг намунали ҳудуд”, “Энг намунали вазирлик”, “Энг намунали давлат ва жамоат ташкилоти” каби номинациялар бўйича сараланади.
“2019 йилнинг энг яхши давлат ёки жамоат ташкилоти” йўналишида
?Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам иштирок этмоқда.

Овоз беришни ушбу линк орқали амалга оширинг, танлов ҳақида батафсил маълумотни эса қуйидаги манзилда ўқинг!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Олдин хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Самарқанд вилояти бўйлаб сафарлари бошланган эди. Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар иттифоқи” мажлислар катта залида вилоятда фаолият олиб бораётган барча имом-хатиб, имом ноиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда диний соҳа вакиллари томонидан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчилик ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ҳамда уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг тутган ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳозирги ислоҳотларнинг янги босқичида диний-маърифий йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳияти,  бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш, соф Ислом таълимотини кенг тарғиб қилиш ишларида фаолликни ошириш бўйича тўхталиб ўтилди.

Йиғилиш якунида “Вақф” хайрия жамғармаси томонидан барча имом-хатибларга Қуръони карим китоби тарқатилди.

 

Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.

Четверг, 12 Декабрь 2019 00:00

"Энг маърифатли имом – 2019" бошланди!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар имомлари ўртасида ўтказилинадиган “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг жорий йилги Республика босқичи бугун, 12 декабрь куни, соат 09:00 да Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида бошланди. Қуръони карим, илм ва маърифат мусобақасини muslim.uz портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тўғридан-тўғри (online) кузатиб боринг.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top